Қадим ҳунармандчилик маркази – Қўқон

Қўқон шаҳри Водийдаги қадимий карвон йўллари кесишган нуқта, тарихда Қўқон хонлигининг пойтахти бўлган.

Тарихдан маълумки, Қўқон, Марғилон ва Наманган шаҳарларида табиий ип ва ипак матолар (атлас, шойи, беқасам, адрас, чит, бўз ва бошқалар) тўқилган. Шунингдек, бошқа ҳунармандчилик тармоқларида хўжалик асбоблари, деҳқончилик учун керакли ускуналар, қурол-яроғлар, заргарлик буюмлари, қоғоз ва бошқа нарсалар ишлаб чиқарилган. Ер ости бойликларидан нефт, олтин, кумуш, мис, рух, темир, қўрғошин ва бошқалар ҳам маълум миқдорда қазиб олинган. Ҳудудда азалдан пахта ва полиз экинлари етиштирилган, боғдорчилик ва пиллачилик ҳам кенг тараққий этган.

Қўқон хонлигидан чет давлатларга қуритилган мевалар, жун, тери, ипак, гилам, пахта ва ипак матолар чиқарилган. Ташқи мамлакатлардан эса турли металл рудалари, металл буюмлар, қанд ва бошқа маҳсулотлар келтирилган.

Азалдан Қўқон шаҳри миллий ҳунармандчилик маркази сифатида маълум ва машҳур бўлган. Бу ерда оилавий ҳунармандчилик корхоналарида қадимий ҳунар турлари ҳамон авлоддан авлодга ўтиб, сайқал топиб келмоқда. Ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, пичоқчилик, шойи газламалар тўқиш, заргарлик каби қадимий амалий санъат йўналишларини бугун бутун дунё аҳлига таништириш, айни пайтда турли ҳунарлар билан шуғулланиб самарали меҳнат қилаётган сулола вакилларини тарғибот қилиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил ПҚ-3991 сонли қарори бўйича  Халқаро ҳунармандчилик фестивали айнан Қўқон шаҳрида ўтказилиши ҳам бежиз эмас.

Куни кеча Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ёритиш учун Фарғона вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрига пресс-тур уюштирилди. Унда ана шу тадбир олдидан олиб борилаётган катта тайёргарлик ишлари, шунингдек Фарғона вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритиш бўйича маълумот берилди. Ушбу саёҳат доирасида Қўқонда ташкил қилинган Матбуот марказида брифинги бўлиб ўтди. Унда Қўқон шаҳри ҳокими М.Усмонов иштирок этди. У ўз маърузасида Қўқон шаҳрида ҳар бир соҳада олиб борилаётган кенг ўзгаришлар, бугунги кунда Халқаро фестивални ўтказиш бўйича ташкилий ишларнинг бажарилиши ҳақида сўзлаб берди.

Икки кунлик пресс-тур давомида Оммавий ахборот воситалари вакиллари халқимизнинг тарихий маданияти, ўзбек миллий хунармандчилиги, авлоддан авлодга ўтиб келаётган ноёб касб намуналари билан яқиндан танишдилар, Қўқон, Марғилон шаҳридаги ҳунармандларнинг иш жараёнларини кузатдилар.

Шу жумладан пресс-тур иштирокчилари Фурқат туманидаги Ўзбекистон халқ устаси Маҳаммадали Юсупов раҳбарлигидаги “Уста Юсуфжон наққош” оилавий ҳунармандчилик корхонаси ҳамда  “Устоз-шогирд” мактаб – мажмуасига, Марғилон ҳунармандчилигини ривожлантириш марказига ташриф буюришди.

Моҳир ҳунармандлар, уста-шогирд мактаблари раҳбарлари журналистларга ўз фаолияти, ютуқлари, касб-ҳунар сирлари ҳақида сўзлаб беришди. Амалий саъат намуналаридан ташкил этилган кўргазмалар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Айниқса усталар ўз қўллари билан ҳақиқий санъат асарларини яратиш жараёнларини намойиш қилишганда барча уларнинг истеъдодига қойил қолди.

Зиёда АҲМЕДОВА

 

 

 

 

 

,

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: