Эхиноккоз – баъзи бир сут эмизувчи ҳайвонлар ва одамларда учрайдиган, оғиз орқали юқадиган, асосан одамларнинг паренхиматоз органларини (жигар, ўпка, талоқ, ва бошқа аъзоларни) шикастлаб, сурункали кечадиган, эхиноккоз гижжаси келтириб чиқарадиган паразитар касаллик.
Эхинококкоз қадимдан маълум бўлиб, Буқрот (Гиппократ) асарларида ҳам жигар эхиноккокозига оид илк маълумотлар бор, лекин у «жигар яллиғланиши» деб юритилган. Кейинчалик эхинококкоз қўзғатувчиси паразитар табиатга эга эканлиги аниқланган.
Эхиноккокоз перорал (оғиз орқали юқувчи) зооноз гельминтоздир. Бу гижжаларни охирги хўжайини ва инвазия манбаи уй жониворлари, мушуклар, итлар ва бошқа ҳайвонлар саналади.
Эхинококкоз одамга ҳайвонларнинг гельминт тухумлари тушиб, зарарланган озиқ-овқат ва сув орқали юқади. Бундан ташқари, эхинококк тухумлари билан ифлосланган қўйлар юнгини олганда ҳам юқиши мумкин.
Эхинококкоз одамдан одамга бевосита юқмайди. У чорва моллари ва бошқа ҳайвонларга эхинококкоз билан оғриган жониворлар, асосан ит ахлати тушиб ифлосланган ўт, ем-хашак ва сув орқали юқиши мумкин. Гельминт итнинг ичагида бир неча кун давомида вояга етгач, тухумга тўла бўғими узилиб, итнинг ахлати билан ташқарига чиқади. Бўғим ташқи муҳитдаги ўсимлик, пичан ёки сувга ўрмалаб тушиб, тухум ташлайди.
Эхинококк тухуми одам, уй ҳайвонлари ичагидан қонга ўтади; қон билан жигар, ўпка, бош мия ва бошқа аъзоларга бориб, у ерда эхинококк пуфакчаси — кистага айланади. Агар киста кўп хонали (камерали) бўлса, уни альвеококкоз дейилади. Кисталар катталашиб, атрофдаги тўқимани сиқиб қўяди, натижада аъзо атрофияга учраб, фаолияти бузилади, агар у ёрилса, ичидаги суюқликнинг сўрилиши бутун организмнинг заҳарланишига, аллергияга олиб келади. Уларнинг ёрилиши ҳаёт учун хавфлидир.
Одамларда қайси аъзо зарарланганига кўра касаллик белгилари турлича бўлади. Жигар эхинококкозида беморнинг дармони қуриб, ўнг қовурға остида оғриқ сезилади, жигар оғир тортиб, катталашади, сариқлик кузатилади; ўпка эхинококкозида эса кўкрак оғриб, бемор йўталади, нафаси қисиб, қон тупуриши ҳам мумкин; мия эхинококкозида бош оғрийди, айланади, ҳаракатланиш ва сезиш фаолияти бузилади.
Эхинококкозга хос белгилар пайдо бўлганда, албатта, врачга мурожаат қилиш лозим. Даво касалланган аъзо ва касаллик белгиларига қараб олиб борилади.
Олдини олиш
Касалликнинг олдини олиш учун уй ҳайвонларини тўғри парвариш қилиш, уларни вақтида ветеринария назоратидан ўтказиб туриш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш (ит билан ўйнагандан ёки уни парвариш қилгандан сўнг қўлни ювиш, сабзавотларни истеъмол қилишдан олдин тозалаб ювиб, сўнгра қайнаган сув билан чайиш), болаларнинг кўчадаги дайди итлар билан ўйнашига йўл қўймаслик керак.
Эхинококкоз билан кўпинча қишлоқ аҳолиси ёки итлари билан мулоқатда бўладиган шахслар зарарланадилар. Шуни ҳисобга олиб, албатта, шахсий профилактика тадбирларига тўлиқ риоя қилиш тавсия этилади.
Болалар доимо қўлларини ва ҳар хил буюмларни оғизларига солади, булар гижжа тухумлари билан ифлосланган бўлиши мумкин. Болаларда гигиеник кўникмаларини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Итларни эхинококк билан зарарланишдан сақлаш учун, молларни сўйиш жойларида ветеринария ва санитария назорати яхши йўлга қўйилган бўлиши керак.
Эхинококкоз билан курашишда касал ҳайвонларни эрта аниқлаш ва уларни соғломлаштиришга алоҳида эътибор бериш лозим.
Касаллик аломатлари аниқланганда, албатта, шифокорга мурожаат қилиш талаб этилади.
Шамура ХАЛИЛОВА, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси паразитология лабораторияси бўлими мудири