(Академик Исо Ҳаббибейлининг 70 йиллигига)
16 октябрда Озарбайжон ФА вице-президенти, Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти директори, Миллий Мажлис депутати, академик Исо Акбар ўғли Ҳаббибейли муборак 70 ёшни қаршилади. Исо Ҳаббибейли таниқли адабиётшунос олим, танқидчи, шоир ва драматург сифатида Озарбайжон илм-фан олами, адабий жамоатчиликда ном қозонган. У бир неча йиллардан буён давлат ва жамоат арбоби сифатида масъулиятли вазифаларни бажариб келаётган бўлса-да, илмий изланишдан асло чекинган эмас. Унинг қатор чоп этилган китоблари, мақолалари, адабий ишлари бунинг ёрқин далили бўла олади.
Исо Ҳаббибейли 1949 йил 16 октябрда Озарбайжоннинг Нахчиван шаҳрида таваллуд топган. Университетдаги таҳсилдан сўнг Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти аспирантурасига қабул қилинди. Ўзининг тиришқоқлиги, илмга ташналиги, меҳнатсеварлиги туфайли тез орада устозлари эътиборига тушди. Академик Маммед Жаъфар Жаъфаровнинг раҳбарлигида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Унинг 1984 йилда нашр этилган “Романтик лириканинг имконлари” монографияси ана шу изланишлари самарасидир. Ушбу монографияда ХХ асрнинг буюк ижодкорлари бўлган Ҳ.Жовид, М.Ҳоди, А.Саҳҳат ва А.Шоиқ кабилар асарларидаги романтизм анъаналари тадқиқ этилган. Исо Ҳаббибейли кейинчалик докторлик диссертациясини ҳам муваффақиятли ҳимоя қилди. Адабиётшунослик, танқидчилик соҳасига доир кўплаб тадқиқотлар яратди. Унинг бу кунга қадар 90 дан ортиқ китоби, 1500 дан зиёд илмий мақолалари эълон қилинган.
Таниқли олимнинг классик ва замонавий адабиёт намояндалари ижоди ҳақидаги қимматлари тадқиқотлари Озарбайжон адабиётшунослигида алоҳида ўрин тутади. Унинг Низомий Ганжавий, Марағали Аҳвадий, Муҳаммад Фузулий, Ошиқ Алиаскар, Мирза Фатали Ахундов, Наримон Наримонов, Муҳаммад Ҳоди, Иса Ҳусайнов, Фаридун бей Кўчарли, Али бей Ҳусайнзода, Ҳусайн Жовид, Самад Варғун, Анор, Элчин, Маммед Араз, Собир Рустамхонли, Зелимхон Яъқуб, Рашод Мажид, Ҳикмат Маҳмуд каби санъаткорларнинг ижоди ҳақидаги тадқиқотлари алоҳида аҳамиятга эга.
Исо Ҳаббибейли таниқли ижодкор Жалил Маммедқулузоданинг ижодий меросининг энг пешқадам тадқиқотчисидир. Унинг докторлик диссертацияси ҳам айнан ушбу демократ шоирнинг ижодий фаолияти тадқиқига бағишланган. Олимнинг “Мулла Насриддин” адабий мактаби ҳақидаги фикр-мулоҳазалари диққатга моликдир: “Мулла Насриддин” Озарбайжон ва турк мусулмон олами матбуотининг шоҳ асаридир. Бу қимматли журнал, нафақат, Озарбайжон ва Кавказда, балки бутун турк мусулмон оламида ўзининг кенг таъсирини кўрсатди. Унинг таъсирида қатор турк мусулмон мамлакатларида сатира журналлари дунёга келди”.
Исо Ҳаббибейлининг Жалил Маммедқулузода ҳақидаги тадқиқотлари Эрон, Миср, Украина ва Венгрияда нашр этилди. Унинг “Адабиёт назарияси” (1985), “ХХ аср Озарбайжон ёзувчилари” (1992), “ХХ аср бошларида ижод қилган Озарбайжон ижодкорлари” (2004), “Адабий-тарихий мемуар ва замонавийлик” (2007), “Адабий шахсият ва замон” (2017), “Озарбайжон адабиётини даврлаштириш концепцияси ва ривожланиш босқичлари” (2019) йил сингари фундаментал, илмий-назарий тадқиқотлари Озарбайжон адабиётшунослигининг нодир намуналаридир.
Исо Ҳаббибейли моҳир педагог, ташкилотчи раҳбардир. Фаолиятининг катта қисми Нахчиван давлат университети билан бевосита боғлиқ. 20 йил давомида ушбу университетда ректорлик қилган Исо Ҳаббибейли, фаолияти давомида олийгоҳнинг нуфузини янада кўтариб, уни республиканинг илмий-маданий марказларидан бирига айлантирди. Бу йиллар давомида Нахчиван давлат университети дунёнинг қатор нуфузли олийгоҳлари билан турли соҳаларда халқаро алоқаларни ўрнатди. Ташкилотчи ва жонкуяр раҳбарга яна бир масъулиятли вазифа юклатилди. Унга Озарбайжон ФА вице-президенти, Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти директори вазифалари топширилди. Исо Ҳаббибейли фаолиятининг дастлабки давриданоқ Озарбайжон адабиёти тарихи кенг миқёсда тадқиқ этиш, классик ижодкорларнинг асарларини нашр этиш, академия билан бошқа халқлар илм-фан марказлари ўртасида алоқаларни ривожлантиришга эътиборини қаратди. Бунинг натижаси тез орада кўринди. 10 жилдлиги чоп этилиши режалаштирилган “Озарбайжон адабиёти тарихи”нинг дастлабки қисмлари нашр этилди. Адабиёт институтида янги-янги шўъбалар ташкил этилди. Ҳиндистон, Хитой, Япония, Ўзбекистон, Туркманистон, Туркия, Венгрия, Польша, Мўғулистон сингари давлат илмий марказлари билан адабий алоқалар ўрнатилди. Ҳамкорликда қатор халқаро анжуман, симпозиум ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Академик Исо Ҳаббибейлининг Ўзбекистон билан адабий ва илмий алоқаларни янада ривожлантиришдаги хизматларини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиздир. Унинг бевосита ташаббуси билан Адабиёт институтида “Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалари” шўъбаси ташкил этилди. Ушбу шўъба ташаббуси билан ҳар йили мунтазам равишда ўзбек адабиётининг буюк намояндлари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган конференциялар ташкил этилади. Уларда Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг таниқли олимлари ҳамда ёш тадқиқотчилари иштирок этиб қелмоқда. Ушбу шўъбада қатор ёш изланувчилар, докторантлар Озарбайжон-Ўзбекистон адабий алоқаларига бағишланган тадқиқотларини олиб боришмоқда. Буларнинг бошида, албатта, академик Исо Ҳаббибейли турганлиги қайд этиб ўтиш лозим.
Исо Ҳаббибейлининг илм-фан, Ватан олдидаги хизматлари Озарбайжон ҳукумати томонидан муносиб тақдирланган. Жумладан, унга 2007 йилда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг фармони билан “Шуҳрат” ордени топширилган. Шунингдек, “Хизмат кўрсатган олим” мукофоти ва “Шараф” орденига муносиб кўрилган. Исо Ҳаббибейли Озарбайжон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик. Қолаверса, у 2001 йилда Нью-йорк Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзолигига қабул қилинган. 2001 йилда Америка Тадқиқотлар Институтининг “Йил одами – 2001” мукофотини қўлга киритган.
Академик Исо Ҳаббибейли 70 ёшни қарши олиши муносабати билан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг 2019 йил 15 октябрдаги фармони билан 1-даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” орденига муносиб кўрилди. Бу, албатта, умрини, ҳаётини илмга, Ватан хизматига бағишлаган олимга кўрсатилган юксак эътироф ва ҳурматнинг яққол намунасидир.
Шу фурсатдан фойдаланиб, муборак 70 ёшни қарши олган Исо Ҳаббибейлини қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, келгусидаги фаолиятларига улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Олмос УЛВИЙ,
филология фанлари доктори, профессор,
Обиджон ШОФИЕВ, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)