Global Digital Heritage компанияси техник директори Милош Лукаш Амир Темур ва унинг авлодлари ҳукмронлик қилган даврни виртуал реалликда қайта яратмоқчи. Бу ҳақда мутахассис Тошкентда бўлиб ўтган Маданий мерос ҳафталиги доирасида айтиб ўтди.
«Биз ерда, дронлар ёрдамида ва лазерли сканерлаш технологиясидан фойдаланиб олинган 60 000 га яқин суратдан фойдаланиб, 3D моделлар яратдик. Моделлар ўз ҳолатида тайёр бўлди. Лекин эндиликда лойиҳамизнинг навбатдаги босқичи — виртуал реаллик яратиш. Бу шундай бўладики, одамлар моделлар ичида сайр қилишлари, уларни яқиндан ҳатто энг майда детални бир миллиметргача кўра олишлари мумкин бўлади. Улар учун қийин етиб бориладиган жойларга бориш керак бўлмайди; улар барча маълумотларни офисларида ўтирган ҳолда осонгина ўрганишлари мумкин», деди Милош Лукаш.
Лукаш ўз лойиҳасини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази учун тайёрламоқда.
«Шарқ Ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар» Ўзбекистон Маданий мерос ҳафталиги 18 октябрдан 27 октябргача Тошкентда бўлиб ўтмоқда. Унда 100 дан ортиқ хорижий олимлар ва экспертлар иштирок этмоқда. Ҳафталик доирасида конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотлар ўтказилади. Жумладан, «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мегалойиҳаси ва ИЦМ музей залларининг экспозицияларини кучайтиришга, шунингдек, Имом Бухорий инновацион музейига қаратилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтади.
Ислом цивилизацияси маркази — Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган, ислом динини эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб қилиш ғояси доирасидаги лойиҳа.