Комил Авазнинг “Каломим ишқли ваъздир” китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Яқинда Хоразм Давлат университетида шоира Сайёра Жабборзода ташаббуси билан чоп этилган Комил Аваз қаламига мансуб «Каломим ишқли ваъздир» девони тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда адибнинг шогирдлари, дўстлари, у билан ҳамфикр, ҳамсуҳбат бўлган ижод аҳли вакиллари иштирок этди. Улар Комил Аваз билан боғлиқ хотираларини ёдга олишди, унинг ижодий фаолияти ва яқинда нашр этилган китоби ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ҳаёти ва меҳнат фаолияти

Комил Аваз 1942-йилда Ҳива туманида дунёга келган. Ўрта мактабни тамомлаганидан сўнг Тошкент тўқимачилик институтида ўқиган. Меҳнат фаолияти давомида дастлаб пахта тозалаш саноати тизимида фаолият юритган. Шу тарзда оддий чилангарликдан бошлаб, Хоразм пахта тайёрлаш трести бош муҳандиси лавозимигача бўлган жараённи босиб ўтган. Шу йилларда илмий-тадқиқот ишлари билан ҳам шуғулланиб, иқтисодиёт йўналишида номзодлик диссертациясини ёқлаган.

Кейинчалик серқирра салоҳият эгаси адабиётга, санъатга бўлган қизиқиши, ижодга интилиши ортидан Огаҳий номидаги Хоразм вилоят мусиқали драма театрида ўз фаолиятини давом эттирган. Бу даргоҳда адабий эмакдош сифатида бир муддат ишлаганидан сўнг театр директори лавозимига тайинланган. Шу билан бирга устоз ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Комил Аваз  Огаҳий номидаги хайрия жамғармасининг раиси сифатида ҳам кўпгина хайрли ишларга бош-қош бўлган.

Ижодга бахшида умр

Комил Авазнинг ижодга кириб келишида акаси ва устози Эркин Самандарнинг ҳиссаси катта бўлган.

Комил Авазнинг «Мактабим» номли илк шеъри 1957 йилда бир вақтнинг ўзида рус (Н.Гацунаев таржимасида) ва ўзбек тилларида «Хорезмская правда» ҳамда «Хоразм ҳақиқати» газеталарида чоп этилган. 1982-йилда эса «Ажиб сир“ деб номланган асари муаллифнинг илк китоби сифатида нашр қилинган.

Шунингдек «Шашмақом» (1983) «Хива хонишлари» ва «Хивинские напевы“ (1884, Стринковская таржимаси) шеърий китоблари чоп этилиб, тез орада ўз мухлисларини топган.

1982-йилда Комил Авазнинг «Жаҳаннам» номли илк пьесаси Огаҳий номидаги Хоразм вилоят театрида саҳналаштирилган. Ундан кейин «Ташкилдаги ҳангома“ (1990), «Жобби жужакнинг ҳийласи» (1991), «Марварид таққан аёл» (1992), «Феруз» (1994, мусиқий драма), «Муноқаша» (1994), «Телбалар» (1997, гротеск), «Диёнатга хиёнат» (1998), «Жавлон журра» (2000), «Авесто— меҳр фарзанди» (2001), «Гулиравза» (2001, мусиқий драма), «Тандир» (2005), «Сўнгги умидлар» (2007) каби саҳна асарлари билан мухлислар қалбидан чуқур жой олган.

Адибнинг «Сақили наво», «Жобби жужак», «Дейишма», «Ташкил» номли асарлари асосида телефильм ва теленовеллалар суратга олинган. Унинг Хоразм мақомлари ва сувораларига бағишлаб яратган сценарийларига кўра «Дил-у жоним санга қурбон“ деб номланган уч қисмли телефильм тасвирга олинган.

2003-2009 йиллар оралиғида Комил Авазнинг «Тонг эпкини», «Қўналға» китоблари, «Ўтаётган вақт“ сайланмаси, «Шоҳ бўлди ишқ ичинда», «Ибрат манзили» ҳамда Огаҳий таваллудининг 200 йиллигига бағишланган «Муҳаммад Ризо Огаҳий» каби асарлари чоп этилган.

2006-йилда «Олис юлдузлар“ пьесаси ва Комил Девоний ҳақидаги адабий-бадиий тўплами нашрдан чиққан. 2009-йилда эса «Шарқ юлдузи» журналида Комил Аваз қаламига мансуб «Огаҳий“ достони чоп этилган. 2009—2011-йиллар давомида «Изтироб», «Саҳрода бир кун», «Тўли тиммитнинг тўйи», «Келин кийинтириш», «Саҳродаги одам» номли саҳна асарлари яратилган. Булардан ташқари “Ўтаётган вақт”, “Тонг эпкини”, “Хива дилбанди”, “Олис оҳанглар”, “Созанда” каби етук асарлар ҳам устоз адиб қаламига мансубдир.

Муқимий ғазалига муҳаммаслар

(Комил Аваз)

Эй дилоро, бер хабар боргум қачон сен ёна ман,
Кел, эй Мажнун, бас, йиғлама дермусан, жононаман,
Илтижойим, бори умрим етса деб шу она ман,
Ақлу ҳуш учди бошимдин, э пари девонаман,
Қил иложинким, эл ичра бўлмайин афсонаман.

Оҳларим дуди фалак, ёзмоққа ожиз бул қалам,
Бор умедимким ушалғай, сен томон қўйсам қадам,
Қил тараҳҳум, айла рўйхушликни бир бора, санам,
Ул замонким, йироқ васлингдин ўлдим, то бу дам,
Ҳар кеча ёдингда минг йўл уйқудин уйғонаман.

Бахтми деб аввал қувондим, аммо имдод бўлмади,
Не қилай, ахир, дилимга ўзга ёрни солмади,
Шунча ғавғони солиб, бир бор хабар ҳам олмади,
Бир нафас заҳри ғаминг ютмоққа тоқат қолмади,
Нўш этиб васлинг майидин ҳам қачон бир қонаман.

Оҳ, қани, айланса бошим, раҳми ширин тамъдин,
Учсам фалакка мосуво ғам-аламлар заҳмдин,
Айт, қачон фориғ бўладурман тамом ғули ғамдин,
Дарду, сўзу, ашку оҳимни қиёс эт шамъдин,
Шомдин то субҳидам ҳажрингда ўртаб ёнаман.

Кўп жафоингдан ширин сўзларга бормайдур тилим,
Кўзларимдин шашқатор оқди хун гирён селим,
Охири бечороликдин қўлга олдим хат, елим,
Хома мужгон, кўз қаросидин ёзиб ҳолу дилим,
Арзаи қилдим эшит, маъюсу муштоқономан.

Бор экан пешонада, сенга йўлиқдим мен нетиб,
Бўлғани ўлдирмасанг нозу истиғно этиб,
Барибир, ўлсам ўларман, охири сенга етиб,
Оҳким, сенсиз қарору, сабру оромим кетиб,
Бир илон чаққан кишидек ҳар тараф тўлғонаман.

Берганинг май чиқмасин, танамдин соқиё,
Вал хабар сен айлаки, санамдин соқиё,
Шунча муҳтож бормикан, манамдин соқиё,
Навбати жоми қуйки, карамдин соқиё,
Ҳар қадамда айлайин юз лағзиши мастонаман.

Кўрсатурлар ёқасин, Комил Авазга не кибор,
Шул ўрам одами деб ёр бўлмағайдур интизор,
Ҳосили бунда яшарман хокисорман, эътизор,
Мулки Ҳинду Марвдин келсам топардим эътибор,
Шул эрур айбим Муқимий мардуми Фарғонаман.

* * *

Ёнмаса ишқ ўтида нозу адо ҳам қилмасун,
Изтирорий ҳам хушо, саҳву хато ҳам қилмасун,
Гар давосин этмаса, кўнглум яро ҳам қилмасун,
Ёр агар лутф айламас, жабру жафо ҳам қилмасун,
Қилмас эрса манго ғайрига вафо ҳам қилмасун.

Бежавоб хонишларим акси садосиздур, абас,
Этмангиз ман қуйламиш ўтлуғ ҳаволарға ҳавас,
Гар қулоқ қўймас эса, банд этмасун ўйимни, бас,
Сунбули зулфи каби ошуфта айлаб ҳар нафас,
Кокулидек рўзғоримни қаро ҳам қилмасун.

Кўрмаса жаннат раво, бунда дуо ҳам қилмасун,
Этмаса буткул ато, мани адо ҳам қилмасун,
Торларимға тегмасун, танбур, сато ҳам қилмасун,
Гар эшитмас бўлса боғларда фиғону ноласин,
Гул юзун кўрсатмасун, булбул наво ҳам қилмасун.

Не азобда куйласам, маҳваш назарга илмаса,
Кўргузуб ойдай юзун, лутфу карамлар қилмаса,
Меҳрини манго бериб, ағёр юрагин тилмаса,
Дардим ишқида куни кундин фузунроқ билмаса,
Бир мусулмонни ўзига мубтало ҳам қилмасун.

Нотавонлиғ акси деса, янглишур фарёдни ким,
Нолаи фарёд вужуд титратмаси, исёниким,
Етмаса исён эмас, дод ҳам эмас, ҳайҳотким,
Йиғламоқдин хира бўлди кўз демуш фарёдким,
Кўзга босган изларимни тўтиё ҳам қилмасун.

Асли, бир кам чархи дунёда ёлғизлик катта ғам,
Тийра кулбам нурға тўлғай дилбарим қўйса қадам,
Нетгум, ахир, бўлмасам хуш майлиға бир лаҳза, дам,
Қучмасам нозик белидин бир йўл, ахир, бунча ҳам,
Қоматимни ғам юки бирла дуто ҳам қилмасун.

Ваҳ, не офатдур ёронлар, ёр кўрибким, кўрмаса,
Даҳри дунёни юзинда борму деб бир сўрмаса,
Не ажабким, дард бериб, дардингга дардманд бўлмаса,
Гар кафи пойиға қўймоқға муносиб кўрмаса,
Йиғлатиб кўзёшимни рангин хино ҳам қилмасун.

Қолмади наки ҳузур, ўйлаб они субҳу масо,
Барқдайин бир ярқ этиб, кетди қаён қадди расо,
Не кечар ҳолим, гўзал гарчи тараҳҳум этмаса,
Якка бир оқшом келиб васлини гар кўрсатмаса,
Рангги рўйимни бу янглиғ қаҳрабо ҳам қилмасун.

Минг тахайюрдир баланд тоғ бўлсаким, гар қорсиз,
Шундайин Комил Авазға ишқ ажаб, озорсиз,
Ким яна дилбар суйинмас бўлса деб сиз борсиз,
Келмаса кўнгил сўраб, гоҳи Муқим, ағёрсиз,
Бўйла, аввал, ишқ ўтин дилларга жо ҳам қилмасун.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: