«Учқун беролмаса, шамнинг ёнгани бекор»

Биласизми ҳақиқий ўқитувчи қандай бўлади? У виждонан ўқитади, яъни фақатгина ўқитмайди, у ўргатади. Ўқувчини дарсга қизиқтира олса ва иштиёқ билан ўқитса шу энг яхши ўқитувчи ҳисобланади.

Айниқса бошланғич синф ўқитувчиси бўлиш – жуда масъулиятли иш. Бу соҳани танлаганларга меҳр тўла қалб, кучли ирода ва мустаҳкам юрак керак. Ушбу касбнинг энг биринчи шарти болаларни севишдир. Бусиз ҳеч ким устоз бўла олмайди. Ўқитувчидан тинимсиз меҳнат, тиришқоқлик, кучли асаб, ҳаётга муҳаббат ва матонат талаб этилади. Болаларни ўқиш, ёзиш, санаш, дўстлашиш, мактаб ва умумжамоат интизомига ўргатиш учун жуда ҳам кўп куч керак.

Шунинг учун педагогика олийгоҳини тамомлаганларнинг ҳаммаси ҳам ўқитувчи бўла олмайди. Аввало педагогик маҳоратини ўз ишига муҳаббат ва истеъдод билан уйғун қила олганлар ўқитувчи бўлиши мумкин.

Бугунги кунда ҳамма нарса ўзгаряпти. Ҳаёт ҳам, турмуш ҳам, сиёсий ва иқтисодий қарашлар ҳам. Шу ўринда ўқитувчининг масъулияти, роли ва аҳамияти ҳам ортиб бормоқда.

Шу билан бирга, бизнинг замонимизда ўзига хос тезкорлик, тадбиркорлик ва ташаббускорлик, фаоллик, ўзаро киришувчанлик каби хусусиятлар ҳам энг муҳим хислатлар сифатида қадрланади. Ўқитувчининг яна бир муҳим вазифаси у ўз ўқувчиларига ҳаёт дарсини, унга мослашиш усулларини ҳам ўргатиши керак.

Албатта, фарзандлари ўзидан кўра омадли ва бахтли бўлишини истамайдиган ота-она бўлмаса керак. Болалар турли-туман, уларнинг ҳар бири индивидуал, бирининг иқтидори эрта юзага чиқса, бошқасиники кечроқ кўзга ташланади. Мурғак қалбдаги “йилт” этган истеъдод учқунини илғаб олиш, уни янада ривожлантириш, болага ўз қобилиятини ҳаётга татбиқ қилишни ўргатиш ва бунга ўзидаги бор куч-қувватни сафарбар этиш – ўқитувчининг вазифаси.

Ота-оналар ҳам мактабдан ташқарида қолиб кетмаслиги, улар ҳам фарзанди билан боғлиқ барча нарсага қизиқиш билдириши, унинг ўқиб-ўрганиши, руҳан ва жисман соғлом бўлиши учун оилада қулай шароит яратишлари зарур.

Боланинг шахсиятини ривожлантиришни мақсад қилган ота-она ва синф раҳбари ўзаро мустаҳкам алоқа боғлаши даркор. Бундай муносабат келгусида болалар ва катталар ўртасидаги ўзаро бир-бирини англаш муҳитини яратади.

Ўқитувчилик касбида асосийси – ўз ўқувчилари билан бир оиладек яшашни ўрганиш. Ахир ҳар куни эрталаб уйқудан уйғонгач сени кутаётган, сени севувчи кичик инсонлар даврасига бориш қандай яхши! Меҳр берсангиз, уларнинг кўзида ҳам меҳр порлайди, ана шунда сизнинг барча ишингиз аъло бўлади!

Болаларга ҳаёт дарсини ўргатиш бу уларга фақатгина нима яхшию нима ёмонлиги ҳақида насиҳат беришдан иборат эмас. Уларга билим эшикларини очиш, ўрганганини ҳаётда қўллашни ва қандай қилиб омадли инсон бўлишни ўргатиш ҳаммасидан муҳим. Бу жуда мураккаб ва давомли меҳнат. Аммо келажакда жуда керак бўладиган масала.

Негаки теварак олам жуда мураккаб тузилган. Унинг ёруғ ва қоронғу томонлари, эзгулик ва разилликлари бор. Ҳар бир инсон кичиклигидан булар билан тўқнашишга тайёр бўлиб вояга етиши керак.

Ҳақиқий ўқитувчи фақат ўқитмайди, у ўзи ҳам бир умр ўқиш ва изланишда бўлади.

Мен ўйлайманки, ХХI аср тезкорлиги, ахборот оқимининг кўплиги, турли воситалар орқали мулоқотга киришиш имкониятлари билан ажралиб туради. Шунинг учун замонавий ўқитиш жараёнини ахборот-коммуникация технолигияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Демак ўқитувчилар ҳар доим буларни ўрганишда давом этиши керак.

Менинг фикримча, мустақил ишларни бажариш бу – ўз-ўзини такомиллаштириш. Ахборот технологиялари ҳар бир ўқитувчининг муваффақиятини таъминловчи энг керакли воситадир.

Ўқитувчи бўлиш бу – ўз олдидаги ва давлат олдидаги, жамият ва ота-оналар олдидаги ва, албатта, бола олдидаги улкан масъулиятни ҳис қилиш. Уларнинг ишончини оқлай олиши ўқитувчининг машаққатли меҳнати самрасидир.

Сўзим ҳотимасида шуни айтмоқчиманки, “агар шам ўзи ёниб тугасада, бошқа бир шамнинг ёнишига учқун беролса, демак у бекорга ёнмаган”.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳати шуки, ижодкор ўқитувчилар ҳар доим олдинги сафда бўлади. Бу дунёни ўзгача кўриш ва унга ўзига хос ёндашувлар асосида мослашишдир. Ижодий салоҳиятли устоз бетакрор бўлади. У топқирлиги, фаоллиги ёрдамида турли воситаларни ўйлаб топиб, дарсга ўқувчиларни қизқитира олади. Уларни тушунади, кичик ютуғига ҳам хурсанд бўлади, болаларга ўзини дўст-қадрдондек тутади. Уларни ўз билими ва кучига ишонтира олади.

Иш фаолиятида ижод қилишга доимий иштиёқ сезиш, фаолиятида ижодий қирраларини ишга солиш педагог шахсиятининг юқори салоҳияти, маҳорати ва тажрибасини белгилайди, янги қарор ва ечимларни ўйлаб топишида қўл келади.

Ўқувчининг билим олишга интилиши ўқитувчига кўп жиҳатдан боғлиқ. Болада ўқитувчининг шахсиятига қизиқиш бўлмаса, унинг фанига ҳам қизиқиш бўлмайди. Бу эса биринчи ўқитувчига боғлиқ. Ота-оналарнинг мактабга ёндашуви шаклланиши, ўқитувчилар билан бир мақсад сари бирлашишида ҳам биринчи устознинг роли катта.

Шу билан бирга, бошланғич синф ўқитувчиси қайсидир маънода артист ҳам бўлиши керак. У ролга кира олиши, болаларни ҳайратга сола олиши лозим.

Чунки биз ўзимиз ҳам панду насиҳат тинглайверишни ёқтирмаймиз. Ўқувчиларни ҳам бундай тарзда ўқитиш тўғри эмас. Бизнинг ишимиз болага йўл кўрсатишмас, балки унга ўз йўлидан боришни ўргатиш бўлиши керак.

Ўқувчи ҳар бир дарсдан қувонч олиши даркор. Мана шунга эриша олиш ижодкорликдир.

Бола ҳар бир дарсда ўзига нимадир олиши, бирон янги нарса ўрганганидан қувониши жуда муҳим. Бу унга ўзига ишонч уйғотади. Шу боис боланинг ҳар бир ютуғи бутун синфнинг ютуғи ҳисобланади.

Мен ҳам ўқитувчи сифатида ўз ўқувчиларимнинг ютуқларини қўллаб-қувватлашга ва рағбатлантиришга ҳаракат қиламан. Шу билан бирга, ўқувчини тушунишга, бир сафар уддалай олмаганини қайта-қайта уриниб уддалашига, хатосини ўзи тузатишига имкон бераман. Ана шунда ўзаро бир-бировни англаш учун ўзига хос кўприк пайдо бўлади. Бу жуда машаққатли меҳнатдир.

Дарс жараёнида ижодий ёндашувни уйғунлаштиришга фақат ўз касбини севган ўқитувчиларгина эриша олади. Агар ўқитувчида билим бериш хоҳиши юқори бўлса ўқувчида ҳам уни қабул қилиб олишга иштиёқ туғилади. Бу икки иштиёқ ўзаро бирлашса таълим жараёнида кутилган натижага эришиш мумкин.

Нодира Сулаймонова, Қоракўл тумани 15-мактаб ўқитувчиси

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: