Оёқ томирлари нега тортишади?

Қалтис ҳаракат қилганда ёки шунчаки одатдаги ишлар билан шуғулланганда баъзан оёқ томирлари тортишиши кузатилади. Умуман олганда бу жиддий оғриққа сабаб бўлмайди аммо ҳаракатланишига ҳалал бериб, кутилмаганда ноқулайлик туғдиради.

 Бу ҳолат билан боғлиқ физиологик жараён, унинг сабаблари, олдини олиш ёки даволаш усуллари ҳақида олий тоифали шифокор Саломат Хўжабоева билан суҳбатда батафсил маълумот олдик.–Томир тортишиши тиббиётда қандай изоҳланади? Бу ҳолатга нималар сабаб бўлиши мумкин?

–Бу ҳолат халқ тилида “томирлар тортишиши” дейилади, аммо тиббиётда мушаклар тонусининг ошиши натижасида оёқ тортишиши дейилади. Бу нохуш ҳолат беихтиёр юз беради ва 10-15 сония давом этади. Кўпинча болдир соҳасидаги икрасимон мушаклар тортишади. Бунинг сабаби болдир мушакларининг кундалик ҳаётда кўп зўриқишга учраши ва марказий қон-томирлардан узоқда жойлашганлигидир. Бу ҳамма кишиларда: кексалар, ўрта ёшлилар, ёшлар, ҳатто болаларда ҳам кузатилиши мумкин.

Мушак тортишишини одамлар “судороги” деб ҳам аташади. Бу сўз рус тилида тортишиш, фалажланиш деган маънони билдиради. Аслида томир тортишиши мушаклар қисқариши бўлиб, турли сабаблар туфайли юзага келиши аниқланган. Хусусан, мушак ҳужайраларида моддалар алмашинуви, сув ва туз мувозанатларининг бузилиши, тананинг умумий чарчаши, мушакларнинг толиқиши, ҳаддан ташқари асабийлашиш, совқотиш, витамин етишмаслиги ва бошқалар шулар жумласидан. Кўпинча бу нохушлик кўп ўтириб ёки туриб ишлаганда, захда узоқ туриб қолганда, узоқ вақт пиёда юрганда содир бўлади. Баъзан соппа-соғ одам оғир иш қилганда, айниқса юриб ёки югуриб келиб, қизиб турган оёқларини бирдан совуқ сувга тиққанда, дарёда, анҳорда чўмилганда томир тортишиши рўй беради. Бундай ҳолатда кутилмаган бахтсиз ходисалар содир бўлиши, ҳатто сувда чўмилаётганда мушак фалажланса одам чўкиб кетиши ҳам мумкин.

–Томир тортишиши жиддий касаллик аломати эмасми? Уни даволаш шартми?

–Томир тортишганда, яъни мушаклар тонуси ошганда соҳада кутилмаганда кучли оғриққа ўхшаш ҳиссиёт пайдо бўлади. Бу шунчаки совуқдан, вақтинчалик қон айланиши бузилиши, қалтис ҳаракат ёки қон қуюқлашиши натижасида содир бўлган бўлса, онда-сонда кузатилса унчалик хавфли эмас. Бу ҳол ўша жойни бироз уқаласа ёки оёқни қимирлатса тез ўтиб кетади ва ҳеч қандай тиббий аралашувни талаб қилмайди. Агар бу ҳолат мунтазам такрорланаверса мутахассис шифокорга учрашиб, сабабини аниқлаш керак.

–Қандай жиддий касалликларда томир тортишиши мумкин?

– Оёқ тортишиши баъзи сурункали касалликлар белгиси ҳам бўлиши мумкин.Тиббиёт амалиётида аниқланишича баъзи бир қон томир касалликларида, умуртқа поғонаси бўғимларида туз йиғилганда, асаб тизими, таянч-ҳаракат муаммолари ва шунга ўхшаш хасталикларда томир тортишиши кузатилади. Агар жисмоний зўриқиш натижасида оёқ тортишадиган бўлиб қолса, бу асосан артериялардаги атеросклероз ёки вена қон томирларидаги варикоз, томбофлебит ёки тромбоз белгиси бўлиши мумкин. Шунингдек инсулинга тобе бўлмаган қандли диабет, буйрак етишмовчилиги, гормонал бузилишлар, яссиоёқлик, жигар циррозида ҳам мушаклар спазми содир бўлади. Бундан ташқари, остеохондроз, чурра каби умуртқа касалликларида, бош ва орқа миядаги ўсимталарда ҳам марказий нерв тизими зарарланиб, мушак ва пайлардаги нервлар сиқилиши, фалажланиши кузатилиши мумкин.

–Бу нохушликни қандай даволаймиз? Уй шароитида қай усуллардан фойдаланса бўлади?

–Агар спорт машқлари билан шуғулланганда ёки бошқа жисмоний зўриқиш вақтида оёқ мушаклари тортишса уни мустақил бартараф қилиш мумкин. Кўпинча бунга организмда кальций ва магний микроунсурлари етишмаганда танада сут кислотаси йиғилиб, мушак тонуси ошиши сабаб бўлади. Яссиоёқликда ҳам қон ва лимфа оқимидаги ўзгаришлар пай ва мушаклар тортишишига олиб келади ва буни ҳам уй шароитида даволаса бўлади. Организмда магний ва кальций моддаси етишмаса бу микроэлементларга бой маҳсулотларни кўпроқ тановул қилиш мақсадга мувофиқ. Масалан, сут, творог, пишлоқда кальций кўп, маржумак (гречиха), туршак, ёнғоқ кабиларда калий мўл. Агар озиқ-маҳсулотлар билан витамин ва микроэлементлар танқислигини тиклаш қийин бўлса, шифокор билан маслаҳатлашиб, витаминлар, кальций ва магний препаратларини ичиш керак. Оёқларни массаж қилиш, оёқда қон айланишини яхшиловчи чўзилиш машқларини мунтазам бажариш тортишишларни даволаш ва олдини олишга ёрдам беради.

Оёқ мушаклари тортишганда қуйидаги тавсиялар сизга ёрдам бериши мумкин. Агар уларни қўллаганда ҳам бу нохушлик ўтиб кетмаса оилавий поликлиникадаги ҳудудий шифокорингизга учрашиб, бунинг сабабини аниқлатиб олишингиз керак.

Фойдали маслаҳатлар

Салқин ҳавода оёқ томирлари тортишса қалинроқ пайпоқ кийинг ёки оёқ учун иссиқ ванна қабул қилинг.

Сувда сузаётган вақтингизда оёқ томири тортиша бошласа, дарҳол сузишни тўхтатиб иссиқроқ кийиниш лозим. Қўл билан енгил уқалаб, томири тортишаётган оёқ панжасини ёзиш керак.

Агар одам ўтирганда, юрганда томири тортишиб қолса, бир қўл билан оёқ панжасини ёзиб, болдир мушакларини аста-секин пастга томон силаш тавсия этилади.

Агар оёқ оғриб, увишиб томир тортишиши доим такрорланаверса, қон томирлар ва асаб касалликлари шифокорларига мурожаат қилиш лозим.

Куннинг иссиқ пайтларида оёқ болдирига ва панжага вақти-вақти билан парафин, озокерит, балчиқ қўйиш фойда беради.

Тунда оёқ ва товон мушаклари тортишмаслиги учун бир ҳафта давомида овқатланишдан олдин кунига 3 маҳал 2 чой қошиқдан асал истеъмол қилинг.

Мушаклар ва томирларда тортишиш кузатилса панжа ва бармоқлар учун мўлжалланган машқларни бажаринг. Улар натижасида қон айланиши яхшиланса, тортишиш ҳам тузалиб кетади.

Оёқнинг тез-тез томири тортишиб турадиган жойига иситилган думба мойини пахтага шимдириб боғланг.

Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: