Болаларда йўтал синдроми: уни тўхтатиш эмас, юмшатиш керак

Куз ва қишда совуқ об-ҳаво инфекцион, вирусли юқумли касалликлар авж олишига олиб келади. Юқори нафас йўлларининг шамоллаши билан кечувчи ОРВИ, грипп ва бошқа касалликларнинг энг кўп учрайдиган ёқимсиз аломатларидан бири йўталдир.

Куз ва қишда совуқ об-ҳаво инфекцион, вирусли юқумли касалликлар авж олишига олиб келади. Юқори нафас йўлларининг шамоллаши билан кечувчи ОРВИ, грипп ва бошқа касалликларнинг энг кўп учрайдиган ёқимсиз аломатларидан бири йўталдир. У айниқса кичкинтойларни ҳолдан тодиради, уларга тинчгина ўйнаш, ухлаш, овқат ейишларига ҳам имкон бермайди. Ота-оналар буни кўриб, қандай ёрдам беришни билмай кўп қайғурадилар. Бундай пайтда нима қилиш керак, умуман болаларда шамоллаш ва йўталга қарши курашишда нималарга аҳамият қаратиш лозимлигини билиб олиш учун болалар шифокори Феруза Исаева билан суҳбатлашдик.

–Болада йўтал бошланса аввало нима қилиш зарур?

– Бола шамоллаганда шиллиқ кўп йиғилади ва йўтал синдромини келтириб чиқаради. Нафас йўлларининг шиллиқ пардаларида жуда кўп сезгир ҳужайралар бор. Улар вирус ҳамда инфекциялардан таъсирланганда, йўтал юзага келади. Шунингдек йўталга чанг, бактериялар, томоқ шиллиқ қаватини таъсирлантирувчи шўр, ширин озиқлар ҳамда зираворлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Тўғри, йўталганда бола қийналади. Лекин ота-оналар йўтал биринчи навбатда организмнинг ҳимоя реакцияси эканлигини унутмасликлари лозим. Биласизми, йўтал нафас йўлларини ёт омиллардан тозалайди. Шунинг учун яхшиси, кичкинтойлардаги йўтални тўхтатишни эмас, балғамни юмшатиб, тезроқ ташқарига ҳайдашни ўйлаш муҳим ҳисобланади.

–Қуруқ ва нам йўтал деган тушунча бор. Нима учун йўтал бу тарзда фарқланади, қандай йўтал хавотирга сабаб бўлиши мумкин?

–Болалардаги йўтал турли хил хусусиятга эга бўлиб, уни даволашга ёндашув ҳам турлича бўлиши зарур. Масалан, қуруқ, тўхтовсиз, ачиштирувчи, балғамсиз йўталда томоқда қичишиши, ўқчиш кабилар кузатилади. Бундай йўтал айниқса кечаси хуруж қилади. Болага енгил бўлиши учун ота-оналар қуруқ йўтални юмшатишга ҳаракат қилишлари лозим. Бунда «қуруқ йўтал учун» деб ёзилган, томоқдаги ачишишни йўқотадиган, тинчлантирувчи препаратлар ёрдам беради. Уларни болалар шифокор тавсиясига кўра сотиб олган маъқул. Шунингдек, йўтал билан кечувчи хасталикларда иммунитетни кучайтирувчи, антибактериал ҳамда яллиғланишга қарши дори-дармонлар ҳам тавсия қилинади. Болалар учун таркибида табиий антибиотик бўлган, ўсимликлардан тайёрланган сироп ва экстрактларни қўллаш мақсадга мувофиқ. С витаминига бой маҳсулотлар эса кичкинтойнинг иштаҳасини очади, умуман тез соғайишига ёрдам беради.

Нам йўтал кўп миқдордаги балғам туфайли ривожланади. Одатда йўтал аста-секин кучаяди ва балғам тўлиқ чиқиб кетгандан кейин тўхтайди. Бундай йўталда ҳам махсус «нам йўтал учун» деб ёзилган ўсимлик препаратлари ёрдамига таяниш керак. Улар балғамни суюлтириб, тез чиқиб кетишини таъминлайди, бронхлардаги спазмларни йўқотади, шу билан бирга нафас олишни ҳам осонлаштиради. Бундай сироплар ёқимли таъмга эга бўлиб, улар таркибида томоқни қичиштирувчи шакар бўлмайди, болаларга ҳам хуш ёқади.

Болада йўтал бошланиши уни шифокорга олиб боришга сабаб бўлувчи дастлабки аломатлардан биридир. Айниқса қуруқ йўтал болага азоб бериб, ота-оналарни кучли хавотирга қўяди, дедик. Йўтал қийнаганда уй шароитида ҳам катталар боланинг томоғидаги яллиғланишни енгиллатиш чоралари билан унга ёрдам беришлари мумкин. Мойчечак дамламаси, тузли илиқ сув билан томоқни чайиш, лимонли иссиқ чой ичириш шулар жумласидан саналади.

Кичкинтойларда йўтал хусусиятини аниқлаш жуда қийин. Баъзан ҳатто нам йўталда ҳам улар балғамни чиқариб ташлай олмайдилар. Бунинг сабаби уларда кўкрак қафаси мушаклари яхши ривожланмаганлигидир.

Яна бир муҳим жиҳати, болаларда йўталнинг товушига ҳам эътибор бериш керак. Балғам ажратувчи нам йўтал қўкрак қафаси тўридан келади. Қуруқ йўтал эса халқумда ҳосил бўлади. Баъзан кучли йўталганда боланинг томоғи қирилиб, янада шикастланиши умумий ҳолати ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Бу вақтда ҳам йўтални юмшатувчи воситалар ва томоқни иситувчи суюқликлар ёки компресслар яхши самара беради.

Қуруқ йўталнинг асосий сабабчиси – ўткир респиратор вирусли инфекциялар. Бундай йўтал бола шамоллаганининг 2-3 куни пайдо бўлади. Негаки вируслар томоқ ва ҳалқумнинг орқа деворига ўрнашиб, яллиғланишни келтириб чиқаради. Масалан, ларингит, трахеит, ларинготрахеит ва кам ҳолларда бронхитда қуруқ йўтал кузатилади. Айрим ҳолларда касаллик тузалгандан кейин ҳам йўтал қуруқ хусусият кашф этиб, бир неча кундан кейин ўтиб кетиши мумкин. Аммо у болага кўп азият етказмайди.

–Болани шамоллаш эмас, таъсирчанлик сабабли ҳам йўтал тутиши мумкинми? Аллергик йўтал сабаби нима?

–Тўғри, баъзида болалардаги қуруқ йўтал аллергик характерга эга бўлади. Бунга гижжа, ҳаводаги қандайдир кимёвий моддалар, чанг, кул, ҳайвонлар юнги ва бошқа учиб юрган майда заррачалар сабаб бўлиши мумкин. Аллергик йўталда вирусли қуруқ йўталнинг дориси фойда қилмайди. Шунинг учун шифокор ёрдамида йўталнинг сабабини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Агар аллергия сабабли йўтал юзага келаётган бўлса унинг сабаби бартараф этилади ҳамда тинчлантирувчи, аллергияга қарши воситалар билан даволанади.

–Болалар шамоллаганда дори ичириш тартибларига ҳам тўхталиб ўтсангиз…

–Ота-оналарнинг эътиборини шунга қаратмоқчи эдимки, ёш болалар йўталганда таблетка ва капсула кўринишидаги дориларни бериб бўлмайди. Уларни бола ютишга қийналади. Эзиб ичирганда эса аччиқ таъми оғзидаги рецепторларга ёмон таъсир қилади. Бола бунда асабийлашиб, кейин дори ичмай қўйиши мумкин.

Йўтал билан бошланувчи яллиғланиш ва вирусли хасталиклар тез юқади. Шунинг учун уйда бошқа болалар ҳам бўлса, иложи борича уларга кўпроқ иссиқ суюқликларни (сут, чой) ичириш лозим. Хона харорати, тозалик ва намлик меъёрларига амал қилиш керак.

Табиий чоралар касалликни тезроқ енгишга ёрдам беради. Мисол учун, сут, асал, сариёғ йўтални даволамаса ҳам уни юмшатиш хусусиятига эга.

Мева шарбатлари, морс ва бошқа кислотали ширин ичимликлар йўтални зўрайтиради. Болаларга бир вақтнинг ўзида ҳам қуруқ, ҳам нам йўталнинг дорисини бериш мумкин эмас. Бунда балғам миқдори кўпайиб организм уни чақариб ташлашга қийналиб қолади.

Дориларнинг йўриқномасидаги “ножўя таъсирлар” деган бўлимини ҳам ўқиб кўриш керак. Уларни қабул қилганда бирор нохушлик кузатилса дори ичиришни тўхтатиш талаб этилади. Дорини берганда махсус қошиқчада бериш, шифокор белгилаган дозаларга амал қилиш жуда муҳим.

Шаҳризода АТАБАЕВА суҳбатлашди.

Педиатрдан муҳим маслаҳатлар:

  • Оддий йўтал орқасида жиддий касаллик яширинган бўлиши мумкин. Шунинг учун шифокорга олиб бормасдан, болани ўзингиз даволашга ҳаракат қилманг!
  • Иситмаси чиққан болага қиздирилган ёғ суртманг. Аксинча спирт суртинг ёки шифокор тавсия қилган суюқ дори ва шамчалар ёрдамида тана хароратини туширишга ҳаракат қилинг.
  • Бола йўталганда унинг боши ва кўкрагини ушлаб, пастга эгилтириб туриш керак. Шунда балғами томоғига тиқилиб қолмайди, нафаси қисилмайди.
  • Кечаси йўтал кўп безовта қилса боланинг бошига баландроқ ёстиқ қўйиб, ён томонга қаратиб ётқизинг, орқасини силанг.
  • Ўткир ҳидли суртмалар ва ишқалаш воситаларини ишлатмаган маъқул. Улар йўтални кучайтириши мумкин.
  • Агар йўтал узоқ вақт сақланиб қолса болани яна бир марта шифокорга кўрсатиш мақсадга мувофиқ.
  • Шамоллаш касалликларининг олдини олиш учун фарзандингизга витаминли овқатлар беринг, вирусли касалликлар кўпайган вақтда одамлар гавжум жойларга, бозорларга, узоқ вилоятларга олиб чиқманг.
  • Иммунитети мустаҳкам бўлиши учун тоза ҳавода кўпроқ сайр қилдиринг, куз ва қиш фаслида иссиқроқ кийинтиринг, совқотишига йўл қўйманг. Унутманг, ҳар қандай касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш осон.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

1 комментариев для “Болаларда йўтал синдроми: уни тўхтатиш эмас, юмшатиш керак

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: