Божхона: постларда тирбандликни камайтириш учун нималар қилиняпти?

Қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик, яқин қўшничилик ва савдо-иқтисодий алоқаларининг ривожланиши учун чегараларнинг очилиши божхона постлари орқали ўтиб қайтаётган транспорт ва жисмоний шахслар оқими ортишига хизмат қилмоқда. Борди-келдилар кўпайгани яхши, албатта. Аммо бу ҳолат айрим пайтда маълум тирбандликларни юзага келтиради. Бу қўшни давлатга чиқиб келувчилар ва товар ташувчи тадбиркорларнинг кутиб қолиши ва эътирозларига сабаб бўлади. Мутахассислар таъкидлашича авваломбор мамлакат ва фуқаролар хавфсизлиги биринчи ўринда. Улар олиб кирилаётган товарлар учун фақат бож ундиришда эмас, юклар хавфсизлигини назорат қилиш учун ҳам жавобгардирлар. Тизимида бугунги кунда жорий этилаётган технологиялар постлардан ўтиш тартибларини соддалаштириш, тадбикорларнинг вақтларини тежашга, олиб ўтилаётган юклар хавфсизлигини кафолатлашга қаратилган.

Аҳамият беринг, республикамиз божхона постлари орқали 2017 йилда 486 мингта автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлса, 2018 йил якуни бўйича бу кўрсаткич 1,2 млн.дан ошди. Демак, салкам 2,5 баробарга ўсиш кузатилган.

 Божхона чегаралари орқали ҳаракатланган жисмоний шаҳслар сони эса 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 86 фоизга, республикамизга хориждан товарларни импорт қилиш кўрсаткичи эса 43 фоизга ошди.

2017 йилда республикамизда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари сони салкам 13.5 мингни ташкил қилиган бўлса, 2018 йилга келиб бу кўрсаткич  20 минг нафарга етди.

Божхонадан ўтиш жараёни соддалаштирилди

Биргина “Ғишткўприк” чегара-божхона пости орқали 2016 йилда ҳаракатланган фуқаролар 5,2 млн. нафарни ташкил қилган бўлса, 2018 йилда 10,2 млн. нафарга етди. 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида эса 3 млн. нафар жисмоний шахслар ҳаракатланган.

Табиийки, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган йўловчилар оқимининг ортиши бу ерда мавжуд инфраструктура ва шароитларни янада яхшилаш ва кенгайтиришни тақозо этади. Айни шу заруратдан келиб чиқиб, “Ғишткўприк” чегара божхона постида яқинда янги бино фойдаланишга топширилди.

Бу ерда фуқароларнинг чегара ва божхона назоратидан ўтишлари учун барча шароит яратилган. Хусусан имконияти чекланган фуқаролар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилган. Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш мақсадида сайёҳлар учун ҳам алоҳида йўлаклар мавжуд. Бир сўз билан айтганда, бу ерда эндиликда бир кунда 40 минг нафар фуқароларнинг ҳаракатланишлари учун қулайлик яратилди.

Ёки “Тошкент халқаро аэропорти” чегара-божхона постини олайлик. 2018 йил 1 январдан бошлаб бу ерда жорий қилинган икки йўлакли тизим – “яшил” ва “қизил” йўлаклар ҳаво йўллари орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахсларнинг божхона кўригидан ўтиш жараёнини янада соддалаштирди.

Статистик маълумотларга кўра, тизим жорий этилганидан буён божхона назоратидан ўтган  4.5 млн. дан ортиқ йўловчиларнинг  96 фоизи “яшил” йўлак орқали харакатланган.

Постларга ўрнатилган техник кўрик қурилмалари нафақат қонунбузарликни аниқлаш, балки фуқаролар ва тадбиркорларнинг вақтларини тежашга ҳам ёрдам беради. Масалан, инсон танасини сканер қилувчи замонавий сканер қурилмаси ҳозирда синовда ўтказилмоқда. Унинг кўмагида ҳозирга қадар йўловчилар томонидан тана аъзоларига беркитган ҳолда олиб ўтилаётган 1,3 кг. оғирликдаги заргарлик буюмлари тўхтатиб қолинди.

Хавфсиз юклар – «яшил йўлакка»!

Жорий йилнинг 1-мартидан бошлаб Давлат божхона қўмитаси товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати ва расмийлаштирувида Хавфни бошқариш тизимини жорий қилди. Эндиликда ушбу тизимда тадбиркорларнинг юклари махсус «яшил», “сариқ”, “қизил” ва «кўк» йўлакларга ажратилган ҳолда божхона назоратидан ўтказилмоқда. Бу тизим таҳлилига кўра постдан ўтишда хавфли ёки хавфсиз деб топилган профиллар 4 та йўлаклардан бирига йўналтирилади.

«Яшил йўлак». Бу йўлакка хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситалари йўналтирилади. Божхона назорати шакллари уларга нисбатан амалга оширилмайди.

 «Сариқ йўлак». Бу тартиб божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавфи даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади. Улар божхона кўригидан озод қилиниб, фақат ҳужжатли назорат ўтказилади.

«Қизил йўлак». Бу божхона назоратида хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга деб топилган тадбиркорлар юки бўлиб, уларда барча божхона текширувлари амалга оширилади.

 «Кўк йўлак». Бунда хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танлов асосида аниқланган товарларга нисбатан божхона назорати шакллари улар чиқариб юборилгандан сўнг амалга оширилади.

Автомат тизим корруцияга йўл қўймайдими?

Бу тизимда инсон омили бутунлай чиқариб ташланган. Ҳамма иш автоматлаштирилган ҳолда бажарилади. Шунинг учун таниш-билиш ёки коррупция йўли билан имтиёзли гуруҳга кириб олиш имкони йўқ. Негаки автомат дастур ҳар бир бажарилган операцияни таҳлил қилиб боради.

Товарларини яширган ёки ҳужжатларни сохталаштирган тадбиркорларни ҳам тез аниқлайди ва кимки нотўғри ҳужжат топширган, даромадини яширган ёки солиқларни тўламаган бўлса қизил йўлакка ўтказилади. Шу тариқа яна барча текширувлардан ўтади ва божхона тартиб-таомилларидан тўлиқ ўтишига тўғри келади.

Божхона органларида хавфни бошқариш тизимини қўллаш орқали қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш, назоратни тезлаштириш, ҳалол тадбиркорларни рағбатлантириш имкони яратилди.

Хавф-хатарлар бўлмаса ёки минимал даражада бўлса, божхона расмийлаштирувининг энг содда технологиялари қўлланилади ва транспорт воситаларининг ортиқча кутиб қолиши, юкларни божхона терминалларида сақлаш билан боғлиқ харажатларга йўл қўйилмайди.

Хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизимидан самарали фойдаланиш натижасида 2019 йил март ойига қадар 135 та ҳолат аниқланиб, 6,3 млрд. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланган.

Ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш учун нима қилиш керак?

2019 йил 1 февралдан бошлаб мамлакатимизда инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилди.

Жумладан, яқинда республикамизда фаолият кўрсатиб келаётган 5 та тадбиркорлик субъекти мамлакатимиздаги илк ваколатли иқтисодий операторлар мақомига эга бўлишди.

Улар “А” тоифасидаги ваколатли иқтисодий операторлар сифатида эндиликда божхона операциялари ва назоратини амалга оширишдаги махсус соддалаштиришлардан фойдаланишади.

Ваколатли иқтисодий оператор дегани нима?

Ваколатли иқтисодий оператор — божхона операцияларини амалга оширишда соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш учун юридик шахсларга бериладиган мақом бўлиб, “А” ва “Б” тоифаларга бўлинади ҳамда тоифасига қараб, махсус соддалаштиришлар – алоҳида божхона операциялари ва божхона назоратини амалга ошириш хусусиятлари қўлланилади.

“А” тоифасидаги ваколатли иқтисодий оператор мақомини қўлга киритиш учун тадбиркорлик субъектлари қандай мезонларга мос келиши лозим? Демак:

— божхона органларига мурожаат қилингунга қадар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 174, 175, 176, 177 ва 227-22727-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун юридик шахснинг раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек, ваколатли шахсининг маъмурий жавобгарликка жалб қилинганлик ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги;

— божхона органларига мурожаат қилингунга қадар сўнгги беш йил мобайнида юридик шахснинг раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек, ваколатли шахси Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 182, 184, 189, 209, 228 ва 246-моддаларида назарда тутилган жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилган ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги;

— солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шу жумладан улар бўйича жарима ва пенялар тўлаш юзасидан қарздорлик мавжуд бўлмаслиги;

— божхона органларига мурожаат қилгунга қадар камида уч йил ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилган бўлиши;

— товарларни сақлаш учун омбор сифатида фойдаланишга мўлжалланган (фойдаланиш ёки эгалик қилиш ҳуқуқида) иншоотлар, бинолар (биноларнинг бир қисми) ва (ёки) очиқ майдончаларга (очиқ майдончаларнинг бир қисми) эга бўлиш;

— импорт ва (ёки) экспорт қилинган товарларнинг фактура қиймати йилига камида 2 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил қилиши ва сўнгги ўн икки ой мобайнида камида 100 та импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияси расмийлаштирган бўлиши ёки тўланган божхона тўловларининг суммаси энг кам ойлик иш ҳақининг камида 20 000 баробарини ташкил қилиши ва камида 50 та импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияси расмийлаштирган бўлиши лозим.

Эслатиб ўтамиз:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5582-сон Фармони билан 2019 йил 1 февралдан бошлаб, мамлакатимизда инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлари институти жорий этилди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 апрелдаги “Ваколатли иқтисодий оператор институтини жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида” 363-сон қарори билан Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Ваколатли иқтисодий операторлар реестри Давлат божхона қўмитаси расмий веб-сайтига жойлаштирилди ва доимий равишда янгилаб борилади.

ЧЕТ ЭЛДА ҚАНДАЙ?

Қўшни давлатларда ҳам ваколатли иқтисодий операторлар тизими мавжуд. Аммо бундай тоифага кириш талаблари бирмунча қаттиқроқ. Масалан бу реестрга кириш учун тадбиркор 1 млн доллар кафолат суммасини “музлатиб” божхона депозитига қўйиши керак. Бизда эса бундай талаб йўқ. Лекин бизда тадбиркор бир марта хатога йўл қўйса, яъни маъмурий жавобгарликка тортилса бир йилгача бу реестрга киритилмаслиги белгилаб қўйилган. Агар у жиноий жавобгарликка топтилса 3 йилгача ваколатли оператор рўйхатига ариза бериш ҳуқуқидан махрум бўлади ва бу давр мобайнида фақат қизил йўлакдан ўтишга мажбур. Демак тадбиркор фаолиятидаги ҳар бир ўзгариш бўйича мажбурий равишда божхонага ахборот бериб боришлари керак.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: