Бундай жараёнда аёл айрим тақиқларга риоя қилиши, жумладан, сауна, бассейин, алкоголь, тамаки тутуни кабилардан ўзини сақлаши жуда муҳим. Хўш, агар хавф кўринмас шаклда бўлсачи?
ТОРЧ инфекция нима?
T.О.R.C.H. – бу қисқартма ҳомила учун хавфли ҳисобланган инфекцияларнинг бош ҳарфларидан тузилган:
Т (toxoplasmosis) – токсоплазмоз
Токсоплазмоздан зарарланиш асосан мушуклардан юқади (уларнинг сўлаги, аҳлати билан контакт содир бўлганда), шунингдек ифлосланган сувни ичганда, шахсий гигиена қоидаларига амал қилинмаганда, яхши пиширилмаган гўшларни истеъмол қилганда юқиши мумкин. Токсоплазмоз ҳеч қандай аломатсиз кечиши ва ҳомиладорликнинг илк босқичларида унинг тушишига сабаб бўлиши мумкин.
О (other) – инфекциялар (гепатит B, сифилис, хламидиоз ва бошқа вирус ва бактериялар орқали ривожланадиган касалликлар)
Бу инфекциялар ҳам симптомларсиз кечиб, ҳомила учун жиддий хавф туғдиради. масалан хламидийлар сабабли ҳомила тўлиқ муддатга етмасдан туғилиши мумкин.
R (rubella) – қизилча
Қизилча вирусли касаллик бўлиб, асосан одамдан одамга йўталганда ва акса урганда юқади. Бу инфекция ҳам ҳомилага жиддий зарар етказиши мумкин. Шу сабабдан ҳомиладорликни режалаштираётганда, албатта, қон таҳлили топшириб, ТОРЧ инфекциялари гуруҳига кирувчи инфекциялар борасида аниқ маълумотга эга бўлиш лозим. Агар организмда уларга нисбатан иммунитет сақланган бўлса ёки болаликда аёл буларга қарши эмланган бўлса мазкур инфекциялар ҳомилага унчалик жиддий хавф туғдирмайди.
C (citomegalia) – цитомегаловирус инфекцияси
Цитомегаловирус билан зарарланган одамлар ҳатто бу вирус ўзида борлигини билмайди. Аммо ҳомиладорликда унинг фаоллиги кўзга ташланади. Бу инфекция ҳомиланинг илк босқичларда тушиб қолишига ва эрта туғуруққа сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек айрим ҳолларда ҳомиланинг бош миясида, жигари, ўпкаси ва кўзларида нуқсон билан туғилишига олиб келади.
Цитомегаловирус жинсий йўл билан, қон орқали, болани кўкрак эмизиб боқиш воситасида юқиши мумкин.
H (herpes) – I-II, II турдаги герпес
Бу вируснинг қўзғатувчиси I ва II турдаги герпес вирусидир. II турдаги герпес вируси жинсий йўл билан юқади. Зарарлангандан кейин бу вирус одам организмида бир умр сақланиб қолади.
TORCH гуруҳи қандай хавф туғдиради?
Ҳомиладорлик вақтида бу гуруҳга кирувчи вируслардан биронтасининг илк марта юқиши хавфли ҳисобланади. Яъни танада иммунитет ҳосил бўлмаган вирус ёки инфекцияга тўқнашиб қолиш оқибати нохушликка олиб келиши мумкин.
Ҳомиладор аёлда кўпинча бу ҳолатнинг асратлари турли муддатларда ҳомила тушишига замин яратади. Демак сурункали инфекция, яъни бу инфекцияни олдиндан бўлишига қараганда уни янги юқтириш, ўткир инфекцион хасталик билан оғриш ҳолати ҳомила учун жиддий хавф туғдиради.
Қачон текширувдан ўтиш керак?
Ҳозирги вақтда айрим аёллар ҳомиладор бўлгач, бир неча ой ўтгандан сўнг унда ҳам шифокорнинг қистови билан ТОРЧ инфекцияни текширтириш учун синама топширишади. Аслида ҳомиладорлик бошланмасдан 2-3 ой аввал буни текширтириш ва зарур бўлса вирусга қарши дори-дармонларни қабул қили зарур. Ҳомиладорлик даврида ҳам гинеколог тавсиясига кўра ТОРЧ инфекцияни текширтириб туриш керак.
Шунингдек ҳомила 16-18 ҳафталик бўлганида қизилчага иммунитет бор ёки йўқлигини текширтириш муҳим. TORCH – инфекцияни аниқлатиш ҳомиладор аёл учун катта аҳамиятга эга. Бу ҳомиладорликкача даво ва профилактика чораларини кўришга, шунингдек аёлнинг саломатлигини келгусида ҳомиладорликдаги натижалар билан солиштиришга имкон беради.
TORCH инфекцияси лаборатор текширувлари вазиятга аниқлик киритади
TORCH гуруҳидаги инфекцияларнинг аҳамияти шундаки, уларнинг мавжудлиги бўйича аломатлар умуман кузатилмаслиги ёки кам намоён бўлиши мумкин. Шунинг учун ташхис фақат уларнинг клиник юзага чиқишида қўйилади (тошма, иситма ва ҳ.к.). Агар симптомлар, яъни кўзга ташланувчи белгилар бўлмаса касалликка ташхис қўйиш қийинчилик туғдиради. Шу боис энг аниқ ташхислаш усули қонда иммуноглобулинларни аниқлашдир.
Текширувга қандай тайёрланамиз?
қон таҳлили оч қоринга топширпилади;
текширувгача 3 ҳафта давомида антибактериал ва вирусга қарши препаратлар қабул қилинмайди;
Тадқиқот натижаларини олгандан кейин, албатта, даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиш лозим.
Эксперт: Гулчеҳра ОРТИҚОВА,
Гулшан тайёрлади.