3-4 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” республика форуми иштирокчилари лойиҳаларни муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Мурожаатномани қабул қилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” Форуми мамлакатимиз ижтимоий ва маданий-маърифий ҳаётида ёрқин из қолдирди.
Форумда юртимизнинг барча ҳудудларидан 500 дан ортиқ етук олимлар, фан арбоблари, экспертлар, ёш тадқиқотчилар, шунингдек, диний соҳа вакиллари иштирок этди. Улар 10 та шўъбага бўлинган ҳолда Ислом цивилизация марказининг илмий-тарихий концепцияси ҳамда унинг таркибидаги музей экспозициясини шакллантиришга бағишланган 50 дан ортиқ маърузаларни тинглаб, 600 га яқин таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга форум иштирокчиларининг МУРОЖААТИ қабул қилинди:
“Юртимиз тарихида биринчи марта амалга оширилаётган ноёб мегалойиҳа сифатида баҳоланаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш тўғрисидаги ташаббусингиз муқаддас динимизнинг тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини улуғлаш, халқимизнинг буюк тарихи, бой маданий-маърифий меросини тиклаш ва дунёга тарғиб этиш борасидаги доимий эътибор ва ғамхўрлигингизнинг юксак амалий намунаси сифатида айниқса таҳсинга сазовордир”, – дейилади мурожаатда.
Дарҳақиқат, ушбу марказ ўзбек халқининг улуғвор тарихи ва маданий мероси ҳамда диний қадриятларининг бетакрор тимсоли сифатида бунёд этилаётгани қайд этилиб, мурожаатда шундай фикрлар билдирилди: “Бугунги таҳаликали даврда, хусусан, ислом номи билан амалга оширилаётган хуружлар авж олган бир шароитда, ушбу марказ ҳар қандай ёт ғояларга қарши илмий раддиялар орқали жавоб берадиган ҳамда ёшларимизни тўғри йўлга бошлашда етакчи марказлардан бирига айланади. Шунингдек, бу ердаги барча музей экспозицияларида акс этадиган илмий-тадқиқот ишланмалари барча ёшларимизни Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк вазифага етаклаб, буюк аждодларимиз тарихи ҳақидаги тўғри фикрни шакллантиришга хизмат қилади, деб ишонамиз.”
“Биз, Форум иштирокчилари, Ислом цивилизацияси маркази негизида юксак интеллектуал билим ва таълим марказини барпо этишдек улуғ ишларга биринчи ёрдамчингиз бўлишга, бор билим, тажриба ва истеъдодимизни беришга ваъда берамиз, бу ерда янги ғоялар ишлаб чиқилади, кашфиётлар рўй беради”, — дейилган истеъдодли олимлар, ёш тадқиқотчилар, фанимизнинг турли соҳалари вакиллари томонидан қабул қилинган Мурожаатномада.
Анжуман якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказининг илмий-маърифий фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг таркибидаги музей экспозицияси билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Илмий кенгашни ташкил этиш бўйича форум иштирокчилари томонидан қарор қабул қилинди. Мазкур Илмий кенгаш форум доирасида билдирилган 600 дан ортиқ таклифларни ўрганган ҳолда уларни амалиётга жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ҳамда ҳукуматга тақдим этади.