Брокколи – саратонга қарши курашчи

Кейинги вақтда юртимиз тадбиркор деҳқонлари томонидан одам организми учун фойдали бўлган ўсимлик ва сабзавотларни маҳаллий шароитда етиштириш бўйича халқаро тажрибалар амалиётга самарали жорий этилмоқда.

Кейинги вақтда юртимиз тадбиркор деҳқонлари томонидан одам организми учун фойдали бўлган ўсимлик ва сабзавотларни маҳаллий шароитда етиштириш бўйича халқаро тажрибалар амалиётга самарали жорий этилмоқда. Замонавий супермаркетлардаги харидоргир сервитамин сабзавотлардан бири брокколи ҳам шулар жумласидан. Дунё мамлакатларида олиб борилган қатор тадқиқотларда бу ўсимликнинг инсон танасидаги барча аъзо ва тўқималар ҳолатини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатиши, шу тариқа турли касалликларнинг олдини олишга ҳисса қўшиши аниқланган.

Брокколи – гулкарамнинг бир тури бўлиб, яшил рангли, сервитамин маҳсулот. Манбаларга кўра уни илк бор италияликлар истеъмол қила бошлашган ва бу сабзавот дастлаб “Италия сарсабили” деб аталган. Кейинчалик “брокколи” деган номга сазовор бўлган. “Брокко” итальян тилида “шохча” деган манони билдиради.

Бу яшил гулкарам витамин ва микроэлементлар кони бўлиб, унинг таркибида энг кўп учрайдиган дармондорилардан бири суяк ва бириктирувчи тўқималарнинг меъёрий фаолияти учун зарур бўлган  С ва К витминидир. Шунингдек бу витаминлар буйрак саломатлиги учун ҳам жуда муҳим саналади.

Брокколи карамлар ичида рекордчи десак янглишмаймиз. Масалан, оддий карамнинг 100 граммида А витамини миқдори 3 фоиз бўлса, брокколида 42,9 фоиз! Бу ушбу витаминнинг организм учун кундалик меъёрининг учдан бир қисмини ташкил  қилади. Демак 300 грамм брокколи билан бир кунлик А витамини эҳтиёжини тўлдириш мумкин.

Шунингдек брокколида В витамини, калий, кальций, магний, темир, фосфор ҳам кўп миқдорда бўлади. Унинг таркибида оқсил ва фойдали ёғлар ҳам мўл.

Фойдали хусусиятлари

  • Инфаркт ва инсульт хавфини камайтиради. Ундаги холин ва метионин моддалари организмдан ортиқча холестеринни ҳайдаб чиқаради. Брокколи доимий тарзда истеъмол қилинса қон томирлар деворини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
  • Қабзиятни бартараф этади. Чунки таркиби ичаклар ишини мувофиқлаштирувчи клетчаткага бой.
  • Ўт суюқлиги ажралишини меъёрига келтиради, шунингдек жигар фаолиятини яхшилайди.
  • Қондаги қанд миқдорини меъёрлаштиради. У биринчи ва иккинчи турдаги диабетда жуда фойдалидир. Таркибидаги сульфорафан моддаси қанд миқдорини камайтириб, томирлар деворини емирилишдан асрайди.

Асаб тизимини мустаҳкамлайди. Организмда В1 витамини етишмаса асаб, юрак, ошқозон касалликлари келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун организмида бу витамин етишмайдиган кишилар асабийликка мойил, хотираси паст бўлишади. Демак улар брокколини овқатланиш таркибига киритишлари керак.

Дарвоқе, брокколининг зиёни ҳам бор. Бу омил унга таом тайёрлаш жараёнида қандай ишлов берилишига боғлиқ. Хусусан, уни қаттиқ қизартириб қовурганда канцероген моддалар ҳосил бўлиши ва уларнинг организмда кўп тўпланиши натижасида касаллик ривожланиши мумкин. Шунинг учун брокколини кўп ёғда куйиш даражасигача қовуриб истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Ҳомиладор аёллар учун брокколини истеъмол қилиш тақиқланмаган. Аксинча ундаги В9 витамини ҳомиланинг яхши ривожланишига, янги ҳужайралар пайдо бўлишига ҳисса қўшади.

Брокколи карами таркибида С витамини кўп бўлгани учун жуда ноёб антиоксидант сифатида таъсир кўрсатади. Шу жиҳати билан атеросклерознинг олдини олишга яхши ёрдам бериши мумкин.

Таркиби бойлиги бўйича брокколи билан мол гўшти, тухум сариғи, картошка, сарсабил, ширин маккажўҳори, исмалоқ кабилар беллаша олади. Бироқ бу ўсимликлардаги оқсил миқдори брокколидагидан бирмунча кам бўлиши аниқланган.

Ундаги калий танадан суюқликларни ҳайдашга кўмаклашади. Фосфор ва темир моддалари суяк ва миянинг тўқималари ҳолатини яхшилайди. Кобальт, темир, мис эса қон яратишга ижобий таъсир кўрсатади. Таркибидаги йод эндокрин тизимидаги бузилишларнинг олдини олади.

Брокколи таркиби клетчаткага бойлиги учун танадан зарарли моддалар ва шлакларни чиқариш хусусиятига эга. Унда фитонцидлар ҳам кўп миқдорда бўлиб, танага ҳужум қилувчи бактерияларни зарарсизлантиришга ёрдам беради.

Бу маҳсулот катарактада жуда фойдалидир. Шифокорларнинг таъкидлашларича, унда кўз мугуз пардаси ва гавҳари ҳолатини яхшиловчи моддалар бор экан.

Парҳезшунослар ушбу сабзавотни жигар касалликлари, меъда яраси, дисбактериоз ва метеоризмдан азият чекувчи беморлар парҳезига киритишни маслаҳат беришади.

Яна энг яхши хусусияти шундаки, брокколи тери ҳолатини яхшилаб қиёфани гўзаллаштиришга, хатто саратоннинг олдини олишга ҳам қодир экан.

Брокколи – саратонга қарши

Мазкур яшил сабзавотнинг саратонга қаршилик қилиш хусусияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Бутунжаҳон саратонни тадқиқ қилиш фонди тавсияси билан олиб борилган тадқиқотлар брокколи айнан йўғон ва тўғри ичак, ҳиқилдоқ, қизилўнгач, ўпка ва сийдик-таносил тизимида ривожланувчи хавфли ўсмаларга қарши курашда самарали восита эканлигини исботлаган.

Олимларнинг аниқлашича, брокколидаги шифобахш моддалар аёллардаги кўкрак бези саратони ва эркаклардаги постата бези хавфли ўсмаларининг ривожланишига асло йўл қўймайди.

Япон тадқиқотчилари эса унинг тери саратонини тўхтатишини исботлашга муваффақ бўлишди. Яъни бу карамдаги индол-3 карбином моддаси иммун тизим фаоллигини оширса, синегрин моддаси саратон ҳужайралари бўлиниши ва тарқалишига қаршилик қилар экан.

Қандай сақлаш ва пишириш керак?

Брокколи карами совиткичда 5-7 кундан кўп туриб қолмаса ўз фойдали хусусиятларини йўқотмайди. Бундан узоқроқ сақламоқчи бўлсангиз уни музлаткичга қўйиш мумкин. Брокколи иссиқда ва хона ҳароратида танаси тез айнийди аммо шохчалари совиткичда 2 ҳафтагача яхши сақланиши мумкин.

Юқорида айтиб ўтилганидек, брокколи танага шифобахш таъсир кўрсатиши ва витаминлари тўлиқ сақланиб қолиши учун уни тўғри пишириш мақсадга мувофиқ.

Ушбу яшил гулкарамни хомлигича ейиш мумкин эмас.  Брокколининг тозаланган бошчасини сомон шаклида кесиб шўрваларга, димламага солинса таом мазали бўлади. Уни пиширганда 3-5 дақиқа қайнаб турган тузли сувга солиб олинса кифоя қилади. Агар яшил гулкарам музлаган бўлса 10-12 дақиқа қайнатилади.

Биласизми, ҳар қандай яшил сабзавотни пиширгандан сўнг қайнатилган сувдан олиб, човлида совуқ сув остида бироз ушлаб туриш тавсия этилади. Шунда эзилиб кетмайди. Бундан ташқари, брокколини димлаб, буғлаб ҳамда газ печида ҳам пишириш мумкин.

Брокколи қўшилган салатларга товуқ гўшти, турли сабзавотлар, кўкатлар, майонез ёк ўсимлик ёғи қўшилса ўзгача таъм кашф этади.

Брокколи таркибли таомномалар

  • Яшил гулкарам солиб тайёланувчи таомлар жуда хилма-хилдир. Унинг таркибида крахмал йўқлиги сабабли ҳар қандай озиқ-маҳсулот билан бирга қўшиб тайёрлаш мумкин.
  • Брокколи бошчаларини қайнатиб олиб, гўштли таомлар, донли, картошкали, макаронли овқатлар билан гарнир сифатида истеъмол қилиш мумкин. Шунингдек брокколидан пьюре тайёрласа ҳам бўлади.
  • Товуқ гўшти ва брокколи солинган қайнатма шўрва энг нозиктаъб хўрандаларга ҳам хуш ёқади. Агар бу таомга бирозгина қаймоқ қўшилса мазаси янада хушхўр бўлади.

Брокколи салати

2 та сабзи

1 та янги бодринг

Бир боғ барра кўкпиёз

500 г яшил брокколи

Гулкарамни қайнаб турган сувга 1 дақиқа солиб оламиз ёки шунчаки устидан қайнаб турган сувни қуямиз. Сабзини йўғон тишли қирғичдан ўтказамиз. Брокколини 4 см катталикда кесамиз. Бодрингни паррак шаклида, пиёзни эса майда қилиб тўғраймиз. Таъбга кўра туз, бироз шакар ва мурч сепамиз. Кейин 2-3 ош қошиқ зайтун мойи ва лимон шарбати қўшамиз.

Бу салат доимий тарзда истеъмол қилиб турилса кўпгина касалликларни даволаш ва олдини олишга ёрдам беради. Шундай экан, бу маҳсулот ҳақида шифокор тавсиясини кутиб юрмасдан, иложи борича тезроқ таомномамизга киритсак фойдадан ҳоли бўлмайди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: