
Алишер Навоий хотирасига бағишлаб ҳар йили ташкил этиладиган адабий-мусиқий кечанинг асосий мақсади буюк мутафаккирнинг маънавий ва маданий меросини сақлаш ва тарғиб қилишга қаратилган.
Таниқли шоир ва жамоат арбоби Навоий ижоди жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисмига айланган. Буюк алломанинг нафақат хотирасини улуғлаш, балки унинг ғоялари — инсонпарварлик, маданиятлараро мулоқот, тил ва анъаналарга ҳурмат руҳида битилган асарларининг замонавий дунёда долзарблигини намойиш этиш ҳам муҳимдир.

Астрахань давлат университетида бўлиб ўтган тадбирда Астрахан вилоятда яшайдиган 40 дан ортиқ турли миллат вакиллари ва барча миллий маданий жамоат ташкилотлари иштирок этди. Улар шунингдек, Алишер Навоий портрети пойига гуллар қўйиб, буюк шоирга ҳурмат бажо келтирдилар.

Бундан ташқари, Урганч тиббиёт академияси ва Урганч давлат университети вакиллари иштирокчиларни табрикладилар ва уларнинг талабалари Алишер Навоийнинг шеърларини ўқиб беришди. 400 дан ортиқ иштирокчилар буюк шоирнинг шеърларини ўқиб, ўз фикрларини билдирдилар. Маданий тадбирни телеконференция орқали кўплаб инсонлар томоша қилди.

Кечага келган фахрий меҳмонлар орасида Астрахань вилояти губернатори маъмурияти, Маданият вазирлиги, Халқаро ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Астрахань шаҳар ҳокимлиги вакиллари бор эди.

Астрахань давлат университети, Астрахань давлат тиббиёт университети, Каспий денгиз ва дарё транспорти институти ва Астрахан давлат техника университетининг фаол талабалари, Астрахан ўзбек жамиятининг ёшлар бўлими, вилоят мактаблари талабалари ва рақс ансамбллари ушбу тадбирда қатнашиб, ўз ижод намуналарини тақдим этдилар.
Шунингдек тадбир доирасида Н.К. Крупская номидаги илмий кутубхона ҳамда Ўзбек жамияти музейи ва кутубхонаси кўмагида Алишер Навоий ижодига бағишланган кўргазма ҳам ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий аҳамияти шундаки, у Астрахань ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алмашинув учун жонли платформага айланади. Астрахань тарихдан маданий мулоқот майдони бўлиб келган ва Алишер Навоий мероси халқларни узвий равишда бирлаштиради, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлайди, ўзаро тушунишни ривожлантиради ва россиялик ёшлар орасида ўзбек маданиятига қизиқиш уйғотади.

Ижодий кеча давомида Астрахань вилояти губернатори маъмурияти, вилоят Маданият вазирлиги ҳамда Астрахань шаҳар маъмурияти томонидан тадбирнинг барча иштирокчилари ва ташкилотчиларига тантанали равишда ташаккурномалар топширилди.