
АҚШ
Янги йил деса ўзбекистонлик болаларнинг хаёлига биринчи бўлиб, “Уйда ёлғиз” фильми ва ундаги афсонавий ўғрилар гавдаланди. Айнан шу фильм суратга олинган АҚШда янги йилга тайёргарлик ноябрь охирларида бошланади. Америкалар бу байрамни асосан ресторан, кафе, клубларда, камдан-кам ҳолда уйда нишонлайдилар. 31 декабрь куни ранг-баранг мушакбозлик, гала-концертлар, байрам намойишлари ўтказилади. Янги йилнинг энг қизғин намойиши Нью-Йоркдаги марказиё майдон – Таймс-скверда бўлади. Соат 12.00 га яқинлашганда мўъжизакор шар осмонга учирилади ва одамлар бир-бирига яхши тилаклар айтиб, байрам билан қутлайдилар.

Буюк Британия
Буюк Британияда «Янги йилни киритиш» маросими мавжуд. Вестминстер саройи – Биг-Бен улкан соат 12.00 га бонг ура бошлаганда бир эшик очилиб, ундан эски йил чиқариб юборилади. Соат миллари роппа-роса 12.00 бўлганида эшикдан Янги йил кириб келади.
Испания
Испанияда Янги йил кечасида одамлар катта ва кичик шаҳарларнинг марказига йиғилиб, Янги йил киришини кутадилар. Бу жараён ойнаи жаҳон орқали намойиш этилади. Испанларда 12 дона узум истеъмол қилиш анъанаси бор. Соат ҳар бонг урганида бир дона узум ейишади ва Янги йил тилакларини айтишади. Бу маросим илк маротаба 1897 йил декабрь ойида ўтказилган.

Япония
Японияда 1 январь «Гандзитсу» – миллий байрами куни. Бу куни минглаб одамлар янги йилни гуноҳлардан пок ҳолда кутиш учун ибодатхоналарга келадилар. Шу куни почта орқали жуда ҳам кўп откриткалар юборилади, одамлар оила аъзолари, дўстлари, танишлари учун махсус откриткалар ясашади. Бу усулда табриклаш 1874 йилдан, яъни Японияда биринчи бор почта ишга тушган йилда бошланган.
Шунингдек японларда бу байрамда яхши ният қилиб, хонадон 3 та махсус новда билан безатилади:
Бамбук новдаси – болар тез ўсиши учун.
Олча новдаси – уй эгалари омадли ва муваффақиятли бўлиши учун.
Олхўри новдаси – оила аъзолари узоқ умр кўриши учун.
Янги йилнинг махсус таоми – Осэти рёрини тановул қилишади, одамлар бу овқатни байрам куни иш қилмаслик учун декабрнинг охирги ҳафтаси бошидаёқ тайёрлаб қўйишади.
Германия
Янги йилни немислар уйда нишонламайдилар. Шаҳарларнинг марказий кўчаларида, кафе, ресторанларда байрам қиладилар. Энг катта байрам Берлинда бўлади. 2 кмлик масофадаги байрам шоуси тонггача давом этади. Бу байрам шоуларининг энг муҳим қисми: безатилган арча. Олмонлар қадимдан арчани муқаддас дарахт деб ҳисоблашади.
Австралия
Австралияликлар дунёда энг биринчи бўлиб Янги йилни кутиб оладилар, чунки, байрамни Ёзда нишонлайдилар. Барча байрам тадбирлари очиқ осмон остида ўтади. Пойтахт – Сиднейда ярим тунда дунёдаги энг катта мушакбозлик шоуси бошланади. Мельбурнда рақс кечалари ўтказилиб, 500 мингга яқин саёҳатчилар йиғилади. Брисбенда жонли ижрода мусиқавий концертлар ўтказилади. Бу концертларда бутун мамлакат ёшлари иштирок этади.

Италия
Эртаклар диёри – Италияда деярли қор ёғмайди. Болалар Қорбобони билишмайди, аммо, байрам қилишади. Янги йил Саподанна дейилади. Римда оммавий концертлар, мушакбозлик шоулари ўтказилади. Итальянлар эски буюмларини эшик-деразалардан улоқтиришади. Бу орқали ўзларига янги омад, янги бахт тилайдилар.
Греция
Грецияда Янги йил нафақат байрам балки Авлиё Василийни эслаш куни ҳамдир. Янги йил кечасида болалар пойабзалларини камин олдида қолдириб, Авлиё Василийдан совға кутадилар. Байрам дастурхоннинг асосий таоми – василопита. Бу хамир, ёввойи мевалар ва ёнғоқлар билан безатилган пирог. Пирог бўлаги ичидан танга чиққан киши – Янги йилда энг бахтли одам бўлади.
Шунингдек, юнонлар яқин одамларига катта ўлчамли тошлар ҳадя қилади. Шу орқали улар ўз дўстлари ва оиласига моддий фаровонлик тилайди. Қадимий анъанага кўра оғир тош пул тўла ҳамённи англатади.
Куба
Соат 12.00да, Янги йил арафасида кубаликлар уйларидаги барча идишларни сув билан тўлдириб, кейин ташқарига тўкиб ташлайдилар. Шундай қилиб улар келаётган Янги йилни сувдек мусаффо ва тоза ҳолда кутиб оладилар. Кубаликлар фикрича, соат 12 марта бонг урганида 12 дона узум ейиш – келгуси йилдаги бахт ва фаровонлик белгиси. Кубада арча ўрнига маҳаллий игнабаргли ўсимлик – Араукарияни безашади. Болалар эса Қорбобога эмас, ижобий характерли сеҳргарлар – Гаспар, Бальтазар ва Мелчорга хат ёзади.
Болгария
Болгарияда Янги йил байрами пайтида уйларда чироқлар уч дақиқага ўчирилади. Бу пайтда ёруғда ўпишга журъат қилолмаган одамни ўпиш имкони туғилади.
Болалар эса 1 январь куни қўлларида «догвоод» дарахтидан ясалган таёқчаларни олиб, катталарни табриклаш учун боришади. Улар ўз совғаларини қўлга киритиш учун, таёқчаларни тақиллатишади.

Ҳиндистон
Ҳиндистонда Янги йил дунёнинг ҳар қандай мамлакатидан кўра кўпроқ ва кўтаринки руҳда нишонланади. Анъанавий Ҳинд Янги йили – Гуди Падва март ойининг биринчи ҳафтасида бўлиб ўтади.
Яна бир Янги йил байрами бу – Бенгалия Янги йили, яъни Холи байрами. Бўёқлар фестивали кўклам ойларида оммавий тарзда ўтказилади. Биринчи куни Холика маъбудасининг тулумини ёқиб, чирва молларини аланга устидан ҳайдашади ва кўмир устидан юришади. Кейин вақтичоғлик қилишади, бир-бирига ранг-баранг бўёқлар сепишади.
Таиланд
Таиландликлар Янги йилни уч марта нишонлашади: Европа Янги йили, Хитой Янги йили ва ўзларининг ўзгарувчан байрами – Сонгкран. Сонгкран апрель ойида бир неча кун кетма-кет нишонланади. Бу вақтда тайлар бир-бирларига бахт тилаб, бошдан-оёқ сув қуйиш учун кўчага чиқади. Таиландликлар қанчалик тез ва кўпроқ ҳўл бўлишса, Янги йил шунчалик кўп бахт келтиришига ишонишади.
Микронезия
Микронезия оролларида аҳоли ёвуз руҳларни чалғитиш учун ҳар йили Янги йилда ўз исмларини ўзгартиради. 1 январь куни тонгда оғизларини кафтлари билан беркитиб, бир-бирлари билан маълумот алмашишади ва ёвуз руҳ ҳеч нарса эшитмаслиги учун ноғора чалишади.
Панама
Янги йил куни Панама кўчаларида сиёсатчилар, спортчилар ва бошқа таниқли шахслар қиёфасидаги қўлбола қўғирчоқлар ёқиб юқорилади, аммо, бу панамаликлар кимгадир ёмонлик тилайди дегани эмас. Қўғирчоқлар «мунесо» деб аталади ва ўтган йилдаги қийинчиликларни англатади. Уларнинг фикрича, агар ҳашакли қўғирчоқлар ёқилса, келгуси йилда ҳеч қандай қўрқув ва муаммо бўлмайди.

Бельгия
Бельгияда Янги йилда болалар ота-оналарига табрик мактуби ёзишади ва мактублар ўқилгач, болаларга совғалар берилади. Баъзи оилаларда 6-7-8 январь кунлари ҳам байрам қилинади, болаларга тож кийдириб, ширинликлар беришади. Бу кунлар Эпифания – Уч подшоҳ куни сифатида Янги йил тантаналари рўйхатига киради.
Бельгияда Янги йилни нишонлашнинг ғайриоддий анъаналаридан бири бу сигирларни табриклашдир. Фермерлар 1 январь куни эрта тонгда сигирларнинг ёнига бориб, уларни Янги йил билан табриклайди.
Дунёнинг қайси четида бўлмасин, Янги йил эзгулик байрами. Қорбобо ва Қорқиз яхши болаларга совға беради, ёмон болалар қуруқ қўл билан қолади. Арча ёки бошқа дарахтлар тинчлик ва фаровонлик тимсоли. Қайси мавсумда нишонланишидан қатъий назар Янги йил бахт, омад ва яхшилик келтиришига ишонилади.