Давлат тест маркази (ДТМ) мамлакат ОТМларига кириш учун тест синовлари тизимига ўзгартишлар киритиш бўйича ўз таклифларини эълон қилди. Шу кунгача 3 соат ичида 3 та фандан 90 та саволга жавоб бериши керак бўлган абитуриентларга эндиликда худди шунча вақт давомида 5 та фандан 105 та саволга жавоб беришлари таклиф этилмоқда.

Келгусида мутахассислиги қандай бўлишидан қатъи назар — хоҳ гуманитар, хоҳ иқтисодчи, техник ёки тиббиёт ходими бўлсин — бир соат ичида она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи фанларидан иборат бўлган биринчи (мажбурий) блокдаги 45 та саволга жавоб беришлари керак бўлади. Танланган тегишли йўналиш бўйича иккитадан фанга оид 60 та саволдан иборат бўлган иккинчи блок учун эса икки соат ажратилади. Қизиғи шундаки, биринчи (мажбурий) блок ва мутахассислик бўйича иккинчи блокдаги саволлар такрорланиши мумкин.

ДТМ таклифлари жуда қизиқ ва синчковлик билан таҳлил қилинишга лойиқдир, чунки улар бир неча юз минглаб абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчиларининг кейинги қарорлари, ҳаракатларига ва улар орқали бутун бошли таълим тизимига тўғридан-тўғри таъсир қилади.

Муаммо тарихи ҳақида қисқача. Жорий йилнинг март ойида ДТМ ОТМларга абитуриентларни саралаб олишнинг амалдаги тизимига жиддий ўзгартиришлар киритишни таклиф этувчи ҳужжат лойиҳасини муҳокама учун тақдим этди. Таклиф қилинаётган ўзгаришлар қаторидан қуйидагилар ўрин олди: барча йўналишлар учун учта мажбурий фанни ўз ичига олган бешта фандан тест топшириш; имтиҳонлар якунлари бўйича уч йил давомида амал қиладиган сертификатлар бериш; абитуриентга учта йўналишда имтиҳонларда қатнашиш учун рухсат бериш ва аввалги йилларда мактабни тамомлаган абитуриентлар учун тўлов жорий этиш.

Фанлар сонини ошириш зарурлигини ДТМ мутахассислари «хорижий тажриба» ҳамда «абитуриентларнинг ўз ўтмиши, ўз тарихи, миллатнинг шаклланиш жараёни бўйича саводхонлиги ва билим даражасини ошириш» билан асослади. Муҳокамалар жараёнида жуда кўп қарши фикрлар билдирилганига қарамасдан, барчадан учта мажбурий ва икки йўналиш бўйича фандан имтиҳон олиш бўйича талаб ҳужжатнинг якунда тасдиқланган талқинидан ўрин олди.

Биз аввалроқ ДТМ ўтказаётган тестлар, яъни ОТМларга қабулнинг вазифаларини ҳисобга олган ҳолда фанлар сонининг оширилиши тестларни янада ишончли қилиб қўймаслигини айтган эдик. ДТМ томонидан таклиф қилинган бешта фандан имтиҳон олиш тартиблари таҳлили валидлилик (ишончлилик) тўғрисида янада кўпроқ саволларни келтириб чиқармоқда.

1. Мажбурий фанлар бўйича тест саволлари сони ва уларга жавоб топиш учун ажратилган вақт

Мажбурий фанлар блокига учта фандан 15 тадан савол (жами 45 та топшириқ) киритилган бўлиб, абитуриентга уларни ечиши учун 1 соат берилади: она тили ва тарих саволларига 1 дақиқадан, математика учун ҳар бир саволга 1,5 дақиқагача. Бироқ бунча миқдордаги саволларга бунча вақт ичида жавоб олиш орқали абитуриентнинг билим даражасини ростдан ҳам текшириб бўладими?

Педагогик ўлчовлар соҳасидаги тадқиқотчилар, масалан, Светлана Воробева ва Марина Челышкованинг таъкидлашларича, тестларнинг ишончлилигини таъминлашга ёрдам берадиган энг муҳим тамойиллардан бири, бу — репрезентативлик (ваколатлилик) тамойилидир. Ушбу тамойилга кўра, синовдаги тест топшириқларининг сони мавзунинг материалини тўлиқ қамраб олиши учун етарли бўлиши ҳамда абитуриентнинг ушбу фанни билиш ёки билмаслиги тўғрисида хулосалар чиқаришга имкон бериши керак.

Тестлар тўғрисидаги замонавий фанда тестнинг ишончлилиги, яъни уни турлича жойлаштиришдаги натижаларнинг барқарорлиги валидлилик шартларидан бири ҳисобланади. Ғарб тадқиқотчиларининг фикрича, тестнинг узунлиги (тестдаги топшириқлар сони) унинг ишончлигига таъсир кўрсатади— саволлар сони қанча кам бўлса, тест шунча ишончли ҳисобланади ва тестнинг узунлиги фан мавзуларини қамраб олиш учун етарли бўлиши лозим.

15 та саволда нимани текширамиз: билимними ёки компетенция?

Бир савол туғилади: 15 та топшириқ орқали абитуриентнинг фанни билиш ёки билмаслиги тўғрисида хулоса чиқариб бўладими? Масалан, Ўзбекистон тарихини олайлик. Мактабларда у 6-синфдан 11-синфгача ўргатилади ва милоддан аввалги VII-VI асрларда Ўзбекистон ҳудудидаги қадимий давлатларнинг шаклланишидан тортиб замонавий Ўзбекистон Республикасигача бўлган жуда катта даврни қамраб олади. Бу давр мобайнида Хоразм, Сўғдиёна, Бақтрия, Эфталитлар давлати, Турк хоқонлиги, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Қорахонийлар давлатлари, Чингизхон ва Темур империялари, Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари, Россия империяси таркибидаги Туркистон генерал-губернаторлиги, Бухоро ва Хива республикалари ва СССР таркибидаги Ўзбекистон ССР каби мамлакат ва тузилмалар вужудга келди, гуллаб-яшнади ва қулади.

Агар тарихдаги ушбу муҳим босқичларнинг ҳар бирига биттадан савол тузилган тақдирда ҳам, улар сони 15 тадан ошиб кетади. Аммо биттагина саволнинг ўзи абитуриент ўтмишнинг ушбу парчасидаги барча тарихий жараёнларни билиш ёки билмаслиги ҳақида хулоса чиқаришга ҳеч қандай асос яратмайди.

Она тили ва математика ҳақида ҳам худди шу гапларни айтиш мумкин. Қандай қилиб 15 та топшириқ абитуриентнинг ўрта мактабдаги 7 йиллик (5- дан 11-синфгача) таҳсили давомида кўп сонли бўлим ва мавзулардан иборат ушбу фанларни ўзлаштиргани даражаси ҳақида мантиқий тасаввурни уйғотиши мумкин?

Албатта, мактаб ўқувчиларининг у ёки бу фанни ўрганишда давлат таълим стандартларига кўра ўзлаштиришлари керак бўлган асосий компетенциялар тест олишда асосий мақсад сифатида белгиланиши лозим. Агар масалага шундай ёндашилса, тестлар 15 та билан чекланиши ёки ҳаттоки топшириқлар сони камроқ бўлиши ҳам мумкин. Аммо бу ерда муҳим «лекин» вужудга келади.

Компетенциялар Блум таълим мақсадлари таксономиясининг юқори даражасига тааллуқли бўлиб, тестлар эса янада юқори даражадаги когнитив кўникмаларни текширишга йўналтирилган. Қоидага кўра, тестлар абитуриентлар учун нотаниш бўлган янги материалдан бошлаб, кириш материаллари (матн, расм, харита, диаграмма ваҳоказо) топшириқлари кетма-кетлигидан таркиб топади.

Бундай топшириқларни бажариш учун эса бир ярим дақиқадан кўпроқ вақт керак бўлади: бир дақиқа давомида дарсликдаги қандайдир маълумот ёки қоидани эсга олиш мумкин, бироқ муайян кўникма ёки компетенциянинг мавжудлигини ҳеч ҳам намоён этмайди.

Билимнинг турли соҳалари бўйича қисқа вақт ичида тезкор савол ва жавоблар, бу — билимдонлик ўйинлари ва телевизион шоулари учун хос услуб, бироқ абитуриентнинг тақдирини ҳал қиладиган имтиҳон учун эмас.

Бундай топшириқларни ечиш учун зарур бўлган вақтни тўғри ҳисоблаш учун эса уларни апробациядан ўтказиш керак бўлади.

Бундан ташқари, компетенцияни текширишга қаратилган топшириқларни тузиш хотирани текшириш топшириқларини тузишдан қийинроқ эканига шубҳа йўқ. Тест тузишга бундай ёндашув экспертдан нафақат мактаб дастурлари ва мактаб дарсликларини билишни, балки тестология соҳасида муайян билим ва тажрибаларга эга бўлишни ҳам талаб қилади. Ахир шунчаки дарсликни очиб, ундаги маълумотлардан саволларни «суғуриб олиб» бўлмайди.

Ҳалигача тест топшириқлари асосан дарсликларга киритилган ҳар қандай керак ва кераксиз маълумотларни эслаб қолиш даражасини текширишга қаратилган. ДТМнинг махсус журналида чоп этилган она тили ва тарих фанидан тест топшириқларининг намуналари орасида ҳам компетенцияларни текширишга қаратилган топшириқларни топиб бўлмайди: улар асосан фактлар ёки қоидаларни ёдлашни текширишга, энг яхши ҳолатда — қоидаларни алоҳида олинган жумлаларга қўллашга қаратилган.

Бироқ бундай ёндашувда, юқорида таъкидлаганимиздек, 15 та савол ҳеч қанақасига тест олинаётган шахснинг билим даражаси ҳақидаги ҳаққоний манзарани шакллантириб бермайди. Ва агар шунга қарамай, ёндашув ўзгартирилса ва тестлар компетенцияларни текширишга қаратилган тақдирда ҳам, «хотира» топшириқларини тузишга одатланган мутахассисларнинг бирданига компетенцияларни текширишга қаратилган сифатли топшириқларни туза олишларига кафолат йўқ.

Апробациянинг ўзи етарлими?

Топшириқлар кириш имтиҳонлари каби жиддий бир тадбирда фойдаланишдан олдин жуда синчковлик билан апробациядан ҳамда валидлилик ва ишончлилик каби сифат текширувларининг тўлиқ циклидан ўтиши керак. Ва бу бир йилдан кўпроқ вақтни олади.

ДТМ мажбурий фанлар бўйича тест синовлари намуналари аллақачон тайёр бўлгани ҳамда улар ўрта ва ўрта махсус ўқув юртларида синовдан ўтказилаётганинимаълум қилди. 1000 дан ортиқ тест топшириқларини синаб кўришга 2600 нафар бўлажак абитуриентни жалб қилиш орқали қандайдир статистик аҳамиятга молик маълумотларни олиб бўлмайди. Олинган натижалар билан топшириқларнинг сифат даражасига баҳо бериш қийин: ахир бир нафар бўлғуси абитуриент ўртача 100 та саволга жавоб берса, у ҳолда битта топшириқнинг апробациясида 260 киши иштирок этади. Тўғри, ДТМ вакиллари ҳам уларда базадаги барча саволларни апробациядан ўтказиш имконияти йўқлигини тан олди. Бироқ тест топшириғининг 250−300 киши томонидан апробациядан ўтказилиши нафақат бутун бошли тест топшириқлари базасининг сифати, балки апробацияга киритилган тест топшириғининг сифати ҳақида ҳукм чиқаришга ҳам асос бўла олмайди.

Рецептсиз маҳсулотлар

Яна бир савол туғилади: агар тестлар спецификацияси тайёр бўлмаган бўлса, у ҳолда тест топшириқлари намуналари қандай қилиб тайёрланди? Тест спецификацияси, бу — мазкур мавзу бўйича топшириқлар сонини кўрсатадиган рўйхатдан муҳимроқ. Тест топшириқларини спецификациясиз ёзиш эса валидликни билиб туриб йўққа чиқариш билан тенгдир. Агарда ушбу спецификациялар мавжуд бўлса, у ҳолда нима учун улар на муҳокама, на танишиб чиқиш учун эълон қилинди? Ахир бўлғуси абитуриентлар кириш имтиҳонларига тайёргарликни бошлаб юборишган, бироқ улар ҳамон бешта фандан иборат «гулдаста»да уларни нима кутаётганидан бехабар.

2. Тест олиш ва натижаларни талқин қилишдан кўзланган мақсад

Аввал ёзганимиздек, тест валидлиги унинг мақсади билан чамбарчас боғлиқ — тест синовларини қайси мақсадда ўтказдик ва натижаларни қандай талқин (интерпретация) қиламиз?

ДТМ ўтказаётган тестлардан кўзланган мақсад мактаб ўқувчиларини якуний аттестациядан ўтказиш ва ҳаттоки «дунёқараши», «саводхонлик ва ўз ўтмишини билиш даражасини» текширишдан ҳам иборат эмас. Бу ҳолатда аниқ бир мақсад бор — келгусида ОТМда таълим оладиган абитуриентларни саралаш. Демак, ДТМ тестлари валидлигини биринчи навбатда уларнинг абитуриент ўзи танлаган мутахассислик бўйича ўқишга қанчалик тайёр эканини аниқлайди. Яъни, ҳаттоки мажбурий блокдаги фанлар бўйича текширилаётган билим ва компетенциялар ҳам бўлғуси мутахассислик билан боғлиқ бўлиши керак. Масалан, бўлғуси шифокор ёки муҳандис тарих фанидан олган билим ва малакалардан, бўлғуси таржимон ёки ҳуқуқшунос эса ўқиш ва фаолияти давомида математика бўйича компетенциялардан қандай фойдаланишини кўрсатиб бериши керак. ДТМ мутахассислари назаридаги «соддалаштирилган, абитуриентлар саводхонлиги ва таянч билимларини баҳолашга қаратилган биринчи мураккаблик даражасидаги саволлар» эса тестлар валидлигини ошириш хусусиятига эга эмас.

Фанлар сонини ошириш тарафдорлари халқаро тажрибага таянишмоқда: улар Россия, Германия ва бошқа давлатларда 4−8 та фандан имтиҳон топширилади, бунда математика, тарих ва она тили барча учун мажбурий эканини таъкидлашади.

Бироқ Россиядаги ЕГЭ ёки Германиядаги Abitur, бу — бизнинг тушунчамиздаги кириш имтиҳонлари эмас. Улар «иккиси бир» шаклидаги мактаб ўқувчиларининг якуний аттестацияси бўлиб, ўқувчи аттестат олиш учун ушбу имтиҳонларни топширади ва худди шу имтиҳонлар якунлари ОТМга кириш учун қабул қилинади.

Яъни, «абитуриентларнинг саводхонлиги ва таянч билимлари» ўқувчи ўрта таълим тўғрисидаги ҳужжатни олиб, ОТМга кириш истагини билдирганидан кейин эмас, балки унга шаҳодатнома берилмасидан аввал текширилади. Ўқувчини қандайдир икки ой ичида аввал мактабда ўнлаб фанлардан битирув имтиҳонлари, кейин эса бешта фандан ОТМга кириш имтиҳони билан чиғириқдан ўтказишимиз, бу — таълим тизими ҳамда давлат номидан берилаётган шаҳодатномага ишончсизлик вотуми эканини аввал ҳам таъкидлаган эдик.

3. «Абитуриентларнинг таянч билимлари» тушунчасининг ноаниқлиги

«Абитуриентларнинг таянч билимлари» каби мавҳум тушунча турлича талқин қилинишлар учун тирқиш очади ва охир-оқибат барибир тестлар валидлигига салбий таъсир кўрсатади. Кўплаб давлатларда ўқув дастурлари ўқувчининг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда турли фанларни дифференциялашган ҳолда ўрганишни таклиф этади. Масалан, Россияда федерал таълим стандартлари барча фанлар бўйича таянч ва чуқурлаштирилган даражаларни таклиф этади ва мос равишда ўқувчи бирор ЕГЭни (таянч ёки профилли) танлайди.

Бизнинг таълим стандартларимиз дифференциялашган таълим дастурларини таклиф этмайди ва барча мактаб ўқувчилари олдига бир хил талабни қўяди. «Таянч билим» тушунчаси нималарни ўз ичига олишини ким ва қандай белгилайди? Масалан, математикада логарифм, интеграл ва тригонометрик функциялар — таянч билимларми? Ёки она тилидаги мураккаб қўшма гаплар ёки морфемалар таянч билим ҳисобланадими? Ёки Ўзбекистонда заводлар ва ГРЭСларнинг очилиш йиллари ҳақидаги билимлар — таянч билимларми?

Тест тузувчиларидан қайсидир бири, масалан, бўлажак тарихчи тригонометрик функцияларни ечиши ёки морфемаларни турли аломатларига кўра тоифаларга ажратиб чиқа олиши шарт эмас, деб ҳисоблаши мумкин, бошқаси эса модомики улар мактаб дастурларига киритилдими, демак уларни ҳамма билиши шарт, деб ўйлайди. Ва бу борада ким ҳақ?

«Биринчи мураккаблик даражаси» тушунчаси ҳам ноаниқ. Тест топшириқларининг мураккаблигини аниқлашнинг турли ёндашувлари мавжуд. Агарда ДТМ апроиор (назарий) мураккабликни назарда тутган бўлса, у ҳолда қандай назарий модел ёки когнитив ҳаракатлар иерархияси асос қилиб олинган?

Агарда апостериор (далилларга таянган) мураккаблик назарда тутилаётган бўлса, унда «биринчи даража» деган тушунчанинг ўзи йўқ, чунки мураккаблик даражаси 0 дан 1 гача шкалада ўлчанади. Бундан ташқари, барча топшириқлар базасини апробациядан ўтказмасдан туриб қандай қилиб уни ҳисоблаб чиқиш мумкин? Ҳеч қандай назарий модел ва апробациясиз «биринчи мураккаблик даражаси» тест тузувчиларининг фикрига боғлиқ соф субъектив тушунча сифатида қолаверади.

4. Мажбурий блок ҳамда мутахассислик бўйича блокнинг топширилиши

Кўплаб йўналишларда битта фан ҳам мажбурий блок, ҳам мутахассислик бўйича блокка киритилиши мумкин. Бундай ҳолатда абитуриент биринчи блокда фан бўйича «таянч билимлари»ни текширади, иккинчи блокда эса бошқа мураккаблик даражасидаги топшириқлар ечилади, деб тахмин қилиш мумкин.

Биринчи блокнинг валидлигини йўққа чиқарадиган қизиқарли ёндашув. Ҳар қандай ўқитувчи мураккаб жараёнларни оддийлари ўзлаштирилмасдан туриб ўргатиб бўлмаслигини яхши билади. Агар ўқувчи алгебрага оид мураккаб функцияларни еча олса, у ҳолда математика бўйича «таянч билимлар»ни текширишдан маъно йўқ — ўқувчи уларсиз мураккаб масалаларни еча олмайди. Агар ўқувчи жумлаларни морфологик ёки синтактик таҳлил қилишни билса, она тилидан «таянч билимлар»ни текширишнинг ҳожати борми?

Россияда ҳам ўқувчи фан бўйича профил даражадаги ЕГЭни топширишга қарор қилса, худди шу фан бўйича таянч ЕГЭни топширмайди. У ҳолда битта фанни иккала блокка ҳам киритишдан кўзланган мақсад нима? Эҳтимол математикада ва она тилида «таянч билимлар» ва «илғор билимлар»ни фарқлашга уриниб кўриш мумкиндир. Бироқ тарих фанида тест топшириқлари дарсликдаги маълумотлар ва рақамларни эслаб қолиш даражасини текширишини ҳисобга олсак, бу фан ҳар икки блокдан ҳам ўрин олган йўналишларда ушбу масала қандай ҳал қилинади? Қайси рақам ва маълумотлар «таянч билимлар»га тааллуқли бўлади, қайсилари эса йўқ?

Ҳар доимгидек, жавобларга қараганда саволлар кўпроқ. Ва саволлар бежиз эмас: тестлар ҳақидаги фанда муҳим қарорларни қабул қилиш учун яроқсиз тестлардан фойдаланиш тизим иштирокчилари учун ҳам, тизим ва умуман жамият учун ҳам салбий оқибатларга олиб келиши исботланган.

ДТМ дуч келган «салбий оқибат»га ёрқин мисол: қарши фикрлар билдирилганига қарамасдан, абитуриентлар учун B2 даражали сертификат талаб қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Натижада «миллий сертификат»га эга бўлишни истаганлар сони, тахмин қилганимиз каби, бир неча мингдан бир неча юз нафаргача камайди.

Ёшлар орасида машҳур бўлган Телеграм каналларидан бирида сўров ўтказилди ва «Бешта фан бўйича тестларга қандай тайёрланасиз?» деган саволга: «Чет элга ўқишга боришга ҳаракат қилиб кўраман», деган жавоб энг кўп овоз тўплади.

Юзлаб минглаб ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчиларига тааллуқли муҳим қарорлар қабул қилинаётганида, уларнинг эҳтимолий оқибатлари ҳам ҳисобга олиниши, улар «хорижда шундай бўлгани учун» эмас, балки биринчи навбатда валидликнинг илмий тамойилларига таяниши лозим.

Муаллиф фикри таҳририят фикридан фарқ қилиши мумкин.

Комил Жалилов — А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўқитувчи. Колумбия университетида (Нью-Йорк, АҚШ) «Педагогик психология ва тилларни ўқитиш методикаси» йўналиши бўйича ва Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида «Таълим бериш ва ўқитиш назарияси ва амалиёти» йўналиши бўйича малака оширган. ЖИДУ қошидаги академик лицейда, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети қошидаги академик лицейда, М. Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент филиалида ишлаган. Лондон университет коллежи Таълим институтининг Chevening дастури бўйича «Ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, педагогика ва педагогик баҳолаш» мутахассислиги бўйича магистри.