«Бунча ичимиз нафратга тўла?»

Ижтимоий тармоқларда зўравонликка қарши сўзлар, камситиш, адоват, низо ва холисликка йўл қўймаслик каби ҳолатлар борган сайин авж олмоқда. 

Маржона ижтимоий тармоқларда фаол. У ўз дўстлари билан суҳбатлашар, фикрлашар, айрим воқеликларга ўз муносабатларини  билдириб турар эди. Қайсидир куни бир хабарга ўз фикрини ёзар экан, унинг изоҳига кўпчилик қаршилик билдирди. У ўзгалар фикрини ўзгартиришга уриниб ҳам кўрди, аммо бўлмади. Борган сайин унга қарши чиқувчилар кўпайиб борди. Унга тожовузкорона шахсий хабарлар ҳам кела бошлади. Сўкинишлар, уятли сўзлар, ҳақоратомуз хабарлар…

—Ўзинг шунақасан, исқирт, ўзинг шунақа!

Жазавага тушган Маржона оғзидан қандай сўзлар чиқаётгани фахмламай ҳам қолди.

—Яхшимисан Маржона?  — Шу онда акаси Санжар ҳол-аҳвол сўрагандек бўлди.

Пайхонаси тўлган синглиси тармоқда, ҳатто, шахсий хабарлардаги ёзувларни кўрсатиб, “Санжар ака қаранг менга нималар ёзяпти, шуларга мен лойиқманми?”, дея йиғлаб юборди.

Акаси барча хабарларни шоша-пиша ўқиди. Энг кўп ҳақорат қилган йигит (Маҳмуд) ни топиб, телефон орқали “уруш”ни давом эттирди.

—Алло. Менга қара. Кимсан? Нега ундай ёзасан? Бўлди, ўша ерда тур, ҳозир бораман.

Синглиси Маржона йиғлаганча ортда қолди.

—Нима бўлди ўзи?, — деб сўради Маҳмуднинг дўсти.

—Э, кеча биттаси “комментда каррилади”. Ҳозир келиб, “разбор” қилмоқчи ўзича, — дейди Маҳмуд. —“Кароче”, ҳозир келади. Агар муаммо бўлса, ёрдам берасан, хўбми? Ие ана келяпти. Борақол, — дея дўстини нарироқда туришини айтди.

Маҳмуд Санжарнинг йўлини тўсади.

—“Инстаграм”даги эшак, хўв!

—Ҳей сан исқирт. Санжар бор кучи билан Маҳмуднинг юзига мушт туширади. Уни деворга суяган ҳолатда бўға бошлайди.

—Ана энди ёзганларингга, ҳаммаси учун жавоб берасан.

Ёрдамга келган Маҳмуднинг ўртоғи Санжарнинг бошига катта тош билан уради. Санжар қаттиқ оғриқдан ҳушини йўқотади ва ерга йиқилади.

—Нима қилиб қўйдинг? — дейди қўрқув, ҳаяжонда турган Маҳмуд дўстига қараб.

—Бўлар иш бўлди, кетдик.

Нега ана шу каби воқеалар ҳаётимизда кўпайиб бормоқда? Ижтимоий тармоқларда зўравонликка қарши сўзлар, камситиш, адоват, низо ва холисликка йўл қўймаслик каби ҳолатлар борган сайин авж олмоқда.  Айниқса, диний-сиёсий ёки шоу-бизнес вакиллари ҳаётига оид хабарлар қизғин тортишувлар, ҳатто онлайндаги “жанжал”ларга ҳам етакламоқда.

Айни пайтда нафрат тилини тарқатишда ижтимоий тармоқлар катта “ҳисса” қўшяпти, деб ёзмоқда Бирлашган Миллатлар ташкилоти расмий манбааси.  Натижада баъзи давлатлар интернет-компанияларни жавобгарликка тортишни бошладилар. Улар қонунга хилоф деб топилган контентларни модерация қилишни ва олиб ташлашни талаб қилишди, бу эса сўз эркинлиги ва цензура ҳақида хавотирланишга сабаб бўлди.

Ушбу қийинчиликларга қарамай, БМТ ва бошқа кўплаб иштирокчилар нафрат тилига қарши кураш йўлларини ўрганмоқда. Улар орасида сўз эркинлигини таъминлаш билан бирга, интернет фойдаланувчиларининг медиа ва ахборот саводхонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар ҳам бор.

— Бугунги кунда ахборот коммуникацияларнинг ривожланиши баробарида, у билан боғлиқ бўлган муаммоларга ҳам дуч келиняпти, — дейди “Янги медиа таълим маркази” раҳбари Беруний Алимов. — Уларни санаб ўтадиган бўлсак, энг муҳимлар қаторида албатта нафрат тили ётибди. Нима учун шундай? Чунки нафрат тили, бизнинг назаримизда нафақат инсонлар орасида тушунмовчиликни келтириб чиқармоқда, балки уларни қайсидир маънода қайғуга ботирадиган ёки дўстона ришталарга путур етказадиган ҳолатларга етказяпти. Биз нафрат тилининг (Hate Speech) юзага келишидан, тарқалишидан эҳтиёт бўлишимиз зарур. Бу кўпроқ ана шу тарқатилаётган ҳудудда тинч, тотув яшаётган турли ҳил миллат вакиллари, қолаверса, оддий одамлар ўртасида адоват уйғотиши мумкин. Бу нарсага албатта йўл қўйиб бўлмайди. Буни масъулиятини ҳис қилишимиз керак.

Б.Алимов

Ўзбекистонлик жамоат фаоллари ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинаётган ҳолатлар бўйича ўз фикрлари билан бўлишмоқда.

Хусусан, блогер Фарҳод Файзуллаевнинг ёзишича:

“Бунча ичимиз нафратга тўла? Бир аёл фикрини нотўғри ифода этди. Унга ўлим тилашди, қарғашди, фарзандлари, ота-онаси ҳам қолмади. Узр сўраганидан кейин ҳам устига нафрат ёмғири ёғишдан тўхтамади. Кундан-кунга янгидан-янги одамлар нафрат ва ғазаб тўлқинига қўшилиб келаверди. Жазавага тушиш, нафратланиш, қарғаш ва сўкиш – жуда осон иш. Лекин маърифат билан, идрок билан ёндашиш, адашганларни тўғри йўлга бошлаш, бошига кулфат тушганларни қўллаб-қувватлаш, меҳр ва ёрдам бериш – қийин. Аммо дунё бизга қандай муносабатда бўлишини хоҳласак, биз ҳам шунақа мусибатли кунларда оғир-босиқ, сабрли бўлишимиз, ўз якдиллигимизни, маърифатпарвар эканимизни намойиш қилишимиз керак. Адашганларга тўғри йўл кўрсатишимиз, намуна бўлишимиз шарт”.

Ўтган йили ижтимоий тармоқларда тадбиркор Мурод Назаровнинг таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг «Ўзбек тили» дарслигига киритилгани муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Шу муносабат билан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа видеопост орқали кескин фикр билдирганларни танқид қилган.

«Қаердан бизда шунча нафрат, бошқа одамга нисбатан адоват, ҳасад?! Ўзи 14 ёшида отасини йўқотиб, мустақил тарзда ҳаётни бошлаган. Японияда ўқиган. Укаларини одам қилган. 9 нафар етим болага оталик қиляпти. Қани, нимаси намуна эмас? Албатта, бу дунёда ҳеч ким авлиё эмас. Мен тарафдориманки, Ўзбекистонда кўплаб тадбиркорларни тарих китобларига киритиш керак. Биз СССР пайтида бошқа мисоллар билан катта бўлганмиз. Нимага бизлар дунёдаги бошқа бойларни ёзамиз? Ўзимизда ҳам бойлар, бойлар синфи пайдо бўлди. Шу ичиқораликни тушунмайман», деган Қудратхўжа.

Адлия вазирининг маслаҳатчиси, блогер Шахноза Соатова ҳам тармоқлардаги нафрат сўзларини сочаётганларга қарши кескин фикрлари билан чиқиш қилган. Айниқса у изоҳларда аёлларга нисбатан зўравонликларни қоралаган.

«Кеча Фейсбукдаги суратимга “Аёлларга қарши зўравонликни тўхтатинг” деган рамка қўйсам, изоҳда асосан эркаклар ёзишган ва рамкани танқид қилишган. Муаммо ҳақида гапириш йўқ… Афсус, аёлларга нисбатан зўравонликни гапирганингга ҳам эркаклар тоқатсиз, ҳеч бўлмаса шаклни танқид қилиб қолишади. Ота, ака, ука бўлиб фикрлайдиган эркаклар буни тўғри тушунишяпти. Аммо «эркак» бўлиб фикрлаганлар инкор этишмоқда, қизларни, аёлларни, қурбонни айблашмоқда. Инсон жинсидан қатъи назар, одам бўлиб, боши билан фикрлаши ва ўзига ўхшаган инсоннинг дардини қалби билан туя олиши керак».

— Қизларга гапиришга уяладиган йигитлар бор”, — деб ёзмоқда блогер Нурбек Алимов.

«Жуда уятчан, кимгадир севишини ҳам айта олмайди. Лекин интернетда бирорта калта кийган қизни ўлдириш керак, деб жар солади. “Личка”сига эса “порно” юборади. Шунақа йигитлар бор, интернетда гапириб қўйиб, кейин узр сўраб юради. Онаси ёзади, илтимос, боламни кечиринглар. Ҳали институтга ҳам киргани йўқ, органдан келишибди, спискага тушиб қолмасин, келажаги синмасин».

Бундай одамларни пайдо бўлиши тарихи эса ўша, болаликдан етарли эътибор, меҳр кўрмаганлик билан изоҳлайди, Н.Алимов.

Профи унверситети асосчиси, блогер Бектош Хатамов:

«Ижтимоий тармоқларда, айниқса ўзбек сигментида кимдир қандайдир фикр билдирса, уни бутун етти авлодини сўкиш, дунёдаги барча қабиҳликларда фикр билдирган инсонни айблаш, унга мағзава ағдариш борган сари оммалашмоқда. Сўзингиз эркин бўлиши мумкин, аммо ўзга шахсий даҳлсизлигига путур етказишга ҳаққингиз йўқ. Қадрият ва ҳуқуқ ўзаро бирлаша олган жойдагина демократия бўлади».

2016 йилда Европа Комиссияси “Фейсбук”, “Ютуб” каби йирик ижтимоий тармоқларда нафрат сўзларига қарши курашиш бўйича ўзини тутиш қоидаларини имзолади. Айнан шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқларда нафрат сўзларини бартараф этиш чоралари кўрила бошланди. Европа Иттифоқининг ҳар бир давлати келишувни кузатиш ва маслаҳатлашиш учун ўз мамлакатида вакил тайинлаш мажбуриятини олди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мустақил экспертлар гуруҳи “Твиттер” ижтимоий тармоғи саҳифаларида ирқчиликка урғу берилган ахборотлар ҳажми кескин кўпайганидан, номақбул сўзлар ишлатилиши тобора ортаётганидан ташвиш билдирган. Тармоқ соҳиби ўзгарганидан кейин дастлабки 12 соат ичида, АҚШнинг Ратгер университети ҳузуридаги Тадқиқот институти маълумотларига қараганда, мазкур ижтимоий тармоқда келиб чиқиши африкалик бўлган инсонларга нисбатан “н” ҳарфи билан бошланадиган номақбул сўзни ишлатиш ҳолатлари беш баробарга ошган.

“Ижтимоий тармоқлар нафрат учун глобал платформа бўлиб хизмат қилади”, — Антонио Гутерриш, БМТ бош котиби, 2021 йил.

Халқаро экспертларнинг фикрича, бу ҳолат “Твиттер”даги троллинг, яъни муайян жамоатлар томонидан ва номаълум ҳолда ишлатиладиган ижтимоий провакация ёки онлайн мулоқотдаги безорилик билан боғлиқ. Аслида айни тармоқда нафратни тарғиб этишга йўл қўйилмайди.

Душманлик кайфиятини кенг ёйиш – миллий, ирқий ёки диний мансубликдан келиб чиқадиган зўравонликнинг ўзига хос салбий ифодасидир. Бу, ўз навбатида, ижтимоий тармоқларда ирқий нафрат аланга олишига сабаб бўлади.

18 июнь — Халқаро нафрат нуқтига қарши кун.
Нафрат нутқига қарши халқаро кун – 2019 йил 18 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нафрат нутқига қарши кураш стратегияси ва Ҳаракат режасига асосланган ташаббус асосида ташкил этилган.

“Мета” тармоқларда нафрат сўзли изоҳлар камайганини айтмоқда. 2022 йилнинг январ-март ойлари орасида нафратли изоҳлар ва постлардан ташкил топган 15,1 миллион контентни ўчиришга муваффақ бўлган. statista.com маълумотларига кўра, нафратли ёзишмалар йилдан йилга пасаймоқда. Фойдаланувчиларнинг нафратли постлар ва шарҳларга дуч келиш даражаси ҳам тахминан 0,02 фоизга тушиб, рекорд даражада пасайган.

— Нафрат тили нинг энг даҳшатли оқибати бу – зўравонлик, — дейди Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази лойиҳа раҳбари Дария Османова. — Сиз кимнидир севмаслигингиз мумкин, сиз ҳамдардсиз, қандайдир ижтимоий гуруҳга мансуб бўлишингиз мумкин, лекин ҳеч ким зўравонликка чақиришга ҳақли эмас.

Марказ жамоаси олти ой давомида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда гендер ўлчовидаги нафрат тилини мониторинг қилди.

Д. Османова

— Натижалар мени хурсанд қилди. Биз жуда маданиятли мамлакатмиз. Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари кўрсаткичлари билан солиштирганда, бизда, хусусан, гендер масалалари бўйича нафрат тили нинг мавжудлиги анча паст, — дейди Д.Османова. —Биз мақола матнларини, расмлар, изоҳларни таҳлил қилдик. Журналистларнинг материалларида нафрат тили жуда юмшоқ шаклда намоён бўлади. Сарлавҳаларда тез-тез учрайди. Масалан: “Аёл ўз эрини ўлдирди”. Шунга ўхшаш сарлавҳалар жуда кўп. “Аёл-жабрланувчи”, “эркак-зўрловчи” каби тушунчалар “нафрат тили” намоён бўладиган стереотипни ҳосил қилади.

 Тўғри, интернет чегарасиз. Аммо бу интернетда ҳамма хоҳлаган ишини қилиши мумкин, ҳақорат қилганлар жазоланмай қолади, дегани эмас-ку? Уларга ҳам чора кўриладими? Қонунчиликда бундай меъёр кўрсатилганми?

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

— Ота-она фарзандини назорат қилиб турса мақсадга мувофиқ бўлар эди, —дейди психолог Лаура Абдуқодирова. —Чунки, севимли фарзандимиз мана шундай жараёнларга қатнашиб, ўзининг номақбул сўзларини ёзиб, инсонларнинг кўнглини оғритиб юрган бўлиши мумкин. Бундай ҳолат маданиятсизлик, бу ривожланишга тўсқинлик қилади. Майли бу инсон кимгадир нафратини сочди, лекин ким уни қабул қиляпти? Унинг ҳолати қандай? Инсонлар бир-бирлари билан маданиятли сўзлашув жараёнини ўзларига маъқул, деб кўрмасалар, ривожланиш ҳақида гапириш мумкин эмас.

Л.Абдуқодирова

Машҳур ёзувчи, психология бўйича адабиётлар муаллифи Пол Клейнман “омманинг олдида бошқаларга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатган одам аслида ким тўғрисида сўзлаётгани унинг атрофидагиларга маълум – ўзи ҳақида, — дейди у.

И.Абдужабборов.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: