Овозли хабар:
- Сиз ҳам сезяпсизми, интернет тармоқларидан, ойнаи жаҳондан узатиладиган агрессив маълумотлар асабларимизга қўшимча юк бўлиб тушмоқда. Тўғри, замон билан ҳамнафас бўлиш, ён-атрофимизда, жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан, янгиликлардан бохабарлик яхши, албатта. Аммо…
— Кейинги пайтларда ОАВда, хусусан интернет нашрларида агрессив тилдан фойдаланиш урф бўляпти, — дейди блогер, филология фанлари доктори, DSc Беруний Алимов. — Агрессив тил, муносабат орқали ўқувчиларнинг кўпроқ эътиборига эга бўлишга, Кликбейтингни кўпайтиришга ҳаракат қилинади. Натижада эса инсонларнинг камситилишига, бир давлатнинг иккинчи давлат устидан юқори қўйишга ёки бир миллатнинг иккинчи миллат урф одатлардан юқорироқ қўйишга бўлган ҳаракатларни кузатиш мумкин.
— Айнан шу мавзуни бугун таҳлили қиладиган бўлсак, бир вақтлар хорижда ҳам ана шундай маълумотлар тарқалишни бошлаган, — дейди тележурналист Аҳрор Зиё. — Қизил, қора, сариқ каби матбуот мавжуд. Ва ОАВ ўзларининг маҳсулотини сотиш учун бевосита сариқ матбуотга кўпроқ мурожаат қилишган, яъни шов-шувли хабарларга, қайсидир санъаткор ўзини осиб қўйгани ёки қайсидир бола ўз жонига қасд қилгани ва қайсидир аёл ўзига ўт қўйиб юборгани ҳақидаги хабарлар бир вақтлар Америкада ҳам урф бўлган. Америка бевосита шу сариқ матбуотга атаб, “сариқ бола” журналини ишлаб чиққан. Унда фақат шов-шувлар хабарлар бўлган. Ва чет эл давлатлари бошидан ўтказган даврлар Ўзбекистонга ҳам етиб келди. Мамлакатимизда ҳам шов-шувли хабарлар, тезроқ ўқиладиган, тезроқ кўриладиган ва кўпроқ томошабинига эга бўладиган саҳифалар, контентлар пайдо бўлди.
— Мамлакатимизда илгари бундай ахборотлар камроқ ёритиларди, — дейди тележурналист Гулнора Ғиёсова. —Илгари ёпиқ эди, кўрсатилмас эди. Йиллар ўтган сайин энди бизда ҳам тез-тез эълон қилинадиган бўлди. Инсонга қайсидир йўналишда чеклов қўйилса, ўшанга қизиқиш ортади. Сўнги пайтларда эълон қилинаётган бу каби материалларга аҳолида қизиқиш уйғотди.
Жамоат фаоли, Жамилахон Ахмедова эса шундай изоҳлайди: «Ўзбек сериалларини кўрсангиз ҳар бирида фақат оиладаги келишмовчилик муаммоси кўрсатилади. Ўзбекнинг бахтли яшаётганини кўрсатилиши жуда ҳам кам. ОАВда никоҳ тўйида келинга куёв тарсаки туширган ҳолатларини 22 000 одам кўрибди».
«Интернет тармоқларида тарқалаяпти. Бу ҳам жуда салбий ҳолат. ТВда бу ҳолатни қайта қайта кўрсатилиши ҳали аёлига қўл кўтармаган эркакка нисбатан, ҳа, демак, шу ишни қилса бўлар экан, деган фикрни ҳам етказиб беряпти».
- Албатта, охирги пайтлар одамнинг этини жўнжиктирадиган ёмон хабарлар ҳам кўпайиб боряптики, инсон руҳиятига, кайфиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти. Энг ёмони эса «ўлдирди, пичоқлади, портлатди, ёқиб юборди…» каби хабарларнинг кундалик истеъмоли бора-бора одамда бундай ҳолатларга кўникма ҳосил қилиб қўяётгандай назаримизда. Яъни ўта мудҳиш ҳодисаларга ҳам оддий бир ҳолдек қараш юзага келмоқда. Нега бундай хабарлар ёритиляпти? Мақсад нима?
— Бунинг асосий мақсади ҳам ўқувчиларни кўпайтириш, ҳам аудиторияни кўпайтириш, — дейди Беруний Алимов. —Бу орқали эса дезинформацияга йўл қўяди, яъни дезинформация орқали одамларни чалғитишга ҳаракат қилишади. Реклама берувчиларни ҳам эътиборини қаратишга ҳаракат қилишади. Мақсад нима? мақсад, уларнинг аудиторияси қанча кўп бўлса, реклама берувчилар ҳам ҳамкорлик қилишга қизиқишади. Яъни, у ерда ёлғон хабар тарқаляптими, агрессив тилдан фойдаланияптими, афсуски реклама берувчилар бунга эътибор беришмайди.
— Ҳар доим эмас, ва шуни инобатга олиб айим телеканаллар, блоклар ўзининг рейтингини кўтариш учун фойдаланяпти деган гап сўзлар ҳам қайсидир маънода тўғри. Сабаби телеканал, турли сайтлар, блоклар рейтингини кўтаришга керак бўляпти, — дейди блогер, журналист Шокиржон Нормуҳаммадов.
—“Ўлдирди, сўйди” каби хабарларни тўхтатмоқ керак, — дейди журналист Аброр Зоҳидов. — Вазият ўта қалтис – “Ўлдирди, сўйди” каби хабарлар ҳаддан ортиқ кўпайиб кетгандек. Аслида қотилликлар, оғир жиноятлар сони камайиб бормоқда. Аммо бизнинг фикримизча ундай эмас. Бунинг сабаби ўта кучли ахборот оқими.
Устоз журналист Муҳаммаджон Обидов шундай ёзади:
Тележурналист Шуҳратжон Ҳайитов: —Ўзбек телеканалларида урфга айланган ток шоу каби кўрсатувлар халқ учун, миллат учун, кенг томошабин учун нима бермоқда?
Яна ҳам ачинарлиси, ким кўп гапирса, оғзини йиртиб бақир-чақир қилса, шу энг зўр теледастур сифатида баҳоланмоқда. Хатарлиси, “фикр” ниқобидаги фитналар пайдо бўлаяпти. Бундай фитналар ўзини “мен эркин фикрлиман” деб бонг ураяпти ва баъзиларни чалғитиб юбораяпти. Дийдамиз қотиб бормоқда, эътибор беринг, аввалига “ўйнаши билан келишиб, эрини пичоқлаб ўлдирган хотин”, “ўз ўқитувчисини аямай калтаклаган ўқувчилар”, “ўз укасининг хотинига кўз олайтирган ака”, “ўғил ўз отасини пичоқлаб ўлдирди” каби сарлавҳаларни катта ҳарфлар билан ёзиб баралла эълон қилиб одамларни ўргатишди. Энди эса ана шундай мавзулар ҳақида фикр алмашишса ҳам фақат чапак чаламиз.
— Сўнгги кунларда ахборот макони аҳволи мениям ташвишга соляпти, –деб ёзмоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умиджон Жабборов. Тўғриси, одам чарчаркан… “авария”, “ўлди”, “ўлдирди”, “ёнди”, “қулаб тушди” ва ҳоказо… Мен, депутат сифатидаям, фуқаро сифатидаям, фақат ҚОНУНни ёқлайман. Албатта, ёзилган қонунлар бор ва улар амалда. Аммо, афсус билан айтаман, бу ҳаётда ёзилмаган қонунлар ҳам бор, ҳатто ёзилганидан кўра кучлироқ. Бу – Инсонийлик қонуни. Хуллас, бугунги ахборот майдони бачканалашиб, талотўп бўлиб кетди. Тўғри, ҳаёт фақат яхши нарсалардан, эзгу хабарлардан иборатмас, аммо қайси нигоҳ ва онг билан қараш танлови берилган Одамга.
- Майли буни ҳам бугунги кунда керак дейлик, лекин жиноий хабарлар, инсон ҳаётига турли таҳдидларга оид ахборотлар одам онгига зарарли таъсир қилмайдими? Масалан, бундай хабарларни кунда ўқиган одамда бобо-бувилар «эти қотган», деб айтганидек, кўникма ҳосил бўлади. Бунақа воқеаларни биринчи марта эшитганда, «воой, йўғе!», дея ҳайратланган одам бир ойдан кейин оддий қараши, ҳаттоки эътиборсиз, «шундай бўлиши керак экан», қабилида қабул қилиши мумкин. Бунга мутахассислар нима дейди?
— Тўғри, сариқ матбуотни қисман томошабинга тақдим этяпмиз. Ва уни шунчаки ахборот сифатида етказиш керак эмас, деб ўйлайман, — дейди тележурналист Аҳрор Зиё. — Чунки, мисол учун «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида аёл ўзига ўт қўйиб юборди» материали эълон қилинди. Аёллар асосан маълумотларни тез қабул қилишади. Улар маълумотларга тақлидчан бўлади. Бир марта қилиб кўрсакмикин, мана шу тақлидда қўрқитиб кўрсаммикин, деган томошабинда ўй бўляпти. Шунинг учун мана шундай ахборотларни таҳлил қилиб беришимиз керак.
— Агрессив маълумотларни очиқ ойдин тарқатиш инсонлар онгига таъсир қилиши мумкин. Айрим телеканаллар, блоклар ўзининг рейтингини кўтариш учун фойдаланяпти, деган гап сўзлар ҳам қайсидир маънода тўғри. Сабаби телеканаллар, турли сайтлар, блоклар рейтингини кўтаришга керак бўляпти. Лекин ҳаддан зиёд ортиб кетишиям одамларнинг меъдасига тегади. Ўз маромида берилгани яхши, — дейди блогер, журналист Шокиржон Нормуҳаммадов.
— Лекин охирги пайтлар кузатсангиз, аҳоли ҳам бундай ахбортлардан чарчаган. Кўпроқ ўша таҳлилий ахборотларни, материалларни кутади. Одамларда ҳам бу нарсадан қайтиш бошланди. Демак, аудитория бу нарсадан қайтяпти, — деди тележурналист Гулнора Ғиёсова. — Шунга эътибр қаратиб, имкон қадар мана шундай салбий руҳдаги ахборотларни камроқ эфирга берилгани маъқул.
И.Абдужабборов.