Ўзбекистон тиббиёти: ислоҳотлар янги босқичда

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, фармацевтика бозорини самарали дори воситалари билан таъминлаш масалаларига қаратилди. Юртимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш бўйича қатор фармон ва қарорлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари таҳлил этилди.

Сессияда иштирок этган мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва масъуллар журналистларнинг ўтган йилги ишлар сарҳисоби, бу йилги дастурий режалар билан боғлиқ саволларига жавоб беришди.

–Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2019 йил учун аниқ мақсадли иш режасини ишлаб чиқди. Бу дастурда асосий эътибор аҳоли орасида турли касалликлар тарқалишининг олдини олиш масалаларига қаратилди, – деди Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев. – Яъни биринчи навбатда, бирламчи тиббий ёрдам тизимини мустаҳкамлаш диққат-эътиборимизда бўлади. Қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар фаолиятида уйма-уй юриб, аҳолининг тиббий хизмат билан боғлиқ муаммоларини аниқлаш механизми йўлга қўйилмоқда.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан болаларнинг соғлом овқатланиши масалаларига бағишланган қонун лойиҳаси тайёрланяпти. Ушбу қонунда генофондни мустаҳкамлашда соғлом овқатланишга ўтишнинг аниқ йўналишлари белгилаб берилади.

Аҳолимиз орасида онкологик касалликлар кўпайиб бораётгани ҳам оғриқли муаммолардан биридир. Республикамизда йилига 22 мингдан ортиқ беморда онкологик касалликлар қайд этилмоқда. Бу эса касалликка қарши кураш тизимини такомиллаштиришни, соҳада юқори технологик хизматларни такомиллаштиришни талаб этади. Шу сабабли аҳоли орасида онкологик касалликларни эрта аниқлашга қаратилган тадбирлар ўтказилиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, ҳудудларимизда германиялик ҳамкорлар билан биргаликда онкологик клиникаларни ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовнинг таъкидлашича ҳозирда олий таълим тизимида соғлиқни сақлаш соҳаси учун зарур мутахассисларни Россия, Жанубий Корея, Германия, Италия каби давлатларнинг тиббиёт олийгоҳларида ўқитишга катта эътибор қаратилаётир. Масалан, Росток университети билан генетик касалликлар, неврология ва кардиология йўналишлари бўйича шифокорлар тайёрлаш, Шарите университетининг Науэн клиникаси билан олий маълумотли ҳамшираларни тайёрлаш бўйича, шунингдек, ёш шифокорларнинг Германияда амалиёт ўташини ташкил этиш юзасидан бир қатор ишлар режалаштирилди.

Сессияда берилган маълумотларга қараганда сўнгги икки йилда юртимизга 1500 та тез тиббий ёрдам машиналари олиб келиниб, фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда жами 2 минг 400 га яқин тез тиббий ёрдам машинаси фуқароларга хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, охирги икки йилда Ўзбекистонга барча қулайликларга эга бўлган 400 га яқин реанимобиллар ҳам олиб келинди. Бу тезкор автолар “Тез ёрдам” сифатини тубдан яхшилашга, чақириқларга ўз вақтида етиб боришни таъминлашга ҳисса қўшмоқда.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: