Дамасга чиққан аёл бир бекат юргач, ҳайдовчидан йўл бошида тўхтатишни сўради. Пулни узатиб, шошилганча тушиб кетди. 20-25 ёшлардаги йигит жаҳл билан унинг орқасидан кетма-кет сигнални босди. Аёл қайтиб келиб эшикни очди: «Тинчликми укажон?».
Ҳайдовчи:
— Опа, ҳозир икки мингга мушук ҳам офтобга чиқмайдику! Уч минг бўлади! — деди.
— Қачондан бери кўчага чиқмовдим, ҳозир яна бошқа машина алмашишим керак, кейинги сафар берарман. — деди ҳижолат бўлиб аёл.
— Манг, шу икки минг сўмингизниям олиб кетинг, гадойга берасиз. Ҳамма билади, ҳозир газнинг нархи кўтарилиб кетганини!
— Вой болам-э, шу тариллатиб турган вақтингга қанча газинг ёқиляпти, ҳайда-е, қари аёл билан арзимас пулни деб, шунча тортишасанми? — деди тоқати тоқ бўлган йўловчилардан бири. — Пулнинг ўрнига орқангдан дуо қилар?
— Э, тоға, дуо қоринни тўйдирадими?! Чўнтаги қуруқ бўлса, нима қилади, кўчага чиқиб? Ҳайдовчи шаҳд билан эшикни қарсиллатиб ёпди.
— У кишининг уйида иккита машинаси бор. Қаерга бўлса ўғилларининг ўзлари олиб бориб олиб келади. Болалари йўқ пайтида қандайдир зарур иш чиқиб қолганки, кўчага чиққан. Шошилишини қаранг, айтяптику: «Анчадан бери кўчага чиқмовдим», деб, дедим, аёлни яхши таниганим учун.
— Бу унинг муаммоси. Менинг билан неча пуллик ишим бор?
— Хато қилдинг-да, Зарифжон, — деди йўловчи аёллардан бири. (Ҳайдовчини таниса керакда исмини айтиб мурожаат қилди). — Киракаш Ортиқ аканинг фожиали ҳалокати ҳақида эшитган бўлсанг керак-а?
— Ҳа, нимайди? — деди, жеркиб йигит.
— Ўша куни мен ҳам унинг таксисида эдим. Касалхонадаги қизини кўриш учун кетаётган қишлоғимизнинг кайвониси Салима хола ярим йўлга етгач, чўнтагини кавлаб минг сўм чиқарди-ю хавотирга тушди. Бояқиш хаёл билан ҳамёнини уйида унутиб қолдирган экан. Ортиқ акага шуни узата туриб: «Болам, шуни олиб тур, қолганига дуо қиламан, Илоҳим Оллоҳ ҳар қадамда паноҳида асрасин»….
Кампирнинг гапи оғзида қолди.
— Нима деяпсиз, хола? — деди Ортиқ ака ўшқириб, мен сувга юрмайман. Дуо қорнимни тўйдирмайди! Пул қоринни тўйдиради, пул! Қани, яна минг сўм чиқазинг, бўлмаса тушиб кетинг, — деб, жигулисини тўхтатди ва олд ўриндиқда ўтирган онахонни итариб туширишга уринди. Ўшанда мен: «Ака, ҳайданг, шу пулни мен бераман, дуо менга керак, менинг қорнимни тўйдиради, дуо» дедим.
У ичида сўкинганча калитни буради. Хола мунғайганча, машина ойнасидан ташқарига тикилди. Унга билдирмасдан пальтосининг чўнтагига уйга қайтиши учун йўлкира солиб қўйдим. Манзилига етган онахоннинг кўзлари ёшга тўлди: «Раҳмат болам, ҳар бало-ю қазодан Ўзи асрасин!», деб, қўллари қалтираганча дуо қилиб, тушиб кетди.
Биз эса юз метр ҳам юрмасдан қаршимиздан келаётган юк машинаси билан тўқнашиб кетдик. Мувозанат бузилди. Жигули айланиб, бетон тўсиққа бориб урилди. Мен чаппа бўлаётганимизни англадим, қолганини билмайман. Жонлантириш бўлимида уч кун ўтгач кўзимни очибман. Ортиқ ака эса воқеа жойида жон таслим қилган, ҳатто юзини таниб бўлмас экан. Ўшанда оёғим синганди. Оқсоқланиб юрсамда, омон қолдим. Онахоннинг дуоси мени бевақт ўлимдан асради, болам. Бунчалик очкўз бўлма, пул қўлнинг кири. Дунёда пулга сотиб олиб, топиб бўлмайдиган нарсалар ҳам борлигини эсингда тут! Бу ҳикоям сенга сабоқ бўлсин, деди. Бошқалар ҳам унинг фикрини маъқуллади.
Мен эса ўз ўйларимга ўралашиб қолдим.
Дилрабо КАМОЛОВА.