
Мазкур воқеадан сўнг Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Тожикистондаги элчисини чақиртириб, расмий нота топширди. Унда ҳодиса “миллатга нафрат асосида содир этилган жиноят” сифатида баҳоланиб, Россия томонидан тезкор, холис ва беғараз тергов ўтказилиши, шунингдек, барча айбдор шахслар қонун доирасида қатъий жавобгарликка тортилиши талаб қилинди.
Тожикистон ТИВ, шунингдек, Россиядаги Тожикистон элчихонасига марҳум боланинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиш ва ушбу масалани тўлиқ назоратга олиш топширилганини маълум қилди.
Қотиллик тафсилотлари
Фожиа 16 декабрь куни эрталаб содир бўлган. 15 ёшли 9-синф ўқувчиси Тимофей К. мактабга пичоқ билан келган ва ҳаракатларини видеога ёзиб олган. Видеоёзувларда унинг синфдан синфга юриб, маълум бир ўқитувчини излагани акс этади. Бироқ у ўқитувчининг қайси синфда дарс беришини эслай олмаган. У кирган синфлардан бирида ўқитувчи ундан кимни қидираётганини ва нима қилмоқчи эканини сўраганида, ўсмир турли ҳақоратли ва таҳдидли жумлалар билан жавоб берган. У: “Ранги тўқроқ… синфини эслай олмайман”, “Қандай лохман”, “Барибир умрбодга ўтираман”, “[Нима қилганимни] Википедияда ўқийсиз”, дея гапирган. Маълум бўлишича, унинг асл нишони математика ўқитувчиси — 29 ёшли Мария К. бўлган. У Тимофей ўқийдиган синфда ўриндош ўқитувчи бўлиб ишлаган ва йигитни дарсларни яхши ўзлаштирмагани учун тез-тез танқид қилиб келган.
Йўлакда ўсмир ўқитувчи ва бир гуруҳ ўқувчиларни учратган. У уларнинг қайси миллатга мансублигини сўраган ва пичоқ билан таҳдид қилган. Қоровул вазиятга аралашмоқчи бўлган, бироқ Тимофей аввал унинг юзига баллончикдаги суюқликни сепган, сўнг пичоқ билан зарба берган. Натижада қоровул юз терисининг кимёвий куйиши ва бел соҳасидан жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Ўқитувчи бошқа барча ўқувчиларни яширишга муваффақ бўлган, бироқ Қобилжон Алиевни қутқариб қололмаган. Ўсмир бола Қобилжонни қувиб етиб, унга бир неча марта пичоқ урган. Олинган оғир жароҳатлар сабаб 10 ёшли ўқувчи вафот этган.

Ҳужум қилган шахс воқеа жойида қўлга олинган. Москва вилояти Тергов қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан «Қотиллик» моддаси бўйича, бир нечта қисмни ўз ичига олган жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Марҳум боланинг онаси айни шу мактабда фаррош бўлиб ишлаган. Қотил эса ҳужумга бир неча кун давомида тайёргарлик кўрган. У 11 саҳифалик “Менинг ғазабим” номли манифест ёзиб, уни синфдошларига юборган. Ушбу матнда жамиятга бўлган нафрати, одамларни миллат ва динга ажратиши очиқ ифода этилган. Ҳужумдан олдин Тимофей мактаб ҳожатхонасида кийимини алмаштирган ва “Но Ливес Маттер” (“Кимсанинг ҳаёти муҳим эмас”) ёзуви туширилган футболка кийган. Бу ёзув зўравонлик ва инсониятни йўқ қилиш ғояларини тарғиб қилувчи қарашларга ишора сифатида баҳоланмоқда.
Қобилжон Алиевнинг жасади олиб чиқилган уй ҳозирга қадар очиқ бўлиб, бу ерга Тожикистоннинг турли ҳудудларидан одамлар келиб, марҳумнинг оиласига ҳамдардлик билдирмоқда.
Муносабат
22 декабрь куни Тожикистон ва Россия президентлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Россия президенти Владимир Путин ушбу ҳодисани теракт деб баҳолаб, Қобилжоннинг оиласига ҳамдардлик билдирди ва айбдорлар, албатта жазоланишига ваъда берди. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон эса бундай жиноятчилар дунёда етарлича эканини таъкидлаб, Путиндан терговни шахсан назоратга олишни сўради.
Шунингдек, Қобилжон Алиевнинг онаси Нилуфар Сафоевага Тожикистонда давлат номидан уй-жой берилди. Бу ҳақда 22 декабрь куни марҳум боланинг қариндошлари маълум қилган. Қобилжоннинг қариндоши Шерзод Ализоданинг айтишича, уй давлат томонидан тақдим этилган.
10 ёшли болакайнинг ўлдирилиши ортидан билдирилган сиёсий баёнотлар, ваъдалар ва ёрдам чораларидан ташқари, энг муҳим масала — бундай фожиалар қайта такрорланмаслиги учун реал ва тизимли хулосалар чиқаришдир. Акс ҳолда, фожиадан кейинги сукунат ҳам, ҳамдардлик сўзлари ҳам йўқотилган инсон ҳаётини қайтариб бера олмайди. Бу воқеа фақат бир давлат ёки бир мактаб муаммоси эмас. Бу — инсоният олдида турган, жавобсиз қолмаслиги лозим бўлган оғир синовдир. Қобилжоннинг номи энди фақат бир боланинг исми эмас — у инсонийлик, адолат ва хавфсизлик учун жиддий сабоқдир. Бу фожиа унутилмаслиги, унга сабаб бўлган омиллар чуқур ўрганилиб, келажакда бирорта бола бундай ваҳшийлик қурбонига айланмаслиги учун аниқ хулосалар чиқарилиши шарт.
ЗEБОНИСО РАСУЛОВА