Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамиятининг IV Халқаро конгресси давом этмоқда.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев конгрессда ўзининг «Янги ренессанс: тарих сабоқлари ва замонавий талаблар» мавзусидаги маърузаси билан сўзга чиқди. У саволларимизга қуйидагича жавоб берди:
«Мен таъкидлаб ўтишни истардимки, Ренессанс — бу шунчаки умумий шиор ёки баландпарвоз чақириқ эмас. Бу аниқ ва пухта ўйланган, жамиятни фаол ҳаракатга келтирувчи «уйғониш» дастуридир. Бу соғлиқни сақлаш ҳамда таълимдаги янги сифат, инсон ҳаёти сифатининг юксалиши кабиларни ўз ичига олади.
Мен ўйлайманки, бизнинг олдимиздаги вазифа олдинги қилинган ишларни чуқур таҳлил қилиш ва нафақат бизнинг мамлакатимиз тарихидаги, балки Европадаги Ренессанслар, Ислом Ренессанси, Марказий Осиё Ренессанслари босқичларини ўрганиш воситасида тажриба оширишдан иборат.
Шу маънода Конгресс ва ундаги ўзаро баҳс-мунозаралар асосан инсоният бошидан кечирган Ренессанслар муҳокамасига ва улар асосида билдириладиган муҳим хулоса ва таклифларга қаратилиши керак.
Албатта, ҳозирги Ренессанс олдингиларга ўхшамайди. У айни пайтда юз тутаётган саноат инқилоби, жадал рақамлаштириш жараёнларида юзага келмоқда ва ўзининг қатъий талабларини олдимизга қўйяпти.
Янги Ренессанснинг ушбу жиҳатини барча этнографлар, антропологлар, тарихчилар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳамда илм аҳли чуқур англаши жуда муҳим.
Мен ўйлайманки, ушбу Конгресс янги ренессанс босқичига қадам қўйишда нафақат назарий, балки амалий ҳисса бўлиб қўшилади.