«Ётиб қолгунча отиб қолиш»нинг ҳам жавоби бор (Фельетон)

Бизда уруғ-аймоқчилик зап ривож топганда-а! Қайсидир қариндошимиз бирорбир мансабга ўтирдими, фурсатдан фойдаланиб, “от чоптириб” этагидан маҳкам ушлашга интиламиз. Бундай қариндошнинг отасига раҳмат. Дипломингиз борми-йўқми, мактабни базў-ўр битирганмисиз, фарқи йўқ. Ҳеч ким “ҳў, сен қаяққа?” деб сўрамайди. Aхир орқангизда “суянчиғингиз бор-да! Буни “бошга хумо қуши қўниши” деб таърифласа ҳам бўлади. Нима, иш?! Ҳей, иш дегани ҳам бўловуради, оғайни-и-и! Ҳа, қўлидан иш келмаса ҳам, уёқ-буёққа бориб келишга ярайдиган ходим бўлса бўлди-да.

“Қариндош кетса, сиз ҳам узоқ ўтирмайсизов?” – дейсизми? Эй, битта мақол келиб қолди – “ётиб қолгунча, отиб қол”. Қонимизга, генимизга сингиб кетган бу одатни ҳамма жойдан топса бўлади.

Узо-о-оқдан мисол қилиш шартмас. Мана шундай “анъана”ларнинг бир кўринишини, қишлоғимиз талқинида ҳам яхлитгина сўзлаб берсам бўлади.

Қишлоғимиз империяга ўхшайди

Қишлоғимиз мисоли бир империяга ўхшайди. Бир сулола маҳалла идорасини эгаллаган бўлса, бошқаси мактабни “босиб олган”. Яна бири бўлса, иккаласига ҳам “ҳукмронлик” қилади. Шу ерда яшаяпмизми, демак, биз ҳам уларнинг таъсиридамиз. Таъсири бўлгандаям, на эшик, на тешикни “очиб” кириб бўлади…

Мана, мисол учун, мактабни олайлик. Сиз ўқиганмисиз, дипломингиз борми, э борингки, дессертация ёқлаганмисиз – аҳамияти йўқ. Энг биринчи галда, бу масканнинг директори суҳбатидан ўтишингиз керак. Ўтмишда ота-бобонгиз билан муҳтарам директорнинг қариндошлари орасидан оламушук ўтмаган бўлса, ишли бўласиз. Aгар шунчаки туришингиз ёқмаса ёки ақллилик қилсангиз, тамом, бошқа жойдан иш излаганингиз маъқул. Тирашиб кўрганингиз билан қавми-қариндошлик муҳитида кўкариб кетишингиз қийин-ов.

Мастер-класс…

Яқин йилларда маҳалламизга бир акахон раис бўлди-ю, қариндошлик қандай бўлиши кераклиги бўйича ҳаммага “мастер-класс” ўтиб берди. “Қандай” -дейсизми? Раис бувамиз энг биринчи саховатни оиласига қаратди. Келинг, бир бошидан гапириб берай.

Котибаликка янгамиз чиққан бўлса, Маслаҳатчи штатига оқсоқолимизнинг опалари “бир овоз”дан сайланди, қолди (бу дегани бошқаларнинг овози шартмас). Маҳалла посбонлиги ҳам ўз эгасини топди. Бу лавозимга раис бувамизнинг умрида бирор марта форма киймаган қудаси ўтирди. Мана буни “паддержка” деса бўлади.

Биласиз, тўю томоша, маъракаларга биринчи галда қишлоқнинг энг ҳурматли инсонлари чақирилади. Бу киши – раис бувамиз. Энди, оқсоқол боргандан кейин котиба қолиб кетса, уят-да, тўғрими? Котибани айтиб, хотин-қизларга масъул опани чақирмаса, бўлмайди. Даврага тушиб “қилпанг-қилпанг қиладиганлар” учун посбон акамиз ўзини жавобгар санайди ва раис бувадан олдин келиб, давра тўридан жой олади.

Энди мунда-ай қарасак, давранинг ярми “вакиллар” билан тўла. Aммо-лекин, эртага раис бува тўй эгасини мақтаб, бир-икки даврада гапириб қўйса, шуниси барча харажатнинг ўрнини босиб кетади.

Қўйсангиз-чи, қариндошлик бир товоқ ош билан тамом бўладиган иш эканми? Қишлоққа келадиган ун ёки газ баллон биринчилардан бўлиб “қариндошлар”нинг уйига етказилади. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, бизнес-тадбиркорлик қилмоқчи бўлганлар ҳам – энг аввало, раис бувамизнинг уруғ-аймоқлари. Ўзлари-ку жуда-а зориқиб қолишмаган, лекин ортиқчаси зиён қилмайди. Буни кўриб, “раис бувага мен ҳам қариндош бўлсаммикан”, деб ўйланиб қоласан киши.

Мансабдорнинг суянган тоғи ким?

Яна бир гапни айтсам, “тепа”да буларни қўллаб турадиган “ишонган тоғлари” “танклари” ҳам бор. Улар ҳам келадиган “хайр-эҳсонлар”дан қуруқ қолишмайди. Бошқа томондан ҳали сайловлар кўп. Халқ дегани қўйдек ювош, маҳаллақўм ва бошқа раҳбарлар “ҳайт” деса, айтилган номзодни сайлаб беришади.

Шу десангиз, маҳалла ҳам сердаромад жой бўлиб қолди. “Темир дафтар”, “Қора рўйхат” – эй, хуллас, “хайр-эҳсон” кўп. Шунчаки, кўнгилни кенг қилиб, бир бошидан каллани ишлатиш керак.

Мана, ҳаммаси жуда осон, аммо… Бундай қил ўтмас қавму қариндошчилик ришталарининг ҳам заиф жойи бор экан. Баъзан сотиб қўювчилар ҳам ўзларининг ичидан чиқади. Маҳаллада келинойим қайнопалари билан келишмай қолганми, бир-бирининг кирдикорларини керакли жойга етказишганми, уларни ҳам тафтиш қилувчилар пайдо бўлиб қолди. Бир неча кундан бери маҳалла идорасига папка кўтарган текширувчилар кириб-чиқяпти. Демак “отиб қолишнинг ҳам ётиб қолиши бор экан…”

Оламгир АБДИЕВ

Карикатурачи рассом: Ҳасан СУЛТОНОВ.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: