“Бозор қиммат бўлиб кетди, у қиммат, бу қиммат...” Яқинда сабзининг нархи осмонга чиқдию паловхўрларнинг жони ҳалқумига келди ўзиям. Хўш, буларни тушунса бўлар. Чунки олган ойлиги бозор-ўчарга етмаётгандир. Шунга дардини бировга айтиб, сал кўнглини ёзишаётгандир. Аммо тагларида қўша-қўша машина, қўл остида шунча одамлар, катта бир корхонанинг раҳбарлари бўла туриб ҳаётдан нолишаётган манави одамларга нима дейсиз?
Шодмонбек Қувноқов тумандаги кўзга кўринган нуфузли идораларнинг бирида бошлиқ. Омадбек Хушомадов эса Қувноқовга нисбатан сал каттароқ идоранинг раҳбари. Бугун бир учрашиб қолишиб чигил ёзди қилишяпти.
Буларнинг Шодмонбеки Омадбекка қараганда 5 та кўйлакни кўп кийган амалдорлардан. Демак қари тулкилардан десаям бўлаверади. Буларнинг дарди рўзғор, сарф-харажат ҳақида бўлмайди аслида. Гап бошқа ёқда.
Омадбек гап бошлади.
-Устоз кейинги даврларда ишлаш жуда қийин бўб кетди. Айниқса раҳбар бўлиб ишлаш юз чандон, йўқ минг чандон оғирда. Бошим югур-югур, мажлислардан чиқмай қолди. Фойдаси йўқ ишлар учун фақат чопа-чоп. Фақат ташвиш. Олдинлари жуда мазза эди. Эрталабгача ҳам мажлис бўлса ҳам ғинг демасдим. Чунки ўтирганимда ҳам эртага чўнтакка тушадиган соққани ҳисоблаб ўтирардим. О..Ох..у кунлар ўтди-ю кетди. Қайтиб келармикан-а!
– Э, укам, сабр қилгил. Ҳали биз кутган яхши кунлар келади. Ҳой, менга қара, ҳозир давлатнинг ўзи ҳар бир ишда инновация – янгилик бўлсин, деяптими? Ҳа, деяпти! Хўш, биз ҳам ишимизда янгилик қилишимиз керак. Буни ўзимиз ўйлаб топишимиз лозим. Ким сенга дессертация ёқлаб қўлингга қўш-қўллаб топшириб қўяди.
-Тўғри айтасиз, устоз. Менда бир таклиф бор. Кўпдан ўйлаб миямда пишириб юрибман.
-Хўш, хўш?
-Шу ҳозирда қариндош–уруғлардан ишга олиш мумкинмас, дейишяпти, тўғрими? Менику икки-уч уруғ-аймоғим ўқишни тамомлаб, кун бурундан эшигим олдида ётиб олган. Йўқ, десам ҳам кўнишмаяпти. Шуни сиз ишга олсангиз. Сизда ҳам шундайлари бўлса, мен ишга олсам. Бунга нима дейсиз? Хуллас, “Алмаш-алмаш” ўйини қилсак.
Шодмонбек бир пас ўйланиб туриб:
-Инновацияни мендан бурун бошлаб юборибсизку. Оббо сиз-эй. Омади келган йигитсизда ўзиям. Бўлади. Нега бўлмас экан. Сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган экан бу йўл. Ўтган йили хотинпошшанинг қистови билан қайин укамизни идорадаги сал мойлироқ ишга олувдик. Устимдан ёз-ёз қилиб бир йилча тинчимни беришмади.
-Устоз, бу ишларнику йўлга қўйиб келишиб олдик. Чўталига ҳам, йўталига ҳам ҳар кимнинг ўзи жавоб беради, нима дедингиз. Бу билан биз икки қуённи нишонга олган бўламиз. Ҳам қариндош балосида қутуламиз, ҳам бехавотир чўталга эга бўламиз.
-Шогирд бўлсангиз ҳам балосиз. Биз шохида юрсак, сиз баргидасиз. Менга маъқул ишларингиз. Бўлмаса ишга киришамиз, укагинам. Яшасин инновация! Қани олға!
Болтабой МУҲАММАД ҚУРБОН,
Карикатурачи рассом: Ҳасан СУЛТОНОВ