Бепуштлик – иложсиз муаммо эмас

Она бўлиш, чиройли, ақлли-одобли фарзандларни тарбиялаш ҳар бир аёлнинг орзуси. Она фарзанд тимсолида ўзининг умидларини, орзу-истакларини кўради.

Ота-она бўлиш, чиройли, ақлли-одобли фарзандларни тарбиялаш ҳар бир оила қурган жуфтликларнинг орзуси. Ота-она фарзанд тимсолида ўзининг умидларини, орзу-истакларини кўради. «Бепуштлик» ташхиси эса ҳар қандай аёл ва эркак кўнглини қаттиқ изтиробга қўйиши шубҳасиз. Лекин ҳозирги замон тиббиёти бу ташхиснинг умрлик тамға эмаслигини исботламоқда. Яъни замонавий даво чоралари, турли уруғлантириш усуллари самараси ўлароқ кўпгина хонадонларда узоқ кутилган чақалоқ йиғиси эшитилмоқда. Бепуштликнинг сабаби ва даволаш усуллари ҳақидаги саволларимизга тажрибали гинеколог, олий тоифали шифокор Жамила Алиева батафсил жавоб берди.

–Қандай ҳолларда аёлга бепуштлик ташхиси қўйилади? Бу муаммога нималар сабабчи бўлиши мумкин?

–Никоҳдан сўнг аёл бир йил ичида ҳомиладор бўлмаса, бепуштлик ташхиси қўйилади. Турмуши давомида умуман бола кўрмаса бирламчи бепуштлик, битта фарзанд кўргач, қайта ҳомиладор бўлмаса иккиламчи бепуштлик сифатида қайд этилади. Аёлда жинсий аъзолар  (бачадон, тухумдон)нинг туғма бўлмаслиги эса мутлақ (иложсиз) бепуштлик дейилади.

Текширувларда аниқланишича, бепуштликка олиб келувчи асосий сабаблардан бири овуляция (уруғ етилиши)нинг бузилиши ҳисобланади. Ҳозирда 35-40 фоиз аёлларда шу сабабга кўра бепуштлик кузатилмоқда. Одатда аёл тухумдонида ҳар 28 кунда тухумдонда бит­та тухум ҳужайра етилади, бу овул­яция дейилади. Баъзан организмдаги гипофиз ва гипоталамус безлари ишлаб чиқарадиган гормонлар етишмовчилиги оқибатида тухум ҳужайра етилмаслиги (ановуляция) кузатилади. Бунда аёлда ҳайз келиш муддати издан чиқади. Хатто 3-4 ой тўхтаб қолиши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, кучли шамоллаш, руҳий изтироблар, буйрак усти бези андроген гормонларининг ҳаддан зиёд кўп ишлаб чиқарилиши, тухумдонларнинг сурункали яллиғланиши, буқоқ хасталиги ҳам кўпинча ановуляция жараёнига замин яратади. Хуллас, бу жараённи ҳозирда аниқлаш қийинчилик туғдирмайди.

Аёллардаги бачадон найлари нуқсонлари ҳам бепуштликка олиб келади. 20-30 фоиз аёлларда шу сабабга кўра бепуштлик рўй бериши аниқланган. Бачадон найлари узунлиги 10-12 сантиметр бўлиб, тухумдонда етилган тухум ҳу­жайра шу найлардан бачадонга ўтади. Бу найларнинг яллиғланиши, торлиги, қийшиқлиги туфайли оталанган тухум ҳужайра бачадонга томон ҳаракатлана олмай қолиши мумкин. Натижада ҳомиладорлик содир бўлмайди.

Сурункали руҳий изтироблар, яллиғланишлар (сўзак, хламидиоз, захм) оқибатида, кўричак, перитонит, полиплар, эндеметриоздан кейин ҳам бачадон найларида нуқсонлар келиб чиқади. Найларидаги бепуштликка сабаб бўлувчи нуқсонлар ультратовуш ёки рентген таҳлили ор­қали аниқланади ва муолажа қилинади.

Туғуруқдан ке­йинги жиддий асоратлар, бачадон ўсмалари (миома, киста, полиплар) ва сурункали кечган яллиғланишлар ҳам бепуштликни келтириб чиқаради. Баъзан ҳаддан зиёд семизлик ёки ўта озғинлик ҳам бепуштлик сабаби бўла олади.

–Эркаклардаги бепуштлик муаммолари нималар билан боғлиқ?

– Дарҳақиқат, оиладаги фарзандсизликка биргина аёл эмас, балки эркак ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Авваллари бепуштликка эркакларнинг сабабчи бўлиш даражаси 30 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирги кунга келиб бу кўрсаткич 45 фоизга кўтарилган. Эркакларни ота бўлиш бахтидан мосуво қилувчи сабаблар организмда кечаётган умумий патологиялар, туғма нуқсонлар, жинсий аъзоларнинг жароҳатланиши, сийдик-таносил тизими яллиғланишлари ва турли жинсий касалликлар бўлиши мумкин. Масалан, варикоселе – бу уруғ каналидаги веналарнинг кенгайиши. Касаллик натижасида уруғдонда ҳарорат бироз кўтарилади ва бу уруғ ҳолатига таъсир кўрсатади. Простатит, уруғ ўтказиш канали беркилиши, гормонал бузилишлар, ичиш, чекиш, айрим дорилар, қандли диабет, жигар циррози, сил, бронхиал астма, қалқонсимон без касалликлари туфайли келиб чиқадиган репродуктив заифлик ҳам шулар жумласидан. Бу каби патологияларни фақатгина шифокор аниқлай олади. Шунинг учун эркаклар ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиши талаб этилади.

–Бугунги кунда бепуштликни аниқлаш ва даволашда қандай замонавий усуллар қўлланилмоқда?

– Ҳозирги пайтда тиббиётда турли ускуна ва таҳлиллар ёрдамида бепуштликнинг асл сабабини аниқлаш имкониятлари мавжуд. Аёлларни текширганда асосий эътибор улар организмида бирон яллиғланиш ёки инфекцион хасталикларга, қондаги гормонлар миқдорини аниқлашга, ультратовуш ёрдамида тухумдон ҳолатини кўздан кечиришга ёки лапароскоп билан бачадон ичини синчиклаб кузатишга қаратилади. Шунда бирорта касаллик ёки нуқсон сезилса, тиббий муолажа усуллари ёрдамида бартараф қилинади. Ҳозирда турли гормонал препаратлар орқали тухумдонда уруғ етилтириш тажрибаси қўлланилмоқда. Бу ҳам бе­пушт­ликка барҳам беришда яхши самара кўрсатаяпти.

Эркаклар бепуштлигида диагностика ўз вақтида, тўғри олиб борилиши муҳим роль ўйнайди. Бунда аввало андролог кўриги ва физикал текширув ўтказиш зарур, яна эркакнинг бошидан ўтган касалликлар ҳам суриштирилади. Ёрғоқнинг УТТ текшируви уруғдонларнинг умумий ҳолати, уларда патологик ўзгаришлар бор ёки йўқлигини аниқлаб беради. Шунингдек гормонал, иммунологик, генетик ва бошқа бир қатор лаборатор текширувлар ҳам олиб борилади.

Фарзанд кўришга ҳалал берадиган яллиғланиш ҳамда инфекцион касалликлар дори-дармонли терапия ёрдамида асоратсиз даволанади. Бепуштликка гормонал бузилишлар сабаб бўлса, гормон дорилар тавсия қилинади. Агар муаммо илдизи жинсий аъзолардаги нуқсонлар, чандиқ ва ўсимталарга бориб тақалса кам азиятли лапороскопия жарроҳлик усули ўтказилади. Руҳий ва асабий бузилишлар оқибатидаги ҳолатларда руҳшунос ёрдамига таяниш мумкин. Масалан, аёл ёки эркак ҳали ҳомиладорликка тайёр эмас, аммо турмуш ўртоғи ёки қайнонасининг сиқувга олиши унинг руҳиятига салбий таъсир қилиб, фарзанд кўриш имкониятларини янада камайтираётган бўлиши мумкин.

– Фарзандсизлик кўп ҳолларда оиланинг бузилишига сабаб бўлади. Бепуштликдан шикоят қилувчи жуфтликларни даволаш чора-тадбирлари ёрдам бермаса нима қилиш керак? Замонавий сунъий уруғлантириш усуллари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз…

–Албатта, “болали уй бозор…” дейишади. Фарзанди бор эр-хотинлар ўз болаларини ўйлаб турли қўйди-чиқдилар ва жанжаллардан ўзларини тиядилар. Фарзандсиз оила парокандаликка мойил бўлади. Бироқ бепуштлик – бу қатъий ҳукм ёки иложсиз муаммо эмас. Ҳозирда юртимизда ҳам айрим тиббиёт массасаларида сунъий уруғлантириш амалиёти қўлланилаяпти. Бу усул кўпгина инсонларга ота-оналик бахтини туҳфа этмоқда. Масалан, табиий уруғлантиришнинг имкони бўлмаганда ёхуд аёлнинг ёши катта бўлиб, ҳомиладор бўлиш имконияти камайганда ёрдамчи репродуктив технологиялар кўмагига таяниш мумкин. Жумладан ЭКУ  усулида юқори сифатли тухум ҳужайра етиштириш имконияти мавжуд. Бунда махсус технология асосида бачадонга донор уруғи юборилади ва ҳомиладорлик содир бўлади.

–Бепуштликнинг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш лозим?

– Биринчи галда инфекцион хасталиклардан сақланиш керак. Чунки кўп ҳолларда бепуштликка олиб келувчи яллиғланишларни турли инфекциялар (сил таёқчалари, замбуруғлар, го­нококк­лар) келтириб чиқаради. Инфекциялардан сақланиш учун эса тозалик ва шахсий гигиена талабларига қатъий амал қилиш талаб этилади. Шунингдек, нерв ва эндокрин тизимидаги ўзгаришлар, қон-томир ва юрак касалликлари ҳам репродуктив тизим ишини ёмонлаштиради. Организмда қандайдир нохушлик бўлганда дарҳол шифокор кўригига бориш ва ўз вақтида даволаниш мақсадга мувофиқдир.

ГУЛШАН суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: