Рецептсиз ва сифатсиз дорилар ортидаги муаммолар

Мунира АЛЛАЕВА: «Дори ишлаб чиқарувчиларимиз жаҳон стандартларига мос келадиган технологияга ва лабораторияларга эгами? Ёки йўқми? Аввало мана шу масалани ҳал қилиш керак».

Ҳозирги кунда мамлакатимиз аҳолисини сифатли ва арзон дори воиталари билан таъминлаш масаласи ўта муҳимдир. Шу мақсадда  фармацевтика ва тиббиёт соҳасининг ривожланишига давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 апрелдаги “2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида қилинадиган ишлар борасида биология фанлари доктори профессор Мунира Аллаева билан суҳбатлашдик.

–Фуқаролар орасида маҳаллий дори-дармонларнинг сифати пастлиги ҳақида эътирозлар бўляпти. Сизнингча буни яхшилаш учун нималар қилиш керак?

–Мен бу жумлани сал бошқачароқ айтган бўлардим. Ҳамма маҳаллий дори воситаларининг сифати паст дейиш нотўғри. Ҳозирда Ўзбекистонда 140 дан ортиқ фармацевтик компаниялар мавжуд бўлса, уларнинг кайси бирлари дори-дармон ишлаб чиқариш, баъзилари тайёр хомашёни четдан олиб келиб бу ерда қадоқлаш билан шуғулланади. Асосийси қандай технологик жараёнларда дори ишлаб чиқарилаётганига эътибор қаратиш керак. Дори ишлаб чиқарувчиларимиз жаҳон стандартларига мос келадиган технологияга ва лабораторияларга эгами? Ёки йўқми? Аввало мана шу масалани ҳал қилиш керак. Афсуски, JMP, JLP талабларига жавоб берадиган фармацевтика корхоналари бизда кўпчиликни ташкил қилмайди. Мана шунинг учун маҳсулот сифати Европа мамлакатларида ишлаб чиқарилаётган дориларга қараганда сустроқ бўлиши мумкин. Иккинчи томондан маҳаллий дори-дармонларнинг сифатлилари ҳам кўп. Масалан бизда ишлаб чиқарилаётган парацетамол, диклофенак натрий, вирусларга қарши дорилар, гепатопротекторлар, ўт ҳайдовчи Хожиметов йиғмаси каби дорилар сифати чет давлатларда ишлаб чиқарилган дори-дармонлар сифатидан асло қолишмайди.  Аммо яна бир жиҳати доридаги асосий моддага жиддий эътибор қаратиш керак. Дори воситасини стандартлаш  қонун-қоидаларига ва талабларига эътибор қаратилмаса дорининг сифати яхши бўлмайди. Яъни дори таркибида асосий таъсир этувчи модданинг ва қўшимча моддаларнинг миқдорлари айнан шу стандарт талабига тўлиқ мос келиши керак,  акс ҳолда унинг даволаш самараси  пасайиб кетади.

Ҳозирги  вақтда  дори воситаларини ишлаб чиқарувчи цехлар, МЧЖ лар ҳам фаолият кўрсатмоқда.  Улар ҳали жаҳон стандартларига жавоб берадиган даражада эмас. Президентимиз томонидан чиқарилган бир нечта қарорлар  айнан шу мавзулар ечимига қаратилган бўлиб, янги замон талабларига мос фармацевтик заводларни кўпайтириш, маҳаллий дори воситаларини ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, зарур бўлган хомашёни мамлакатимиз ҳудудида етиштириш, бунинг учун доривор ўсимликлар плантацияларини ташкиллаштириш ҳамда ривожлантириш масалаларини ўз ичига қамраб олган.  Жумладан, сифатли кадрларни тайёрлаш ва фармацевтика соҳасини улар билан бойитиш масалалари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айрим шифокорлар ўзимизда шу номдаги препарат бўлишига қарамай чет эл компаниялари дориларини тавсия қилади…

–Умуман айтганда, дори-дармон фармацияси бу – тижорат. Чет элдан дори қанчалик қиммат олиб келинса унинг сотуви ҳам шунча баланд нархда амалга оширилади. Илгари битта дорининг нархи турли дорихонада турлича бўлиши оддий ҳол эди. Биргина дори нархи 10-20 минг, баъзи жойларда 50 минггача фарқ қиларди. Охирги йилларда Давлатимиз рахбари томонидан бу масалага хам эътибор қаратилиб, маълум миқдордаги эхтиёж катта бўлган дориларга аниқ нархлар белгиланган. Устама қўйиб сотиш белгиланган фоиздан ошиб кетмаслиги керак. Ҳозирда шу тартиб бўйича сотиш тўлиқ назоратга олинган.

Айтганингиздек баъзи бир шифокорлар ўзимизда шу дори бўлса ҳам четдан кириб келган фирмаларнинг дорисини тавсия қилади. Чунки уларга дори рекламаси ва тарқатишда иштирок этгани учун улуш беришади. Афсуски, ўз манфаатини ўйлайдиган, иш масъулиятига юзаки қараб, беморларга қиммат дориларни ўтказишга ҳаракат қилувчи шифокорлар орамизда йўқ эмас.

Лекин иккинчи томони ҳам борки, агар шу дорининг ўзи хориждан келтирилган бўлсаю ҳақиқатда самарали бўлса бу ҳолатда шифокорни айблаб бўлмайди. Бунда шифокор беморга тушунтириб айтиши керак. Ўша дорининг бир неча давлатда чиқарилган аналоглари бор, улар орасида фалон мамлакатда ишлаб чиқарилгани самаралироқ, танлов ўзингиздан деб. Лекин аксарият ҳолларда беморларнинг ўзлари хорижий препаратларни  ёзиб беришни талаб қилишади.

–Бир шифокор менга укол тариқасида ампула дори тавсия қилди. Уни қайси дорихонадан сотиб олишимни ҳам айтди ва фойдалангандан кейин дори қутиси тагидаги корешогини қирқиб олиб келтиришимни тайинлади…

–Айнан шу ҳолат ўша шифокорнинг маълум фирмага хизмат қилиши, у билан ўзаро шартномаси борлиги ва шу ердан қўшимча фоиз олишини билдиради. Келажакда бундай ножўя хатти-ҳаракат қилувчи шифокорларга маъмурий жазо белгиланиши кутилмоқда. Чунки қачонки бу масала ҳал қилинмас экан, тиббий хизматни тўғри, ҳолисона ташкил қилмас эканмиз, биз бемор билан ишлашда, албатта, хатога йўл қўяверамиз.

–Рецептсиз дори олиб, истеъмол қилиш натижасида бир қатор нохуш воқеалар кузатилмоқда. Шуларга муносабатингиз қандай? Бу муаммони қандай тартибга солиш мумкин?

–Умуман олганда, дори воситаси бу давлат назоратида турадиган восита ҳисобланади. Биз дорини беморларга тавсия қиламиз. Рецепт шифокорнинг фармацевтга мурожаати битилган юридик ҳужжат ҳисобланади. Бемор шу рецептни фармацевтга олиб борганида у беморга нима бериш кераклиги бўйича тўлиқ маълумот олади. Демак, албатта, рецепт бўлиши шарт. Шунинг учун тиббиёт олийгоҳларида рецептурани ёзиш қонун-қоидалари талабаларга тўлиқ ўргатилади. Умуман дорилар рецептсиз ёки рецепт асосида берилиши мумкин. Рецепт билан бериладиган дориларнинг ўзи ҳам бир қанча турларга ажратилади. Масалан, А рўйхатда турадиган дориларни бош врач мухрисиз бериб бўлмайди. Булар наркотик, психотроп таъсирга эга бўлган, яъни марказий нерв тизимига таъсир кўрсатадиган дори препаратларидир. Улар қаттиқ назоратда туради. Берилганда ҳам нечта ампула берилса шуларнинг бўш идиши санаси ёзилган ҳолда топширилиши шарт. Бу қонунни бузганлар белгиланган тарзда жиноий жавобгарликка тортилади.

В рўйхатда турадиган дориларни шифокор ўз имзоси ва мухри билан ёзиб бера олади. Рецепт бланкаси  икки қисмдан иборат бўлиб, бир қисми фармацевтда, иккинчи қисми беморда қолади. Нима учун деганда бемор шу рецепт билан яна дори олиши мумкин ва унга махсус белгилар ёзилади.  Шунинг учун рецептнинг бир қисми беморда туриши зарур. Рецептсиз бериладиган дориларнинг белгиланган руйхатига асосан улар  дорихоналардан хеч қанақа рецептсиз олиниши мумкин.

Ҳақиқатдан рецептсиз бериш оқибатида нохуш ҳолатлар келиб чиқади. Доридан заҳарланиш ёки дорининг нохуш таъсирларининг келиб чиқиши кабилар…  Рецептсиз бериладиган дори воситаларига нисбатан бундай ҳолат келиб чиқиши аҳолимизда тиббий саводхонликнинг етарли эмаслиги оқибатидир.  Айримлар шифокор кўригига бормасдан дори сотиб олади. Улар вақтини ва маблағини қизғанади. Чунки аниқ ташхис қўйиш учун хам вақт ва маълум маблағ сарф бўлади.

бир тоифа одамлар дориларни рецептсиз сотиб олгани билан уни қандай ва қачон ичишни, қайси дорилар билан қўшиб ичмасликни билишмайди. Шу сабабли дорининг нохуш таъсирлари кузатилади.  Бундан ташқари, айрим фармацевтлар одамларга мустақил равишда  шифокорлар маслаҳатисиз дори тавсия қилишади. Бу ҳам доридан заҳарланишларни келтириб чиқаряпти.

Бошқа сабаби беморнинг рецептдаги дозаларга риоя этмаслиги. Айтайлик, дориларнинг бир кунлик миқдори бор. Айримлар доридан битта эмас иккита ичсам тез тузаламан, деб ўйлайди. Шамоллаш ва бошқаларда ўзларига ўзлари дори тавсия қилишади ва дозасига риоя қилмай ичишади. Масаланинг яна бир томони беморнинг индивидуал ҳолати қанақа, жигари соғломми, ферментлар етарли даражадами, дори тайинлашда шуларга асосланиш керак. Чунки дорини жигар ҳазм қилади. Бемор дорининг дозасини бир неча марта ошириб юборса  жигар зўриқади ва ўткир токсик гепатит, доридан ўткир заҳарланиш келиб чиқиши мумкин. Буни эса оддий аҳоли эътиборга олмайди.

–Дориларнинг йўриқномасини ўзбек тилига таржима қилишда муайян имловий ва услубий хатолар учрайди. Сиз бунга қандай муносабат билдирасиз?

–Дори  воситасининг йўриқномаси  ишлаб чиқарувчи талабгор томонидан тайёрланади ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” Давлат Унитар корхонаси томнидан назорат қилинади.  Тўғри, мен ҳам дори йуриқномаларида баъзи  тушунарсиз сўз ва жумлаларни учратганман. Йўриқнома барча беморлар учун амал қилинувчи ҳужжат ҳисобланади. Ҳатто рецептсиз бериладиган дориларда ҳам йўриқнома бўлади. Уларни беморлар ўзи мустақил олиб, қоғозини ўқиб ўзларига қўллашади. Мисол учун, ҳомиладорликда шу дори мумкинми, йўқми, болаларга мумкинми, доза оширилганда ёки аллергияда қандай ножўя таъсирлари бўлиши мумкин? Буларнинг барчаси йўриқномада ёзилади. Агар бу ёрлиқда хато ёзилган бўлса ва кимдандир шикоят тушса, аввало ўша ишлаб чиқарувчи корхона, кейин ишлаб чиқаришга руҳсат берган муассаса бунинг учун жавобгар ҳисобланади.

Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: