Чимилдиқда алданган куёв

Ёз кечаси. Соливой зовур бўйига чиқди-да, сигарет тутатиб, бўтанадан бўтанага сакраб сайраётган қурбақаларга қулоқ тутди. Ҳа, узоқ кутиб ўтириши мумкин эмас. Беш-олти дақиқа ичида учрашув жойига етиб бориши лозим. Йўқса Майсара кириб кетиб қолиши тайин. Аксига олгандек, учрашув жойи ҳам Дўлта устанинг томорқаси бурчагида. У ерга тахтадан баланд қилиб қурилган деворни ошиб, ундан сўнг маккажўхориларни оралаб ўтилади. Маккажўхори оралаб юриш эса осон эмас. Ҳаммёғингга сўта соқоллари ёпишиб қолади.
— Хайрият, тўйга бир ҳафта қолди. — дея шивирлади Соливой соқол ёпишиб қичиша бошлаган елкаларини ишқалай-ишқалай. — Охирги марта қийналсам қийналибман. Тўйдан кейин эслаб юрадиган бўламан…
Ўйлаганидек, Майсара бурчакка қисилганча кўзлари тўрт бўлиб уни кутаётган экан. Соливой югуриб келиб севгилисини маҳкам қучиб олди.
— Кечир, пича кутдириб қўйдим. — дея ўзини оқлаган бўлди у. — Ўзинг тушунасан-ку, қишлоқ кўчасида юрганингни чоллар кўриб қолса, гап-сўз кўпаяди. Бунинг устига маккажўхоризор ҳам роса овора қилди. Поялари чирмашиб кетганми-ей бир-бирига!..
— Хафа бўлганим йўқ. — Соливойнинг елкасига бошини қўйиб жавоб қилди Майсара. — Менам ҳозиргина чиқдим… Укаларим ухламай хуноб қилишди.
— Нега хафасан? — сўради Соливой қизнинг иягидан тутиб.
— Хафамасман.
— Йўқ, олдинги сафаргидай чеҳранг очиқ эмас.
— Қоронғида чеҳрамни қаёқдан кўра қолдингиз?
— Сени чеҳранг ойданам ойдинроқ. Кўзимни юмиб кўраман уни.
— Бекор қиласиз…
— Нимага?..
Майсара йигитнинг қўлларини нари суриб ўзини орқага олди.
— Нима бўлди ўзи сенга? Биров хафа қилдими?.. Гапирсанг-чи!..
— Соли ака, биз худди беҳудага тушмуш қураётгандекмиз. — деди Майсара беихтиёр йиғламсираб. — Мен… Қўрқиб кетаяпман.
— Жиннимисан?.. Қаёқдаги гапларни гапирасан-а!.. Ахир…
— Тўғри, севишганлар эртами­-кечми, бирга бўлиши керак. — давом этди Майсара. — Лекин… Бир кун келиб мени ташлаб кетиб қолсангиз нима қиламан?
— Уф-ф… Ўтакетган тажанг бўлиб кетибсан ўзингам!.. — дея норози қўл силтади Соливой. — Ҳали тўй ўтмай туриб совуқ гапирганинг нимаси?.. Биласан-ку, сени қаттиқ севаман!.. Агар даданг рози бўлмагандаям, барибир опқочиб кетардим сени…
— Шундай-ку­-я!.. Барибир қўрқиб кетаяпман!..
— Қўрқма!.. — дея Майсарани қайтадан қучди Соливой. — Ҳаммаси яхши бўлади. Худо хоҳласа, иккаламиз бахтли яшаймиз. Мана кўрасан!..
Бу гапидан сўнг Майсара негадир пиқ-пиқ йиғлай бошлади.
— Бас! — дея уни уйи томон куч билан буриб қўйди Соливой тоқати тоқ бўлиб. — Жуда инжиқ бўлиб кетибсан! Хурсанд бўлсанг ҳам йиғлайсан, хафа бўлсанг ҳам… Умуман сени тушуниб бўлмай қолди!.. Майли, борақол, уйга кириб тиниқиб ухла! Ўзингга кеп қоласан.
— Энди кўришмаймизми? — йиғлашдан тўхтаб Соливойга умидвор термулиб сўради Майсара.
— Ахир, бор йўғи бир ҳафта қолди тўйимизга!.. Уйда таъмир ишларининг чаласи бор. Ўшани битирмасам улгурмайман!..
— Келмасангиз келманг! — Майсара зарда билан бурилди-ю, уйига қараб чопа кетди.
— Қайсар қиз-ей! — кулиб қўйди Соливой. — Ҳойнаҳой тўй арафасида безовталаниб қолганга ўхшайди!.. Ҳа, қизлар шунақа бўлади дейишарди… Қўрқади-да!..
Тўполон билан тўй ҳам ўтди. Майсара оққа ўралиб янгалар, қиз-жувонлар ҳамроҳлигида Соливойларнинг айвони кунчиқарга қараган уйига кириб борди. Куёв бўлмиш бу паллада ҳовлининг қоронғироқ ерига ўтиб олганча сигарет тутатар, ёнидаги жўраси Шуҳратнинг хуфиёна маслаҳатлари ҳам қулоғига кирмасди.
Ниҳоят уни ичкарига чорлашди. Одатга кўра бир гуруҳ жўралар қуршовида эшикка яқин борди.
Кимдир остонада қулочини ёйган кўйи куёвдан пул кутаётган ўрта яшар аёлнинг қўлига бир чангал икки юзталик тутқазди-ю, шу заҳоти қолганлар «йўлтўсар»ларни куч билан нари суриб ичкарига Соливойни киритиб юборишди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, барча ирим-сиримлар адо этилди ва келин-куёвлар ёлғиз қолишди.
Майсара саккиз қават кўрпа устидан ваҳима аралаш тушди-да, ўзини ётган ерида зимдан кузатаётган Соливойга ҳам эътибор қилиб ўтирмай, парда ортига ўтиб олди.
Соливой бир муддат нима қилишни билмай гаранг бўлди.
Ахир, нима қилса бўлади? Нега ўрнидан туриб кетди?.. Мумкин эмас-ку бундай қилиш!..

У шошилмай ўрнидан туриб бўйнидаги бўйинбоғни ечиб бир четга отди-ю, парда томон юрди.
— Илтимос, менга яқин келманг! — ялинган оҳангда сўз қотди Майсара титраб-қақшаб. — Илтимос қиламан сиздан!
— Нимага-а?.. — ҳайрон бўлди Соливой. — Биз энди эр-хотинмиз. Никоҳ ўқилган. Нимадан қўрқасан? Бегона эмасман-ку!.. Севгилимсан-ку!..
— Барибир яқин келманг!..
— Мени… Севмайсанми ё?.. — жаҳли чиқа бошлаган Соливой энди дўқлашга ўтди. — Гапир!.. Алдаб юрганмидинг?
— Йўқ.
— Унда нега қочасан мендан?
— Шундай қилишим керак.
— Э, хуноб қилиб ташладинг ўзингам!.. Ўзингдан кўр!.. Бақир-чақиринггаям қараб ўтирмайман!..
Севган одамнинг, қолаверса, йигитликнинг авж палласига қадам қўйган йигитнинг қони қайноқ бўлади.
Соливой жаҳд билан Майсарани ўзига тортди-да, кўрпа устига ўтқазди ва аввал бошидаги рўмолни, кетидан оппоқ ҳарир кўйлакни ечиб ташлади.
Ечди-ю… Қотиб қолди.
Қараманг, қараманг! — дея йиғларди Майсара баданларини кафтлари билан беркитишга уриниб. — Менга яқинлашманг!..
— Бу… Нима, Майсара?.. — тутилиб-тутилиб сўради Соливой Майсаранинг баданидаги оқ доғларга ишора қилиб. — Гапирсанг-чи! Нима бу?..
— Ҳеч нима. — деди Майсара ҳамон йиғидан ўзини тўхтата олмай. — Сизга… Айтгандим-ку!.. Билгандим… Барибир…
— Тушунмадим. — Соливой секин бориб хотинининг оқ доғ босган баданига қўл юборди. Бироқ Майсара ўзини нари олди. — Сен… Касалмидинг, Майсара?..
— Ҳа, касал эдим. — жавоб берди Майсара йиғи аралаш. — Нега қараб турибсиз?.. Ҳайдамайсизми мени?..
— Бу нима деганинг, аҳмоқвой?.. Мен… Ундай деётганим йўқ-ку!.. Фақат… Нималигини билмоқчи эдим, холос.
— Соли ака, мен касалман. — зорланди Майсара. — Кичкиналигимда… Қизамиқдан кейин шунақа доғлар пайдо бўп қолган. Нима қилай?.. Қисқаси… Мана, ҳақиқатни билдингиз. Энди мени бемалол ҳайдаб солишингиз мумкин. Хафа бўлмайман, ҳа, бўлмайман!..
— Йиғлама… Йиғлама… Фақат сен йиғлама… Б-биласанми… Бўлди… Бас қилайлик!.. Аҳмоқона гапларни гапирма!.. Кийиниб олақол!.. Сени бошқа безовта қилмайман…
Майсара ялт этиб Соливойга боқди-ю, шу заҳоти нигоҳларини олиб қочиб полда ёйилиб ётган оқ ҳарир кўйлакни қўлига олди. Лекин киймади. Асабий ҳолатда парда ортига улоқтириб сеплари орасидан атлас кўйлак лозимини пана-паналай кийиб олди.
Эрта тонгданоқ қариндош, қўшни хотин-халаж «юзочди»га ҳозирлик кўра бошлади. Соливой девормиён қўшнилари Йўлчи буванинг ҳужрасида ёлғиз ўтирар, уйқусизликдан қизарган кўзларини юмганча чуқур ўйга толган эди.
— Қандай кунларга қолдим? — ич-этини кемириб саволларига жавоб изларди у. — Шундай севгилим касал чиқса… Кимга дардимни айтай? Эшитганлар нима дейди? Ҳайдаб юборсам, юрагим куйиб адойи тамом бўлмайдими? Онам-чи?.. Қўшнилар-чи?.. Эркак эмас экан, шунинг учун ҳайдади деб жар солишмайдими? Ёки… Майсара маломатга қолса-чи?.. Бироқ… Унинг ёнида бир кўрпага буркалиб ётиш-чи?..
Шуларни ўйларди-ю, юрагининг туб-тубида кезиб юрган мисқолдеккина муз Соливойни чимилдиқли уйга киришга қўймайдигандек эди.
Барибир маросим тугашини кутиб туришга бардоши етмади. Даст ўрнидан туриб ҳовлига кирди.
Одам кўп эди. Қуда-андалар Соливойнинг бахтига ичкари уйларга кириб улгуришган экан.
У етмишни ёқалаб қолган, сўнгги пайтларда ҳассага суяниб қолган онаси Сабриниса холани бир четга имлади.
— Ҳа, болам, зерикдингми? Ё очиқдингми? Нега кўзларинг қизариб кетди?
Она-да, кўз очиб юмгунча Соливойни саволларга кўмиб ташлади.
— Бошқа гап чиқиб қолди, эна. — деди Соливой ер чизиб.
— Нима гап? Тинчликми? — жавдираб боқди она ўғлига.
— Эна… Келинингиз…
— Нима қипти келинимга? Ана, дуппа-дуруст хизмат қилиб юрибди. Нима қипти?..
— Унинг… Майсаранинг баданида песи бор экан! — дея терс ўгирилиб олди Соливой.
— Нима?.. Ўйлаб гапираяпсанми?..
— Ҳа, ҳаммаёғи песга тўлиб ётибди.
— Вой шўри-им!.. — бошини чангаллаб олди Сабриниса хола. — Энди нима бўлади, болам!.. Вой шўрим қуриб қўя қолси-ин!..
Сўнгра сал ўзини тутиб Соливойнинг қулоғига пичирлади:
— Зинҳон бировга айта кўрмагин!.. Индамагин!.. Илойим пешонанг қурсин!.. Пешонанггина қурсин!..
Бу гап бир зумда қулоқма қулоқ бутун маҳалла аҳлига тарқалди. Кимдир ишониб Майсарага сездирмайгина ола қаради. Кимлардир Соливойни ожизга йўйди.

Қариндош-уруғларнинг ҳам янги келинга муносабати бирдан ўзгарди. Улар Майсарага атайин сездириб пичир-пичир қилишар, илож топсалар узиб-узиб олгилари келди. Аммо ҳеч ким тилга кириб унинг юзига солмади.
Сабриниса хола шундай деб тайинлаганди.
Бу-ку, аёллар орасида кечаётган хунук ҳодиса эди. Соливойнинг аҳволи янада оғирроқ кечди.
У кечга қадар еган-ичганида ҳаловат топа олмади. Миясида бир савол айланиб мисоли дўзах ўтида қовриларди.
— Мана, тағин кеч тушди. — хаёлан тақдирига лаънатлар ўқиб куёвлик уйига кириб борди у. — Нима қилиш керак бундай кезларда?.. Қандай йўл тутса бўлади? Бировга айтолмасанг, дардингни ҳаддинг сиғиб яқин ошнанггаям тўкиб сололмасанг…
Соливой бир бурчакдан туриб хотинига кўз ташлади. Майсаранинг йиғидан қовоқлари шишибди. Ранги ҳам оқаринқирагандек.
Индамасдан қават-қават кўрпалар устига ўтирди-да, бошини чангаллаб олди.
— Кечирим сўрамасмикан? — ўйлади Соливой. — Нима бўлгандаям, алдади-ку мени!.. Ё журъат қила олмаяптимикан?.. Йўқ, мен соб бўлдим. Энди… Энди…
— Ётмайсизми? — Майсаранинг титраб чиққан товуши Соливойни ҳушёр торттирди.
Кўрдики, Майсара секин ўрнидан туриб эгнидаги атлас халатнинг боғичини еча бошлабди.
— Йўқ! — дея қўлини олдинга чўзди Соливой. — Ечма, илтимос!..
— Н-нега?.. Ё-ётмаймизми?..
— Ечинмасдан ётавер!..
Майсара тушунди. Ва бўшашиб қўлини икки ёнига ташлаган кўйи дераза қаршисига борди-ю, кафтлари билан юзларини беркитди…
Руҳан эзилишлар бир ойга яқин давом этди. Орадаги унсиз совуқ муносабатлар кучайгандан кучайиб борарди. Икковлари ҳам бир оғиз ортиқча сўз айтишмас, дардлари ичда эди. Охири…
Хуфтонга яқин кайфи таранг ҳолда дўкондан уйга қайтган Соливой олдин онаси ўтирган уйга кирмоқни ният қилиб дарвозанинг бир қанотини очган ҳам эдики, бир бурчакда мунғайиб ўтирган Сабриниса холага кўзи тушиб ранги қути ўчди.
— Нима бўлди? — сўради у онанинг елкасидан тутиб. — Нима қилиб ўтирибсиз?..
Сабриниса хола силкиниб-силкиниб йиғларди. Ўғли пайқаб қолишидан чўчидими, шоша-пиша рўмолининг бир учига кўз ёшларини артиб ўрнидан турди.
— Нимага йиғладингиз, эна? — сўрашда давом этди Соливой. — Тинчликми ўзи?..
— Майсара кетиб қолди. — эшитилар-эшитилмас жавоб қайтарди Сабриниса хола.
— Нима?.. Қаерга кетади? Қачон?
— Уйига… Кетиб қолди. Мен то ўзимни ўнглаб ҳовлига чиққунимчаям тўхтаб турмади. Кечирим сўради-ю, кетди-қолди…
— Шунақа денг? — муштларини тугди Соливой. — Кетиб қолди денг?..
— Ҳ-ҳа, болам… Энди нима қиламиз-а?..
— Э, шунгаям қайғураверасизми? — Соливой бирдан ўзгарди. Онани маҳкам қучиб бошини елкасига қўйиб олди. — Майли, кетса кетаверсин! Ўзим ҳам… Барибир бир кун шундай бўлиши керак эди. Яхши бўпти.
— Ундай дема. Майсара яхши келин эди. Ҳалиям бўлса, кечмас. Бориб ўзинг қайтариб кел!
— Мен?.. — Соливой ортга тисланди. — Мен қайтариб келаманми? Нега?.. Алдагани учунми? Устимдан кулганлари учунми?.. Ҳечам-да!.. Кетмагандаям барибир қўйворардим.
— Тилингни тишла!.. — койиб берди Сабриниса хола. — Худодан қўрқмайсанми? Песи бўлса унда нима гуноҳ? Худо шундай дард бергандир-да!..
— Мен-чи? Менда нима гуноҳ, эна?.. Мен нима қилишим керак? Нима? Нима?.. Ахир, қўрқаман бунақа касалга тик боқишдан, қўрқаман! Нега мени тушунмайсиз?..
— Қўй, ўзингни бос!.. — Соливойни тинчлантира кетди Сабриниса хола. — Пешана-да!.. Бундан баттарларини кўрганман!.. Сеники нима бўпти?..
Соливой бирпас жимиб ўйланиб турган бўлди-да, тўсатдан бошини орқага ташлаб бир керишди-ю, қўлларини баланд кўтариб хонаси томон юрди.
— Майли, эна, ўлиб кетсин кетса!.. Бизам ўлиб қолмасмиз! Ўлмасмиз!..
Бу ҳайқириқ қайсидир маънода жазавага ҳам ўхшаб кетарди.
Соливой айтганини қилиб хотинини олиб келишга бормади. Онасининг панд-насиҳатларига ҳам қулоқ тутмади. Ҳар кунини қаерлардадир узоқ, таниш кўзлардан панароқ дўконларда, бозорларда ўтказишга одатланди. Шу йўл билан ўзини тийиб олишга, аламларга кўникишга ва барчасини унутишга уринди.
— Мен бугун шаҳарга тушиб келмоқчиман. — деди Майсара кетганига икки ҳафта тўлган куни.
— Тинчликми? Шаҳарда ишинг борми? — ўғлига умидвор тикилиб сўради Сабриниса хола. — Ҳарқалай, хотинингни опкелишга…

— Оғзингизга олманг уни! — онани жеркиб ташлади Соливой. — Мен сизга нима деганман? Керакмас менга касал хотин, вассалом!..
— Ўзингам жуда тошюрак бўп кетган экансан. Бўлди-да энди! Кўр бўлмаса, шол бўлиб уйингда ётган бўлмаса. Доғи бор экан. Нима бўпти шунга?
— Бас қилинг, эна, бас қилинг!.. Менга тоза аёл керак. Соғлом хотин керак!.. У мени алдади-ку, алдади-ку! Нега бошида айтмади айбини-а? Нега яширди?
— Қўрққандир-да! Униям тушунсанг, камайиб қоласанми? Қанча сарф-харажат қилиб келин туширдим, ахир! Ҳеч бўлмаганда менга ачингин, болам!
— Бўлди, қўйинг шуни!.. Хотин зоти қуриб кетмагандир!..
— Билганингни қил! — Сабриниса хола ғудрана-ғудрана ҳовлига чиқиб кетди. — «Ўлдим-куйдим! Ўлсам ҳам, қолсам ҳам шунга уйланаман!», деган ўзинг эдинг… Энди бўлса…
Соливой қишлоқ кўчаси бўйлаб телбаларча кетиб борар, тез-тез тишлари орасидан ерга чирт этиб тупуриб қўярди. Шу маҳал орқадан таниш овоз эшитилгандек туюлиб таққа тўхтади.
Чақирган синфдош дўсти Низомиддин экан.
Жиккакина, жингалаксоч бу йигит билан Соливой деярли сирдош эди. Лекин оилавий ташвишларини ҳали унга ҳам айтмаганди. Айтишга истиҳола қилганди.
— Нима бўлди? Намунча тумшуғингни осилтирволибсан? — ҳазиллашган бўлди Низомиддин сўрашиш учун қўл узатиб. — Янги уйланган одам ҳам шунақа бўладими?
— Ўзим… Шундай. — деб қўя қолмоқчи бўлди Соливой. — Кайфият чатоқ.
— Гапни айлантирма! — дея икки елкасидан ушлаб ўзига қаратди Низомиддин. — Майсаранг уйига кетиб қолган-ку!..
— Сен… Қаердан эшита қолдинг?
— Бутун қишлоқ билади. Хўш, нима бўлди ўзи?.. Уйи икки қадам бўлса, бориб олиб келсанг бўлмайдими?
— Э, ошна, сен билмайсан-да! — дея хўрсиниб қўйди Соливой.
— Нимани билмайман? Гапирсанг-чи мундоқ! Ё мендан ҳам яширасанми? Айт! Уришиб қолдингми, ё…
— Касал экан Майсара.
— Нима?.. Қ-қанақасига касал бўлади?.. Эсингни еганмисан? Шунча йилдан бери учрашиб юриб…
— Песи бор экан баданида, тушундингми, песи бор экан!..
— Песи?.. Кўп эканми?..
— Ҳа, кўп экан.
— Худо асрасин, Худо асрасин! Туф-туф-туф!.. — Низомиддин ранги ўзгариб ичига туфлай-туфлай тескари қаради ва яна Соливойга ўгирилди.
— Жўра, кечирасан-у, лекин бу касаллик эмас. Сен уни тушунишинг керак. Тўғри, сал анақароқ… Одамнинг этини жунжиктиради. Аммо касаллик эмас… Худонинг иши!.. Ўзига қолса шундай бўлай дебдими!? Худонинг бергани-да!..
— Ақл ўргатмаган сен қолувдинг! — қўлини пахса қилиб ўзи сезмаган ҳолда бақириб юборди Соливой. — Сенлар гапираверасан­-да!.. Нима қилиш-қилмасликни ўзим яхши биламан. Ундан кўра, юр, бирга шаҳар айланиб келамиз!
— Хў-ўп, хўп!.. Ўзингни бос!.. Кеча сени деб сал бўлмаса Ўрин ўғриминан муштлашиб кетаёздим.
— Нимага?
— Болаларминан ўтиргандик қарта ўйнаб. Сендан гап чиқиб кетди. Ўрин бир маҳал шартта ўрнидан туриб: «Э, Солининг ўзи касал экан. Шунинг учун хотини кетиб қопти!» деса бўладими… Қандай ўрнимдан туриб ёқасига ёпишганимни билмай қолибман. Мардон ушлаб қолди-да, бўлмаса…
— Шунақами? Шунақами? — Соливой вужудида титроқ туйиб қўлларини мушт қилганча узоқ-узоқларга тикилиб қаради… — Бўпти… Ҳали шошмай туришсин… Кўрсатиб қўяман уларга… Кўрсатиб қўяман!..
Низомиддин дўстининг важоҳатини кўриб ортиқча гапириб ўтирмади. Уни елкасидан тутганча автобус бекати томон етаклади…
Икки дўст узоқ вақт шаҳар айланиб юришди. Соливой шу қадар хаёлга берилиб кетгандики, Низомиддинни ҳам унутгандек эди. Хаёлан фақат Майсарани ўйлар, аҳён-аҳёнда алам билан муштларини тугиб қўярди.
— Ҳов анави эркакни қара! — деб қолди туйқусдан Низомиддин кўча тарафга қўл чўзиб.
— Нимайкан?
— Қара, ҳов анави эркак аравачани итариб кетаяпти. Кўрдингми?
— Ҳа, кўрдим. Нима бўпти?
— Аравачадаги аёл кимлигини биласанми?
— Қаёқдан билай? Амма-холаммиди билиб?
— Аёл мана шу эркакнинг хотини бўлади.
— Йўғ-э!.. — дея энди аравачадаги боши бир томонга қийшайиб кетган, лаблари осилиб, сўлаклари пастга оқиб тушаётган ногирон аёлга қаттиқроқ тикилиб қолди Соливой. — Бўлиши мумкинмас.
— Сен айтасан бўлиши мумкинмас деб. Бироқ бу ҳақиқат. Мен уларни яхши танийман. Ҳозир улар касалхонага кетишаяпти. Уколларни олиб яна уйларига қайтишади.

​​— Сен уларни қаердан танийсан? — ишонқирамай сўради Соливой.
— Бир яқин танишим шуларнинг ён қўшниси. Ишонасанми, эркак шу аёлга уйланганда жа бунақанги қўрқинчли эмас экан. Шунчаки бир ёнига қийшайиб юраркан. Бориб-бориб юролмай қопти. Афтиям бузилиб кетибди. Шундаям эри ташлаб кетмабди.
— Униям бир нуқсони бўлса керак-да! — деди Соливой ҳорғин қадамлар билан аравачани олдинга олиб бораётган эллик ёшлардаги эркакдан кўз узмай.
— Ҳамма гап шунда-да! Эркак соппа-соғ. Лекин хотинига севиб уйланган.
— Астағфирилло! — деб юборди Соливой ҳайратини яшира олмай. — Шунақа одамлар ҳам бўларкан-да!..
Шу манзара негадир унинг хаёлларини чалкаштириб ташлаганди. Низомиддин билан қанча вақт шаҳар кезганини ҳам идрок этмади. Узоқ вақт турли ўй­-хаёллар исканжасида азобланди. Кўз ўнгида ногиронлар аравачасини маҳкам ушлаганча олдинга босаётган эркак, аравачадаги одам қараса иложсиз сесканиб қўядиган аёл гавдалангани сайин Майсарани чуқурроқ англаб борар, сал қурса сўниб қолаёзган меҳри товланиб тезроқ унинг ҳузурига етиб боришни ихтиёр қила бошлаганди.
— Наҳотки, шундай одамлар бўлса? — ўйларди у. — Шундай хотинниям хотин қилиб олиб юрса!.. Мен-чи?.. Арзимаган оқ доғларини деб ўзим бир умр орзулаган хотинимдан юз ўгириб ўтирибман. Уни маломатга қўйиб, буёқда ўзимниям гап­-сўзга тиқиб индамасдан юрибман… Йўқ, бормасам, уни уйга олиб кетмасам бўлмайди. Етар шунча аразлаб ўтиргани. Етар! Етар!.. Агар уни олиб кетмасам, узр сўрамасам ўзимни кечира олмайман. Мендан ифлос, исқирт, пасткаш эркак бўлмайди дунёда!
Кутилганидек, Соливойни қайнонаси ҳам, қайнота, қайнсингиллар ҳам совуққонлик билан қарши олишди. Куёвлиги учун остига кўрпачалар тўшаб совуққина қилиб ўтиришга таклиф этишди. Соливой эса бу тахлит муносабатга унчалик эътибор қилмас, фақат Майсарани қидирарди.
Хайрият, Майсара ошхонада куймаланиб нимадир пишираётган экан. Сингилларидан бири чиқиб чақириб келди.
У секин ичкарига кириб келди-да, эшитилар-эшитилмас салом берди.
Хотинига кўзи тушган Соливой дик этиб ўрнидан турди ва Майсарага тик боқди.
— Кетайлик энди! — дея сўз бошлади эҳтиёткорлик билан. — Уйимиз ҳувиллаб қолди-ку сенсиз!..
Майсаранинг кўзларидан ёш сизиб чиқиб юзларини ювиб туша бошлади.
— Нега индамайсан? — сўради Соливой. — Тўғри… Сени қаттиқ хафа қилдим… Лекин… Мени кечир, Майсара!.. Билмасдан… Сени ўз вақтида тушуна олмадим…
— Мен энди бора олмайман сизникига. — деди Майсара кўз ёшларини артиб. — Кечиринг!.. Аллақачон бир қарорга келиб бўлганман… Муҳаббатимиз ҳаққи, мени тинч қўйинг!..
— Бу нима деганинг? — тутоқиб кетди Соливой. — Эр-хотинмиз биз. Юр, сени опкетгани келдим!..
— Айтдим-ку, бормайман… Мен… Йўқ! Йўқ!.. Мени тинч қўйинглар-а-ар!!!
Майсара дод солганча ташқари отилди. Соливой нима қилишни билмай хона ўртасида турар, қайнонасининг танбеҳ-у, койишлариям қулоғига кирмасди…
Шу кўйи бир соатча хонада қолиб кетди. Майсарани нафақат у, ҳатто қайнона ҳам, йиғи товушини эшитиб чопиб чиққан қўшни аёллар ҳам кўндира олишмади.
У Соливойга қўшилиб келинлик уйига қайтмади.
Кун асрдан ошганда Соливой қишлоғи кўчаларида маст-аласт кезар, унинг телба каби пойинтар-сойинтар юриб бораётганини кўрган болакайлар қотиб-қотиб кулишарди.

Хотима ўрнида:
Соливой икки йилдан зиёд вақт деярли кунига Майсаранинг ҳовлисига қатнади. Аммо қайтара олмади.
Нима қила оларди? Онасининг, қариндош-уруғларнинг қистови билан охири қўшни қишлоқлик бир қизга уйланди.
Келгуси йили Соливойнинг хонадонида чақалоқ йиғиси янграй бошлади.
Олимжон ҲАЙИТ

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: