Қадринг баланд бўлсин, она тилим!

«Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал».

Халқимизда жуда ҳам кўп мақол, матал ва ҳикматли сўзлар мавжуд. Шулардан бири кўпчилигимиз эшитган «Қуш инида кўрганини қилади» мақолидир.  Ушбу мақолни сўзимиз дебочасида келтиришимиз сабаби, айнан ўсиб келаётган ёшлар, жамиятдаги муҳитни кўриб, тарбия топаётгани шу мақолни беихтиёр эсга олишимизга сабаб бўлади. Айнан нимага асосланиб шундай дейишимизга эса ноодатий ўхшатиш билан ёндашиб кўрамиз: уйда бизни қандай чақирсалар, хоҳ у тўлиқ бўлсин, хоҳ чала, атрофдагилар, қўни — қўшнилар, дўстлар, хуллас, ҳамма бизни айнан ўша ном билан чақиради ва бизга шундай мурожат қилади. Аксариятимиз ҳаётимиз давомида буни шахсан гувоҳи бўлганмиз. Яъни, биз ўзимиз ўз она тилимизга қандай муносабатда бўлсак, ўзгалар ҳам унга шундай муносабатда, ҳурмат — эътиборда бўладилар.

Агар она тили ривожланган бошқа мамлакатларга, уларнинг ўз тилига бўлган этиборига разм соладиган болсак, юқоридаги гапларнинг исботини яққол сезишимиз мумкин.

Кимдир айтиши мумкин, уларнинг аҳолиси кўп деб ёки бошқа сабабларни. Тўғриси, «Дангаса баҳона қидиради, меҳнаткаш (идеалликка интилувчи инсон) имкон», — деганларидек, аслида тил ривож топган давлатларнинг ҳаммасида ҳам аҳоли сони айтарлик даражада коп эмас!

Хусусан, ҳозирги кунда халқимиз томонидан илиқ кутиб олинаётган, деярли барча фильмлари шов-шувга сабаб бўлаётган, ўша миллат минталитети, ҳаёт тарзи, ўша муҳит руҳи, айниқса, ёшлар онгига кучлироқ таъсир қилаётган ва нафақат ёшларда, балки катталарда ҳам кучли таъсири сезилаётган турк фильмлари  ва ўша бизга «ўзгача» таъсир этаётган туркча ҳаёт тарзи ҳақида гаплашсак. Аввало, мамлакат аҳолисининг сони ҳақида кичик фактлар келтириб ўтсам: Туркия аҳолисининг 2019 йилдаги корсаткичи 83 000 000 дан кўпроқ. Умумий ер майдони эса 783,562 км2 ни ташкил этади. Бизнинг ер майдонимиз ва айни пайтдаги аҳолимиз сони копчиликка маълум, лекин асосий гап бу рақамларда эмас. Асосий гап икки давлатнинг ўз она тилига бўлган эътиборида!

Мисол учун: ҳозирги кунда айни давлатимиздаги кўплаб ҳудудларга борсак, хоҳлаймизми йўқми, кўчадаги афишалар эътиборимизни ўзига тортади.  Мен ҳозир бу афишалардаги муаммоларни ва уларга нисбатан бўлаётган эътиборни, ислоҳотларнинг қанчалик самара бераётганини эмас, балки ўзимизнинг ички муҳитдаги умумий муаммоларимизни, эътиборсизликларимизни гапирмоқчиман.

Демак, яна Туркия мисолига қайтсак. Мен шахсан Туркияда бўлмаганман, лекин турк фильмларида бир нарса эътиборимни жуда кўп ўзига тортган. У ҳам бўлса, айнан туркларнинг тилга бўлган муносабатидир. У хоҳ ёзма бўлсин, хоҳ оғзаки…

Мисол учун: Ёзма манбаларга эътибор қаратсак! Шундай ривожланган, туристик давлат кўчаларида, афиша, белги ва бошқа расмий (халқаро идоралар бундан мустасно, албатта) норасмий идораларнинг, дўконларнинг номлари соф турк тилида ёзилади. Ҳеч қандай русча, инглизча сўзлар аралашувисиз. Оғзаки сўзлашувда ҳам айнан шунинг гувоҳи бўламиз.

Агар турклар сўзлашаётган пайтларида бошқа тил луғатидан фойдалангудек бўлсалар, унинг маъносини ҳам дарровда айтиб, тингловчи ҳамроҳларига тушунтирадилар. Акс ҳолда, бу тингловчиларга нисбатан, ҳурматсизлик ёки одобсизлик саналади.

Энди ўз ҳақиқатларимизга тик боқайлик ва «кўзгу»га боқиб ўз камчиликларимизни тан олайлик.  Биз ҳар ишда имкон қадар замон билан ҳамнафас бўлишга ва ривожланган чет давлатлари услубларидан ўз соҳамизда фойдаланиб, уни яна ҳам такомиллаштиришга ҳаракат қиламиз. Аммо ўз тилимизни мукаммал ўрганишга ва бошқаларга ўз тилимизни тил ўргатишга ҳаракат қилмаймиз. Балки, бизнинг айрим соҳаларда, хусусан, ўз она тилимизнинг муносиб ўрин эгаллай олмаётганига ҳам сабаб шудир?!

Агар биз она тилимизга шу йўсинда муносабатда бўлаверсак, ким кафолат бера олади? Ҳозирги мавжуд она тилимизнинг савиясини, даражасини худди мана шундай ҳолатда, келажакка мерос қилиб қолдира оламизми?! Бу боришда тилимиз бойиш ўрнига камбағаллашиб, мумтоз сўзлар ўрнини хорижий тиллардаги атамалар эгаллаб, тил бойлигимиз сийраклашиб қолмайдими?

Шундай экан, биз яққол кўриниб турган хатоларимизни тан олмасак, ёки уларни тузатиш учун ҳаракат қилмасак, унда бизда қачон ўсиш бўлади? Ахир, она тилимиз-бизга келажак-авлодга эсон-омон, авайлаб етказишимиз учун берилган омонат эмасми?! Нафақат, авайлаб етказишимиз, шунингдек, жонажон тилимизни, ота-боболаримиздан қолган меросни, янада сайқаллаган ҳолда элтишимиз ҳам айнан бизнинг асосий бурчимиз эканлигини тўлиқ англашимиз зарур.

Абдулла Қодирий ўз мақолаларидан бирида «Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар!» деган эди.

Кўп бора таъкидланганидек, аслида она тилимизга эътибор қаратиш, қадр-қимматини англашдан асосий мақсад – она тилимизни кўкларга кўтариш, уни ўрганишни бошқа миллат вакиллари онгига мажбуран сингдириш эмас. Бундан асосий мақсад ўз она тилимизга бўлган муҳаббат ва ифтихор туйғусини ошириш, уни ҳамиша қадрлашга  эътибор қаратишдир. Ўзбекистонда туғилиб, унда яшаётган ва шу юртни ўзига Ватан деб билган фуқаролар онгли равишда тилимизни эъзозлашни ўз ватанпарварлик бурчи деб ҳис қилишлари керак.

Мирзоҳид АБДУҲОМИДОВ.

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: