
Тугунбулоқдаги қазиш ишлари бир неча йил аввал бошланган бўлиб, археологлар мураккаб рельеф сабаб ҳудудни дронлар ёрдамида, хусусан лидар сканерлаш технологияси орқали ўрганган. Айнан шу усул ер остига яшириниб қолган деворлар, миноралар, ҳунармандчилик зоналари ва металл эритиш майдонларини аниқлашга имкон берди.
Тадқиқотларга кўра, шаҳар 300 акрдан ортиқ — яъни 1,2 квадрат километрдан кўпроқ ҳудудни эгаллаган. Бу ўша давр учун кичик қишлоқ эмас, балки анча йирик ва тузилмаларга эга бўлган марказ бўлганидан далолат беради.
Шаҳар денгиз сатҳидан тахминан 2 100 метр баландликда жойлашгани билан ҳам ажралиб туради. Мутахассислар фикрича, бундай ҳудудда йирик металлургия марказининг мавжудлиги тоғлар Ипак йўли иқтисодий тизимида бундан олдин ўйланганидан анча муҳим роль ўйнаганини кўрсатади. Кўп йиллар давомида тарихчилар савдо карвонлари асосан воҳалар ва катта шаҳарлар атрофидан ўтган деб ҳисоблаб келган бўлса, янги топилма тоғлар ҳам металл, ёғоч, чорвачилик маҳсулотлари ва бошқа хом ашё билан таъминловчи стратегик нуқта бўлганини кўрсатмоқда.
Археологлар аниқлаган маълумотларга кўра, Тугунбулак ҳудудида кўчманчи ва ўтроқ аҳоли фаолиятининг уйғунлашган шакли кузатилади. Бу эса илмий доираларда кўп муҳокама қилинаётган «номад урбанизми» тушунчасига реаллик бағишламоқда. Ҳудудда топилган металл эритиш печлари, устахоналар, қоришма темир шлаклари ва қурилиш излари — бу ерда бир вақтнинг ўзида ҳунармандчилик ва чорвачиликка асосланган мураккаб иқтисодий тизим мавжуд бўлганини кўрсатади.
Шу билан бирга, шаҳар кимлар томонидан бошқарилгани ҳақида аниқ хулоса ҳали йўқ. Баъзи тадқиқотчилар Марсманданинг туркий элита томонидан назорат қилинганини таъкидласа, бошқа бир қатор олимлар сўғдий савдогарлар ва маъмурлар бу ерда муҳим рол ўйнаган деб ҳисоблайди. Тарихий манбалар бир-бирига яқин бўлса-да, Тугунбулакдан топилаётган буюмлар икки маданиятнинг аралашганини кўрсатмоқда.
Ҳудуддаги энг таъсирли топилма ташландиқ бинода қазилган чуқурда топилган 7 аср туркий жангчисининг дафн маросими бўлди. Скелет билан бирга от суяклари, темир ўқ учлари, пўлат ханжар, бронза сирғалар ва бўри юзи туширилган кичик бронза тугма — эҳтимол туркий тамга, уруғ рамзи — топилди. Жангчининг камарига осилган қайин пўстлоғи халтасида учта танга бор эди, улардан бирида осиёлик хусусиятларга эга узун сочли қиролнинг портрети ва сўғд тилида ёзув бор эди.