Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўтказилаётган “Шарқ ренессанси феномени: давлатлар, динлар ва цивилизациялар” мавзусида халқаро маданий мерос ҳафталигида 250 дан ортиқ хорижий олим ва мутахассислар, жумладан халқаро маданий ташкилотлар раҳбарлари, чет эл музей ва кутубхоналари бошқарувчилари иштирок этмоқда.
Маданий мерос ҳафталигининг очилиши 18 октябрь куни Бутунжаҳон жамиятининг мажлислар залида бўлиб ўтди. Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев сўзга чиқди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, юриспруденция фанлари доктори, профессор Акмал Саидов, лойиҳа муҳаррирлар кенгаши раиси сифатида модераторлик қилди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон Маданий мероси ҳафталигининг қисқача мазмуни, мақсади, амалга ошириладиган ишлар, имзоланиши кутилаётган шартномалар ҳақида сўз юритиб, «Мазкур конгресс шу йилнинг август ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган WOSCU VIII Халқаро конгрессининг давоми эканлигини таъкидлади.
Тадбирда намойиш этилган ҳужжатли фильмда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган фан, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU раиси Фирдавс Абдухолиқов халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида гапирди ва маданий мерос ҳафталиги дастурини тақдим қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган «Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси ҳақидаги фильм намойиш этилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, академик Азамат Зиё, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов ва бошқалар ҳафталик доирасида ўтказиладиган йўналишлар ва тадбирлар ҳақида ахборот беришди.
Шу куни ҳафталикнинг асосий илмий мулоқоти «Шарқ ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва цивилизациялар» бўлиб ўтди. Унда таниқли экспертлар сўзга чиқишди. Туркиянинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) бош директор ўринбосари Чингиз Томар Ўзбекистон билан кўп йиллик ҳамкорликни эслаб, келгусида ҳам қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини айтди. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда IRCICA ўзбек замини олимлари энциклопедиясини яратиш лойиҳасини бошлаётганини маълум қилди.
Япониянинг Михо музейи илмий ходими Сергей Лаптев эса Ислом цивилизацияси маркази билан биргаликдаги нумизматика коллекциясини яратиш лойиҳаси ҳақида маълумот берди.
Париж Олий илмий тадқиқотлар мактаби профессори Карим Ифрак Ўзбекистоннинг маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги мавқеини қайта тиклаётганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон меросига алоқадор бўлган Қуръон нусхаларини жаҳон жамғармаларида излаш ва ўрганиш юзасидан ўтказган тадқиқотлари ҳақида гапирди.
“Бу юрт ислом фалсафаси ривожланган маскан бўлиб келган”
Бахита Ахмед Ал-Румайтий (БАА) – БААдаги «Манара» марказининг ижрочи директори:
«Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев кўп йиллар олдин аждодлар томонидан асос солинган миллий анъаналарни қўллаб-қувватлаш бўйича улкан лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ўзбекистон раҳбариятининг маданий мерос, тарих ва кўп асрлик анъаналарни сақлашга бўлган эътибори мени жуда ҳайратлантирди. Шунингдек, бу йўналишдаги ўзбек олимларининг олиб борган катта ишлари ҳам таҳсинга сазовор.
Мен учун Ўзбекистоннинг Маданий мерос ҳафталигида иштирок этиш ва Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилиш катта шарафдир. Бу мамлакат ҳар доим маданий марказ ва ислом фалсафаси ривожланган маскан бўлиб келган».
“Маданиятга эътибор ҳар жабҳада сезиляпти”
Нигора Двуреченская (Россия) – археолог, тарих фанлари номзоди, Россия Фанлар академияси Археология институтининг Классик археология бўлими ходими:
«Янги Ўзбекистонда маданиятга жуда катта эътибор қаратилгани кўплаб жабҳаларда сезиляпти. Ўзбек олимларида янада эркин ишлаш имконияти пайдо бўлганини кўриб турибман. Эндиликда улар ўз экспедицияларини ташкил қилишмоқда, бу ишлар молиялаштирилиб, барча шароит яратилмоқда. Ёшларда археологияга қизиқиш анча ошган, чунки уларда эртанги кунга ишонч бор».
Қуръоннинг рақамлаштирилган электрон версиялари яратилади
Ҳафталикнинг иккинчи кунида халқаро илмий-маданий симпозиум ва “Ўзбекистон ўрта аср қуроллари” ҳамда “Имом Бухорий” инновацион музейи лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди. «Ислом — тинчлик ва эзгулик дини» симпозиуми давомида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан исломий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, «Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси муҳокама қилинди.
Тадбирда ўзбек ва хориж олимлар томонидан жаҳондаги коллекцияларда сақланаётган Қуръонлар факсимиле нусхаларини нашр этиш, хусусий коллекциялардаги қўлёзма Қуръонлар каталогини яратиш ва Ислом цивилизацияси марказида сақланаётган қўлёзмалар рўйхатини тузиш лойиҳалари ҳам тақдим этилди. Инновацион технологиялар ёрдамида илк мусҳафлар учун ягона платформа яратиш, Катта Лангар Қуръонининг рақамлаштирилган электрон версиясини тузиш ва сунъий интеллект ёрдамида Қуръон матнини тадқиқ қилиш бўйича ғоялар муҳокама қилинди.
“Бундай Қуръон нусхасини ҳозирда яратиш имкони ҳам, технологияси ҳам йўқ”
Франциядан келган қуръоншунос олим Карим Ифракнинг ўзбек Қуръон қўлёзмалари, жумладан, Амир Темурга тегишли бўлган, ҳозирги вақтда шахсий коллекцияда сақланаётган ноёб Қуръон ҳақидаги тадқиқоти симпозиумнинг энг сенсацион воқеаси бўлди.
Карим Ифрак, Сорбонна ва Париж Олий амалиёт мактаби доктори, Париж Академик тадқиқотлар институти раиси ва Миллий илмий тадқиқот маркази (CNRS) тадқиқотчиси:
«Минг варақдан иборат Амир Темур Қуръони каби қўлёзма дунёнинг ҳеч қаерида учрамайди. Чунки тилла суви билан юритилган ҳарфларда битилган оятлар қоришиб кетмаган. Қуръон бўйича эксперт сифатида ҳеч иккиланмасдан шуни айтишим мумкин-ки, мазкур Қуръон қўлёзмаси дунёдаги энг чиройли ва ноёб қўлёзмалардан биридир. Бундай Қуръон нусхасини ҳозирги кунда яратишнинг имконияти ҳам, технологияси ҳам йўқ. Бу Қўлёзма орқали Темурийлар даврида илм-фан, ҳаттотлик санъати нақадар ривожланганлигини кўриш мумкин. Шу жиҳатлари билан у мени тадқиқот олиб боришга ундамоқда. Бебаҳо Қуръон нусхаси айни пайтда шахсий коллекцияда сақланмоқда.
Симпозиум доирасида “Қуръон: тинчлик, эзгулик ва маънавий уйғониш нури” номли эксклюзив кўргазма очилди. Унда диний мазмундаги ноёб қўлёзмалар ва қадимий Қуръонлар намойиш этилди. Улар кейинчалик Ислом цивилизацияси маркази музейининг ва Имом Бухорий инновацион музейининг “Қуръон зали” экспозициясидан жой олади».
Ҳафталикнинг учинчи кунида халқаро анжуман иштирокчилари пойтахтнинг диққатга сазовор жойларида, жумладан Янги Ўзбекистон боғида бўлишди. Унинг марказий қисмидан ўрин олган мухташам бадиий обида – мустақиллик монументини кўздан кечиришди.
Исломий меросни ўрганишга хизмат қилувчи 60 га яқин шартнома имзоланади
Нуфузли тадбирнинг тўртинчи куни 21 октябрь Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллигига тўғри келди. 21 октябрь Ўзбекистонда Миллий тил куни сифатида нишонланиши муносабати билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, академик Шуҳрат Сирожиддинов “Тил – миллат ойнаси” мавзусида нутқ сўзлади. Тадбир доирасида “Маърифат карвони” меморандуми имзоланди. Хорижий ОАВ раҳбарлари ҳам ўз маърузалари билан қатнашдилар.
Шундан сўнг “Учинчи Ренессанс асоси – Янги Ўзбекистон” бўлими очилди. Тадбир доирасида ноябрь ойида бўлиб ўтиши кутилаётган «Маърифат карвони» лойиҳаси бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Миҳо музейи илмий ходими, фан доктори Сергей Лаптев “Ўзбекистон нумизматикаси” лойиҳасини, Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез (Туркия) ўзининг “Ҳозирги ўзбек адабиёти” китобини тақдим этди.
Туркия қўлёзмалар бошқармаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Имом Бухорийнинг дунёдаги энг эски ва тўлиқ ҳадислар тўплами факсимиле нусхасини совға қилди.
Pitch ва “Сила света” студияси ҳаммуассиси ва ижодий директори Борис Кислицин (Испания) эса Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясини тайёрлашда қўлланиладиган замонавий инновацион технологиялар ҳақида гапирди.
Халқаро маданий мерос ҳафталиги доирасида Ўзбекистонда исломий маданий меросни сақлаш ва ўрганишга хизмат қиладиган 60 га яқин шартномалар имзоланиши кутилмоқда. Кенг қамровли ҳафталиги тадбирлари 26 октябргача давом этади. Ҳафталик доирасида ташкил қилинадиган кўргазма ва маҳорат дарсларида Тошкент шаҳри аҳолиси ва пойтахт меҳмонларига ҳам иштирок этиш имкони яратилган.
Мазкур ҳафталикни ўтказишдан асосий мақсад халқаро мулоқот ва ўзаро билим алмашишни мустаҳкамлаш, чет эллик ҳамкорлар билан янги қўшма лойиҳаларни тасдиқлаш бўлиб, булар мамлакат маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштиришга катта ҳисса қўшади.
Манзура БЕКЖОНОВА