Яна бир Навоий издошидан айрилдик

Иброҳим ака ҳам бизни ташлаб, чин дунёга кетди…  Бу биз учун жуда ҳам оғир йўқотиш… қалбимиз ҳам, дунёмиз ҳам ҳувуллаб қолгандай…

Иброҳим ака илмда ҳам, ҳаётда ҳам ҳар томонлама ўрнак бўлган Шахсият эди. Алишер Навоийни бизга эмас, бизни Алишер Навоийга яқинлаштира олган давримизнинг буюк олимларидан бири эди. Иброҳим ака мумтоз адабиётни ҳам, замонавий ва жаҳон адабиётини ҳам чуқур ўзлаштирганди. Бадиий сўз тафтини нозик илғайдиган, фалсафани, тарихни теран англайдиган олим эди.
Ҳалол ва самимий суҳбатдош эди. Ҳақиқатни айтадиган одамнинг кафани доим елкасида бўлиши керак, деган ўгитга ҳар доим ўзи амал қилган. Ҳар қандай вазиятда ҳақ сўзни, ҳақиқатни айта олган мард эди.

“Алишер Навоий туркий адабиётнинг пойтахти” деганди бир суҳбатида. Бизга ана шу пойтахтга йўл кўрсатган, ўзи ҳам илми билан, чин инсоний фазилатлари билан қалбимизни забт этганди. Ана шундай олим, қадрдон устозимиз энди орамизда йўқ…

Иброҳим аканинг охирати обод бўлсин. Оиласи, фарзандлари, яқинлари, шогирдларига, ҳаммамизга Оллоҳ сабр берсин… Бу йўқотишларнинг нақадир катта йўқотиш эканини, кўламини вақт ўтган сари англаймиз…

***
I
Ҳаёт тасодифларга тўла, бироқ, шу тасодифлар ҳам яратганнинг изни билан қайсидир бир қонуният туфайли юз беради. Бу қонуниятларнинг моҳиятини англашга уринганинг сайин калаванинг учини йўқотиб қўясан. Такрор ва такрор яна айланиб, ўша нуқтага келасан: ҳаётда тасодифлар кўп, бироқ, бу тасодифлар ўз-ўзидан юз бермайди, уларнинг ҳам ўз қонунияти бордек.
Адабиётимизнинг зукко билимдони, таниқли навоийшунос олим Иброҳим ака Ҳаққулов ҳақида ўйлаганимда хаёлимга беихтиёр шундай фикрлар келаверади. У киши билан танишишим оддий бир тасодиф бўлган. Мана шу тасодиф менинг кейинги ҳаётимни ўзгартириб юборишини, очиғи, ўшанда сира ҳам ўйламаган, ҳатто, хаёлимга ҳам келмаган. Бугун энди ўйлаяпманки, бу бир тасодиф эмас, тақдир бўлган.

Биз Тошкент Давлат университетининг журналистика факультети талабалари эдик. Ўзимизча “даҳо”миз ва унча-мунча одамни тан олмасдик. Бироқ Иброҳим Ҳаққул биз учун гўёки осмондаги қўл етиб бўлмас бир юлдуз эди. У киши билан танишиш, суҳбатлашишни ҳатто орзу ҳам қилмаганмиз. Ўша пайтда Иброҳим аканинг кетма-кет китоблари босилган, айниқса, “Занжирбанд шеър қошида”, “Тасаввуф ва шеърият” ва у киши томонидан нашрга тайёрланиб, сўзбоши ёзилган “Аҳмад Яссавий ҳикматлари” қўлма-қўл ўқилаётган, бошқача айтганда ҳамма адабиётга “Иброҳим аканинг кўзи” билан қараётган бир даврлар эди.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига борганимда у киши биринчи қаватда зинапоя тагида уч-тўрт киши даврасида суҳбатлашиб ўтирарди. Даврадагиларни айтаётган гаплари билан ўзига маҳлиё қилиб олганди. Бу ижод ҳакида, адабиёт ҳақида биз эшитмаган, бироқ, доим эшитишни орзу қилган “қанотли” гаплар эди. Бу илк танишув эди. Иброҳим аканинг китобларидан олган таассуротимни ҳаётда кўрганларим, эшитганларим тасдиқлаётган ва мустаҳкамлаётган эди.
II
Иброҳим Ҳаққулни бугун республикамизда танимайдиган одам йўқ десам, муболаға бўлмас. Уни кўпчилик навоийшунос олим, Шарқ ва Ғарб адабиётининг закий билимдони, замонавий адабиётни ҳам теран ва нозик ҳис ҳис қила оладиган адабиётшунос сифатида яхши билишади. Бу мақому даражага Иброҳим ака осонгина эришмаган. Кўп машаққатларни кўрган, кўп эврилишларни бошидан кечирган.

Иброҳим ака қадим Бухоронинг Шофиркон туманида туғилган. Агар у Бухорода эмас, бошқа ерда туғилганидан, эҳтимол, характери ҳам, тақдири ҳам бошқа издан бурилиб кетиши мумкин эди, деб ўйлайман.

Инсон тақдирида унинг туғилган жойи нечоғли роль ўйнайди? Буни фан ҳали етарли даражада ўрганганича йўқ, назаримда. Мен устоз Тўра Мирзаев, Иброҳим Ҳаққул ва бошқа ўзим кузатган зиёлилар мисолида айтишим мумкинки, туғилган жой одамнинг келажагини белгилаб беради. Машойихлар айтгандай, тақдири азалда лойинг қайси тупроқдан олингани ҳам муҳим.

Иброҳим ака давраларда момоси ва онасидан эшитган ҳикматли гапларни, мақолларни айтиб беришни хуш кўради. Агар ёш Иброҳим момосидан, онасидан, отасидан бундай ўгитларни эшитмаганда эди, биз бугун бошқа бир шахсни кўрган бўлармидик?.. Ёшлик чоғларида уйда Сўфи Оллоёр, Яссавий, Навоий, Машраб каби алломаларнинг китоблари ўқилмаганда эди, эҳтимол Иброҳим бошқа касб эгаси бўлиб кетиши мумкин эди.
Агар ота-онаси унга бошқа ном берганида эди, эҳтимол, биз бошқа бир Иброҳим билан юзлашиб турган бўлармидик ёхуд юзлашиш умуман насиб этмасмиди?
Устоз Тўра Мирзаев Иброҳим акани доим “Ҳаққул бобонинг набираси” деб чақиради. Бунда жуда кўп ҳикмат бордай.

Мен Иброҳим акани турли даврлардан, турли ҳолат ва кайфиятларда кўп учратганман. Эҳтимол, четдан қараган одамга Иброҳим ака қўрс, қайсар ва камгап одамга ўхшаб кўринар. Кўпчилик Иброҳим Ҳаққулни осонликча сўзидан қайтмайдиган, қандай вазият бўлишидан қатъи назар ҳар доим ҳақиқатни одамнинг юзига қараб, тик айта оладиган ҳақиқатпараст ҳам деб билади. Иброҳим аканинг ҳар доим ҳақиқатни гапириши, вазият ҳам, одам ҳам танлаб ўтирмаслиги бор гап. Бироқ, унинг қайсарлиги, қўрслиги ва камгаплигига уни яқиндан билганлар, дилдан суҳбат қурганлар ҳеч қачон ишонмайди.
Унга яқин борсангиз, унинг нақадар содда, самимий, беғуборлигига, яхши суҳбатдош, ишончли дўст эканига яна бир карра аман бўласиз. Фақат унинг ўз ҳақиқатлари бор. У бу ҳақиқатларига ҳеч қачон хиёнат қилмайди: у хиёнат ва иккиюзламачиликни, турланиш, тусланишни ёмон кўради. Бундайларни у “ўйинчи” дейди: улар билан имкон қадар “масофа” сақлайди. Самимиятни, садоқатни қадрлайди.
III
Болаликдан миллий адабиёт деган улкан бир “ҳудуд”нинг ичида ўсган, ҳавосини симирган, кўпчилик ўнлаб, юзлаб китобларни титкилаб топадиган мантиқни, ҳаётий ва фалсафий хулосаларни бувиси, ота-онасининг жайдари гаплари, ўгитлари асосида ўзига сингдирган ўспирин Иброҳим Бухоро давлат университетида таҳсил олади (1966–1970). Баъзан суҳбатларда Иброҳим ака бу даврларни мароқ билан эслайди. Унинг гапларини тинглаб туриб, мен яна аввалги хаёлимга қайтаман: Иброҳим ака Бухорода эмас, бошқа ерда ўқиганда ҳам шундай ҳаяжон билан эслармиди, ўзининг талабалик даврини? Мен бу савол жавобини билмайман. Ўзидан сўрамаганман ҳам. Бироқ, йўқ, бундай бўлмасди деган жавоб олишим мумкинлигини ҳам биламан. Аслида ҳам шундай. Иброҳим аканинг Бухорага меҳри бўлакча. Ҳар бир хотирасида, ҳар бир ёзган сатрида бу сезилиб, бўртиб туради.
Фақат ватани бўлгани, у ерда таҳсил олгани учун ҳам эмас. Ўзини топгани, бугун ўзи муқаддас деб билган, алқаган ҳаёт қонунлари, ўз ҳақиқатларини англагани учун ҳам, деб ўйлайман.

Бухоро педагогика институтини тугатиб, Иброҳим ака бир муддат “Шофиркон ҳақиқати” номли туман газетасида ишлаган. Устоз Тўра Мирзаев айтгандек, Ҳаққул бобо набирасининг бу газетада ишлаши ҳам менга тасодиф эмасдек туюлади. Тўра ака уни шу газетада ишлаб юрган пайтида кашф этган. Қўлидан тутиб Тошкентга, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтининг фольклор бўлимига олиб келган.

Иброҳим аканинг халқ оғзаки ижодининг моҳиятини айрим “фольклоршунос”лардан кўра теранроқ англаши илдизлари болалик чоғида олган таълим билан бирга, устоз Ҳоди Зарифдан қолган улкан мерос ва Тўра аканинг сабоқлари бўлган. Даставвал халқ оғзаки ижоди бўйича илмий иш қилишни режалаштирган Иброҳим Ҳаққул кейинчалик мумтоз адабиёт соҳасига ўтади. Мен шунда ҳам бир ҳикмат кўраман: агар Тўра ака билан танишмаганда эди, Тошкенти азимга келиб, фольклор бўлимида ишламаганда эди, эҳтимол, мен билган Иброҳим ака бўлмасмиди?

Фольклор шунчаки бу сўз санъати намунаси эмас, балки халқнинг боқий тарихи ҳам. У сўз санъати, адабиёт ва санъатининг ибтидосидир. Ёзма адабиёт вакилларининг барчасининг ижоди фольклор билан боғланади. Улар фольклор ҳақида билимга эга бўлгани ёхуд бошқа сабаблар учун эмас. Балки, шу халқнинг фарзанди бўлгани, туғилганидан то умрининг охиригача шу халқ анъаналари ичида яшагани учун ҳам унинг ичида яшайди, азалдан халқнинг удумлари, анъаналари, бобосўзлари тарзида яшаб келаётган оҳанг, рамз, маъно ва мазмун, қатъий тизимни ўзига сингдиради. Бу ҳар бир ижодкорда ўзига хос тарзда намоён бўлади.

Иброҳим ака фольклор бўлимида юриб турли жанрларни, жумладан, мақолларни янада теранрок ўрганган, достонлар, айниқса Эргаш Жуманбулбул ижодига ўзига хос меҳр билан ёндашган.
Иброҳим ака ўзининг ҳақиқатларини англатаётганда кўпроқ фольклор материалларига, айниқса, мақолларга суяниб иш кўришини кўп бор кузатганман.
IV
Иброҳим аканинг Фанлар академияснинг Ўзбек тили ва адабиёти институтида кечган ҳаёти катта бир китоб бўлгулик.
Аввал “Ўзбек мумтоз адабиётида рубоий” мавзуида номзодлик, сўнгра “Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти” мавзуида докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Ўзи орзу қилган илмий даргоҳда оддий бир лаборантликдан, етакчи илмий ходим, “Мумтоз адабиёт бўлими” мудирлигигача бўлган йўлни босиб ўтди. Элга навойшунос олим сифатида танилди. Нафақат юртимизда, балки Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркия, Хитой, Озарбайжон каби кўплаб хорижий мамлакатларда ҳам ҳурмат ва эътибор қозонди.
Устозларнинг устозини ҳам, илмни пулга сотувчиларни ҳам, мардни ҳам, номардни ҳам, бир умрлик садоқатлиларни ҳам, баҳор ҳавосига ўхшаш ўзгарувчан ўз тили билан айтганда “ўйинчи”ларнинг зўрини ҳам шу ерда кўрди. Шу ерда яна бир карра ҳаётни таниди, ҳаётда тобланди.
Энг кучли муҳаббатни ҳам, нафратни ҳам шу ерда туйди. Кечагина соясига салом бериб юрганлар вақти келиб, ўзини олиб қочганларга ҳам, даврада қучоқ очиб, ортидан ғийбат қилганларга ҳам шу ерда гувоҳ бўлди. Бироқ у ўзининг ҳақиқатларидан ортга чекинмади. Аксинча, янада жасоратли, янада собит бўлишни ўрганди.
V
Бирор бир ижодкорни яхшироқ билишнинг йўлларидан бири унинг китоблари, китобларига берилган номлари ҳамда у ўрганган мавзулар билан танишишдир.
Баъзан китобнинг номиданоқ унинг мазмун-мундарижаси, савияси ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Шу маънода Иброҳим Ҳаққул томонидан чоп этилган китоблар ҳам муаллифнинг даражасини, билим доирасини қизиқиш “географияси”ни билдириб туради.
“Ўзбек адабиётида рубоий” (1981), “Увайсий шеърияти” (1982), “Бадиий сўз шукуҳи” (1987), “Занжирбанд шер қошида” (1989), “Шеърият – руҳий муносабат” (1989), “Абадият фарзандлари” (1990), “Камол эт касбким…” (1991), “Тасаввуф ва шеърият” (1991), “Ғазал гулшани” (Адабий суҳбатлар, 1991), “Хожа Ориф Моҳитобон” (1996), “Ирфон ва идрок” (1998), “Тасаввуф сабоқлари” (2000), “Аҳмад Яссавий” (2001), “Ким нимага таянади?” (2006), “Эътиқод ва ижод” (2007), “Навоийга қайтиш. Биринчи китоб” (2009), “Абдулла Қаҳҳор жасорати” (2009), “Тақдир ва тафаккур” (2007), “Мерос ва моҳият” (2008), “Ижод иқлими” (2009), “Навоийга қайтиш. Иккинчи китоб”, “Навоий. Шоҳбайтлар. Биринчи китоб” , “Навоий. Шоҳ байтлар. Иккинчи китоб”, “Навоийга қайтиш. Учинчи китоб” ва ҳоказо.
Олимнинг 30 дан ошиқ китоб, 400 дан ортиқ мақолалари чоп этилган.
Ҳар бир китоби, ҳар бир мақоласида олим ўзи англаган, ўзи ҳақ деб билган ҳақиқатларни баён қилади.

Олим ўзининг илк китобида мумтоз адабиётдаги рубоий ҳақида фикр юритар экан, ҳар бир жанрда шакл ва мазмун, тизим, бадиият ҳам ўзига хос тарзда, яхлитликда намоён бўлишини урғулайди.
“Инсон бадиий тафаккури қотиб қолган нарса эмас, – деб ёзади олим. – У замон ва даврлар ўтиши билан ўсиб, ўзгариб, янги сифатлар билан бойиб боради. Буларнинг ҳаммаси у ёки бу тарзда шеъриятда ҳам ўз ифодасини топади. Демак, адабий ҳаётда содир бўлган ғоявий-бадиий тенденциялар моҳиятини кўрсатишда жанр ўзига хос бир кўзгу вазифасини ўташи табиий”.

У биргина рубоийни тадқиқ қилмади, балки, мумтоз адабиётда жанрларнинг пайдо бўлиши, тараққий этиш қонуниятлари ҳақида кенг фикр юритди.
Илк тадқиқотиданоқ илмга чуқур назарий билимга эга, мумтоз адабиёт, умуман бадиий сўз санъатига меҳри бўлакча бўлган олим кириб келганини илмий жамоатчилик тўла эътироф этган.
“Яссавийни иймонни сўзлатган, Иймон тили билан муҳаббатни улуғлаган ижодкор деб баҳоласак, хато қилмаган бўламиз, – ёзади Иброҳим Ҳаққул ўзининг “Яссавий ҳикматлари” китобининг сўзбошисида. – Чунки Яссавий ҳикматларини Диёнат зиёси ва Иймон шафқати ичидан нурлантириб туради”.

«Эътиқоди бўлмаган миллатнинг, адабиёти ҳам бўлмайди». Афсуски, шўро тузуми даврида бизнинг мумтоз адабий меросимиз фақат бирёқлама, синфийлик нуқтаи назаридан ўрганилди, баҳо берилди. Нажмиддин Комилов, Иброҳим Ҳаққулов каби олимлар эса биринчилардан бўлиб тасаввуф адабиётbнинг моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилишди. Сўнгги қирқ йиллик навоийшуносликни биз Нажмиддин Комилов ва Иброҳим Ҳаққулсиз тасаввур эта олмаймиз.

Иброҳим Ҳаққулнинг “Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти” номли докторлик диссертацияси ўз даври, ҳали тасаввуф мавзуидан гумон пардалари тўла кўтарилиб кетмаган замонда дадиллик ва жасорат билан ёзилган илмий тадқиқот эди.

Алишер Навоий ижодини кўплаб олимлар ўрганган. Бироқ, улар орасида, ҳеч шубҳасиз, Иброҳим Ҳаққулнинг изланишлари алоҳида ажралиб туради. Бу Иброҳим аканинг мумтоз адабиёт тарихини ёхуд Навоий ижодини чуқур билгани учунгина эмас, балки, бошқалардан фарқли равишда биз тасаввуримизга сиғдира олмаган ҳакиқат, Навоийда ҳам оддий инсоний дардларни кўра олганлиги, унинг ижодини бугунги кун, бугунги замон дарди билан боғлай олганлигида, деб биламан.
VI
Кўпгина ижодкорлар, хусусан, Уилям Фолкнер, Хорхе Луис Борхес каби ёзувчилар ўзларини адиб эмас, шоир деб ҳисоблашади. Бу уларнинг бир пайтлар шеър ёзгани, шеърий тўпламлар чоп эттиргани учун эмас, балки дунёни идрок этишда, англашда, уни қайта ифодалашда шоирона ёндашганликлари, шоирона кайфият ҳар битигида устувор бўлгани учун.
Иброҳим ака ҳам қачонлардир шеърлар ёзганидан хабарим бор. Шеърларини ҳеч қаерда, ҳеч қачон ўқимаганман. Бироқ Иброҳим аканинг шоирлиги унинг ҳар бир мақоласи, изланиши, тадқиқотларидан билиниб туради. Балки шунинг учун назмни жуда нозик ва теран тушунар?!

Олим “Алишер Навоийни туркий сўз лашкарининг мислсиз султони”, “Санъаткорликнинг буюк мактаби. Ҳақиқий мезони”, “Туркий адабиётининг пойтахти”, деб атайди. Бу шоирлик эмасми?
“Ҳар қандай шоир тақдири, биринчи навбатда, шахс тақдири. Шоир киши умри давомида ўз шахсини ёзади, ўз қисмати, маънавий-руҳий олами ҳақида гапиради. Бунга амал қилмасдан чинакам шеъриятга эришиш мумкин эмас”, – дейди Иброҳим Ҳаққул.
Иброҳим Ҳаққул Ижодкор ва Шахс тушунчасини бир-биридан ажратмайди. Улар яхлит тушунчалар эканини урғулайди. Шунинг учун қайси бир адиб бўлмасин, бу Рудакийми ёхуд Абу Али ибн Сино, Адиб Собир Термизий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Абдураҳмон Жомий, Муҳаммад Фузулий, Махтумқули, Аҳмад Дониш, Робиндранат Тагор, Мансур Ҳаллож, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Моҳитобон, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбандми ёхуд Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Садриддин Айний, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов, Жамол Камол, Рауф Парфи, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Тилак Жўра, Шавкат Раҳмон каби ХХ аср ва ҳозирги замон адабиётининг энг етук вакиллари ижодини тадқиқ этадими, барчасига бирдек ана шу мезонидан туриб ёндашади.
VII
Бир гал Иброҳим ака шоир Рауф Парфи ҳақида гапира туриб: “У бир туш эди. Рауф Парфи биз учун туш бўлиб қолди”, – деди. Бу нафақат Рауф Парфига, балки Иброҳим аканинг авлодига берилган баҳодек туюлганди менга. Чунки бу авлод вакиллари, Иброҳим Ҳаққул, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам, Усмон Азим, Мурод Муҳаммаддўст, Хуршид Давронлар адабиётимизга янги ҳаво, янги нафас олиб кирган, назм, наср ва адабиётшунослик ҳақидаги қарашларимизни ўзгартирган, таъбир жоиз бўлса, ўз даврида адабий жараёнда “инқилоб” қилган авлоддир.

Биз ўзбек адабиётининг кейинги олтмиш йилини бу ижодкорларсиз тасаввур қила олмаймиз. Уларсиз адабиёт ҳақидаги қарашларимиз кемтик бўлиб қолади. Бу авлоднинг кучи ҳам, ютуғи ҳам аслида бир авлод эканлигида. Бир-бирига куч, фикр бера олганлиги, бири иккинчисини тўлдира олганлигида. Менинг назаримда, шу авлоддан кейин авлод шаклланмади; тўғри, иқтидорли ижодкорлар етишиб чиқди, бироқ бир авлод бўлиб шакллана олмагандек, менинг назаримда.
Бу авлоднинг мавжудлиги, Иброҳим аканинг ўзи айтгандай, худди бир тушдай, одамнинг баъзан ишонгиси келмай қолади. Бу авлод ҳали етарлича ўрганилмади, уларга етарлича баҳо берилмади.

Тақдир олис бир қишлоқнинг мендек боласини олий ўқув юртини битираётиб, Нажмиддин Комиловдек диплом иши раҳбарига, Тилак Жўра ва Иброҳим Ҳаққулдек тақризчиларга дуч қилди. Шундан сўнг Иброҳим ака мени етаклаб Фанлар академияси даргоҳига олиб келган.
Мен бугун агар озгина бўлса-да, бирор нарсага эриша олган бўлсам, бунинг учун момом, ота-онам, акам билан бир қаторда устоз Тўра ака ва Иброҳим акалар туфайлидир. Уларнинг олдида бир умрлик қарздорман.

Ўйлайманки, менга ўхшаб Иброҳим акадек устозларнинг елкасига чиқиб, юлдузни кўзламоқчи бўлган шогирдлар кўп. Фақат улар бир нарсани – юлдуз ёхуд ой, қуёшга яқинлаб учиб борганида ҳам илдизи, асл макони заминда эканлигини, юрагига куч берган, онгига тафаккур оловини ёққан, кўнглига қўр солганларнинг хизмати катта эканлигини, агар шу олов бўлмаса, устозларнинг меҳри ва дуоси бўлмаса, аслида ҳеч ким бўлолмаслигини бир умр унутмасликлари керак.

Жаббор ЭШОНҚУЛ

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: