Аёлга азоб берган жазога тортилади!

Жамиятимизда оила муқаддас,аёл мўътабар саналиб келинади. Унинг шаъни  ҳуқуқ ва манфаатлари мустаҳкам ҳимояга олинган. Бу бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари, қарорлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг ижроси доимий амалда. Бироқ беш қўл баробар бўлмаганидек айрим жойларда нозик ҳилқат эгаси, нафосат маликаси саналган хотин-қизларимиз ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари юз бериб туради. Бу жараёнда, албатта, тегишли тартибда ҳуқуқбузарлик содир этган кишиларга жазо чоралари қўлланилади.

Мамлакатимизда гендер тенглиги, оилада, жамиятда эркаклар билан баробар ҳуқуқларга эга бўлган аёллар манфаатлари 2019-йил 23-августидаги яна бир муҳим ҳужжат “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан кафолатлаб қўйилди.

Ушбу Қонуннинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Яъни содда тил билан айтганда, аёл ҳуқуқларини  поймол этган кимсаларга мазкур Қонун асосида жиноий жавобгарлик белгиланади.

Тошкент шаҳрида USAID томонидан ҳуқуқий йўналишда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ журналистлар учун Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳоти ва янги ҳужжатлар тарғиботига бағишлаб “Гендер тенглиги ва оиладаги зўравонликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар журналистлари иштирок этиб, гендер тенглиги, зўравонликка қарши кураш борасида ўз билимларини оширишди, ўзаро тажриба алмашишди.

Тренингни USAID гендер тенглиги ва ижтимоий масалалар бўйича мутахассиси, ҳуқуқшунос Малика Инакова олиб борди ва мавзулар юзасидан иштирокчиларга тўла тушунчалар берди.

Таъкидлаш жоизки, эркак ва аёллар тенглиги ғоясини илк бор файласуф Антифонт ўз асарларида тилга олиб, табиатда аёл ва эркак бир хил мақомга эга эканини аммо орадан вақт ўтиб  одамлар инсонларни тенгсиз ҳолатга солувчи қонунларни ишлаб чиқанини қайд этган. Айрим даврларда аёлларнинг камситилиши, уларни имтиёзлардан чегаралаш, етказилган тазийқ авлодларнинг носоғлом бўлиши, ногирон фарзандлар туғилиши, эрта ўлим ва турли хавфли касалликларнинг ортишига сабаб бўлган.

Сир эмас, бугунги кунда ҳам ҳудудларимизда зўравонлик ва камситилишнинг турли шакллари учраб турибди. Улар ҳақида ҳозирда матбеотда ва интернет тармоқларда очиқ айтилмоқда. Жамият ва ҳукумат даражасида зўравонлик ва тенгсизликнинг олдини олиш борасида чора-тадбирлар ва ечимлар ишлаб чиқилмоқда. ОАВда аҳолининг ҳуқуқий билими ва хабардорлигини оширишга қаратилган мақолалар ёритилмоқда. Журналист ва блогерлар иштирокида ўтказилаётган семинар ва ўқув машғулотлари, албатта, бу борада ўз самарасини беради.

Бўлиб ўтган тренинг давомида қизғин мулоқотлар ва суҳбатлар уюштирилди. “Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларнинг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, бу бўйича тайёрланган маҳсус видеоролик намойиш этилди. Иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ва муҳокамалари тингланди.

Хотин-қизларга, оилада, жамият ҳаётида қилинадиган таҳдидларнинг жазо чоралари, гендер зўравонлик, унинг қурбонлари, тажовузкорлик портретини аниқлаш, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ва гендер ҳусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ОАВда материалларни чоп этиш бўйича тавсиялар ҳамда етарли маълумотлар берилди. Гендер тенглиги, инсон ҳуқуқлари, аёл ва эркак ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари, гендер адолати тушунчалари бўйича маърузалар қилинди. Тренинг иштирокчилари томонидан гуруҳларга бўлинган ҳолда машғулотлар олиб борилди, гендер стереотипларни йўқ қилишга қаратилган ва салбий ҳолатларнинг олдини олишда журналистик тарғиботдан фойдаланиш бўйича лойиҳалар намойиш этилди.

Шуни айтиш жоизки, оилада гендер тенгсизликка йўл қўйилса, аввало мазкур оиланинг бахт формуласи йўқолади. Яъни ўзаро ишонч, муҳаббат, вафо, садоқат парчаланади. Жиноятга қўл урилади, ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам вужудга келади. Ана шу кўнгилсизликлар туфайли ёш қизларнинг ўз жонига қасд қилиши, кўпгина бекалар аянчли қисматга кўниб яшаётгани ачинарлидир. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича нималарга эътибор қаратиш лозим, бу борада журналистларнинг вазифалари нималардан иборат эканлиги айтиб ўтилди.

Семинар якунида журналистларга USAID томонидан маҳсус сертификатлар топширилди.

Фотима ЎКТАМОВА, Журналист.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: