Сунъий интеллект келажаги ва глобал интеграция

“ICТWЕЕК 2023” ҳафталиги доирасида “Сунъий интеллект келажаги ва глобал интеграция” мавзусида халқаро саммит бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 26-октябр куни пойтахтимизда рақамли технология вазирлиги томонидан “ICТWЕЕК 2023” ҳафталиги доирасида “Сунъий интеллект келажаги ва глобал интеграция” мавзусида халқаро саммит бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда бир неча етакчи хорижий компания ва ташкилотларнинг сунъий интеллект йўналишида фаолият олиб борадиган экспертлари ва раҳбарлар ўз тақдимотлари орқали эришилаётган ютуқлар, тажриблар, шунингдек, соҳадаги муаммолар ҳақида мулоҳазалар олиб бордилар.

Саммитда 100дан ошиқ соҳа мутахассислари, янги инновация ва технологияларга қизиқувчи талабалар ҳамда ОАВ ҳодимлари тадбирда қатнашиб, ушбу мавзуга оид етарлича кўникмаларга эга бўлдилар.

— Халқаро саммитни ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсад сунъий интеллект технологияларини ҳаётга татбиқ қилиш бўйича энг сўнгги халқаро тажриба билан танишиш ва фикр алмашишдан иборат. Шунингдек, сунъий интеллект ва шу каби технологияларни давлатимизда ҳам ривожлантириб, таълим ва тиббиёт соҳасида кенг талқинда фойдаланишни мақсад қилганмиз.

Институтимиз 2021- йилда ташкил этилган бўлиб,  ҳозирга кунда “Amazon”, “KOILA”, “Huawei”, “UZINFOCOM”, “VEON”, “Yandex”, “Sber” каби бир нечта уюшмалар билан ҳамкорликда фаолият олиб бориляпти. Асосий вазифаларимиздан бири “Рақамли Ўзбекистон 2030-стратегия”сини амалга ошириш, шунингдек, қабул қилинган кўплаб белгиланган вазифаларни бажариш ва уларни амалга оширишда сунъий интеллект ва рақамли технологиянинг ёрдами қандай аҳамият касб этишини намоён қилиш. Шу нуқтаи назардан институтимизнинг ўз олдига қўйган вазифалари бисёр ва бу борада ҳали катта ютуқларга эришамиз, — дейди, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмийтадқиқот институти директори Анвархўжа Қодиров.

Ҳулоса қилиб айтганда, бўлиб ўтган тадбир  нафақат тиббиёт, таълим, балки банк ва турли йирик жабҳаларда сунъий интеллект ва рақамли технологияларни қўллаш, шунингдек, ушбу ютуқларга эришган ташкилотлар билан тажриба алмашиш, ҳаётга жорий қилиниши керак бўлган муҳим тизимларни ва технологик ривожланишларни ўрганиш, ишларини таҳлил қилиш ва умумий муҳокамадан иборат бўлди.

                                              Робияхон  ЭРКИНХЎЖАЕВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: