Истанбулдаги Гранд-бозор – дунёдаги энг катта ёпиқ бозорлардан бири

Катта майдонни эгаллаган машҳур Гранд-Бозор аркалар билан ёпилган ва шаҳарнинг бир неча кварталига чўзилиб кетган. Тарихий манбаларга кўра бозорнинг барпо этилиши 1461 йилларга бориб тақалади.

 

 

 

 

 

Ушбу савдо маркази шаҳарнинг Султонаҳмад ҳудудида жойлашган бўлиб, «Гранд-бозор» деб аталади. У ҳақиқатдан ҳам жуда катта ва ҳақиқий шарқ эртакларидаги бозорларга ўхшайди. Маҳсулотини мақтаётган сотувчилар ва савдолашаётган харидорларнинг шовқин-сурони, кенг расталарга терилган маҳсулотларнинг турфа ранги ва шарқона зираворларнинг ифори сизда унунтилмас таассурот қолдиради.

Катта майдонни эгаллаган машҳур Гранд-Бозор аркалар билан ёпилган ва шаҳарнинг бир неча кварталига чўзилиб кетган. Тарихий манбаларга кўра бозорнинг барпо этилиши 1461 йилларга бориб тақалади.

Бозор 61 та кўча, 4400 дўкон, 2195 ателье, 18 фонтан, 12 масжид, 12 омбор, 1 мактаб, 1 ҳаммом, бир нечта ошхоналар ва валюта айирбошлаш шаҳобчаларини ўз ичига олади.

Истанбулдаги мазкур бозор дунёдаги энг йирик ёпиқ бозорлардан ҳисобланади.

Турклар бу бозорни «Капали Чарси» деб аташади. Унга бир кунда деярли бир миллионга яқин харидор келиб-кетади.

Бозорнинг бир неча бош дарвозалари мавжуд. Ҳар бир дарвозанинг ўз номи бор — Боязид, Фесчилар, Сахафлар, Куркчилар, Нурусмания, Махмутпаша, Мержан, Тажирчилар ва Оружулар.

Адашиб қолмаслик учун сиз, албатта, қайси дарвозадан кирганингизни эслаб қолишингиз керак.

Гранд-бозорда йўқ нарсанинг ўзи йўқ! Сопол ва чинни буюмлар, кийим-кечаклар, тилла ва кумуш тақинчоқлар, гиламлар, рўмоллар, ширинликлар, зираворлар… Бу ердан қушнинг сутидан бошқа ҳамма нарсани топса бўлади.

Бозордан бирон нарса харид қилмоқчи бўлсангиз, албатта, савдолашишингиз керак. Негаки дастлабки айтилган нарх, ҳақиқий нархдан анча баланд бўлиши мумкин.

Бозорга кирар экансиз, кўзларингиз қувнайди, кайфиятингиз кўтарилади, бу саёҳат сиз учун ўзига хос байрамга айланади. Шунчаки айланиш мақсадида кирсангиз ҳам пештахталардаги маҳсулотларни кўриб, сотиб олмасдан кетолмайсиз. Демак бу ташриф сизнинг руҳиятингизга фойда аммо хамёнингизга яхшигина зарар келтириши мумкин.

Бозорда дунё брендлари остида тикилган кийимлар, пойабзаллар ва уларга тақлидан тайёрланган арзон моллар ҳам жуда кўп. Ҳар ким у ердан ўзига керакли нарсани топа олади. Фақатгина ўзингизга ёққан нарсани дарҳол сотиб олмасангиз, бозор жуда катта бўлгани боис, айланиб яна шу ерга келмоқчи бўлсангиз, бу жойни қайта топа олмаслигингиз мумкин.

Агар бозордаги зираворлар қаторига кириб қолсангиз, турли хушбўй ҳидлардан бошингиз айланади.  Ширинликлар расталарида эса бир-биридан асал-қанд пишириқлар ва турк миллий ширинлиги «луқумлар»дан аввал татиб кўриб, кейин фарзандларингизга хоҳлаганча харид қилиш имконияти яратилган.

Чой бозорида турли хушбўй ва мазали чойлар билан сийлашади. Бу чойлар шунчалик ифорли ва шифобахшки, асло сотиб олмасдан иложингиз йўқ.

Айтганча, Гранд-бозор ҳар куни соат 08.00 дан 20.00гача ишлайди. Бозор жойлашган Истанбулнинг Боязит майдонига трамвайда етиб олишингиз мумкин.

Бозорга трамвайда бормоқчи бўлсангиз, «Гранд-Базар — Капали Чарси» бекатида тушишни унутманг.

Эсингизда бўлсин, Истанбулга сайёҳ сифатида келган ҳар бир инсон унинг машҳур Гранд-бозорига кирмасдан кетмайди.

Манзура БЕКЖОНОВА, Тошкент-Истанбул

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: