Анитиқа ихтирочи (ҳажвия)

Ўша куни қишлоқ болаларининг ҳаётида катта воқелик бўлди: ҳамсинфимиз Даливой оддий мис турбачадан олов пуркайдиган тўппонча ихтиро қилди. Ҳа, у мис турбачанинг тўмтоқ қилинган бир томонига гугурт доналарининг бошини эзиб солиб, ўз тўппончасидан қарсиллатиб олов пуркаганида хусусан менинг оғзим тўрвадай очилиб қолган, мен-ку мен, ҳатто кап-катта синф болалари ҳам ўз ҳайратларини яширишолмаганди. “Калланг тўла эс! — дея алқаганди кимдир, —  Фақат сен ақлингни ҳар нарсаларга ишлатиб қўйма, катта бўлсанг ракета-макета яратасан!”

Аммо Даливой, чамаси бу насиҳатга унчалик эътибор қилмади, кейинчалик ҳам ўз ақлидан тез-тез ва оз-оздан ишлатиб турди. Масалан, бир гал унинг синфхонамиздаги энг орқа партага ўтириб олиб, ичида лангиллаб кўмир ёнаётган печкага хўлланган кафтини қиздираётганини, кейин дамба-дам пешонасига босаётганини кўрдик. Ўлай агар, аввалига унинг нима қилмоқчи эканини биттамиз ҳам тушунмаган эдик. Бир маҳал, у пешонаси обдон қизиб лавлагиси чиққач, қўлини кўтариб, худди улоқчаларнинг марашига ўхшатиб гапириб қолди:

– Ма-а-а-алим, менинг мазам қочаяпти… Ўзингиз манглайимни ушлаб кўринг.

Келиб Даливойнинг пешонасини ушлаб кўрган ўқитувчимизнинг эса нақ эсхонаси чиқиб кетай деди.

–Эй, Худо! – деб юборди кўзлари олайиб. –Иситманг жуда балнад-ку?! Тез уйингга бор!

Сумкасини елкасига тақишга ярамаётгандай судраб, ёлғондакам гандраклаганча синфдан чиқиб кетган Даливой, кўчада кечгача яхмалак учганди шу куни!

Э-э, бузоқ билан боғлиқ гапларни айтмайсизми айниқса! Ўшанда биз ҳамсинфлар билан оншамиз Эррайимникига ўйнагани боргандик. Қарасак, пастаккина ток ишкомининг тагида ўзи каттакон, аммо жудаям ориқ бир бузоқ тўртови тўрт томонга қийшайиб турган чиллашир оёқларига тиралиб, хомушгина барг кавшаб ўтирибди.

–Нима бўлди, бузоқларинг касалми? — сўрадик Эррайимдан.

–Ундан ҳам баттар, – Эррайим қўлини силтади. –Бечора, кўр!

–Сўйиб юбормадиларингми?

–Суяк ва пўстагидан бошқа ҳеч вақоси йўқ-ку?

–Унда бозорга чиқариш керак.

–Бозорга? Кўр бузоқни соғ одам олади деб ўйлайсанларда ўзларингча? – кулиб юборди Эррайим. – Тасаввур қилинглар, бузоғимиз бозорга чиққач, етовга юрмай, қоққан қозиқдай қадалиб тураверса! Бошини икки оёғининг орасига тиқиб, одами йўқ чопондай шалвираса?..

Бу гапдан ҳамма ошналар Эррайимга қўшилиб кулди. Фақат Даливойгина кулмади. У жиддий қиёфага кириб, Эррайимга эс бўлди:

–Унда, бозорга олиб чиқишдан олдин озгина ароқ ичириб кўринглар. Шунда кўрасан, одами йўқ чопондай шалвирамай, асов отдай депсинади. Қоққан қозиқдек теравермай, дуч келган томонга шаталоқ отади!..

Даливойнинг жиддий ёки ҳазиллашиб гапираётганини тушунмай биз болалар бир-биримизга қарадик. Аммо афтидан, у жиддий гапирган. Чунки шундан кейин бу гап қулоқдан-қулоққа кўчиб, қишлоқдаги айрим ғироомлар касал жонлиқларини бозорга ароқ ичириб олиб чиқадиган бўлиб қолишди.

Ўзи катта бўлгани сари Даливойнинг ихтирочи ақли ҳам каттара боргани ҳақрост. Масалан, кейинчалик эски дазмолдан иссиқ ҳаво пуркайдиган бир нарса ихтиро қилди: у билан киччикроқ уйни бемаълол иситса бўларди. Ҳозиргилар “Зимо-Лето” деб номлайдиган нарсанинг яратилишига мен баъзан унинг ёшигимиздаги айнан ўша ихтироси туртки бўлмадимикин, деган хаёлларга бораман. Яна бир воқе ҳам кечагидай эсимда. Мактабни тугатай деб қолган йилларимиз ҳамсинфлар билан кўчада кетаётсак, йўлимиздан бир қаричдан каттароқ бўлган ғалати буюм чиқиб қолди. У пайтлари ҳали қишлоқда “пульт” ёрдамида бошқариладиган телевизорлар йўқ эди. Биз буюмни қўлдан-қўлга узатиб, унинг нима экани ҳақида тортиша бошладик.

–Ҳа-а! Бу рул… Дастак… Ишқилиб шунга щхшашроқ бир бало, – деб ниҳоят унинг нима эканини айтди ўртоқларимиздан биттаси. – Янги чиқаётган импортний телевизорлар шу билан бошқарилади, – кейин у ён томонимиздаги болахонали ғиштин уйга қараб олиб, қўшиб қўйди, – Менимча, ишламай қолган бўлса, буни Тош бойвачча кўчага отиб юборган.

Ўша куни бугунги даврда гўдаклар ариллаб безовта қилса оналари қўлига бериб қўйиладиган матохни биз болалар кўп ҳайрат билан бир-биримизнинг қўлимиздан олиб кўрдик. Афсуски, “пульт” бузуқлиги ва соз бўлган тақдирида ҳам ҳеч биримизнинг уйимизда “импортний” телевизоримиз йўқлиги туфайли, матох энг охирида Даливой билан бирга кетди.

Орадан уч-тўрт кун ўтгач нима бўлди, денг? Уч-тўрт кун ўтгач, Даливой мени уйига чақирди! Уйларининг ён томонига ўрнатилган счётчикнинг тагидан нарвон қўйиб, мендан чиқиб унинг “экранига” қарашимни сўради. Аввалига унинг айёрона кулимсираган кўзлари нима учун бежо эканини, мендан нима учун буларни сўраётганини тушунганим йўқ. Бир вақт қарасам, пастда туриб қўлидаги “пульт” билан счётчикнинг рақамларини бошқариб ўтирибди-да!

Ростини айтсам, ўшандаёқ мен унинг кўпчилик умид қилганидай келажакда албатта ракета ихтиро қилишига узил-кесил амин бўлганман. Кейин мактабни томомладигу, барча ҳамсинфлар ини бузилган қовоғаридай ҳар ёнга тўзиб кетдик. Хоҳишига қараб кимдир ҳарбий хизматга, кимдир ўқишга, кимдир эса бозорга йўл олди.

Ҳа, бозор дегандай… Яқинда қишлоққа борганимда Даливойни бозорда учратиб қолдим. Йигирма беш йил-а! Нақ йигирма беш йил бўлибди у билан учрашмаганимизга! Аввалига бели ҳалиттан букила бошлаган, юзи тиришиб, сочлари тўкилиб тушган ошнамни таний олмадим. Танигач кейин эса севинганимдан уни зўр хазинани бағримга босгандай махкам қучоқлаб олдим.

–Эээ, ихтирочи-и! Буни қара-я! Ҳалиям зўр нарсасалар ихтиро қилиб юрибсанми?!

–Ҳа, қилаяпман, – деди Даливой носдан сарғайиб кетган чирик тишларини намойиш қилиб илжаяркан. – Кашничга ер ёнғоқнинг майдаланган пўстлоғини қўшиб сотаяпман. Биров билмаяпти!

–А?!..– Фойдалироқларидан-чи?.. Фойдалироқларидан ҳам ўйлаб топаётгандирсан?..

–Бўлмасам-чи! – Даливой айёрона кулимсираб, бурнини бурнимга текизгудай тиқилиб келди. – Гўштнинг орасига шприцда сув юбориб, музлатиб сотаяпман. Жа катта фойда қолаяпти!

Хафсалам пир бўлганидан, менинг қўлларим бўшашибгина икки ёнимга шалвираб тушди…

Байрам АЛИ.

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: