Сардоба сув омбори ҳалокатига 1 йил тўлди. Фожеага нима сабаб бўлган эди?

АОКАда Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Абдулла Қўлдошев иштирокида махсус брифинг ўтказилди.

Унда Сардоба сув омборида юз берган техноген ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва унинг сабабларини ўрганиш натижалари тўғрисида маълумот берилди.

2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг емирилиши натижасида юз берган сув тошқини оқибатида бир қанча аҳоли пунктлари, бино-иншоотлар ҳамда экин майдонлари жиддий талафот кўрди.

Энг ачинарлиси, мазкур ҳодиса туфайли 6 нафар фуқаро қурбон бўлиб, бир киши бедарак йўқолди.

Давлат раҳбари топшириғи билан, тошқин оқибатларини бартараф этиш, авария-тиклаш ишларини олиб бориш, зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилиб, қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Минглаб махсус техникалар ва куч воситалари ёрдамида 110 мингдан зиёд аҳоли зудлик билан хавфсиз жойларга эвакуация қилиниб, вақтинча турар жой, озиқ-овқат, тиббий-психологик ёрдам ва бошқа зарур воситалар билан таъминланди.

Шу билан бирга, республикамизнинг турли минтақаларидан дори-дармон, кийим-кечак, қурилиш материаллари, молиявий ёрдам ҳамда “Мадад карвонлари” етиб келди.

Бугунги кунда тўғоннинг шикастланган қисмида 800 метр узунликда дамба барпо этилиб, таъмирлаш-тиклаш ишларининг биринчи босқичи якунланди.

Зарар кўрган аҳоли пунктларини қайта тиклаш ҳамда кўп қаватли замонавий уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларини қуриш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 2640 хонадондан иборат 86 та кўп қаватли янги уй-жой қурилиб, барча ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-муҳандислик инфратузилмасига эга бўлган 3 та замонавий шаҳарча барпо этилди;

1830 та бетон панелли уйлар ва 50 та кўп қаватли уй-жой таъмирланди. Бундай чора-тадбирлар натижасида талафотдан жабр чеккан барча оилалар қисқа муддатда тўлиқ уй-жой билан таъминланди;

тошқиндан зарар кўрган 4800 оилага 40 млн. сўмдан моддий ёрдам, маиший техника воситалари ва чорва моллари ажратилди;

37 та ижтимоий соҳа объектлари, яъни 10 та боғча, 16 та мактаб, 8 та тиббиёт муассасаси, 1 та коллеж биноси мукаммал таъмирланди ва капитал реконструкция қилинди;

1тадан янги мактаб ва боғча, 72 та болалар спорт майдончаси ҳамда воркаутлар барпо этилди;

205 км умумфойдаланув ва ички хўжалик йўллари ҳамда 14 та кўприкда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди;

121 км ичимлик ва оқова сув тизими, 8 км канализация, 345 км электр энергияси ва 94 км табиий газ тармоқлари тортилди.

189 км ирригация ва мелиорация объектлари, 68 та балиқчилик ва чорвачилик хўжаликлари фаолияти қайта тикланди.

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши сабаблари халқаро экспертлар томонидан ўрганилди

Бу ҳақда генерал-майор Абдулла Қўлдошев маълум қилди.

–Франция, Голландия, Россия, Туркия, Қозоғистон ҳамда мамлакатимизнинг юқори малакали экспертларининг таҳлил ва хулосалари асосида ўпирилиш сабаблари атрофлича ўрганиб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Москва давлат қурилиш университети, “Қурилиш соҳасида муҳандислик изланишлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри” давлат илмий-тадқиқот лойиҳа институти томонидан тўғоннинг мустаҳкамлигини аниқлаш бўйича муҳандислик-қидирув изланишлари ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилди.

Хусусан, тўғон бўйлаб 45 метргача чуқурликда 60 та геологик тик қудуқлар қазилиб, 2100 та тупроқ намуналари олинди ҳамда замонавий лаборатория ускуналари ёрдамида уларнинг физик, механик ва кимёвий хусусиятлари ўрганилди;

иншоотнинг деформациясини ўрганиш мақсадида тўғон бўйлаб 423 та махсус белги ва 21 та таянч геодезия нуқталари ўрнатилди;

тўғондаги горизонтал силжишларни аниқлаш учун 444 та нуқтада халқаро ва давлат стандартлари асосида юқори аниқликдаги махсус ўлчовлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, малакали мутахассислардан иборат махсус ишчи гуруҳлар тузилиб, республикамиздаги барча йирик гидротехник иншоотлар техник кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижалари асосида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

Бу соҳадаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди, – деди А. Қўлдошев.

Айни кунларда Сардоба фожиасига 1 йил тўлди. Ҳамма нарсада бир ҳикмат бор. Бугунги кунда техноген офатда зарар кўрган ҳудудни танимайсиз. Бу ерда янги уйлар қад кўтарган, кўркам маҳаллалар, баланд бинолардан иборат обод шаҳар бунёд бўлган.

Бошпанасиз қолган инсонларга янги қурилган бинолардан квартиралар берилди. Айни пайтда қайта тикланган маҳаллалар ва объектларда ҳаёт давом этмоқда.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: