Фирдавс Абдухалиқов: «Бутун дунёда сақланаётган дурдоналаримиз ҳақида яна юзлаб жилд китоблар, фильмлар яратиш, қанчадан-қанча илмий анжуманлар ўтказиш мумкин»

Ўзбекистонга оид нодир бу дурдоналар халқимизда, айниқса, ёшларимизда Ватанимиз тарихидан фахрланиш туйғуларини кучайтиради, шу билан бирга, буюк ўтмишимизни янада чуқурроқ ўрганишга ундайди.

Шу йилнинг 15-18 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида  IV анъанавий маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтади.

Ушбу нуфузли тадбир муносабати билан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти Бошқаруви раиси Фирдавс АБДУҲОЛИҚОВдан юртимизда маданият ва санъатни янада ривожлантириш, жумладан, халқимизнинг маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари хусусида интервью олдик.

— Мамлакатимизда тараққиётнинг янги даври бошланди. Ҳар бир соҳада ўзгариш, янгиланиш юз бермоқда. Айни пайтда талаблар ҳам бошқача. Шу маънода, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти бугунги кунда қандай мезонлар асосида фаолият юритмоқда?

— Жамиятимизда, онгу тафаккуримизда бугун юз бераётган янгиланиш жараёнлари, шубҳасиз, Президентимиз бошлаб берган янги уйғониш даври — учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ташаббуси ва ғоясига таянган, десак, муболаға бўлмайди. Шу маънода, бугунги кунда ҳар бир соҳа ривожида бир олий мезон устувордир, у ҳам бўлса, Ўзбекистонни дунёнинг мутараққий давлатлари қаторига олиб чиқиш, халқимизнинг маданиятини, маънавиятини янада юксалтириш, миллий ғурурини бойитиш, фаровон ва тўкис ҳаётга эришиш, азалий орзуларини рўёбга чиқариш.

Хўш, бу улуғвор мақсадларга қандай эришилади? Танлаган йўлимиздан оғишмаслик учун бизга нима маёқ бўлади? Юксак марраларга олға интилишимиз учун нима куч, руҳ беради? Бу долзарб саволларга Президентимиз аниқ жавобни берган: буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий  ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим.

Ушбу ёндашувнинг нақадар оқилона ва одилона эканини кўҳна тарих неча бир бор исбот этган. Жумладан, она тупроғимизда юз очган ҳар иккала Ренессанс ҳам мустаҳкам маънавий-мафкуравий негизда, биринчи галда юксак илм-фан ютуқлари, ахлоқийлик, адолат, бағрикенглик ғояларига содиқлик асосида юз берган. Шу маънода, айтиш мумкинки, умуммиллий уйғонишнинг ҳар иккаласи пойдеворида ҳам тарих, этнография, манбашунослик, санъатшунослик, нумизматика, археология сингари соҳалар етакчилар қаторида турган. Мисол учун, хоҳ биринчи Ренессанс даврида яшаган Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» ёхуд Хоразмийнинг «Китоб ат-таърих» асарларини олайлик, хоҳ иккинчи тамаддуннинг асосчиларидан бири бўлган султон Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» асари ёки Алишер Навоийнинг «Тарихи мулуки ажам» ва «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарларига эътибор берайлик, улар миллатнинг ўзлигини англатишга, моддий ва маънавий бойлигини асраб-авайлаб, келгуси авлодларга бус-бутун етказишга, миллий ғурурини юксалтиришга, халқни эзгу мақсадлар сари руҳлантиришга хизмат қилган.

Демак, аниқ хулосага келиш мумкинки, айнан маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш учинчи Ренессанс йўлида амалга оширилаётган ишларда ҳам ўзига хос локомотив бўла олади. Давлатимиз томонидан бугунги кунда ушбу соҳаларга берилаётган эътибор эса яна бир бор халқимиз олдида ўз тарихий миссиясини бажаришига ҳеч қандай шак-шубҳа қолдирмайди.

— Шу ўринда жамият томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталсангиз. Улар Ўзбекистонда янги Ренессанс пойдеворини яратишдек улуғвор ташаббусни ҳаётга татбиқ этишда қандай аҳамият касб этиши мумкин?

— Дунёда мамлакатлар, элу элатлар бисёр, лекин бизнинг халқимиздек бой ва бетакрор маданий меросга эга халқлар дунёда у қадар кўп эмас. Аммо, афсуски, бу нодир хазина турли сабаблар билан бутун дунёга тарқаб кетган. Уларни топиш, ўрганиш, имкони бўлса, юртимизга қайтариш ёки нусхаларини олиб келиш, бутун жаҳонга кенг намойиш этиш жамиятимиз томонидан амалга оширилаётган ишларнинг мағзини ташкил этади.

2018 йилда тамал тоши қўйилган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти, аввало, давлатимиз раҳбарининг халқимиз маданий меросини тадқиқ ва тарғиб этиш кўламини кенгайтиришга қаратаётган юксак эътибори, бу борада қабул қилинаётган бир қатор фармон ва қарорлар ижросини таъминлашга кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шунингдек, бу борада кенг қамровли тадқиқотларни олиб боришда умумеътироф этилган, халқаро меъёрлар, тажрибадан ўтган методларга таянган ҳолда иш иш олиб бормоқда.

Айни пайтда дунёнинг 50 га яқин мамлакатларидан тарих, этнография, манбашунослик, санъатшунослик, шарқшунослик, нумизматика, археология сингари соҳаларда фаолият олиб бораётган 400 га яқин етук олимларни қамраб олганмиз. Бизни битта умумий жиҳат бирлаштиради — Ўзбекистон маданий меросини ўрганишга бўлган қизиқиш ва муҳаббат. Жамият аъзоларини саралашда узоқ йиллик кузатувларимиз натижаларига таяндик. Энг муҳими, бу олимларни шу пайтга қадар ҳеч ким халқимизнинг маданий меросини ўрганишга ундамаган. Улар ўз ихтиёри, хоҳиши ва иштиёқи билан ана шу эзгу ишга киришганлар.

Биз олиб бораётган «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» мега-лойиҳаси дунё миқёсида Ўзбекистоннинг буюк тарихи ва бебаҳо маънавий бойлиги билан боғлиқ бадиий асарлар, қўлёзмалар ва ҳужжатларни тўплаш, ўрганиш, нашр этиш ва ҳужжатли фильмлар яратишни ўз ичига олади. Лойиҳа натижасида ҳозирги кунгача 20 та китоб-альбом чоп этилди ва яна 13 таси нашрга тайёрланмоқда, 30 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар суратга олинди.

Бугунги кунда жаҳоннинг етук олимлари билан биргаликда амалга ошираётган ишларимиз бебаҳо маданий меросимизнинг бизга, умуман, дунё жамоатчилигига номаълум қирраларини кашф этишга хизмат қилмоқда. Мисол учун, Германияда сақланаётган, Ўзбекистонга тегишли экспонатлар ҳақида алоҳида китоб-альбом чоп этдик. Айтиш жоизки, Германияда сақланаётган ҳар бир коллекция ўзига хос ва бетакрордир. Улар орасида Самарқанддаги Шоҳи-зинда меъморий мажмуаси ҳамда Бухородаги Баёнқулихон мақбарасидан келтирилган кошин парчалари, Х асрга мансуб, Афросиёб харобаларидан топилган сопол идишлар, Сурхондарё вилояти ҳудудидан (Чағониён) топилган археологик топилмалар, Бухоро амирлиги даврига оид кашталар, тикилган кийим-кечаклар, меҳнат қуроллари, зардўзлик ва уй-рўзғор буюмлари, от анжомлари, Хива хонлигида ясалган тақинчоқларни мисол келтириш мумкин. Германияда сақланаётган Ҳайдар Хоразмийнинг уйғур ёзувидаги «Махзанул-асрор» достони, буюк олим ва ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний» жадвали, Алишер Навоийнинг «Хамса», «Лисонут-тайр», «Маҳбуб-ул-қулуб»,«Хамсатул-мутахаййирин» асарлари, Ҳусайн Бойқаро девони ҳам тадқиқотчилар учун жуда катта хазина бўла олади.

Ўзбекистонга оид нодир бу дурдоналар халқимизда, айниқса, ёшларимизда Ватаниз тарихидан фахрланиш туйғуларини кучайтиради, шу билан бирга, буюк ўтмишимизни янада чуқурроқ ўрганишга ундайди. Зеро, ўзлигини англаган халқ ва инсонгина ўз даражасидан яна юқорилай олади. Бинобарин, улуғ юнон файласуфи Цицерон такидлаганидек, «Тарихни билмаслик — бир умр гўдак бўлиб қолмоқликдир».

— Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришларга, хусусан, маданият, санъат соҳаларида кўзга ташланаётган янгиланишларга халқаро ҳамжамият, соҳа мутахассислари ва экспертлари қандай баҳо бермоқда?

— Мамлакатимизда барча соҳа қатори маданият, санъат жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни дунё жамоатчилиги илиқ кутиб олмоқда. Бу, юртимизда ушбу соҳаларни замон талаблари асосида ривожлантиришга доир қабул қилинаётган тарихий ҳужжатлар бўладими ёки Президентимиз ташаббуси билан Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани ёки Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилишининг йўлга қўйилганими — барча қилинаётган ишларни халқаро ҳамжамият, эксперт ва мутахассислар мунтазам кузатиб бормоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан тўла қўллаб-қувватланган «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» мультимедиа лойиҳасини ҳам дунё жамоатчилиги катта қизиқиш билан қабул қилди. Бу Ўзбекистоннинг бой маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга давлат миқёсидаги эътибор ва ғамхўрликнинг яққол ифодасидир.

Хусусан, ЮНEСКО бош директори Одри Азуле хоним бу борада амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берар экан, ушбу фикрларни таъкидлайди: «Маданий мерос — бу авлодлар ва замонларни боғлаб турадиган мустаҳкам ришта. Уни келажак авлодларга етказиш баробарида, бутун дунё аҳли билан ҳам баҳам кўриш мумкин. Шу маънода, Ўзбекистоннинг бу бебаҳо меросни асраш борасида бор имкониятларини ишга солаётгани нафақат шу мамлакат учун, балки бутун жаҳон учун катта аҳамиятга эга».

Америка ташқи сиёсати кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти асосчиси ҳамда раиси, профессор Фредерик Старрнинг мулоҳазалари ҳам ниҳоятда эътиборли: «Ҳаммамиз тарихимиз ҳақидаги тасаввурларга эга бўлиш қанчалик муҳимлигини тушунишимиз керак. Агар одамлар ўз ўтмишини билишмаса, вақт ўтиши билан аждодларнинг буюк кашфиётлари унутилиб бораверади. Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатнинг маданий меросини асраш ва янада оммалаштиришга катта эътибор қаратилаётганидан мамнунман. Бу бошқалар учун ўрнак бўлиши керак».

Лойиҳа иш бошлаганига уч йилдан кўпроқ вақт бўлди. Шу пайтга қадар 20 дан ортиқ мамлакатларда илмий экспедицияларда бўлиб, турли соҳа вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан суҳбатда бўлдик. Улар ҳайратини яширмай, мазкур лойиҳанинг дунёда бирор-бир муқобили йўқлигини эътироф этишди. Ўз мамлакатида шунга ўхшаш лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирганлар ҳам бўлди.

Ўтган йили юртимизда жамиятимизнинг III халқаро конгресси ва Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги баланд руҳда ўтказилди. Унда қатнашган дунё олимлари, маданият ва санъат намояндалари, халқаро ташкилотлар вакиллари, эксперт ва мутахассислар, умуман, кенг жамоатчилик мамлакатимизда ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг аҳамиятини алоҳида эътироф этди.

Масалан, АҚШдаги Хофстра университетининг Тасвирий санъат, дизайн ва санъат тарихи кафедраси, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё дастури раҳбари Александр Наймарк бу ҳақда шундай дейди: “Бир неча йил аввал Ўзбекистонда бу мамлакатнинг маданий меросини тадқиқ қилиш билан шуғулланадиган юзлаб олимлар жамланишини тасаввур қилиш қийин эди. Бу мен учун Ўзбекистонда барча жабҳаларда, жумладан, фан ва маданият тизимида ҳам катта ўзгаришлар бўлаётгани, бу мамалакат дунёга юз очаётганини исбот этадиган «биринчи қалдирғоч» бўлди. Шубҳасиз, бу лойиҳа Ўзбекистон маданияти соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда ҳаракатга келтирувчи кучлардан бири ҳисобланади”.

Конгресс якунида дунё олимлари мамлакатимиз раҳбарига мурожаатнома йўллаб, бу борадаги ишларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун миннатдорлик билдиришди ҳамда бундан кейин ҳам ана шу мақсад йўлида бирлашиб, ҳаракат қилишга тайёр эканликларини таъкидлашди.

— Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш борасида бугунги кунда қандай муаммолар мавжуд? Уларни бартараф этиш ва келгуси мақсадларга эришиш учун нималар қилиш керак?

— Муаммо излаган одамга ҳар доим муаммо топилади. Ҳеч бир иш ўз-ўзидан, муаммосиз амалга ошмайди. Шу пайтга қадар Ўзбекистонда яратилган, ҳар хил сабабларга кўра турли мамлакатларга сочилиб кетган маданий бойликларимиз ҳақида маълумот тўплашнинг ўзи бўлмасди. Бу маълумотларни глобал тармоқ орқали “Google” ёки «Википедия»дан осонгина юклаб олишнинг имкони йўқ. Шукрки, кейинги тўрт йилда соҳага муносабат мутлақо ўзгарди. Фаолиятимизга кенг шарт-шароитлар яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг қатъий иродаси, юксак билим ва салоҳияти билан мамлакатимиз ташқи сиёсатида юз берган ижобий ўзгаришлар ҳам Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш борасидаги ишларимизни кенг миқёсда олиб боришимизга имконият яратмоқда.

Дунёнинг энг нуфузли музейлари фондида халқимизнинг меҳнати ва ақл-заковати эвазига яратилган минглаб дурдоналар яшириниб ётибди. Биз шу музейлар, кутубхоналар, илмий муассасалар, шахсий коллекциялар раҳбарлари билан алоқага киришиб, улар билан ҳамкорлик ўрнатиш учун ҳаракат қиляпмиз.

Бу борада, албатта, турли вазирлик ва идораларнинг кўрсатаётган ёрдамини алоҳида таъкидлаш керак. Уларсиз биз бундай натижаларга эриша олмасдик. Биз қилган ишлар ҳали денгиздан томчи, холос. Дунёнинг турли ҳудудларида сақланаётган дурдоналаримиз ҳақида яна юзлаб жилд китоблар, фильмлар яратиш, қанчадан-қанча илмий анжуманлар ўтказиш мумкин. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, биздан кучли ирода, меҳнат ва машаққатга ҳозирликни талаб этади.

— Бугун бошланадиган Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги ва жамиятнинг навбатдаги конгрессининг аввалгиларидан фарқли жиҳати, ўзига хослиги нимада? Ушбу нуфузли тадбир кенг жамоатчилик учун қандай янгиликларни ваъда қилмоқда?

— Биз ўтган йили белгиланган «йўл харитамиз»да жуда катта ишларни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Афсуски, кутилмаган пандемия кўплаб режаларнинг амалга ошишига тўсқинлик қилди. Шу боис, Ўзбекистон маданий мероси ҳафталигини олдингиларидан фарқли ўлароқ, жорий йилда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, қисман онлайн кўринишда ўтказмоқдамиз.

Шунингдек, дунёнинг турли мамлакатларидан карантин чораларини қўллаган ҳолда, қирққа яқин олимлар ва мутахассисларни чақирганмиз. Бу йилги ҳафталик «Ўзбекистон маданий мероси — учинчи Ренессанс пойдевори» шиори остида ўтади. Бу гал биз яна бир муҳим жиҳат —Ўзбекистон киносанъатининг шонли ўтмиши ва бугунги ютуқлари ҳақида иштирокчиларга кенг маълумот беришни ният қилганмиз. «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумида чоп этилаётган китоб-альбомларнинг 20 та янги жилди тақдим этилади. Бир қатор кўргазмалар, давра суҳбатлари, кўнгилочар тадбирлар режалаштирилган. Навбатдаги ҳафталик ҳам халқимиз маънавий дунёсининг янги қирраларини кашф этишда муҳим қадам бўлишига ишонамиз.

Дилшод КАРИМОВ ёзиб олди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: