Вакцинанинг 3 дозасини олган отахон ўзида юз берган ҳолатларни гапириб берди

Кўпчилигимизга коронавирусга қарши эмлаш жараёнининг ҳар бир босқичи қай тарзда ўтиши бўйича саволлар бор. Ҳаммамиз вакцина олган кўнгилли фуқароларнинг эмланишдан кейинги ҳолатларини билишга қизиқамиз.

Юртимизда Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида яратилган коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3-клиник синов босқичи давом этмоқда. Кўпчилигимизда эмлаш жараёнининг ҳар бир босқичи қай тарзда ўтиши бўйича саволлар бор. Вакцина олган кўнгилли фуқароларнинг эмланишдан кейинги ҳолатларини билишга қизиқамиз. Тадқиқот доирасида вакцинанинг 3-босқичидан муваффақиятли ўтган «Олимпия» маҳалласи «Нуронийлар» ташкилотининг раиси 75 ёшли Зайнитдинов Бурхониддин ота билан суҳбатлашдик. Бурхониддин ота ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг клиник синовларида иштирок этган кўнгиллилардан бири. У эмланишдан кейин ўз бошидан кечирган ҳолатлар ҳақида гапириб берди.

– Ўтган йили бутун дунё аҳли коронавирус ҳужумидан анчагина жабр чекди. Ҳанузгача унинг дастидан қийналиб келмоқдамиз. Яқинларингни кўришга, кўчага бир ҳатлаб чиқишга ҳам қўрқиб қоласан киши. Айниқса, атрофингдаги яқинларингни оиласида касаллик оқибатида юз бераётган кўнгилсиз воқеалар сени янада сергак торттиради. Буни эслаш нақадар даҳшатли. Ўтган йили карантин талаблари кучайтирган бир пайтда рафиқам Матлубахон ҳам коронавирусга чалинди. Фарзандларим дарҳол мени бошқа хонага жойлаштиришди. Рафиқамнинг ҳолати яхши бўлавермагач, уни «Ўзэкспомарказ»даги вақтинча ташкил қилинган шифохонага жойлаштиришди. Аҳволидан жуда ташвишландик. Хонадонимизда хотиржамлик йўқолди. Ўша пайтдаги ҳолатимизни, ҳатто, тушунтириб беролмайман. Рафиқамни узоқ вақт ҳолсизлик, нафас сиқиши каби ҳолатлар қийнади. Унинг реабилитация жараёнига тахминан 2 ойча вақт кетди. Мен учун бу ойлар гўё йилдек туюлди.

Ниҳоят, юртимизга касалликка қарши курашишда вакцина келтирилганлигини эшитдим. Бу хабар мени жуда қувонтирди. Кўнгилли фуқаролар сафига қўшилиш истагини билдирдим. Худди шундай вакцинани биринчилар қаторида шифокор ўғлим ҳамда ҳамшира бўлиб ишлайдиган қизим ҳам олишди.

Шундай қилиб, вакцинани илк бор олганимдан сўнг 1 ой ўтгач, 2- дозаси билан эмландим. 60 кундан сўнг учинчи дозасини ҳам олишга муваффақ бўлдим. Худога шукр, ҳеч қандай ножўя таъсир сезганим йўқ. Ҳарорат кўтарилиши, бош оғриғи ёки эт увишиши каби нохуш ҳисларни ҳам туймадим. Барчаси аъло даражада ўтди. Вакцинани ҳар гал олишга келганимда таниш чеҳраларни учратардим. Улар билан эмлангандан сўнг бир-биримизда кечаётган ўзаро жараёнларни сўрашга ошиқардик. Қувонарлиси, ҳаммасида фақат ижобий натижалар қайд этилди.

Афсуски, вакцина ҳақида турли хил ноўрин, кўр-кўрона миш-мишлар тарқалмоқда. Юз марта эшитгандан кўра, бир марта ўша жараённи бошдан кузатишганида эди, фикрлари мутлақо ўзгаришига ишончим комил бўларди. Ватанимиз айнан кексаларнинг соғлиғидан ташвишланганидан эмлаш ишларини қариялардан бошлашди. Ҳозирда коронавирусдан ягона ишончли ҳимоя воситаси айнан вакцина экан, ўзимизни ҳимоя қилишимиз учун яратилган имкониятдан фойдаланишимиз керак. Зеро, ҳар бир инсон ўз соғлиғи учун ўзи масъулдир.

Гулшан тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: