Климакс – касаллик эмас

Климакс (менопауза) – аёл организмидаги ҳайз кўриш тизими фаолиятининг якунланиши билан боғлиқ табиий жараён. Бу даврда организмда кўплаб нохушликлар, тушунарсиз ҳолатлар кузатилгани учун айрим аёллар хавотирга тушадилар. Уларда бир қатор саволлар пайдо бўлади, тиббий тушунчаси етарли бўлмаган аёллар мутахассис маслаҳатига эҳтиёж сезадилар. Мухлислар талабига биноан олий тоифали шифокор, гинеколог Жамила Алиевадан аёллар климакси билан боғлиқ саволларга жавоб олдик.

Аввало менопауза жараёни ва унинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз…

– Кимакс тухумдонларнинг уруғ етилтириш ҳамда гормон ишлаб чиқариш фаолиятининг секинлишаши ва тўхташи билан боғлиқ табиий жараён. Мазкур босқичдаги физиологик ўзгаришларларнинг пайдо бўлиши, муддатлари, текис ёки муаммоли кечиши бир қатор омилларга боғлиқ. Бу давр аёлларда асосан 47-52 ёшларда бошланади. Бироқ баъзи аёлларда климакс белгилари сал аввалроқ (эрта менопауза, ҳайзнинг 40 ёшларда тўхташи) ёки кечроқ (ҳайзнинг 56-65 ёшларда тўхташи) кузатилиши мумкин. Климакс физиологик ҳолат бўлса-да, айрим аёлларда муайян муаммолар билан намоён бўлади. Бу ҳолат тиббиёт тилида “патологик климакс”, “климактерик синдром”, “климактерик невроз” деб аталади. Кўпгина аёллар климакс даврини ҳадиксираш билан кутишади. Улар таниш-билишларидан бу жараённинг мураккаб ўтиши, саломатликда муаммолар пайдо бўлишини эшитганлари бўлишлари мумкин. Бироқ, ҳамма аёлларда ҳам бу давр азиятли кечмайди.

Эрта ёшдаги климаксга нималар сабаб бўлади?

–Климакс – хусусиятлари генетик  шаклланган бўлади. Яъни, бу даврнинг қандай кечиши аёлнинг яқин қариндошлари: момоси, бувиси, онаси ҳамда катта опаларида қандай кечганлигига боғлиқ. Шу ўринда таъкидлаш керакки, муаммоли климакс насл суриши мумкин. Лекин бундай мойиллик ирсиятдан ўтган бўлса ҳам, хавотирга тушишга ўрин йўқ. Нохуш аломатларни шифокорлар маслаҳати ёрдамида енгиллатиш мумкин. Статистика маълумотларига кўра, тўкин-сочинликда ҳаёт кечирган ва оғир меҳнат қилмаган, асаб ва руҳият зўриқишларига учрамаган аёлларда климакс даври кечроқ бошланади. Иссиқ иқлимли ҳудудларда менструал циклнинг эрта бошланиши ва кечроқ якунланиши кузатилади. Доимий стресслар, асабий-руҳий сиқилишлар, ҳиссиётларнинг зўриқиши менопауза муддатларини тезлаштириши мумкин.

Оилали, темпераментли, жисмоний фаол аёлларда климакс кеч, совуққон, камҳаракат, турмуш қурмаган ёки ажрашган аёлларда эрта бошланиши кузатилади. Руҳий ва онкологик касалликлар, қандли диабет, юрак-қон томир дарди ва бошқа сурункали хасталиклар ҳам климаксни тезлаштириши мумкин.

–Климакс қандай белгилар билан намоён бўлади? 

– Бошланаётган климакснинг дастлабки белгиси ҳайз муддати ва давомийлиги ўзгаришидир. Шу билан бирга, климакс даври меъёрий кечганда ҳам, аёлларда вақтинчалик беҳолликлар: кайфият ўзгарувчанлиги, асабий таъсирчанлик, тез чарчаш, чала уйқу, кундузи уйқусираш, безовталаниш кабилар кўзга ташланади. Айниқса атрофдаги одамларга муносабат ўзгаради. Яъни, оила аъзолари ва яқинларидан асоссиз хафа бўлиш, ўпкалаш, арзимаган нарсага жаҳл қилиш ҳолатлари кузатилиб, аёл ўзини идора эта олмайди. Баланд овоз, меҳмонлар ташрифи, ҳатто жўмракдаги сувнинг оқиши ҳам аёлнинг асабини қўзғатиши мумкин. Бундай ҳолат айниқса ҳайз даврида кучли сезилади. Климакснинг асосий белгиларидан бири тананинг юқори қисмига иссиқ қуйилиши ва кўп терлашдир. Бу ҳолат бир кеча-кундузда 2-3 мартагача рўй беради. Юз, бўйин, бел, кўкрак ва қўллар қизийди, юрак соҳасида нохушликлар сезилади.

Паталогик климакс аъзоларнинг оғриши, асаб ва руҳият тизимининг бузилиши билан бирга кечади. Муаммоли климакснинг яна бир турида аёллар жараён бошланишини қарилик бошланиши, касаллик ва кучдан қолиш деб баҳолайдилар. Улар уй-рўзғор ишларига ҳам қизиқмай қўйишади. Бошқа бирлари ўзига алоҳида эътибор қаратиб, аввалгидек ёқимли, жозибадор кўринишга ҳаракат қилишади, пластик операциялар, турли косметик амалиётларга ружу қўйишади.

–Бу даврни яхши ўтказиш, муаммоларни енгиш борасида аёлларга қандай маслаҳатлар берасиз?

Ўзингизга эътиборли бўлинг, бирон ўзгариш сезилиши билан шифокор кўригига боринг. Аввало, юрак-қон томир тизимини, жигарни, кўзингизни текширтиринг. Албатта, организмдаги гормонлар миқдорини аниқлатиш лозим. Бундан ташқари, қондаги глюкоза миқдори, кичик тос соҳаси ультра товуш текшируви, маммография (кўкрак безини текшириш), гинеколог кўриги ҳамда онкоцитология учун суртма топшириш ҳам мақсадга мувофиқ.

Аёллар жинсий гормонлари ўрнини босувчи препаратлар климакс давридаги аёлнинг умумий ҳолатини яхшилашга, асоратларнинг олдини олишга ёрдам беради. Климакс даври нохушликларини енгишда фитотерапия, витаминли шарбатлар, доривор дамламалар ёрдамида даволаниш ҳам яхши самара бериши мумкин. Бу мақадда таркибида фитоэстрогенлар бўлган ўсимликлар асосидаги фиточойларни истеъмол қилиш мумкин.

Агар асабларингиз зўриққан, таранглашган бўлса, шифокор тавсия қилган тинчлантирувчи фитопрепаратларни қабул қлинг.

Жисмоний фаол бўлишга алоҳида эътибор қаратинг. Организмни зўриқтирмайдиган гимнастика машқлари билан мунтазам шуғулланиб туриш керак. Пиёда сайр қилиш, югуриш, велосипед бошқариш, сузиш, йога, ритмик рақслар шулар жумласидан. Сир эмаски, жисмоний фаоллик организмнинг тонусини сақлашга, суяк ва мушаклар массасини асрашга ҳамда юрак-қон томирлар тизимини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бундан ташқари, ҳаракат инсонга ижобий қувват бахш этади, бахт гормонлари ишлаб чиқарилишини фаоллаштиради. Асосийси, ҳаракатчанлик. Бу организмни депрессия ҳолатларидан сақлайди.

Тезкорлик, оғирлик кўтаришни талаб қиладиган машқлар, сакраш, қалтис эгилишлар, иссиқ ванна ва сауна климакс давридаги аёлларга тавсия қилинмайди. Аксинча, бу даврда танани бўшаштириш, нафас маромини мувофиқлаштиришга қаратилган машқларнинг фойдаси кўпроқ. Жисмоний ҳаракатлардан сўнг ёки иш куни якунлангандан кейин бўшаштирувчи массаж қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.  Бундай аёллар учун хордиқ қанчалик муҳим бўлса, тўлақонли уйқу ҳам шундай аҳамиятга эга. Меъёрий уйқу тананинг ҳимоя кучларини ишга солишга ёрдам беради.

Ўз овқатланиш рационингизни қайта тузиб чиқинг. Соғлом ва сифатли овқатланишга эътибор қаратинг. Бу борада диетологлардан ёрдам сўрасангиз ҳам бўлади.

Шифобахш ДАМЛАМАЛАР

Мойчечак (ромашка) гули, валериана илдизи ва ялпиз (мята) баргларидан тенг миқдорда (қуритилганидан 1 чой қошиқдан) олиниб, термосга солинади ва устидан 0,5 литр қайноқ сув қуйиб, бостириб қўйилади.

Дамлама тайёр бўлгач, ундан кунига 2 маҳал (эрталаб ва кечқурун) 1 стакандан ичилади. Муолажа 10 кун бажарилади.

Бу дамламалар асабни тинчлантиради, оғриқларни тўхтатишга ёрдам беради, уйқусизликдан қутқаради. Уларни асал билан аралаштириб ичсангиз янада фойдалироқ бўлади.

Сельдир уруғининг дамламаси ҳам кони шифодир. Уни тайёрлаш учун 0,5 чой қошиқ уруғини стаканга солиб, устидан қайноқ сув тўлдиринг ва 8-10 соат тиндириб қўйинг. Дамлама тайёр бўлгач, ундан кунига 4 маҳал, овқатдан 30 дақиқа олдин, 1 ош қошиқдан қабул қилинг. Муолажа муддати — 27 кун.

Зиғир уруғи таркибида аёл гормонлари мавжуд. Бу уруғдан ҳар куни оч қоринга эрталаб ва кечқурун 1 ош қошиқдан чайнаб истеъмол қилинади. Бу муолажа 1 ой давомида бажарилади. Зиғир уруғини кукун ҳолига келтириб, салат ҳамда таомларга қўшиб ейиш ҳам мумкин.

 Гулшан суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: