Анна Германнинг махфий сири

1850-1884 йилларда Пруссиядан Россияга 18 мингдан  ортиқ меннонитлар кўчиб келишган. Улар орасида Анна Германнинг аждодлари-Фризенлар  хонадони ҳам бор  эди.

1969 йилнинг  ёзида Ошиқ Эркин, Комил Нуржонов  ва бошқа  бир гуруҳ хоразмлик ёшлар  сайёҳ сифатида  Польшанинг Варшава, Лодз, Познань, Гданск, Сопот  шаҳарларини томоша қилишаркан, Сопот шаҳрида  ўтказилаётган  жаҳон эстрада қўшиқлари фестивалига ҳам ташриф буюришди.Фестивалнинг Хоразмлик  меҳмонлар учун  энг ҳайратланарли  жиҳати улар  Урганчда туғилиб ўсган Анна Германнинг  қўшиқларини  эшитиш шарафига муяссар бўлишди.

Анна  Герман  қўшиқларини ижро қилиб бўларкан,саҳнага  гул кўтарган кўплаб мухлислар  қатори  шоир  Ошиқ  Эркин ҳам чиқиб  уни  табриклади ва :

 -Биз  сизнинг  ҳамюртларингизмиз-Урганчдан келдик-деди.

 Табиийки, рус  тилида айтилган бу сўзлар  Анна  учун энг  азиз  ва ардоқли  бўлиб, олис  Хоразмни  ва   отасининг тақдирини  ўйлашга ундади…

…Кечқурун  онаси Ирмага   Урганчлик  йигитнинг  сўзларини  айтаркан, оилада  Ўрта Осиё, хусусан  у  туғилиб  ўсган  Урганч, Хоразм  ҳақида суҳбат  бўлиб  ўтди.

Москвалик  Анна Герман  ҳаёти ва ижодининг  тадқиқотчиси Иван  Ильичёвнинг  аниқлашича, “Анна  Германнинг онаси  Ирма Мартенс, турмуш ўртоғи Збигнев Тухольскийлар  фикрига  кўра, машҳур хонанда  ҳаётидаги энг  катта армони  туғилган  юрти  Урганчга  вояга етгач  умуман  боролмагани, концерт  қўяолмагани  экан”.

Чиндан ҳам бу бежиз эмас эди.Негаки, ўз даврининг энг машҳур ва ҳозирдаям ўз довруғини   йўқотмаган  хонандаси Анна Герман  1936 йилнинг 14 февралида Урганчда туғилган  эди.

 Хўш, Польшалик  Анна  Германнинг тақдири қандай қилиб Урганч  билан боғланганди? деган савол туғилади.

 Маълумки, чор Россияси  ҳудудига  1917 йил февралигача  Польша, Финландия  ҳам қарашли бўлиб, ўша  санадаги  сиёсий ўзгаришдан сўнг  улар сувинеритетини қўлга киритишган, аммо Украина, Беларусия  ва Россиянинг турли ҳудудларида кўплаб поляклар  яшаб қолиб кетишганди.Бундан ташқари  бу ҳудудларда немис миллатига  мансуб  кўплаб  кишилар  ҳам  истиқомат қилишар, улар  император Пётр 1, Екатерина 2 даврларидан  Россияга  кўчиб  келиб  ўрнаша  бошлашганди. Ушбу немис, поляклар орасида меннонит  мазҳабига  эътиқод қилувчилар  ҳам  кўпчиликни  ташкил  қиларди.Улар орасида  Анна Германнинг  аждодлари  ҳам   бўлган.

 Тарихдан маълумки, асли келиб  чиқиши  Нидерландиянинг Витмарсум шаҳрилик  бўлган  файласуф ва диншунос   Менно  Симонс (1496-1561) христиан динини  ислоҳ қилиб  ўз  мазҳабини  яратганди.Ирма Мартенс  ўз  хотиралари ( “Анна Герман”, Санкт Петербург-2012, “Амфора” нашриёти,137-бет) да  аждодларининг   ана  шу мазҳабга эътиқод  қилишганини  айтиб  ўтганди.Меннонитлар  таълимотига  кўра  қўлга қурол  олиб  урушларда қатнашиш, одам ўлдириш, умуман  олганда  ёмонликка  қурол кучи  билан  қаршилик  кўрсатиш  ёвузлик, ғайриинсоний, ғайридиний   ҳолат  ҳисобланарди.Табиийки, Менно Симонс яшаб ўз эътиқодини  тарғиб қилган даврда қироллар, ҳарбийлар  ва улар  итоатидаги  руҳонийлар  учун урушлар  бойиш ва  ўз ҳудудини  кенгайтириш  манбаи  эди. Шу боисдан ҳам   Нидерландияда  меннонитлар  оқими  қаттик  қаршиликка  учрагач, улар 16 аср  ўрталарида Пруссия, айрим  меннонитлар  эса 18 аср охири, 19 аср бошларида Украина ,Россия  ҳудудларига   кўчиб  кетишади. Хусусан, 1850-1884  йилларда   Пруссиядан  Россияга 18 мингдан  ортиқ   меннонитлар  кўчиб  келишган. Улар орасида  Анна Германнинг  аждодлари-Фризенлар  хонадони  ҳам   бор  эди.

 Маълумки, асли  немис  миллатига  мансуб  Екатерина 2 давридан   Россияда немис  миллатига  мансуб   оқсуяк  амалдорлар  кўпая  бошлаган, меннонитларнинг   19 асрда  Пруссиядан  кела  бошлаши  эса  немис, поляк  халқларининг    чор  Россияси  ҳудудида  янада   кўпая  бошлашига  сабабчи  бўлди. Граф Йохан Фризен  хонадони ҳам Чор Россияси ҳудудига 1850 йилда  муҳожир сифатида  келишган  бўлиб, Украинанинг Великокняжеск (ҳозирги Ставрополь ўлкасининг  Кочубеев  қишлоғи) ҳудудига  келиб ўрнашишганди.

Ана шу муҳожирларнинг  авлодидан  бўлган  Давид Петрович Мартенс (1863 -1922) ва Анна Мартенс (1886 йил туғилган) оиласида   1909 йилнинг 15 ноябрида  қизалоқ туғилади. Унга Ирма  дея исм қўйишади.1911 йилда Вильмар,1920 йилда Герта туғилади. Катерина, Давид, Генрих, Ханс исмли   қариндошлари  ҳам  ушбу хонадонда аҳил-иноқ баҳамжиҳатликда яшашарди.Ушбу  хонадон  она, қисман  ота   тарафдан  келиб  чиқиши  голланд  меннонитларига  бориб  тақалар, аммо  Мартенс  ва  Фризенлар  сулоласининг  кўп  йиллик  ҳаёти  Польшада  кечгани  боис, польяк  тилида  сўзлашишарди.Шу  боисдан  улар    учун   Польша  муқаддас  ватан  эди.Бироқ  улар  меннонитлар   эътиқодига  кўра, 19 асрда   чор   империясига қарашли    Украина  ҳудудларига  келиб  қолишганди.

Бу вақтда хонадоннинг каттаси-Абрам Яковлевич Фризен (1857-1929) авлодларига,  эътиқодига кўра меннонитлик мазҳабини давом қилдиришни ҳар куни эслатиб турарди.А.Я.Фризен Украинадаги  меҳмонхонани бошқариб обрў ва тажриба орттирган, Великокняжеск яқинидаги Богослов  станциясида ҳам ишлаганди.Шунингдек ҳунармандлик билан шуғулланиб чиройли мебеллар ҳам ясашни  ҳам  йўлга  қўйганди.Ўша  вақтда  Велекокняжеск  кўп миллатли шаҳарча бўлиб, поляк, немис, голланд  ва  руслар  кўпчиликни ташкил қиларди.

Тинч ва осойишта ҳаёт  афсуски 1914 йилда бошланган  1 жаҳон уруши ва 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлар сабаб  ағдар тўнтар бўлиб кетди.1919 йилда Давид ва Генрих  шўро  ҳукумати томонидан ҳибсга олиниб отиб ташланади.1922 йилда  Давид Мартенс тиф  касаллигидан  вафот  этади. Натижада оила иқтисодий жиҳатдан қийинчиликга учраб қолади.Ирма ҳам ёш бўлишига қарамай  аптекада ишлашга мажбур  бўлади. 1929 йили мактабни тугаллаб Одесса педагогика институтининг филология факультетига  ўқишга киришга эришади.Шу даврда ўқитувчиларга  эҳтиёж  кўплигидан  1930 йил июнда муддатидан олдин немис тили ўқитувчиси дипломини олади.Бироқ Одессадан  100 километр узоқликдаги  Чебриков шаҳри  мактабида  иш фаолиятини бошлашга мажбур  бўлади.

Аммо  шўроларнинг  юритган  демографик, мафкуравий  сиёсати  туфайли  1934 йилда кўплаб поляк ва немислар  Украина, хусусан  Чебриковдан Ўрта Осиёга кўчирилади. Шу тариқа  тақдир  ёзиғи  туфайли  Ирма Фарғона водийсига келиб  мактабда ишлай бошлайди. Уларнинг  бахтига, Ирманинг  укаси  Вильмар   водийда ҳарбий  хизмат  қилгани сабаб бу ердан кўплаб дўстлар орттирганди. Шу боис, қолаверса меҳмондўст  ўзбеклар полякларга  ғамхўрлик қилиб туришганидан улар унчалик қийинчиликларга  учрашмади.

Ирма  водийда  ўқитувчилик фаолиятини давом этдираркан, Чимёндаги нефт  заводида  ишлаётган  Евгений  Герман (1909 йил 25 мартда туғилган)  билан танишади. Унинг  асли  келиб чиқиши Польшанинг Лодзь  шаҳридан  бўлиб, бу вақтда  Чимёндаги  заводнинг  мусиқа ансамблида дирижёрлик қиларди. Немис, голланд, рус  тилларини мукаммал биладиган Евгений баланд бўйли, мовий кўзли бўлиб, кўплаб китобларга эга кутубхона ташкил қилган, гитара, скрипка чалар, шеър ва қўшиқларни ҳам  қойилмақом қилиб ижро қиларди. Евгений ҳурфикрли шахс бўлиб, шўро ҳукумати  сиёсатига қарши  фикрда  эди. Шу туфайли ҳам уни таъқиб қилишгани учун Донбассдан  қочиб,  ўша вақтда чеккароқ туюлган  Фарғонага келиб қолганди.

Ирма ва Евгенийларнинг водийдаги осойишта ҳаёти ҳам афсуски узоққа бормади. Кунлардан бирида Фарғоналик ўзбек қадрдонлари Евгенийни чекистлар суриштира бошлашганини айтиб қолади. Бу гал ҳам таъқиблар  ва  тақдир  йўллари уларни янада чеккароқ туюлган Урганчга боришга мажбур қилади. Ёш оила соҳибларининг айнан  Хоразмни танлашгани бежиз эмасди. Негаки Ирманинг  укаси Вильмар Фарғонадан  Урганчга келиб зоотехник бўлиб ишлаётганди. Қолаверса, бу пайтда Хоразмда меннонитларнинг ўзига  хос  Европача шаҳарчаси  борлиги уларни Урганчга боришга  ундади. Хуллас, улар вақтни бекор ўтказмай Чоржўйга, у ердан кемада  Урганчга етиб келишади. Бироқ  Вильмар  Оқмачитдаги  меннонитлар  билан яқин алоқа ўрнатган  бўлса-да, опаси  ва  куёвининг  Урганчда  яшашини маъқул кўради.

Эр-хотиннинг  ижарадаги  уйлари ўша  вақтда Урганчнинг  Кўнақаъла деб  аталган деҳқон бозори  ёнида, Қирғизёп  бўйига қараган  алоқа биноси  атрофида  бўлган.Ўрта  Осиёлик  биринчи  кинофотоустаси  Худойберган  Девонов ( 1879-1938)нинг  шогирди  бўлган  жияни Юсуп Ҳасановнинг  хотираларига таяниладиган  бўлса ( Юсуф Ҳасановдан  эшитганлари  бўйича ўғли, кекса  журналист  Абдулла  Юсуповнинг  айтишича),1935 йиллари поляк,немис, рус  миллатига  мансуб  аҳоли  Кўнақаъладаги алоқа биноси  ёнидаги  уйларда истиқомат  қилган.Бу  ҳудуд  ҳозирги  деҳқон  бозорининг  орқа  қисми, Қирғизёпга қараб  барпо  этилган  Анна Герман  кафеси , оилавий поликлиника атрофларида  бўлган.

 Юсуф Ҳасанов  ўғли  Абдуллага   айнан  шу ҳудуддаги поляк ва руслар келиб  уларнинг  суратхонасида  расмга  тушиб  кетгани, мулоқотда  бўлиб  туришганини  айтган  экан.(Балки  ҳозирда  сақланиб  қолган  Анна  Германнинг болалиги, Ирма  ва  Евгений Германлар  тасвирланган суратларни  ҳам Худойберган  Девонов  ва  Юсуф  Ҳасановлар олишгандир.Зеро, ўша  вақтда  Урганчда  суратхоналар  саноқли  бўлиб, улар  ичида  Девонов  устахонаси  энг  машҳури  бўлган).Юсуф Ҳасановнинг  ўғлига  айтиши  бўйича, суратхона ёнида  “Звезда” дея номланган  сартарошхона  ҳам  бўлган. Суратга  тушиш  учун келган  поляк  ва руслар  ўзларига  жило  бериб, соч-соқолларини  олдиришгандан сўнггина  суратга  тушишган.Демакки, сартарошхона  мижозлари  орасида Евгений  Герман, Вильмар  Мартенс  ва  бошқа  поляк, немис, руслар  ҳам  бўлишгани  аниқ.

 Ирма Урганчдаги Крупская номли мактабда немис тили ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Евгений эса  севган касби   мусиқачиликни ташлаб  Урганч нон заводида ҳисобчи бўлиб  фаолиятини бошлайди.Урганчнинг  Кўнақаъла  қисмида  яшовчи  Германлар  уйига  вилоят  театри  яқин  бўлиб, кечки  пайтлари очиқ  саҳнада  намойиш  этиладиган  пьеса, концертлардаги  овоз улар  хонадонига  баралла  эшитилиб  турарди.Шунингдек  Ирма  ва   Евгений дам  олиш  кунлари  ўша вақтда Акмал Икромов  номи  билан  аталган ( ҳозирги  Огаҳий номидаги  мусиқали  драма)  театрига  боришар, ўзлари  учун  қизиқарли  туюлган  ўзбекча  спектакл, концертлардан  завқ  олиб  қайтишарди.Шу  билан  бирга  ўзбеклар билан  қилинган  мулоқотлар  боис  ўзбекчани  ҳам  ўргана    бошлашганди.

Хоразмликлар  ҳамма  даврларда  бўлгани  каби  ўз  ватанларига  сўнгги келган  полякларга  беписанд  қарамай, худди  ўзларининг   туғишган  оға-инисидай  мулоқотда  бўлишган.

Табиийки, Евгений ва Ирмадек ўз даврининг  олд  зиёлиларида  уларга  ватан  бўлган  Хоразм, Амударё,Урганч сўзлари, уларнинг  маъноси  ҳам  қизиқ  туюлган, улар  бу  борада  сўраб  суриштирган  бўлишлари  мумкин.Қолаверса, Евгений  Германдек  Фарғонада  мусиқачилик  қилган  санъаткорни  Хоразмнинг  жўшқин, мумтоз  қўшиқлари, ўйинлари, мусиқа  асбоблари  ҳам  қизиқтириб  қолгандир…

Шу билан  бирга  улар  Хивадек  қадимий  шаҳарга  ҳам  бориб, кўкка  бўй  чўзган  миноралар, шарқ  меъморчилиги  обидалари  билан  танишиб  қайтган  пайтлари  кўп  бўларди.Ирма  ва Евгений  Хива  яқинидаги Оқмачит қишлоғига  ҳам  боришиб  у  ерда  51 йилдан  бери  яшаётган   меннонит  немислари  билан  ҳам  алоқани  йўлга  қўйишди.

Хўш,  тарихда  меннонит  немислари  номи  билан  машҳур  бўлган  бу  халқ  Вильмар, Ирма  ҳамда   Евгенийдан    ярим  аср  олдин  қандай  қилиб   Хоразмга  келиб  қолишганди?

Маълумки, боя айтиб  ўтганимиздек  меннонитлар  мазҳабида  қўлига  қурол  ушлаб  урушларда  қатнашиш  қаътиян  таъқиқланганди.Бироқ ўз ҳудудини  Ўрта  Осиё томон  кенгайтириб  бораётган  1874 йилда,  чор  Россияси  ҳудудидаги   миллати  ва  диний эътиқодидан  қаътий назар  барча  эркакларнинг   армияга  олиниши   мажбурий  қилиб  қўйилади.Айнан  ана  шу  ҳолат  қонун  кучга  кирган  1880 йилдан  меннонитларнинг  Россияни  тарк  этишларига   сабабчи  бўлаётганди.Бироқ  улар  бахтига   ўша  вақтда  Туркистон  генерал  губернатори  фон  Кауфман  ҳамда  Амударё  бўлими  бошлиғи  генерал  Гроттенҳелмлар   келиб  чиқишига  кўра  немис  миллатига  мансуб  нуфузли  шахслар  эди. Шу  боис  улар  гарчи  мазҳаби  бошқа  бўлсада   меннонит  немисларини  Ўрта  Осиё, хусусан  Хива хонлигига  таклиф  қилишади.Ўша вақтдаги  Хива  хони  Муҳаммад Раҳимхон 2 ( Феруз)  ҳам    Кауфман  фикрини   қабул  қилади  ва  Хива  яқинидаги  бир  қишлоқни  улар  ихтиёрига  топширади.

Ана  шу тариқа   1880 йилдан  бошлаб  меннонитларнинг  Медемтал, Валдехим, Молотсчна  номли  гуруҳлари  дастлаб  Тошкент,кейин  Бухоро, ундан  сўнг  Хива  хонлигига  келиб  ўрнашишади.Меннонитларнинг  йўлбошчиларидан  Эмил  Райсон  Ферузхон ( 1844-1910)  билан  учрашиб  ўзлари  учун алоҳида  қишлоқ  ажратиб  беришни  илтимос  қилади. Хива  хони    меннонитларга  фақат  чўчқа  боқмаслик шарти  билангина  Хивадан 12 км   жанубий-шарқдаги  Чиқирчи  қишлоғидан   ер  ажратиб  беради.Натижада  1884 йил  16 апрел уни  Класс Эпп, Эмил  Райсон, Вильгелм  Пеннер, Жакоб  Жанатзен, Мичел  Классен  бошчилигидаги  оқсоқоллардан  иборат  34  оила  Чиқирчи  қишлоғига  келиб  ўрнашишади.

 Шу тариқа  асрлар  давомида  ислом  динига  эътиқод  қилиб  келаётган  Хоразм  Ферузхоннинг  ҳиммати,диний  бағрикенглиги сабабли  меннонитларга  ўз  бағридан  жой  беради.

Тадқиқотчи  Жасур Жуманиёзовнинг  изланишларига  кўра, “ меннонитлар  ўз  маъмурий  бошқарувига  эга  бўлганлар. Кейинчалик  Оқмачитлик  немислар  дея  айтиб  келинган  халқга  Класс  Эпп  бошчилик  қилган. Класс  Эп (1838 йил 21 сентябрда  Пруссиянинг  Фурстервердер  шаҳрида  туғилган   бўлиб, 1913  йил  19 январда  Оқмачитда  вафот  этган)  Оқмачитга  асос  солган.У  ўзларининг  диний  маросимларини  ўтказишлари  учун   қишлоқда  черков  қурдирган.Черков  жуда  баланд, оқ  рангга  бўялган  бўлиб,  бир  вақтнинг  ўзида  25  меннонит  оиласига  хизмат  қилган.Маҳаллий  аҳоли  черковни  Оқмачит  дея  аташган  ва  бу атама  вақт  ўтиб    меннонитларнинг  қишлоғ  номига  айланган. Бундан ташқари  Класс Эпп  бошчилигида  Оқмачитда  мактаб, касалхона, черков  ва  бошқа  маъмурий, тураржойлар  ҳам  барпо  этилган” (“Хоразм ёшлари” газетаси, 2009 йил 19 июн).

 Меннонитлар  ҳақида 20 аср  бошларидаги  Хоразмга  оид  адабиётларда  кўплаб  маълумотлар  мавжуд. В.Гиршфельд, М.Н.Галкинларнинг  ёзишига  кўра,  “немислар  Саратов  губерниясида  яшаган  бўлиб, улар  36 хонадондан  иборат  142  кишини  ташкил  қилишган” (“Военно-статистическое  описание  Хивинского  оазиса”, Т, 1912 г).Н.С.Ликошин  эса  “ немислар  24 ҳовлидан  иборат, уйчалари  тиғиз  қурилган  бўлиб, кичик  тор  кўчаларда  жойлашган. Бу  аҳолининг  турмуши  ташқаридан  қараганда, кўпроқ  аллақандай  кичкина  немис  шаҳарчаси  чеккасини  эслатарди” ( “ О современном  состоянии  Хорезмского  ханства” .ЦГА  РУз, ф  2, оп 1,д314, л 48) дея  таърифлаган  ўз асарида.

В.Гиршфеълд  ва  М.Галкинларнинг  маълумотига  кўра, “ немислар  дурадгорлик  ҳунари  билан  машғул  бўлиб, Хива  ва  Петро-Александровскни  ўз  хизмат  ва  маҳсулотлари  билан  таъминлаганлар.Уларда  темирчилик  устахоналари  ва  мўри  тозалаш  ишлари  ривож  топган”.Н.Ликошин  бўлса, немис  уста  ҳунармандларининг  ишларини  қимматроқ  дея  ўз  фикрини  билдириб  ўтган.

1889 йилнинг декабрида асос солинган  Янги Урганч пахта-ёғ заводи ҳам немислар номи билан боғлиқдир. 1910 йилга келиб уни ака-ука Крафтлар ўз қарамоғига олишган. Оқмачитдаги немислардан  ташкил топган ремонтчи-слесарлар, усталар гуруҳи эса Гурлан, Янги Урганч, Хивадаги пахта тозалаш заводларини таъмирлаб  турганлар.

Немис аёллари эса хон қариндошлариникида рўзғор юмушларини бажаришга ёрдамлашган. Қизил тусдаги зотдор сигирларни соғиш ва қайта ишлаб, ёғ, қаймоқ, пишлоққа айлантириш  ҳам немис аёлларининг зиммасида бўлган. Сутни қаймоқ ва ёғга ажратадиган сепараторни ҳам илк бор Хоразмда немис аёллари ишлатишган. Ўзларини тўлиқ сут маҳсулотлари билан таъминлаган немислар эҳтиёждан ортиғини маҳаллий халққа  сотганлар.

Деҳқончиликка ихлос қўйган бир гуруҳ немислар эса қишлоқдаги қўриқ ерларни ўзлаштириш билан шуғулланган.Картошка, карам, помидор, лавлаги, бақлажон, бодринг каби экинлардан юқори ҳосил олишган. Картошка, помидор ва бақлажон экишни эса хоразмликлар немислардан ўрганишган.

Қишлоқдаги боғлар олма, анор, беҳи, ўрик каби мевали, чеккароқда бўлса терак, тол, гужум, эман каби  манзарали  дарахтлар  билан янада  чирой очган.Немислар қурилиш ашёлари сифатида  ана шу эман, гужум, терак ва толларни ишлатишган.

Улар чорвачилик ва деҳқончилик, ҳунармандчилик, боғдорчилик билан машғул бўлибгина қолмай болаларини ўзлари ташкил этган немис мактабларида ўқитишган.Мактаб тагида ертўла бўлган.Ертўлада эса қишга ўтин, ёқилғи сақлаб қўйилган.Парталар бўлса ёғочдан ишланган бўлиб, ҳар бири 6 нафар ўқувчи учун мўлжалланган.Шунингдек, мактабда кутубхона ҳам мавжуд бўлган.

 Кутубхонада илму-фан билан шуғулланишлари учун шарт-шароит етарли бўлган. Ҳатто, Хоразмга илк бор фотографиянинг кириб келиши ҳам оқмачитлик немислар билан боғлиқ.Ўзбек фотографияси ва киносининг отаси ҳисобланмиш Худойберган Девонов (1879-1938) ҳам Оқмачитлик Вильгелм Пеннерга шогирд тушган ҳолда фаолиятини бошлаган.

 Ана шу  фактларнинг  ўзиёқ Оқмачитлик немисларнинг Хоразм тараққиётида сезиларли ва ўзига хос ўринга  эга бўлганини кўрсатади. Дастлаб кўчиб келган йили—1883 йилда 40 оиладан иборат меннонит немислари Оқмачит қишлоғини 20 аср бошларида Оврўпача шаҳарчага  айлантирадилар.

 ЎЗМАРДАВ архивдаги  “Хива тобеъининг кулли  ахборотининг рўйхати” номли ҳужжатда (125 рақамли) орқали биз 1910 йилда Оқмачитдаги немислар сони қанча эканини билиб оламиз. 1910 йил 16 декабрда тузиб бўлинган ушбу ҳужжатда 137 нафар немис миллатига мансуб фуқаро яшагани қайд этилган.

Орадан йиллар ўтиб, бу рақам 1930 йилларда  анча ортди.Унгача эса бутун дунёдаги сингари  Чор Русиясининг  мустамлакаси бўлган Хива хонлигида ҳам қатор ўзгаришлар рўй берди. Немислар 1916 йилдаги халқ қўзғолони, 1917 йилдаги сиёсий жараёнларда ҳам иштирок этмадилар. Шунингдек, 1920 йилдан 1924 йилгача фаолият кўрсатган ХХР даврида ҳам Оқмачитда сокин ҳаёт кечирдилар.

Меннонит немисларининг Оқмачитдаги 1935 йилгача бўлган ҳаётини биз асосан уларни кўрган кишиларнинг фикрларидан билиб олишимиз мумкин.

 1935 йили Хоразмга келган журналист Абул Бозоровнинг сафарномаси орқали  Оқмачитдаги немисларнинг 20 аср бошларидан то 1935 йилгача бўлган фаолиятини кузатамиз. Райком вакили кузатувида Оқмачитда бўлган Абул Бозоров  немисларнинг ҳаётини шундай тасвирлайди: “ Биноларнинг пештоқларида уларнинг қурилган саналари йирик ҳарф ва рақамлар билан ўйма усулда ёзиб қўйилган.Биноларга бежирим зинапоялардан кўтарилиб кирасиз.Кираверишда 8-10 қадам узунликда кенг  йўлак, чап томонида ромлик ойналар, ўнг томонида  силлиқ девор ялтираб туради. Бунда уст бош ва оёқ кийимлар қўйиладиган ўринлар бор. Ичкарида   кенг зал, унга атрофдаги бўлма деразалардан ҳам, шифтда учбурчак шаклида  кўтарилиб ишланган тепа деразадан ҳам ёруғлиқ киради. Уй саҳнига тахта тўшалган бўлиб, унинг остида бир неча бўлмалардан иборат тагхона мавжуд.Бу салқин бўлмалар омбор вазифасини бажараркан.Хоналарда шкаф, гардероб ва диванларнинг ўрни кўриниб турибди, баъзиларида қишлик кийимлар, оила аъзоларининг суратлари ҳам қолган.Кўпчилик уйлардаги девор, поллари ҳар ер-ҳар еридан кўчириб олинган. Айтишларича бу ердан тилла-жавоҳирлар излашган.Шаҳарчада касалхона, мактаб, кутубхона, болалар ўйнайдиган майдончалар, театр саҳнаси, рақс майдони, дўконлар мавжуд.Ҳамма-ҳаммаси режа билан қурилган.Ҳар оила кўпдан-кўп ёзув-чизув қуроллари ва хонаки кутубхонасига эга бўлган.Шаҳар чеккасида эса турли устахоналар, мўъжаз корхоналар, шунингдек вино заводи ҳам бўлган, дейишади.Шаҳар қўрғонлар билан ўралган бўлиб, чекка тарафдаги дарвозаларни  соқчилар қўриқлашган.

 Қўрғон ташқарисидаги боғларда олма, анор, беҳи, ўрик, ёнғоқ, тут, жийда каби мевали, чекка тарафларда эса терак, қайрағоч, манзарали эман дарахтлари ўсиб турган.Қурилишлар ва мебел ясашга фақат ўзлари ўстирган ёғочларни ишлатишган.Мебеллари ўта сифатли.Ростини айтганда, немислар шаҳарчасидан мусодара қилинган шкаф, стол, стул, диван ва бошқа жиҳозларни округнинг бошқа жойларида ҳам кўриш мумкин.

 Шаҳарчада ҳафтада бир кун бозор бўлган.Унга фақат ўша куни четдан саноқли кишилар киритилган.Гўшт, ёғ, ғалла, асал, мева ва бошқа маҳсулотлар, йирик майда моллар жуда арзон нархда сотилган.Кейинчалик маҳаллий амалдорлар ва фуқароларнинг илтимоси билан немислар Хива бозорига ҳам қатнай бошлашган.Улар келтирган сифатли ва зотдор моллар эса бир зумда харид қилинган. Немислар тайёрлаган  пиво  ва  винолар Самарқанд, Тошкент заводларининг маҳсулотлари билан рақобатлашган.Ертўлаларда 30-40 йиллик шароблар сақланган.Немислар чорва наслини яхшилаб, мўл ва арзон маҳсулотлар етиштирганлар, паррандачилик, асаларичилик бобида ҳам уларга рақобатчи топилмаган.

…. Кўл бўйидаги чорбоғдан чиқиб, ферма томон кетаяпмиз.Устига беда, пичан ғарамлари босилган катта айвон рўпарасидан чиқдик.Бу ёзги молхона.Ости кенг ертўлада эса қиш пайтлари мол боқилар экан.Икки табақалик катта эшикдан ертўлага кирамиз. Рўпарамизда узунлиги 120-150 метр келадиган улкан оғилхона пайдо бўлди.Ичида тўрт қаторлик охурлар ўрнатилган.Кираверишдаги чап томонда деразалар ёнида идоралардагидек росмана стол, стул, девор тарафда эса ажойиб диван турибди.Стол устида журнал, ҳужжатлар, ҳисобчўт.Диванда бошларига қора цилиндр, устига фрак ва оёғига лакланган қора туфли кийган икки немис ўтирибди.

 Булардан бири Оллаберган Давлатёров бўлиб, ўзбекчани мутлақо билмас, немисча сўзлар, рус тилида камдан кам гапиради.Иккинчиси  Райим Раҳмонбоев эса ўзбек, немис, рус тилларида яхши сўзлай оларди.Раҳмонбоевнинг айтишича, уни ёшлигида  отаси ночорликдан хизматкор қилиб берган.Оллаберганни эса кимдир  чақалоқлигида қўрғон ичида қолдириб кетган.

 Болани немислар ўз бошлиқларига тобширганлар.Қўрғон оқсоқоли ҳар иккала болани ўқитиб, ҳунар  ўргатиб, катта қилган ва ишлатган, уйлантириб, уйли-жойли қилган”.

Абул Бозоров тасвирлаган  немисларнинг   шаҳарчасида  Вильмар Мартенс, Евгений Герман, Ирма  Мартенслар  бўлиб, дўстлар  орттирган.

 Шу  тариқа  1934 йили  меннонитлар   Оқмачитдаги  ҳаётларининг  50 йиллигини  ўзларининг  шаҳарчаларида  нишонлашади.Ушбу санага  бағишлаб  мактаб  ўқувчиларининг  саҳна  кўринишлари, мусиқали  композицион  чиқишларини  намойиш  қилишади.Саҳна  кўринишларида  меннонитларнинг  Нидерландияда  бошланган  ҳаётларидан  то  1934 йилгача  бўлган  тарихий  кечмиш жараёни  акс  этдирилганди.

Оқмачитда  ўтган  қутлуғ  сана  шодиёнасида   Вильмар  Мартенс  ҳам  қатнашади ва  улар  биргаликда  суратга  тушишади.Афсуски, бундай дўстона  мулоқотлар  кўпга  чўзилмади-1935 йили  Оқмачитлик  немислар  жамоа  хўжалигига  киришдан  бош тортишгани  учун   Тожикистон  ва  Қозоғистонга  кўчириб  юборилади…

Меннонитларнинг  Оқмачитдан  кўчирилиши ҳақида эса Хивалик кекса муаллим Қозоқ Ҳожи ўғли шундай ҳикоя қилади:

 -Мен улар яшаган шаҳарчани, қаълани кўриб ҳайрон қолганман.Улар  ҳеч кимдан моддий ёрдам сўрамай бу шаҳарни қандай бунёд қилишган  эканлар-а?.

… Бир куни шу ерлик кишилардан бири  немисларнинг бошлиғи  Отабой(Отто) оқсоқол яшаган уйни кўрсатиб: “Бу ер қабулхона бўлган. Отто немисни ҳурмат қилиб, унга ўзбекча Отабой дея исм қўйгандик. Отабой немис ҳамюртлари жўнашининг охирги кунигача туриб, иморатлар, жиҳозлар, мол-мулкларни ҳукумат комиссиясига тобшириб кетган” деди.Кўчирилишига келсак, 1935 йилда Хива туманидаги Пишканик қишлоғида янги очилган шўро мактабининг бешинчи синфида ўқир эдим. Мактабимиз олдидан катта Оқмачит-Хива йўли ўтарди.Шу йили Оқмачит немисларини бошқа жойга кўчиришармиш, деган гап тарқалди.Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди.Бир куни немисларнинг от-араваси, мол-мулкини жамоа хўжалигига тобшириб, ўзларини пиёда, миршаблар қуршовида саф қилиб Хива қаъласи томон олиб ўтишди.Уларни кўриш учун йўл бўйига чиққанимизда миршаблар бизни қувиб юборишди.

Янглишмасам, 1958-60 йиллар бўлса керак.Оқмачитдаги қариндошимиз, ўқитувчи Самандар ака Қаландаровнинг уйида тўй бўлаётганда икки нотаниш эркак ва бир аёл ташриф буюрди.Улар бизга нотаниш тилда гапиришди.Кейин билсак, улар Оқмачитдаги немисларнинг фарзандлари экан.Улар шундай дейишди: “ Ота-онамиз қариб қолишди.Биздан ўзбек биродарлардан, Оқмачитдан хабар олинг” деб юборишди.

Маълум бўлишича, немислар Оқмачитда яшаганида, улардан бири шу ерлик Эгам отадан қарз олган экан. Ҳалиги келганлардан бири, қарз олганлардан бирининг фарзанди бўлиб, қарзни олиб келган экан”.

Ҳа, немислар ҳақида улардан шундай ёрқин хотиралар қолган.Айниқса, немисларнинг  Хоразм шевасида бемалол сўзлаша олганликлари, таклиф қилинган барча тўй-маъракаларда қатнашганликлари, ижтимоий муносабатларда қарз бериш-олиш умумқоидаларига қаътий амал қилганликлари, уюшқоқ ва иқтидорли бўлган немисларнинг ҳар нарсани  ўз мавриди, муддатида пухта бажаришга одатланишгани, Қорақум  этакларида қисқа бир фурсат ичида оврўпача типдаги шаҳарчага асос солганликлари  ҳам ҳануз эсланади.Шунингдек, айнан немислар туфайли воҳаликлар картошка, карам, лавлаги, бодринг, помидор, бақлажон каби тансиқ экинлар парваришини ўрганишган.

 Меннонит  немисларининг Оқмачитдан кўчирилишига сабаб, тузилаётган  колхозларга киришни   ҳоҳламай, якка деҳқон бўлиб, ёки  фермер  хўжалигини  ташкил    қилиш  таклифи  билан  чиқишгани , болаларини  шўроларнинг  мактабларида   ўқитмай, ўзларининг мактабларида  таълим  беришгани эди.

 Хоразмдан мажбурий кўчирилган меннонит немислари Тожикистонда қурилаётган Вахш сув омбори қурилишига  юборилади.Кейинчалик улар Россияга, у ердан эса Канада, Германия ва АҚШга  кўчиб кетишади…

Евгений   ва  Ирма, Вильмарлар  учун    меннонитларнинг  бадарға  қилиниши  афсуски  ташвишланарли  эди.Бироқ  шундай бўлсада  улар  ўз  ишлари  билан  овуниб  бу  йўқотишга  зўрға  чидашди.Ноилож-шўро  тузумига  қарши  боришнинг  иложи  йўқ  эди. Чунки  Евгенийнинг  ўзи  таъқибларга  учраб  Донбассдан  Фарғонага, у  ердан  Урганчга  кўчиб  келган, Ирма  ҳам  шўро  сиёсати  боис  олис  Хоразмдан  бошпана  топишга  мажбур  бўлганди. Ана  шундай  ғаму  ташвишли  кунларнинг  бирида  тақдир  улар  хонадонига  шоду  хуррамлик  бахш этди.

   …1936 йил 14 февралдаги ёмғирли кун улар хонадонига қувонч   олиб  келди. Евгений ва  Ирма  Урганчда туғилган  фарзандларига Анна-Виктория дея исм қўйишади.Ирма  ишлаётган  мактаб  жамоаси  ва   Урганчнинг  Кўнақаъла  маҳалласи аҳли  ҳам  давр  ғоят  қийин  бўлсада,  ёш оилага   ҳар томонлама  ёрдам беришга интиларди.

     Ирма Мартенснинг “Хотиралари”да ёзилишича,  Урганчлик  ўқувчилари  немис тили ўқитувчисининг қизини овунтириш  ниятида  улар оиласига  бориб туришарди.Ирма  ўз ёдномасида ўқувчиларининг  ўзбек тилида “Апа,апа, сизнинг қизингиз чиройлик” дея берган   самимий  сўзларини  келтириб  ўтган.

“Ҳаётимиз  Урганчда  сокин  кечар,Хоразмдаги  ўқитувчилик  фаолиятимда  тажрибам  ортиб  борарди. Афсуски, 1937 йилнинг  ёзи иссиқ келиб Анна касалланиб қолди.Кўз  ўнгимда  қизалоғим  сўлиб  бораётгандек  эди.Уни  даволатиш учун Тошкентга олиб боришга мажбур  бўлдик. Эски  шаҳардаги  ўзбек  хонадонидан  ижарага  уй  олдик.Хонадон эгаси  Аннани  кўрибоқ  “бу  паратиф, тезроқ  докторга  кўрсатиш керак,”деди  ва  тезда  кўчага  отланиб  керакли дорини  топиб  келди.Докторга  кўринганимиз  заҳоти у  ҳам  юқоридаги  ташхисни  қўйди  ва  даволашга киришди”, дейилади.

 Суратларда: Ирма Мартенс ва  Анна. 1937 йил Урганч.

  Ирма  Мартенс   ва   Евгений  Герман, 1937 йил Урганч

Суратда:Анна ва ойиси Ирма, 1937 йил,Урганч. Суратда: Анна Герман, 1936йил Урганч.

Суратда :Евгений  Герман, Ирма Мартенс, Анна ва бувиси Анна Мартенс, 1936 йил Урганч.

 Аннанинг  тоғаси  Вильмар  Мартенс ва дадаси Евгений  Герман, 1937 йил Урганч

     Ирманинг  кундаликларида  Тошкент  ҳақидаги  таассуротлар  кўп  бўлиб, унда  ушбу  шаҳарнинг  гўзаллиги,таровати, Пушкин  номли  истироҳат  боғининг  худди  Лондондаги  гейд-паркга  ўхшаши, нозик дид  билан  дўппи  кийган  ўзбекларнинг чинни  ликобча  ушлаганича  қўшиқ  куйлашлари, бу    оҳангларнинг  қалбларни  тўлқинлантирувчи  жозибаси  ҳақида  сўз  юритилади.

       Кўп ўтмай  Ирма ва Анна   Урганчга қайтиб келишади.Ирма,  яна  мактабда  немис  тилидан  сабоқ беришда давом  этди.Афсуски, бу  пайтга  келиб  жамиятдан “халқ  душмани”  излаш  авжига  чиқганди. Ана  шундай  хатарли  даврда  кўплаб  хоразмликлар  ҳам  қайғуга  чўкиб  қолишганди.Негаки, бугун  кўрган  танишинг  эртага  қамоқга  олингани  тўғрисида  эшитиб  қоладиган  пайтлар эди. Негаки, 1937 йил 30 июлдаги  “ Собиқ  қулоқлар, жиноятчилар  ва  бошқа  антисовет  элементларни  қатағон   қилиш  бўйича   операция  тўғрисидаги” 00447-сонли  буйруқга  кўра, жамиятда  тозалаш  авж  олдириб  юборилади. Ушбу   топшириқ  бўйича, Ўрта  Осиё  республикаларида  операция  1937 йил 10 августдан  бошланадиган  бўлган.Жойларда  ташкил  қилинган “Учлик”  ўтказган  йиғилиш  қарорига  кўра, “1937 йил 10 августдан  1938 йил  1 январгача  Ўзбекистонда  жами  10700 киши  қамоққа  олинган” ( Р.Шамсутдинов,Х.Қурбонов, У.Бекмуҳаммад,“Қатағон  қурбонлари-5 китоб, Т,-2009,”Шарқ” нашриёти, 5 бет).

  Афсуски,  ана  шу   қатағон  тўлқини  сабаб  1937 йилнинг 25 сентябрида Ирманинг эри Евгений ва укаси  Вильмар  ҳам “халқ душмани” сифатида қамоққа  олинадилар.

Ачинарлиси  бу  қатағон тўлқини   Ўзбекистондаги  нафақат  маҳаллий  халқни, балки  бу  юртни  иккинчи  ватани  деб  билган  кўплаб  бошқа  халқ  намоёндаларини  ҳам  ўз  домига  тортиб  кетди. Улар  ичида   кўплаб  поляк  ва  немислар  ҳам  бор  эди.Улар орасида  қуйидаги  кишилар  ҳам  борлиги  архив  ҳужжатларида  қайд  этилган:

     1937 йил 4 февралдаги  “Учлик”  йиғилишида  Лапец  Арсений  Константинович  отишга  ҳукм  қилинган.У  1896 йили  Польшанинг  Пуликово  қишлоғида  туғилганди. Ўша йилнинг  10 февралидаги  “Учлик” ҳукмига  кўра,  Басс Иосиф  Матвеевич  ҳам  отишга  қарор  қилинган.У Польшанинг  Тарнов  шаҳрида  1919 йилда  туғилган  бўлган.1891 йили Польшанинг  Краков  шаҳрида   таваллуд  топган  Карл  Крангокович  Бучумак  эса  10 йилга  меҳнат  тузатув  лагерига  сургун  қилинганди.Бундан  ташқари  “учлик”нинг  1938 йил  21  сентябрдаги  баённомасига  кўра,немис  миллатига  мансуб, 1896 йили  Ростов  вилоятида  туғилган  Виктор  Карлович  Шуман  ,1886 йили  Қримнинг  Оқтепа  қишлоғида  туғилган  Арон  Абрамович  Ремпел ( Самарқанд  Университетида  немис  тили ўқитувчиси  бўлиб   ишлаётганди), 1889 йили  Латвиянинг  Пернов  шаҳрида  туғилган  немис  Эрих  Оскарович  Мэр , 1894 йили  Польшанинг  Виленск  губерниясида  таваллуд  топган  поляк  Степан  Адамович  Еселевичлар  ҳам  отишга, 1884 йили    Австрияда  туғилган  немис  Альфред  Германович  Штрум,1890 йили  Австриянинг  Пяхтольдорф  қишлоғида  туғилган  Карл  Францевич  Кляйнвехтер,1905 йили  Краснокутскнинг  Шендорф  қишлоғида  туғилган немис   Егор  Егорович  Руди,1897 йили  Фриденталь  қишлоғида  туғилган  немис  Иоганн  Фридрихович  Цеммер, 1874 йили  Фишер  қишлоғида  туғилган  немис  Александр  Фёдорович  Штанг,1905 йили  Оренбургнинг  Паиник  қишлоғида  туғилган  немис  Георгий  Касперович  Этцель,1873 йили  Славгород  шаҳрида  туғилган  немис  Пётр  Абрамович  Брейль, 1884 йили  Ленинград  шаҳрида  туғилган  немис  Павел  Иванович  Клаузен, 1891 йили  Австриянинг  Сагнорден  шаҳрида  туғилган  Рудольф  Юзефович  Бахингер-Крайцедер,1890 йили  туғилган  Яков  Филиппович  Миллерлар  10 йилга, 1901 йили  Фишер  қишлоғида  туғилган  немис  Иван  Готфридович  Тирбах  5 йилга  сургун  қилинади.

 Шунингдек, 1938 йилнинг  21  сентябридаги  “Учлик”  йиғилишида  қуйидаги  поляк  миллатига  мансуб  кишилар  ҳам  қатағон  қилинади:

                                               Отишга ҳукм қилинганлар

 Юзва  Владимир  Иванович-1894 йили  туғилган,Львов  шаҳридан, ҳибсга  олинган  пайтда  Самарқанд  шаҳридаги  “Ҳужум”  заводида  ишлаган.

Циммерман  Цирил Густавович-1899 йили  Варшавада  туғилган.Қамоққа  олинган  вақтда  Самарқанддаги  1-тери  заводида  ишлаган.

 Стегенек  Болеслав  Эдмундович  1896 йили  Польшанинг  Гнезно  шаҳрида  туғилган.Ҳибсга  олинган пайтда  Самарқанд  йўл  станциясида  ишлаган.

      Корженевский  Карл-Эдмунд  Янович-1900 йили  туғилган.Ҳибсга  олинган  пайтда  Ғаллаорол  туманида  ишлаган.

       Штейн –Розенберг  Генрих  Юлианович-1904 йили  туғилган, польшанинг  Лодзь  шаҳридан.Ҳибсга  олинган  пайтда  Қўқон  шаҳрида  ишлаётганди.

    Кацав  Иван  Яковлевич-1897 йили  Польшанинг  Новое  Местечко  шаҳрида  туғилган.Ҳибсга  олинган  пайтда  Ғаллаорол  туманидаги  ошхонада  ишлаётганди.

                                           10 ЙИЛ  МТЛГА  СУРГУН  ҚИЛИНГАНЛАР: 

    Фишер  Анатолий  Иванович-1911 йили  Польшанинг  Лобч  қишлоғида  туғилган.Ҳибсга  олинган  пайтда  Жиззах  туманида  ишлаётганди.

     Чаплинский  Казимир  Иванович-1896 йили  Польшада  туғилган.Қамоққа  олинган вақтда  Самарқанд  шаҳридаги  дон  тайёрлов  идорасида  ишлаётганди.

   Домбровский  Иосиф  Петрович  -1889 йили  Польшанинг  Вильно-Кориц  қишлоғида  туғилган.Ҳибсга  олинган  пайтда  Самарқанддаги  мактабда  директор  ўринбосари.

     Годлесвкий  Антон  Николаевич-1906 йили  Польшанинг  Газурово  қишлоғида  туғилган.Ҳибсга  олинган  пайтда  Самарқанд  вилояти  Митан  туманидаги  1-МТСда  бригадир  механик  бўлиб  ишларди.

    Кава  Абрам  Яковлевич-1905 йили  Варшава  шаҳрида  туғилганди.Ҳибсга  олинган  пайтда  Тошкент  пойабзал  фабрикасида  ишлаган.

     Юшко  Александр  Иванович-1896 йили  Польшанинг  Юшка  қишлоғида  туғиган.Ҳибсга  олинган  пайтда  Поп  туманидаги  совхозда  ишлаётганди.

    Саниюкович  Фома  Петрович-1899 йили  Польшанинг  Дуниш  шаҳрида  туғилган.Ҳибсга  олинган  вақтда  Самарқанд  шарбат  заводида  ишчи  бўлиб  ишлаётганди.

    Харламова  Мария  Казимировна-1899 йили  Вильно  шаҳрида  туғилганди.Ҳибсга  олинган  пайтда Самарқанддаги  қамоқхонада  ҳамширалик  қилаётганди.

    Крук  Мария  Викентьевна-1907 йили  Варшава  шаҳрида  туғилган.Ҳибсга  олинган  пайтда  Самарқанддаги  ҳамширалар  курсида  тингловчи.

    Козан  Вацлав  Францевич-1874 йили   Польшанинг   Вишкого  қишлоғида  туғилган.Ҳибсга  олинган  пайтда  Самарқанддаги  шифокорлар  мактабида  ўқиётганди.

      Кобушко  Александр  Иосифович-1909 йили  Польшанинг  Ястрелбе  қишлоғида  туғилган, Свердлов  номидаги  театрда  ишлаётган  ишчи  эса  5 йилга  меҳнат  тузатув  лагерига  сургун  қилинади.

        Қатағон  авжига  чиқган  1938 йил 21 сентябрдаги  “Учлик”  йиғилишида  яна  қуйидаги   немис  ва  поляк  миллатига  мансуб  Ўзбекистонда  яшаётган  кишилар  ҳам  шўро  давлатининг  қатағон  сиёсатига  учрашди.

                                     ОТИШГА  ҲУКМ  ҚИЛИНГАНЛАР:

Гаас  Карл  Карлович-1885 йили  Гамбург  шаҳрида  туғилган, миллати  немис,

Шпрунг  Виталий  Оттоевич-1915 йили  Урскателскда  туғилган.Миллати  немис,

Дик  Генрих  Петрович-1892 йили  Днепропетрович  вилоятида  туғилган, немис  миллатига  мансуб,

Куриленко Луиза  Казимировна-1903 йили  Новороссийск  шаҳрида  туғилган.Миллати  поляк,

Клинг  Карл  Иванович-1909 йили  туғилган,миллати  немис,

Васеловский  Леонид   Францевич-1890 йили  Винница  вилоятида  туғилган, миллати  поляк,

Тиссен  Иван  Яковлевич 1892 йили  Днепропетровск  вилоятида  туғилган, миллати  немис,

 Оттендорф  Улрих  Германович-1896 йили  туғилган, миллати  немис,

  Бергман  Эмил  Алоизович-1893 йили  туғилган, миллати  немис,

  Люфт  Иван  Яковлевич-1903 йили  туғилган, миллати  немис,

Миллер  Карл  Вильлельмович-1882 йили  Курляндск  губерниясида  туғилган, миллати  немис,

   Шмидт  Александр  Иванович-1883 йили  туғилган, миллати  немис.

                  10 ЙИЛГА   ҚАМОҚ  ЖАЗОСИГА  ҲУКМ  ҚИЛИНГАНЛАР:

       Штерл  Оскар  Рейнгольдивич-1912 йили  Қримда  туғилган, миллати  немис,

      Гетто  Георгий  Иосифович-1900 йили   Ротгамель  шаҳрида  туғилган, миллати  немис,

    Блок  Иван  Васильевич-1881 йили  туғилган, миллати  немис,

    Шаф  Никодин  Яковлевич-1888 йили  Одессада  туғилган, миллати  немис,

    Вальман  Абрам  Абрамович-193 йили  Харьков  вилоятида  туғилган, миллати  немис,

    Шалитинская  Августа  Августовна-1886 йили  Ревель шаҳрида   туғилган, миллати  немис,

     Гегель  Христиан  Яковлевич-1883 йили  Оддесада  туғилган, миллати  немис,

   Нейман  Альфред  -1891 йили  Германияда  туғилган, миллати  немис,

   Юстус  Давид  Фёдорович-1888 йили  туғилган, миллати  немис,

    Берьтелс  Нина  Оскаревна-1893 йили  Швейцарияда  туғилган, миллати  немис,

    Гранидер  Анатолий  Антонович-1892 йили  Германияда  туғилган, миллати немис,

    Горр  Яков  Филлипович-1882 йили  Саратовда  туғилган,  миллати  немис,

    Бендингер  Генрих  Адамович-1890 йили  Петровск  губерниясида  туғилган, миллати  немис,

    Шмихель  Генрих  Георгиевич-1898 йили  Волинск  губерниясида  туғилган,

    Глеклер  Фридрих  Давидович-1885 йили  Қримда  туғилган, миллати  немис,

   Улрих  Отто  Густавович-1884 йили  Польшанинг  Лодьз  шаҳрида  туғилган, миллати  немис,

   Берендтс  Гидвил  Артуровна-1898 йили Ревель  шаҳрида  туғилган,

    Вишневский  Николай  Петрович-1872 йили  туғилган, миллати  немис.

                                8 ЙИЛ  ҚАМОҚҚА  ҲУКМ  ҚИЛИНГАНЛАР:

  Бицер  Иван  Иванович-1897 йили Харьков  вилоятида  туғилган, миллати  немис,

  Степанов  Герман  Петрович-1894 йили  Ригада  туғилган, миллати  немис,

     1938 йилнинг  22 сентябрида  эса  “Учлик” томонидан  Яскулский  Казимир  Петрович (1876 йили  Польшада  туғилган, поляк  миллатига  мансуб  киши)  ҳам  отишга  ҳукм  қилинади.

    (  Р.Шамсутдинов, Х.Қурбонов, У.Бекмуҳаммадларнинг  “Қатағон  қурбонлари”-5 китоб  ( Т-2012 йил, “Шарқ” нашриётида  чоп  этилган  китобидан  олинди).

     Айнан    қатағон  даврига  оид  бу  кишиларнинг    номларини  келтириб  ўтишимиздан  мақсад, улар  Анна  Германнинг  дадаси-Евгений  Герман  билан  биргаликда  ҳукмгача  Тошкент  шаҳрида  бирга  қамоқда  ушлаб  турилган   поляк  ва  немис  миллатига  мансуб   кишилардир.Табиийки, улар    қамоқхона  қийноқларига  бардош  бераётиб, ўз  ҳаётлари, нега  ва  нима  сабабдан  бу  ҳолга  тушганликлари  тўғрисида  фикр-мушоҳада  юритишгандир.  Балки  уларга  Евгений  Герман  қизалоғи Анна  тўғрисида  гапириб  ҳам  бергандир…

     Бу  пайтда  Ирма  эри ва укасининг  қамоқдан озод  бўлишини умид билан кутарди. Афсуски, қатағон  даврига оид архив  ҳужжатларида  биз  Вильмар  Мартенсга  оид  ҳужжатларни  учратмадик…

      Ўша қатағон  йилларида  кўплаб оилалар давр жабрини чекишган  бўлиб, улар қаторида  Ирма  Мартенснинг  Урганчлик  касбдош  ўқитувчилари  ҳам бор эди.  Ирма  уларни  Урганчда  ўтказилган  ўқитувчиларнинг турли  йиғилишларида  кўрган,  дарс  мавзулари  юзасидан  суҳбатдош  ҳам  бўлганди.Мана  ўша  Урганчлик  Ирма  Мартенс  касбдошлари:

      Валл  Мартин  Яковлевич-1911 йили  Тошҳовуз  вилоятининг  Андреевка  қишлоғида  туғилган, миллати  немис.Ҳибсга  олинган  пайтда  Урганч  шаҳридаги  мактабда  немис  тили  ўқитувчиси.1938 йил 21 сентябрда  Евгений  Герман  билан  бирга  отувга  ҳукм  қилинган.Табиийки, бир  шаҳарда  яшашган  Мартин  ва  Евгений  бир  қамоқхонада  зуғумга  бардош  беришганча,дардлашиб  қолишгандир.Балки  ўшанда  Ирманинг  маҳоратли  ўқитувчи  эканлиги  тўғрисида  гаплашишгандир…

    Пўлатов  Искандар-1909 йилда  Чоржўй  тумани  Бойрабод  қишлоғида  туғилган, 1922-25 йилларда  Германияда  таҳсил  олган. Ҳибсга  олинган  пайтда  Урганч  шаҳридаги   мактабда  немис  тили  ўқитувчиси  бўлиб  ишларди. Искандар  Пўлатов  ҳам  ҳукмгача  Тошкентдаги  қамоқхонада  Евгений  Герман  билан  биргаликда  ушлаб  турилган. Балки  улар  бир  шаҳарда    яшаганлари  учун    ўзаро  дардлашиб  қолишганида, Ирма  Мартенс , қизалоғи Анна  ҳақида  ҳам   гаплашишгандир. Искандар  Пўлатов  Евгенийдан   4 кун  олдинроқ-17 сентябрдаги  “Учлик”  йиғилишида  10 йилга  қамоқ  жазосига  ҳукм  қилинади.Балки  Евгений  Герман  терговчиларнинг  дўқ-пўписа,зуғумларидан    ўз  тақдирининг  аянчли   якун  топиши-отувга  ҳукм  қилинишини  сезиб, Искандарга озодликка  чиқгудек  бўлса  яқинлари  ҳолидан  хабар  олишни  айтгандир…

   Тевс  Маргарита  Оттоевна-1914 йили  Хоразмдаги  Оқмачит   қишлоғида  туғилган.Ҳибсга  олинган  пайтда  метерология  станциясида  кузатувчи  бўлиб  ишлаётганди.Маргарита  Тевс  Евгений  Герман  билан  бирга  Тошкентдаги  қамоқхонада  ушлаб  турилган  ва  1938 йил 21  сентябрда  10 йилга  қамоқ  жазосига  ҳукм  қилинган.Маргарита  Тесс  ва  Вильмар  Мартенс  билан  бирга  Оқмачитдаги   50 йиллик  тантанада  иштирок  қилишганди.

       Афсуски, булар  тўғрисида  биз  бугунги  истиқлол  шарофати  туфайли ёзаяпмиз.Олис  ва  қайғу-ғамдан  иборат  1973-38  йиллари   бу  тўғрида шивирлаб  ҳам  гаплашишга  имкон  бўлмаганлиги  бугун  ҳаммага  аён.

     Ирма эса  булардан  бехабар  бўлиб, укаси  ва  эри  тақдирини  ўйлаб  Аннани  бағрига  босганича  оҳу-нола  чекиб  юрарди. Кейинчалик  Ирма ва қизи Аннани энг қийнайдиган  ҳолат ва улар учун армон  бўлиб қолгани Евгений Герман, Вильмар  Мартенсларнинг тақдири  эди.

     Анна Германи ҳаёти ва ижодининг тадқиқотчиси  Иван  Ильичев  ушбу хонадон тақдирининг  солномасини ўрганиб, шўро  даврида  Тошкент  ва Москвадаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилган. Афсуски, ўша  даврда ҳужжатларга  “мутлақо махфий” тамғаси   урилгани   учун  Евгений  Герман  ҳаёти  сир бўлиб қолаверганди.

    Бундай ҳолат Ирма ва  Аннага ҳам тегишли бўлиб, улар  оила соҳибининг тақдири  ҳақида фақат тахминларга суяниб яшашди.

    Ирма Мартенснинг   Урганчда  ёзилган кундалигида маҳзун 1937 йилга оид шундай  сатрлар бор:

    “Худойим,  Евгенийни  қамаб қўйишди. Қора булутлар устимизга ёғилди. Нафас олиш қийинлашди. Евгений ва Вильмарни суриштириб прокурор ёнига кирдим.

    -Сенинг эринг  “халқ душмани”, улар  10йилга қамалади,-деди прокурор.

   -Нега, нима учун, унинг қандай айби бор? Мен уни кўрсам  бўладими?-сўрадим.

   -Йўқ!”

      Шу тариқа  Ирманинг  оҳу-зори  ҳеч  қандай натижа  бермади.Орадан вақт  ўтиб, Хоразм ва Ўзбекистоннинг бошқа жойларидаги  қамоқ ва   меҳнат  тузатув лагерлардан қайтган одамлардан суриштирганда ҳам  аниқ бир    маълумот топишолмади.Фақат қамоқдан қайтган бир ўзбек кишиси Евгений  билан бирга қамоқда  ушлаб  турилгани, унинг ғоят қийналганини  айтиб берди. Бу  пайтда  “қамоққа  олинганлар  Сибирга  юборилганмиш” деган  миш-мишлар  тарқалганди. Шу  боис  Ирма   эрини  излаб   унга  бўлган  садоқати  боис, болаларини Тошкентда  онасига   ташлаганича  Новосибирскгача   борди. Бир  муддат  ўша  ердаги  мактабда ҳам  ишлади.Маҳаллий халқдан, сургундагиларнинг меҳнат тузатув  лагери, қамоқхоналардан  Евгенийни  суриштирди.Афсуски  изланишлар  ҳеч бир самара  бермади.Ана  шундай  қайғу-ғамга  берилиб  юрган  кунлардан  бирида   Тошкентдан  яна  ташвишли  телеграмма  келди: “Фридрих оғир  бетоб”.Бу хабар  Ирмани  шошилинч  Тошкентга  боришга  мажбур  қилди.

      Афсуски,   ўғли  Фридрих  касалликдан  вафот  этди. Анна ҳам  оғир  бетоб. 1940 йилдаги  аянчли, фожиали  ҳолат  Ирмага  қаттиқ  таъсир  қилди. Аммо  у  ўзини  тутиб  олди.   Уларнинг  ижарадаги  уйига  қўшни  ўзбек эшакга  қўшилган  аравасини  олиб  келдию, Фридрихни  дафн  этиш  учун  қабристонга  кетди. Қайғу  ва  ғам  Ирмани  янада  эзиб қўйди. Бунинг  устига  Аннани   шифохонада  ётиришга  мажбур  бўлишди. Шукрки, ўзбек  врачлари  тезда  маҳоратини  ишга  солиб  қизалоқни  оёққа  турғазишди. Энди  уни  соғлом  қилиб  вояга  етказиш  учун  маоши  кўпроқ иш  топиш керак эди. Қувонарлиси  шундай  иш  топилди-Ирма  Мартенсни  Тошкент  Давлат  Педагогика  институти кечки  факультетига  немис  тили  ўқитувчиси   сифатида  таклиф  қилишди. Кўп  ўтмай  Ўрта  Осиё  Давлат Университети(ҳозирги  Миллий  Университет)да  ҳам  немис  тилидан  талабаларга  сабоқ  бера  бошлади.

«Мен аспирантурага кириш  учун  тайёрлана  бошладим. Инглиз  тилини  мукаммал  ўрганишга  киришдим.Шукрки, биз-ойим  ва  Анна  учаламиз  ўзимизни  хотиржам  ҳис  қилардик. Чунки биз  ижарага  олган уй эгалари  бўлмиш  ўзбеклар  жуда  меҳмондўст, дўстона  муомала  қилишар, доимо  жилмайиб  турувчи  кишилар  эди”.

    Афсуски, кўп  ўтмай  бундай сокинлик  узоққа  бормади.2-жаҳон  уруши  бошланди. Бунинг  устига  уруш  сабаб  яна  қатағон  бошқача  тўлқинда  давом  қилди. Ирманинг талабаларидан  Владислав  Краузе  уни  қамоққа  олиниш  хавфидан  огоҳ  қилди. Унинг  айтгани  келиб  1942 йилнинг  январь  ойи  охирида  кутилмаганда  эшик  ногаҳон  тақиллади. Бемаҳал  келган  ИИХК ходимлари  “пропискасиз  яшаяпсанлар” деган  баҳонада  уларни  темир  йўл  вокзалига  олиб  кетишди. Бу  ердан  уларни  Бухоронинг  Ромитан  туманига  олиб  боришди. Кўп  ўтмай  улар Қозоғистоннинг Жамбул шаҳрига  юборилди.

        Бу орада  Анна вояга ета бошлади. У ўзбекча ва қозоқчага тушунар, рус тилида  бемалол гапирарди.

       …Урганч-Тошкент-Новосибирск-Красноярск-Тошкент-Бухоро-Жамбул  шаҳарлари. Бу  Ирма  Мартенснинг   Евгений  ва  Вильмар  тақдири  ҳақида  қайғуриб, уларни  излаб   ўтказган  сарсон-саргардончиликлар, машаққатларни  бошидан  кечирган, аммо  садоқати  боис   ҳамиша  олдга  интилган  бардошли   аёлнинг ҳаёт  саҳифалари.  Афсуски, Ирма   эрининг  тақдиридан куюниб, у  ҳақда  қайғуриб юрган 1938 йилнинг 21 сентябрида  ўтказилган “Учлик” йиғилишида Евгений  ҳаётига нуқта  қўйилганди. Ўша кунги “Учлик”нинг 12-баённомасида 56 маҳбус устидан ҳукм чиқарилган.Улар орасида     Евгений  Герман  ҳам   бўлиб, ҳужжатларда   унинг  “халқ  душмани”  сифатида   отиб  ўлдиришга  ҳукм қилингани ва қўйилган  айблар  ёзилган: ”Герман Евгений  Фридрихович-1909 йилда туғилган, Польшадан, немис,қулоқ ўғли, сектант  баптис, партиясиз,ҳибсга олинган  пайтда  “Урганч” нон заводида  ҳисобчи”(Р.Шамсутдинов, Х.Қурбонов, У.Бекмуҳаммад,”Қатағон қурбонлари”-5 китоб, юқоридаги  нашр, 368-бет).

      Ўша машъум йиллари тақдир  Ирма  ва қариндошларини   олдинига Тошкент, кейин Новосибирск, Красноярск  ва  яна  Тошкент, Ромитан, Жамбул шаҳарларига кўчишга мажбур  қилди.Бу  орада  Анна  ҳам  мактаб ёшига  етиб  қолди.  Ирма қизининг тақдири  ва келажагидан куюниб уни Жамбулдаги   мактабга “Мартенс” фамилияси билан беради.Бу орада уруш ҳам бошланиб  халқнинг аҳволи ғоят қийин ҳолга  тушиб қолган, ўқувчилар оёғига  ҳар хил латталар ўраб мактабга боришарди.Қишнинг изғирин  кунларида бу  ўша давр учун одатий ҳол бўлиб қолган, Анна ҳам бошқалар сингари шу ҳолда ўқишга қатнарди.

 Ирма оиладаги бундай  аҳволдан, қизи  Аннанинг  истиқболини  ўйлаб  ўкиниб юрган 1943 йили Герман  Бренер деган поляк муҳожири билан  танишиб  қолади.Кўп  ўтмай  унга турмушга чиқади.Ушбу шахс поляк яҳудий  муҳожири бўлиб Польшани фашистлар эгаллагандан кейин собиқ шўро иттифоқига қочиб келганди. Шу тариқа  Герман Бренернинг  Ирмани ўз паноҳига, никоҳига олиши  боис  оиланинг  иқтисодий аҳволи бироз бўлсада  яхшиланади.Афсуски кўп  ўтмай Герман Бренер  ҳалок бўлади.

 Тақдирнинг бу зарбаларидан сўнг  1946 йили  Ирма  оиласи  билан Польшага бориб яшашга рухсат олади.Олдинига улар  Новая  Руда, кейин  Вроцлав шаҳарларида  ҳаёт  кечирадилар.Анна ҳам энди поляк тилида мактабда таҳсил ола бошлайди.Ўқувчилик давридаёқ  нафақат  мусиқага, балки  тасвирий санъатга ихлоси боис  турли тадбирларда қатнашиб  танловларда фахрли ўринларни олади.

 Урушдан  кейинги  йиллари  Польшада  ҳам  иқтисодий вазият ғоят оғир  эди.Шундай вазиятда Ирма,  Аннанинг  иқидорини  юксалтириш  учун  санъат  борасида қўшимча  дарс  машғулоти  ўтиш  учун ўқитувчи  ёллашни орзу  қилар, аммо  пули  камлигидан  бу ҳам  армон  бўлиб  қолаверди.

      Бироқ  шундай  бўлсада  Анна  ўзининг  истеъдодини  намоён  қилиш  мақсадида тинимсиз   ишлади.Ҳаттоки  мактабни  тугатганиданоқ  Вроцлавдаги  санъат  олий  мактабининг тасвирий  санъат  бўлимига  ҳужжатларини  топширади. Бироқ  онаси  ва  яқинлари  унга “ Мусиқа, тасвирий  санъат  билан  бошқа факультетда  ҳам  ўқиб  шуғулланишинг  мумкин, сен  Польшанинг  қудрати, келажаги  учун  энг  керакли  касбни  танла!”, деб  маслаҳат  беришди.

      Шундан  кейин  Анна  1955-61 йилларда Болеслав Берута номидаги  Вроцлавск  университетининг геология факультетида таҳсил олади. Талабалик даврида “Каламбур” театрида фаолият кўрсатиб Польшанинг кўплаб шаҳарларида гастрол сафарларида бўлиб қайтади.

      Бироқ  санъатга бўлган ихлос  Аннани  геологлик касби  томон эмас,  саҳнага бошлади.Вокал, жаз ва эстрада  жанрларида қўшиқлар куйлаб  обрў-эътибор орттиради.

     …Орадан йиллар ўтди.Анна отаси тақдирини  ўйлаб  унга бағишланган қўшиқ куйлашга қарор қилди.”Гори, гори, моя звезда”  номли маҳзун қўшиқ  қатағон  қурбони  бўлган  отасига бағишланган бўлиб, бу  қўшиқни у  собиқ иттифоқнинг кўплаб саҳналарида куйлади.Бироқ  у ва онаси  бу ноланинг  Евгенийга бағишланганини  мутлақо сир тутишди.Чунки  бу  қўшиқ кимга аталганини сезишса,  Анна Герман учун собиқ иттифоқ  саҳналари  ёпилиши мумкин эди.

        Анна  Герман  1965-82 йиллари  дунёнинг  энг  машҳур  санъаткори  сифатида  танилди.Унинг  “Катюша”, “Надежда” сингари  100дан  зиёд  рус тилидаги  қўшиқлари  нафақат  собиқ  иттифоқда, балки  бутун  дунёда  энг  оммабоп  қўшиқларга  айланди. Аннани  ҳатто  Рим  папаси  ва  дунёдаги  кўплаб  давлат  раҳбарлари  концерт  дастурлари  бериш  учун  ватанларига таклиф  қилишарди.У  туғилиб  ўсган  Ўзбекистоннинг  Тошкент, Самарқанд  шаҳарларида  ҳам  бир  неча  бор  ўз  дастурларини  намойиш  этди.Бироқ  Урганчга  бориш, туғилиб  ўсган,болалиги  кечган  Хоразмни  тавоф  қилиш  унга  армон  бўлиб  қолди.Чунки, 1967 йилнинг27 августида  Италияда  бўлган  авариядан  олган  жароҳати   унинг  олис  Урганчга  боришига  монелик  қиларди. Анна  Констанчин  шаҳридаги  клиникада  даволаниб  чиқгач  1969 йилдан  яна  саҳнага  қайтди.

      Дунё  бўйлаб  унинг  концерт  дастурлари  ғоят  шов-шовли  тарзда   давом  қилди.Европа  давлатлари, собиқ  иттифоқ, Австралия, АҚШ, Канада..Хуллас, ўз  давридаги  довруқли  ҳамма санъат  кошонасида  унинг   олқишларга  бурканган   қўшиқлари  янгради.Шу  жумладан    отасига  бағишланган  “Гори, гори, моя  звезда”   қўшиғи  ҳам.

      Анна  1972 йили    Збигнев-Тухольский  билан никоҳдан  ўтди.Орадан  уч  йил  ўтиб-1975 йилнинг  27  ноябрида  Збышек  таваллуд  топди.Збышек  тобора  улғая  борган  сари  Анна  уни  эркалаб  бағрига  босаркан, унинг  нигоҳларида  отаси-Евгений  Германни    кўргандек  бўлар, бу  ҳолат  эса   яна  саҳналарда, оила  даврасида   “Гори..гори”ни  куйлашга  ундарди…

       Саҳналар  эса  тобора  олқишлар  садоси  остида  ўтарди…

      …Ана  шундай   довруғу шодликлар, ҳаёт тантаналарига  тўла  1979 йили  Анна   Тошкентга келди  ва Урганч  сафарини  режалаштириб  қўйди.Афсуски, бу сафар  ҳам   хасталик  қайталаниб   оғриқлар  кучайганидан  врачлар   уни олис   Хоразмга  боришига  рухсат  беришмади.

      Бироқ    Анна  Герман   фақат 1969 йилдагина  эмас, Москвада  ўтказган  концертларида   Москва Давлат Университети   профессори, собиқ иттифоқ  телерадиокомпаниясида  консультант  бўлиб  ишлаётган   асли Хивалик   Худоёр  Оллаёров, шунингдек  1980  йили  Москвадаги  сув  хўжалиги  институтига  борган  эколог  олим, асли  Хонқалик  Озод  Ҳусайиновлар    билан  танишиб, улар  билан  қисқача  бўлсада  суҳбатлашишга  улгурганди.Уларга  Урганчга  бориш  орзусини  айтган, концерт  қўйишни  режалаштираётгани  ҳақида  сўзлаб  берганди.

      Афсуски  Анна  Германнинг  бундай  орзуси  армон бўлиб  қолди. Ўз  даврининг  ва  ҳозирдаям  шону-шуҳратини  йўқотмаган  хонандаси    1982 йилнинг 26 августида  оғир  касалликдан  сўнг  вафот  этди.Бу вақтда  у  эндигина  46 ёшга  тўлганди…

                                      “…УРГАНЧГА  БОРА ОЛМАДИМ”

      Тиббиёт  фанлари  доктори, профессор  Худоёр  Оллаёров   1931 йилда  Хоразм  вилоятининг   Хива  шаҳрида  туғилган  бўлиб, Самарқанд  давлат  тиббиёт  институтида  таҳсил  олган.Бир  йилдан  кўпроқ  Хивадаги  тиббиёт  шифохонасида ишлаган.1957 йилдан  кейин  эса  Ялтадаги “Ўзбекистон”  санаториясида, 1961 йилдан  бошлаб  Москва  тиббиёт  институти, Москва  Давлат  университетида  илмий  тадқиқотлар   олиб  борган.Марказий  телевиденияда  консультант  сифатида  ишлаб  сухандонлар,  журналистларнинг  овозини   текшириб, улар  хасталанган  тақдирда  муолажа   қилиб  борган.Левитан, Никулин  сингари  ўз  даврининг  машҳур  кишилари  билан   дўстлашган  ва  улар  ҳақидаги   хотиралари   Ўзбекистон  ва  хориж  матбуотида   чоп  этилган. Профессор  Худоёр  Оллаёровнинг  тиббиётга  оид  илмий  ишлари  29 тилда  137 мамлакатда  чоп   этилган.

     У  Марказий  телевиденияда    ишлаб  юрган  пайтида  Анна  Герман  билан  суҳбатлашиш  шарафига  муяссар  бўлган   хоразмликлардан.

     -1978 йили шоир ва  журналист   Александр  Львович Жигарев  мен  ишлаётган  марказий  телевиденияга  келиб  “Мелодия” студиясига  ўзи  билан  боришни  илтимос   қилди. Ўша  куни  “Мелодия”да  Анна  Германнинг  қўшиқлари  ёзиб  олиниши  белгилангани,бироқ  эрталабдан  негадир   хонанданинг  овози  хириллаб  қолганини, шу боис  унинг  овозини  текшириб  кўришимни  илтимос  қилди. Табиийки,  бу  менинг  ТВдаги   кундалик  вазифам  эди.

     Александр Жигарёвнинг  фақат  шеърлари  ва  мақолаларини  ўқибгина  қолмай, тез-тез  телевиденияга  ташриф  буюриб  тургани  учун  яқиндан  танирдим.У ҳам  менингХоразмдан  эканлигимни  яхши  биларди.Бирга  студияга  борсак у ерда  машҳур хонанда  Анна  Герман  томоғини  боғлаган  ҳолда  ўтирарди.

   -Мана врач  Оллаёров  ҳам  келди-у  Сизни  тезда  даволаш  иложини  топади,-деди  эшикдан  кирганимизданоқ  Жигарёв.

   Ўшанда  томоғига  ўралган  рўмолни  пайпаслаётган  Анна  негадир  менга  ҳайратланиб  қолдида:

  -Салом, Сиз  ўзбекмисиз? Ўзбекистоннинг  қаеридансиз?,-дея  сўради.

  Унинг  қисқагина  бу  сўзларидан  овози  хириллаётганини  сезиш  мумкин  эди.

  -Ҳа, ўзбекман, Хоразмдан  дедим.

    Бу  сўзни  эшитиши  билан   у  ўтирган  жойидан  туриб  менга  қўлини  узатганича  қайтадан  саломлашди.

   -Ўзбекистон, Хоразм  меним  иккинчи  ватаним.Негаки  мен   Урганчда   туғилганман,-деди.

     Тўғриси  мен  Аннанинг  қўшиқларини  эшитган  бўлсамда, унинг  таржимаи  ҳолига  етарлича  эътибор  бермагандим.

-Бу  мен  учун  кутилмаган  янгилик.Хоразм  сўзини  Сизнинг  оғзингиздан эшитиш  мен  учун  қувончли,-дедим.

   Жигарёв  бизнинг  суҳбатимиздан  қувониб  турган  бўлсада, бироз  хавотирланиб  тургандек  эди.Табиийки  у  дарҳол  Аннанинг  овозини  текшириб  кўришимни, муолажа  қилишимни  истарди.Мен  дарҳол  ўз  вазифамни  бажаришга  киришдим.

 Эртасига  Анна  Герман Жигарёв  билан  Марказий  телевиденияга  ташриф  буюришди.Менга  миннатдорчилик   билдириб  кўрсатувни  тавсирга  олиш  хонасига  кириб  кетишди.ТВда  қисқача  суҳбат   бўлди  ва   “Ждите  весну”, “Останься”, “Идет  ребёнок  по  земле”   номли  қўшиқларини   ёзиб  олишди.Анна   ТВдан    чиқаркан  мен  режиссёримиз  билан  уни  кузатиб  қўйдик.Анна  бизга  концертига  тушиш  учун  таклифнома  қолдирди.Мен   оилам  билан   концертга  келиб  унга  гул  ва  “Хива” буклетини   тақдим  қилдик.У  саҳнада  бизнинг   совғамизни  қабул  қилиб  оларкан “Бу  мен  туғилган    Хоразмлик  врач  Оллаёров  бўлади.Ундан  миннатдорман!”,деганида   қарсаклар  янгради.

 Адашмасам  1979-80 йиллари   ҳам  Москва  ва бошқа  шаҳарларга яна  Анна  Германнинг   гастрол  концертлари  уюштирилди.Бу  сафар  мен   хорижга   кетгандим. Шу  боис  концертларга  бораолмадим.  Бироқ  Аннанинг  энг  яқин  одамларидан  бўлган  Жигарёв   билан  ТВга  келганида, ёки  бирор  бир  тадбирларда  кўришиб  турар, ўшанда  суҳбатимиз  мавзуси   Аннага  келиб  тақаларди.Шундай  учрашувлардан  бирида Александр  Жигарёв   Анна  Герман, унинг  Хоразмда  туғилиб  вояга  етгани, умуман  олганда  ижоди  бўйича  китоб  ёзаётганини  айтиб  қолди.Хоразм  билан  боғлиқ  баъзи  маълумотларни  суриштирди .Мен  билганимча  унга   Хоразм, Урганч, Хива  ҳақида  сўзлаб  бериб, иложини  топган  ҳолда  Анна  туғилган  ўлкага  боришни  таклиф  қилдим.

    1982 йил 23 август. Анна  Герман   вафот  этган  кун.Мен  бу  машъум  хабарни  эшитганимданоқ  Жигарёвнинг  уйига  таъзия  билдириш  учун  телефон  қилдим.Бироқ  уни  топаолмадим.Орадан  вақт  ўтиб  уни  Останкинодаги  тадбирда  учратдим  ва  таъзия  билдирдим.Жигарёв  афсус  билан  ёзаётган  китобини  Анна  тириклигида  нашр  қилдиришга  улгуролмаганидан, Урганчга  бораолмаётганидан  ўкинди.

 -Энди  унинг  хотираси  учун  ҳам  китобни  мукаммал  қилиб  чоп  этдираман  ва  биринчилардан  бўлиб  Сизга  совға   қиламан,-деди  Александр.

 1988 йили    Москвадаги   “Искусство”  нашриёти  Александр   Жигарёвнинг  “Анна  Герман” номли  китобини  чоп  қилди.Афсус  китоб  нашр   этилиш  арафасида    Жигарёв  ҳам  вафот  этди.Китобни  унинг  қўлидан  эмас, китоб    дўконидан  сотиб  олдим. Бу  китоб  ҳозирда  менинг шахсий  кутубхонамда  сақланмоқда.Ҳар   гал  китобни  қўлга  олганимда, ёки  ОАВда  машҳур  хонанда   ҳақида  бирон  нарса ўқисам, Анна  Герман   билан  “Мелодия”  студиясида  ва  Марказий  телевиденияда  учрашиб  суҳбатлашганларим, Жигарёвнинг    “Урганчга  бораолмадим”деган  сўзлари   ёдимга   тушади.

    Анна  Герман  ҳам, у  ҳақда  китоб  ёзган  Александр  Жигарёв   хотираси  ҳам   доимо  меним  қалбимда.

                                     АННА  “РАҲМАТ”  ДЕГАНДИ

    Озод  Ҳусайинов   1938 йилда Хонқа туманида   туғилган. Новосибирск  савдо  институтида  таҳсил  олган.Кўп йиллар  давомида  Хонқа  тумани,Хоразм  вилоятидаги  савдо  ташкилотларида  масъул  вазифаларда  ишлаган.Шу  билан  бирга  экология, Орол  ва  Оролбўйи ҳудудидаги   вазият ,Оролга  Каспийдан  сув  олиб  келишнинг   илмий  лойиҳасини, бундан  ташқари  Қозоғистон, Мўғулистон, Хитой, Араб  давлатлари, Россиядаги   ўзлаштирилмаган  ҳудудларга  сув   олиб  бориш  бўйича  таклиф-лойиҳаларни    ишлаб  чиққан.

    Озод  Ҳусайинов   Анна  Герман  билан  учрашиш   шарафига   эришган   Хоразмлик  саноқли  кишилардан  бири.

    -Болаликдан  тарих  ва  табиат  оламига, мусиқага  қизиқардим. Новосибирскдаги   ўқиш  жараёнида  ҳам  шу  боис  Сибирдаги  халқлар   ҳаётига, тарихига  қизиқиб, мутахассислигимдан  ташқари   кўплаб  маълумотлар  тўплаб  юрдим.Маълумки, Сибирда  1930-53 йилларда  кўплаб  қамоқхоналар  барпо  этилган. Мен  Новосибирскда  таҳсил  олган  1960 йилларда  ушбу  қамоқхоналардаги  қатағон  қурбонларининг  кўпчилиги  озод  этилган  ва   оқланганди.Гуруҳдаги   йигит-қизларнинг  аксарияти Сибирлик  бўлиб, уларнинг  уйларига  борганимизда  ота-оналари  гапдан-гап  чиқиб  қатағон  даврдан  ҳам  сўз  очиб  қоларди. Бир  куни   гуруҳдошим  Василий Матвеевнинг  уйида   радио  эшитиб  ўтирганимизда Анна  Германнинг  қўшиқлари  ва у  ҳақдаги  маълумот  эфирга  берилди. Ўшанда   Аннанинг  Урганчда  туғилганига  оид  сўзларни  эшитиб  ҳайратда  қолдим.Урганч  сўзи  меним  учун   Хоразмни  эсимга  туширди  ва  юрт  соғинчи  юзага  келди.

     Хуллас, талабаликдек  олтин  давр  шу зайлда  ўтиб  кетди. 1972 йили  мен  гуруҳдош  ўртоқларим  ва  қадрдон  бўлиб  қолган  Новосибирскга   бордим.Гуруҳдошлар  билан  дийдорлашгач  концертга  тушмоқчи  бўлдик.Суриштирсак ўша  пайтда  Анна Германнинг  концерти  бўлаётган  экан.Анна  Герман  номи, унинг  Хоразмда  туғилгани  бу  пайтга  келиб   матбуот, ТВ  орқали  кенг  оммага   маълум  бўлиб  қолганди.Шу  сабаб  мен  машҳур  хонандага  туҳфа  қилиш  учун   гул  олдим  ва  14 киши  бўлиб  концертга  тушдик. Концерт  ўта  завқли  ҳолатда  ўтди. Мен  ҳам  гулни  туҳфа  қилиш  учун  саҳнага  чиқдим.Аннага   яқинлашганимда   ҳаяжонланганимдан  дастрўмолим  саҳнага  тушиб  кетди.  Эгилиб  дастрўмолимни  оларканман  “чатоқ  иш  бўлди-да” дея   ўзбекча  сўзлаганимни  билмай  қолибман.Хуллас,  Аннага  гулни  берарканман  у  негадир  менга  ҳайратланиб  қарадида   микрофонни  узоқроқ  тутиб  “Сиз  ўзбекмисиз?”,-дея  сўради  астагина. Мен  “ҳа, ўзбекман, Новосибирскда  ўқиганман, Сиз  туғилган  Хоразмданман”, дедим  баралла.  Шунда  Аннанинг  юзларида қувонч  аломатлари  пайдо  бўлди  ва  микрофонни  қўлига  олиб, “Бу  киши (у  аста  меним исми  шарифимни  сўрадида)бу  киши   ўртоқ  Азад  Ҳусаинов  бўлади. У  мен  туғилиб  ўсган  Ўзбекистондан  келибди  концертимга, мен  бундан  ғоят  хурсандман,”, дея  миннатдорчилик   билдирди.

    Мен  қувонганимдан   унга   “раҳмат” дедим  русчалаб, Анна  эса   ўзбек  тилида  “раҳмат”  деди.Залда  эса  олқишлар  янгради.

     Ўша  куни    гуруҳдошларим  билан   Анна  Германнинг  ўзбекча  “раҳмат”  сўзини  айтгани  учун  ресторанда   зиёфат  бердим.

Умид БЕКМУҲАММАД