
Устоз журналист ҳақида унинг ҳамкасблари, шогирдлари ёрқин хотираларини ёдга олишди.
“Халқни қайғурадиган яхши ижодкор эди”
Жаббор Раззоқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган устоз журналист:
–Карим Баҳриев ҳар томонлама халқни қайғурадиган яхши ижодкор, журналист ва ёзувчи эди. Анча йиллар олдин Республика ёш ижодкорларининг семинари Қашқадарёнинг Мираки оромгоҳида бўлиб ўтганди. Унга бир қатор истеъдодли ёшлар қатори Карим Баҳриевни ҳам таклиф этганмиз. Ундан олдин мен бошлиқ бир гуруҳ ёшлар Москвага Собиқ Иттифоқ ёш ижодкорлари семинарига борганмиз. Кейин у депутат бўлди, биз бирга собиқ президент Ислом Каримов делегацияси таркибида 1992 йилда Жанубий корея, Малайзия, Индонезия давлатларига сафар қилдик. Асакадаги автозаводни ташкил қилиш бўйича келишувга эришилганди ўшанда. Ва, пахтага озиқ-овқат маҳсулотларини бартер қилиш бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи ўзбек тилидаги иқтисодий шартномани бирга тайёрлаганмиз.
Сўнгра “Эркин сўз” номли альманахни чиқаришга ҳаракат қилган. Бу нашр илк ҳақиқий эркин матбуот, ошкораликни кўрсатиб берадиган нашрлардан бири бўлди. Аммо 3-4 та сони чоп этилгач тўхтатилди, унда давлат сиёсатига қарши ҳеч нарса йўқ эди, чоп этишда ўзим бош-қош бўлганман. Шундан сўнг бир қатор китоблар ёзди. Карим Баҳриев нашр қилдирган китоблар, дарсликлар, ҳуқуқий қўлланмалар ҳали кўп йиллар ўзбек журналистикаси талабалари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади”.

“Илмий ишини китоб ҳолида чоп эттирди”
Олимжон Ўсаров, журналист:
–Биз Карим ака билан бир жойда туғилганмиз. Фақат орада Зарафшон дарёси ажратиб туради. У билан 30 йил, балки ундан ҳам кўпроқ бирга ижодий ҳамкорлик қилдик. Талабалик йилларимизда унинг биринчи китоби қўлма-қўл бўлиб кетганди. Бизга ўзи дастхат қўйиб берган.
Карим ака биринчилардан бўлиб журналистика йўналишида илмий мақолалар, китоблар ёзган ва бевосита ҳуқуқий нашрларда бош муҳаррирлик қилган. Жуда кўп мавзуларда, масалан шаҳснинг шаъни, дезинформация, суд жараёнининг ёритилиши, унда журналистлар иштироки каби мавзуларда илмий конференцияларда бирга маърузалар тайёрлаганмиз. Менинг илмий ишим ҳуқуқий йўналишда эди. Карим ака ҳам шу соҳада илмий иш қилиши керак эди. Лекин ҳимояга чиқиши арафасида тўхтатилган. Сабаби ўша пайтда юридик маълумоти бўлмаганларга юридик мавзуда илмий иш қилишга тақиқ қўйилганди. Карим ака илмий иш қилмади, лекин илмий ишини китоб ҳолида чоп эттирди. Бу китоб жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Яна бир муҳим жиҳати мен журналистлар уюшмаси раиси бўлиб сайланганимда Карим акани Этика комиссияси раиси лавозимига сайлаганмиз, вафотига қадар бу ишда самарали фаолият олиб борди. Илоҳим охирати обод бўлсин. Умуман ўзбек журналистикасида Карим аканинг хизматлари жуда катта.
«Қадри баланд инсон эди»
Ислом Ҳамро, журналист:
–»Бугун сизларга мавзу топилди», «тириклигида кадрига етишмади, Ўлгандан кейин, энди, ундай одам эди…бундай одам эди…тириклигида гапиринг эди, шу гапларни», дегувчиларга:
Қўйинглар энди, шунақа гапларни… Карим Баҳриев бир инсон яшагунича, забардаст ижодкор бўлиб, баракали умр кечириб, ўтди! Бу унинг танлови эди… бошқача яшашни истамади. Ўз сўзини айта билди. Дунё минбарлари дейсизми, катта минбарлардами, мамлакат раҳбарлари, таъбир жоиз, ундан сўрашди… Таъбир жоиз, у билан ҳисоблашишди.
«200 груз» мақоласини эслайман. Ким шундай мақола ёза олди, ҳатто ҳукуматлар тўла эркин бўлмаган кунларда? У эркин эди ва эркинлигича кетди. Биз шундай яшай оламизми? Ҳеч бўлмаса Карим Баҳриев даражасида тафаккур қилишга интилиб кўрдикми? Карим Баҳриев қадри баланд инсон эди!
У вафот этган кун ижтимоий тармоқлар том маънода портлади. Шундай бўлиши керак эди. Шунчаки бир икки киши эслаб қўйишганида эди, унда айтсангиз бўларди, шу инсоннинг қадрига етишмади, деб. Карим акамизнинг қадри шу қадар баланд эканки, жанозасига тумонат одам йиғилди. Зим зиё қабристонда дўстларининг додлаган овозлари эшитилди… охират манзилига кетар чоғи орқасидан минглаб одамлар юраклари увушиб, кўзларида ёш, ўкинч билан кузатишди. Карим ака кўп айтардилар, 60дан ошсангиз бахтли инсонсиз, дея! Пайғамбар ёшига етдилар. Энди буёғига дуода бўлайлик! Аллоҳ раҳматига олгай! Жойларини жаннат, охиратларини обод қилгай!
“Оддий хабарни ҳам шунчаки ёзмасди”
Алишер Назар, журналист:
–Матбуотда кичкинагина хабари чиқса ҳам излаб қолинарди. Чунки оддий хабарни ҳам шунчаки ёзмасди. Ичида ўқувчини бир силкитиб оладиган нимадир бўларди. Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда бирор янгиланиш бўлса, қандай муносабат билдирар экан, деб ўйлардик. Чунки ака ҳеч кимга ўхшамай муносабат билдирарди. Бетакрор журналист, фитратан ҳақиқатгўй, ҳақ гапни яхши кўрадиган ижодкорларнинг устози эди. Афсуски, бундай устозлар адади борган сари камайиб боряпти. Ҳамиша ҳақ сўз томонда турган, Карим Баҳриевни меҳрибон Роббим Фирдавс жаннатларида меҳмон қилсин!

«Кўп инсонларнинг онги ўзгаришига туртки бўлган»
Шаҳноза Соатова, блогер:
–80-йиллар охири, ошкоралик авжида Мен ҳаётни энди англаётган ўсмир. ТВ ва радио, газеталар шу пайтгача мен эшитмаган янги, ўткир гапларни айтади ва бола онгимни уйғотади (ўйлайманки, бизнинг авлод биздан аввалги авлоддан эртароқ уйғондик, айнан ошкоралик туфайли). Бир куни Карим Баҳриев деган журналист телевизорга чиқиб “Нимага бизда ҳатто буюкларимизнинг ҳайкаллари ҳам ерга қараб маҳзун ё тобе қиёфада тасвирланган? Пушкин, Горкийлар бошини тик тутиб осмонга қараб турибди, бизда ҳатто юлдузлар илми даҳоси Улуғбек ҳайкалининг боши хам. Ҳайкалларимизга ҳам мутелик руҳи атай сингдирилган” деди. 12 яшар эдим, жуда таъсирландим, ҳамма ҳайкалларни шу нуқтаи назардан баҳолашни бошладим, кейин суратларни, кейин адабиётдаги, кинодаги образларни… ва сездимки, менда миллий ғурур уйғоняпти. Карим ака шундай: кўп инсонларнинг онги ўзгаришига туртки бўлган инфлюенсер эди. Унинг “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” китобини бугун журналистлар бекорга кўп тилга олишмаяпти.
Карим ака ҳамиша давранинг марказида бўлар, қизиқ ва ёрқин фикрлари билан атрофдагиларни ўз орбитасида ушлаб турар эди. 2005 йили ёзда Навоий 30 дан чиқаверишда Карим акани кўриб қолдим. Сенеканинг мактубларини таржима қилаётганини айтди. Орадан йиллар ўтиб “Академнашр”да яна Карим акани кўрдим. Очиғи танимадим, кўзларида чуқур қайғу бор эди. Сабабини сўрашга иймандим. Кейин аканинг шеърий китобида “Чарос марсияси”ни ўқиб ҳаммасини тушундим. Карим Баҳриевдек тоғни фарзанд доғи ичдан емираётган эди.
Унафақат журналист, балки шоир, таржимон сифатида ҳам муваффақиятли фаолият юритди. Асосийси, ҳеч қачон ўз маслагидан воз кечмади, ўзини сотмади. “Лолазор” подкастига берган сўнгги интервьюсидан кўриш мумкинки, у ҳозирги кунга ҳам кўпчилигимиздан кўра холисроқ баҳо бера олган. Аканинг сўнгги кунлар турмуш ўртоғи Илмира Раҳматуллаева илмий даража олганларидан қувониб кетма-кет пост қўйганидан у кишига ҳурматим яна ҳам ошди. Аёлининг муваффақиятидан ғашланмай, мағрур мақтана оладиган эркаклар кам. Яна англадимки, аканинг ўзи ҳам илмий иш қилишни жуда истаган… Шу қайғули кунларда Илмира опага ва марҳумнинг бошқа оила аъзоларига сабр тилайман.

“Кетганини қабул қилиш жуда оғир…”
Отабек Маҳкамов, актёр:
–У киши менинг “Юксаклик сари тасодиф бўлмаган 100 та учрашув” номли илк китобим учун жуда кўп ғоялар берган эдилар. Китобим сарлавҳасини аввал инглиз тилида ўйлаб топганман, кейин рус тилига таржима қилдим. Аммо айнан Карим ака туфайли бу сарлавҳа ўзбек тилида чиройли, адабий шаклга эга бўлди. Карим Бахриев кетганини қабул қилиш жуда оғир… Аммо унинг номи ва қилган ишлари қалбимизда абадий қолади.
Алоҳида
- Карим Баҳриев 1962 йил 15 июлда Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган, Самарқанд давлат университети рус филологияси ва Москва давлат университетининг Журналистика факультетини тугатган.
- У “Сабр косасининг синиқлари”, «Томчидил» шеърий китоблари, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари”, “Журналистнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулияти”, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари”, “Ҳақиқат талабгоримиз” номли ўзбек тилидаги илмий-оммабоп китоблари, “ОАВ ва сайловлар” номли ўзбек ва рус тилидаги қўлланма, “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” номли ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги сиёсий-ижтимоий китоб, “Медиа ҳуқуқи” дарслиги, “ОАВ қонунчилигидан 100 саволга 100 жавоб” қўлланмаси, қатор танқидий-таҳлилий мақолалар муаллифи.
- Бадиий таржима Карим Баҳриев ижодида алоҳида ўрин тутади. У Жорж Оруэллнинг «1984» ва «Ҳайвонлар фермаси» дистопик романлари, Светлана Алексиевичнинг «Чернобил ибодати» ва Платон, Сенека, Вольтер ва Монтеннинг фалсафий асарлари, Чингиз Айтматов, Генри Форднинг асарларини, шунингдек, рус, турк ва озарбайжон шоирларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
- Кўп йиллик фаолияти давомида бир неча бор Мустақилликнинг юбилей медали билан тақдирланган.
Кетгим келмаяпти, онажон
(Карим Баҳриев шеъри)
Шамоллар уйғонди — барг ҳаяжонда.
Ҳатто ер остида қўзғалди илон,
Дунё кўзларини очаётганда
Кетгим келмаяпти, онажон.
Ўнгирларда кезар муздек ҳаволар,
Ишқалаб қобоғин кўтарар осмон.
Мана шу боғларни кўрмасдан туриб,
Кетгим келмаяпти, онажон.
Қизларнинг овози келяпти мунис,
Ишқ десам — дафтарга сачраб кетди қон.
Суймаса суймабди бир чиройли қиз,
Дунёда қиз камми, онажон.
Бегуноҳ биттадир, у ҳам осмонда.
Қўлга чивин қўнди — қувмоққа йўқ жон,
Чивинлар, чумчуқлар юрган жаҳонда
Менга жой йўқмиди, онажон?
Гарчанд мунгли қўшиқлар айтдим,
Гарчанд азоб кўрдим мудом бепоён,
Мен ҳали дунёдан тўйган йўқ эдим,
Дунё тўйдимикан мендан, онажон?
Карим Баҳриев ҳикматлари
«Одамзод эркинликсиз саодатманд ҳаёт кечириши мумкин эмас. Бу — ҳайвоний, нафсоний саодатдир, асло инсоний эмас!»
“Агар инсонда эркин гапириш ҳуқуқи бўлмаса, қолган ҳуқуқлар ҳам амалга ошмайди. Мамлакатда сўз эркинлигида ортга қайтилса, қолган ҳуқуқлар ҳақида ўйламаса ҳам бўлади”.
«Аёлим сиз жуда гўзал ёзасиз, Ислом Каримовни ҳам вақтида мақтаб ёзганингизда ҳозир вазир ёки вазир ўринбосари бўлиб юрардингиз, деган гапни кўп айтган. Тўғри, мақтай олардим, жуда гўзал мақтай олардим, лекин Худодан қўрқаман. Шаънимни асрашим керак. Мансабни давлат беради, керак пайти олади. Лекин мартабани халқ беради. Сизнинг шаън ва обрўйингиз одамлар қалбидаги образингиздир».
«Биз бошдан кечираётган даврнинг ўзига хослиги шундаки, жамиятда янги ислоҳотлар тарафдорлари ва ҳаммасини аввалги ҳолига қайтариш ҳаракатидаги эски кучлар курашмоқда. Бу эски кучлар пастдан то энг юқоригача мавжуддир. Газеталарда яна ўша «ура-ура» материаллар кўпайиб қолгани, сайтлардан айрим материалларни ими-жимида олиб қўйиш ҳолатлари шундан далолатдир».
“Бошқа маданиятлар ёзилиб, сандиқда ётган китоблар учун куюнса, биз ёзилмаган, қўрқув мия қабатларидаёқ эзғилаб ташланган фикрлар, яратилмаган фильмлар учун қайғуришимизга тўғри келмоқда.
Бизга уялиб, қўрқиб ёхуд аяб айтилмаган гаплар барибир ортимиздан баралла сўзланади — аммо изоҳ-тушунтириш бермоқ имконимиз бўлмайди у маҳал. Шунинг учун рост сўзимизни бугун айтиб кетганимиз маъқулдир!”
Манзура БЕКЖОНОВА, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси