Куёв танлаш ёки учтасидан биттаси

Антон ЧЕХОВ (ҳикоя)

Зодагон маслаҳатчи Марья Ивановна Лангернинг дала ҳовлисида унинг қизи – Надя москвалик тижоратчининг ўғли  Иван Гаврилович билан учрашди. Ажойиб оқшом эди. Агар табиат манзараларини тасвирлашга уста бўлганимда Надянинг юзини ёритиб турган ой, сокин ўрмон, дарахтларнинг майин шивири ва қадимий дала ҳовли ҳақида кўп нарса ёзган бўлардим… Лекин қаҳрамонларни тасвирлаш билан чекланаман.

Надя тиззаси билан ўриндиққа суяниб турарди. Унинг тўқ малларанг кўзлари узоқдаги бутазорга тикилган… ой нури оқиш, бироз қизарган юзини ёритарди. Иван Гаврилович эса унинг орқасида қуюқ соқолини силаганча ҳаяжондан титрарди. Иван Гаврилович унчалик чиройлимасди. У ўзининг онасига ўхшар, онаси эса қишлоқ ошпазининг худди ўзи эди. Дўнг пешона, пачоқ бурун, пахмоқсоч. Мушукчаникидек митти кўзлари эса савол назари билан Надяга боқарди.

– Сизга очиқ айтганим учун… кечиринг, — деди у дудуқланиб. –Бироқ сизни шу қадар севиб қолдимки, ҳиссиётларимни ифодалашга тилим ожиз! Надежда Петровна, сизни бир кўрдиму тошдек қотдим. Мени кечиринг… (Жимлик) Ҳа… Ҳаво яхши… — Бундай об-ҳавода, сиздай ёқимтой хилқатни севиш… Бироқ мен жуда бахтсизман!

Иван Гаврилович чуқур ух тортди:

– Жуда бахтсизман! Севгимга жавоб ололаманми?.. Сиз ўқиган, юқори насабли хоним… Мен-чи? Савдогар наслиданман. Шугина халос!  Пул кўп, аммо бахт бўлмаса бойликнинг нима кераги бор? Пиёда юрмайсан, яхши еб-ичасан, аммо ҳаётинг бўм-бўш… Сиз шундай одамни сева олармидингиз? (Жимлик.)

Мен онангизга… яъни сизнинг қўлингизни сўраш ҳақида… таклиф билдирдим… Улар ҳаммаси сизга боғлиқ дейишди… Сиз буни ўзингиз ҳал қила оласизми?

Надя жим эди. У қоронғи бутазор томонга қараб, дарахт учларининг шамолда силкинишини кузатиб турарди. Иван Гаврилович бундай жимликдан бўғилиб кетди. Кўзларида ёш халқаланди.

«Агар рад этса-чи?» — Бу фикр елкаларидан ҳайбатли муз тоғи каби босарди. — Мурувват қилинг, Надежда Петровна, — деди у, — менинг қалбимни тилкаламанг… Ахир сизни севганимдан тил ёряпман… (Жимлик). Жавоб бермасангиз ҳозир ўлиб қоламан…

Надя Иван Гавриловичга қараб жилмайди. Унга қўлини чўзиб, жарангдор овозда деди:

–Иван Гаврилович, сиздан миннатдорман… Мени севишингизни билардим… Бироқ мен… Мен ҳам сизни севаман, Жан… сиздек меҳрибон ва садоқатли инсонни яхши кўрмай бўладими…

Иван Гавриловичнинг оғзи “ланг” очилди, у хурсанд бўлиб кулди ва кафти билан юзларини силади: бу тушим эмасми?

— Мен биламанки, агар сизга турмушга чиқсам, дунёдаги энг бахтли аёл бўламан… лекин Иван Гаврилович, бироз кутинг… ҳозир сизга ижобий жавоб бера олмайман. Яхшироқ ўйлаб олишим керак…

— Қанча кутай?

— Кўп эмас, икки кунгина сабр қилинг. Агар кетсангиз, жавобимни сизга хатда ёзиб юбораман… Ҳозир эса уйингизга боринг… Мен ҳам бориб озроқ ўйлаб ола… Хайр…

Иван Гаврилович унинг қўлини ўпди. Надя эса тезда кўздан ғойиб бўлди. Иван Гаврилович гулзор оралаб отларининг ёнига йўл олди. У бахтдан гўё олов бўлиб ёнарди. Юзи кун бўйи иссиқ сувли ваннада ётган мисоли қизариб кетганди.

— Трофим! —бақириб извошчини уйғотди у. — Тур! Кетамиз! Сенга чойчақа бераман! Тушундингми? Ҳа-ҳа!

Бу вақтда Надя барча хоналарни босиб, катта шийпонга ўтди. Сўнг дарахт ва буталар оралаб ташқарига чиқди. Бу ерда болаликдаги дўсти, 26 ёшлардаги барон Владимир Штраль кутаётганди. Штраль — дўмбоққина, ёқимтой йигит, у бу йил университетни тамомлаган бўлиб, ўзининг Харьковдаги уйига кетиш олдидан сўнгги марта хайрлашишга келганди.

Йигит спиртли ичимлик ичган, ўриндиқда ярим ёнбошлаб, хуштак чалганча куй хиргойи қиларди.  Надя халлослаб келиб, унинг бўйнига осилди. Шўхчан кулиб терлаган юзларидан ўпди.

— Сени бир соатдан буён кутяпман, — деди барон унинг белидан қучиб…

— Хўш? Соғ-саломатмисан?

— Кўриб турганингдай…

— Эртага кетасанми?

— Кетаман…

— Сени қараю… Қачон қайтасан?

— Билмайман…

Барон Надянинг юзидан ўпди ва тиззасидан тушириб ўриндиққа ўтқазди.

— Балки кўришиб турармиз, — деди Надя. — Кейинроқ… Ҳали бироз вақт бор. Бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз. (Жимлик.)

Сен, ўйлаб кўрдингми, Воля?

— Ўйладим…

— Хўш? Қачон тўй қиламиз?

Барон афтини бужмайтирди.

— Яна шу гапни бошладингми?! Сенга кеча жавобини айтдимку… Ҳеч қандай тўй ҳақда гап бўлиши мумкин эмас! Ёпилган мавзуни яна қўзғайвериш шартми?

— Бироқ Воля, муносабатларимиз нима биландир тугаши керакку!

— Албатта, тугаши керак. Аммо тўй билан эмас…

Сенга юзинчи марта айтяпман, уч яшар боладайсан… Соддалик сенга ярашади, аммо айни ҳолатда эмас.

— Демак уйланишни хоҳламайсан! Тўғрисини айт. Виждонсиз!

— Хоҳламайман… Нега ўз мавқеимга зарар етказишим керак? Сени яхши кўраман, аммо сенга уйлансам мени тамом қиласан… сен менга бойлик ҳам, обрў ҳам беролмайсан… уйланиш, дўстим, келгусида мартабага эришиш учун керак. Сен эса… Бунинг учун йиғлаш керак эмас… Ақлни ишлат… Севги асосида қурилган турмуш бахтсизлик келтиради…

— Ёлғон айтяпсан… алдама!

— Аввал уйлан… кейин гапирасан… мияни ишлатиш керак эмиш… Унда нега ўзинг ишлатмадинг? Эслайсанми? Ўшанда уйланаман деб менга сўз бергансанку?

— Берганман… Аммо ҳозир режам ўзгарди… Ахир сен қашшоқ одамга турмушга чиқмайсанку? Нега унда мени камбағал аёлга уйланишга мажбурлаяпсан? Менинг ҳам келажагим бор, бу учун виждоним олдида жавоб бераман.

Надя кўз ёшларини артди ва яна ўзини унинг бағрига ташлади.

— Уйлан менга, жонгинам! Ахир сени севаман! Сенсиз яшай олмайман! Агар уйланмасанг ўлиб қолишим мумкин… Уйланасанми?

— Уйланолмайман! Муҳаббат яхши нарса, аммо у асосийси эмас…

— Ярамас, алдоқчи, фирибгар! Турқингни кўришни хоҳламайман. Сен ёмон одамсан! Сени ҳеч қачон севмаганман! Бойвачча бўлганинг учун сенга турмушга чиқмоқчи эдим! Надя бир неча қадам ташлаб Штралдан узоқлашди. Уйига боргунча уни сўкиб борди.

«Бекорга олдига бордим, — ўйлади йўл-йўлакай. — Менга уйланмаслигини билардимку… Вой, ярамас-ей! Ўшанда… “қип-қизил” аҳмоқ бўлган эканман! Агар шу воқеа бўлмаганда эди… унинг олдида бунчалик ялиниб ўтирмасдим».

Надя дала ҳовлиси ёнига келди аммо уйга кирмади. Айланиб юриб хира ёруғлик тушаётган уй олдида тўхтади. Бу ерда консерваторияни яқинда тамомлаган скрипкачи Митя Гусев яшарди. Надя деразадан мўралади. Кенг елкали, жингалак сочли, оқ-сариқдан келган Митя ички кийимда сим каравотда китоб ўқиб ётибди. Надя бироз ўйлаб деразани қоқди.

Скрипкачи бошини кўтарди.

— Ким у?

— Бу мен, Дмитрий Иванич… Бир дақиқага деразани очинг!.. Митя устки кийимини кийиб деразани очди.

— Бу ёққа келинг… ёнимга сакранг… — деди Надя.

Бир сония ичида Митя Надянинг ёнида пайдо бўлди.

— Нима бўлди, тинчликми?

— Менга қаранг! — деди Надя Митянинг қўлидан ушлаб. — Қадрли Дмитрий Иванич, энди менга севги номалари ёзманг, азизим! Илтимос, мени севманг!

Надянинг кўзларида ёш йилтиллади, сўнг тўкилиб, юз-кўзларини юва бошлади. Бу ёшлар ҳақиқий эди. Қайноқ ва аламли…

— Мени асло севманг, Дмитрий! Мен учун скрипкада куйлар ҳам чалманг! Мен жуда ёмонман… Мендан фақат нафратланиш керак…

Надя хўнграб бошини Митянинг кўксига қўйди.

— Мен энг ёмон қизман… хаёлларим ҳам ёмон…

Митя ўзини йўқотиб қўйди, бир нималарни гапирди ва Надянинг пешонасидан ўпди…

— Сиз жуда меҳрибон инсонсиз… сизни яхши кўраман. Чин сўзим… Сиз бўлсангиз мени севманг! Чунки мен ҳаммадан ҳам пулни севаман, чиройли кийимларни, араваларда юришни ёқтираман… Агар пулсиз қолишни ўйласам, яшашимдан маъно қолмайди… Ўта кетган худбинман… Мени севманг, азизим Дмитрий Иванич! Менга хатлар йўлламанг! Мен турмушга чиқяпман… Гавриличга… Кўряпсизми — мен қанақаман! Сиз бўлсангиз… мени севаман дейсиз! Алвидо! Мени унутинг… Хайр, Митя!

Надя тезлик билан Гусевни қучиб ўпди ва уйи томон чопиб кетди.

Хонасига кириб, столга ўтирганча аччиқ-аччиқ йиғлади ва қоғозга қуйидаги сўзларни ёзди: «Қадрли Иван Гаврилич! Мен сизникиман. Сизни яхши кўраман ва рафиқангиз бўлишга розиман… Надянгиз».

Мактубни ёпиштириб уй хизматчисидан уни манзилга юборишни сўради.

«Эртага… у менга нимадир олиб келади» — дея ўйлаб чуқур оҳ тортди. Бу хўрсиниш унинг кўз ёшларига хотима ясади. Бир пас дераза олдида ўтирди, ярим кеча бўлганда сал ўзига келди. Кейин кийимларини ечдида юмшоқ кўрпа, нақшинкор безакли чойшаблар тўшалган ўринга ўзини ташлади. Беш дақиқа ўтар-ўтмас ёқимтой аммо енгилтак хонимча ширин уйқуга кетди.

Айни шу лаҳзаларда ярим кеча бўлишига қарамай Иван Гаврилович ҳам ўз хонасида у ёқдан бу ёққа юриб ошкора орзуларга бериларди. Ота онаси эса ўриндиққа ёнбошлаб, унинг сўзларини таҳлил қиларди… Ўғлининг хурсандлигини кўриб улар ҳам бахтиёр эдилар…

— Яхши оиладан чиққан насл-насабли қиз, — дерди отаси. — жуда чиройли. Фақат бир камчилиги бор: фамилияси немисчада! Агар унга уйлансанг одамлар немис қизни олди дейишадида…

Манзура БЕКЖОНОВА таржимаси

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: