“Инсон ўз саломатлиги учун масъулиятни ҳис қилиб яшаши керак!”

Ушбу мавзу доирасида кенгроқ маълумот олиш учун Тошкент врачлар малакасини ошириш институти валеологи, олий тоифали дерматовенеролог шифокор Маъмура МУСУРМОНОВА билан суҳбатлашдик.

Айни пайтда тиббий маданият, соғлом турмуш тарзи каби тушунчаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Негаки соғлиқни сақлаш, турли касалликлардан огоҳ бўлиш айнан инсон шу тушунчаларни қанчалик англаши билан бевосита боғлиқ. Ушбу мавзу доирасида кенгроқ маълумот олиш учун Тошкент врачлар малакасини ошириш институти валеологи, олий тоифали дерматовенеролог шифокор Маъмура МУСУРМОНОВА билан суҳбатлашдик. Ўзининг сал кам йигирма йиллик меҳнат фаолияти давомида минглаб беморлар дардига дармон бўлган врач касал бўлмасдан олдин соғлиқнинг қадрига етиш лозимлигини таъкидлаб, бу борада нималарга эътибор қилиш кераклиги тўғрисида маслаҳатлар берди.

–Саломатликни сақлаш ўз қўлимизда деймиз, аммо бунинг учун нима қилиш кераклигини яхши билмаймиз? Сизнингча соғлом бўлиш учун фақатгина гигиенага риоя қилиш, иссиқ кийиниш ва вақтида овқатланишнинг ўзи етарлими?

—Бугунги кунда мутлақо соғлом бўлиш учун тиббий билим ва тиббий маданиятга эга бўлиш жуда муҳим. Биласизми, инсоннинг генетик яшаш муддати, яъни умр кўриши 100-120 ёш! Бунга ҳар ким ўз организмининг ички имкониятларини ишга солиш ёрдамида эришиши мумкин. Аммо биз ўз  соғлигимиз ҳақида етарли қайғурмаймиз, касал бўлгач ўзимизни шифокор ёки табиблар қўлига топширамиз. Соғлигимизни сақлашда ҳам, тиклашда ҳам керагича масъуллик ҳис қилмаймиз.

Таъкидлаб айтаманки, ҳар бир инсон – ўз тақдирининг эгаси. Одамнинг соғлиги шифокорларга, умуман тиббиётга фақат 10 фоиз ҳолатдагина боғлиқ. Қолган 90 фоиз ҳолатда ўз қўлидадир. Шундай экан, саломатлик бир нарсадан бошланади: асосийси ҳар бир инсон ўз саломатлиги учун маъсулликни ўз зиммасига олиши зарур!

—Ҳозирда ҳаёт фаровонлашаётганига, илм-фан, техника, тиббиёт ривожланаётганлигига қарамай касалликлар кўпаймоқда. Шу ўринда саратон касалликлари кўрсаткичи ҳам кундан кунга ортиб бораяпти? Бунинг сабаби нима?

—Дарҳақиқат, ён-веримизда касалликлар кўп. Афсуски, кўпчиликда ортиқча вазн пайдо бўлаяпти. Буни айримлар одатдаги ҳол каби қабул қилиб, ҳатто унга қарши курашмаяптилар ҳам…

Аҳолининг тез қариши, аксарият кишиларда кузатилаётган бел оғриқлари, қўл ва оёқларнинг ҳолсизлиги ниманинг ҳисобига биласизми? Буларнинг барчасига бизнинг организмимизда тўпланиб қолган токсинлар ва заҳарлар сабабчидир. Улар ишлов берилган озуқа ва ичимликлар, ифлосланган ҳаво, стресс, дорилар, ортиқча овқат, камҳаракатлик, зарарли одатлар туфайли танада йиғилади. Айнан шу токсинлар, шунингдек танага зарур ингредиентлар (витамин ва минераллар) балансининг бузилиши ва иммун тизимидаги норасоликлар туфайли касалликлар келиб чиқади.

Хасталикларнинг яна бир сабабчиси ҳар бир инсон танасида зараркунандалик қилувчи гижжа ва гельминтлар ҳисобланади. Улар бизнинг ҳамтовоқларимиз! Гижжалар сабабли организмда кўп миқдорда шлаклар, ичакларда нажас тошлари тўпланади. Масалан 25 ёшли кишида ҳаёти давомида 10-12 кг гача шлак ва аҳлат тошлари йиғилиши мумкин. Булар оқибатида бавосир, варикоз, аёлларда миома, киста, мастопатия, эркакларда простатит ва аденома каби муаммолар пайдо бўлади. Организмдаги заҳарлар доимий тарзда қонга сўрилиб, жигар, буйрак, қон томирлари ва юракни шикастлайди. Шундан сўнг бўғимлар, қулоқ, кўз ва терида ҳам ўзгаришлар кўзга ташлана бошлайди.

—Бундай ҳолатда киши ўз соғлигини қандай тиклаши мумкин?

—Бунинг энг яхши йўли шуки, саломатликни тиклашни ишонч билан тизимли олиб бориш керак. Аввало инсон қалбида соғайиш ва ўзгариш истаги бўлиши лозим! Чунки ҳар бир иш истак-хоҳишдан бошланади. Хоҳиш бўлмаса ҳеч кимни бирон ишни қилишга мажбурлай олмайсиз.

Шу ўринда соғлом турмуш тарзини шакллантириш: зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш, машқларни бажариш учун сабр-тоқат ҳам жуда зарур. Яна бир муҳим жиҳати шуки, руҳий ҳолатнинг мувофиқ бўлиши, стрессдан сақланиш ҳам катта аҳамият касб этади.

—Саломатликни таъминловчи кун тартиби қандай бўлиши керак?

—Биринчидан, кундалик ҳаракат меъёрини белгилаб олиш керак. Ҳар куни эрталаб 15-20 дақиқа бадантарбия қилиш лозим. Кунига тоза ҳавода 3-4 км гача пиёда сайр қилиш (ёки ишга пиёда бориб-келиш) муҳим аҳамиятга эга. Бир ҳафтада 2-3 марта спорт секцияларига (сузиш, стретчинг, йога, фитнес) қатнаб шуғулланишнинг ҳам фойдаси катта. Бундан ташқари, кунига 4-5 марта кам-камдан табиий маҳсулотлар билан озиқланиш зарур.

—Шифокорлар соғлом бўлиш учун сувни кўп ичиш керак, дейишади. Сиз бунга қандай қарайсиз?

—Албатта, инсон танасининг 75-80 фоизини сув ташкил қилади. Бу мувозанатнинг бузилиши, яъни тананинг сувсизланиши аъзо ва тизимлардаги муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун киши ўз тана вазнига қараб соғлом сув ичиши (1 кг тана вазнига 30 мл сув) керак. Бу меъёр ёзда кунига 2,5-3 литр, қишда 2-2,5 литрга тўғри келади. Соғлом сув деганда газсиз, қайнатилган сув назарда тутилади. Сувни ҳар ярим соатда 100 мл (0,5 стакан) дан соат 19.00 гача ичиш лозим. Кечқурун 19.00 дан кейин қовуқ тўлиб, уйқуни бузмаслиги учун кўп сув ичиш тавсия қилинмайди. Ҳомиладорликда ва буйрак хасталикларида қанча сув ичишни даволовчи шифокор белгилайди.

—Овқатланишда нималарга эътибор қаратиш лозим?

—Овқатланишда кам-камдан кунига 4-5 марта таом қабул қилиш, рационнинг хилма-хиллигига эътибор бериш, кўпроқ мева-сабзавотлар истеъмол қилиш талаб этилади. Таом ва салатлардаги бир кунлик ош тузи миқдори 5-6 г дан ошмаслиги керак.

Ҳозирги вақтда шаҳар аҳолиси рационининг асосий қисмини ярим тайёр маҳсулотлар, кимёвий қўшимчалар ташкил қилади. Шунинг учун уларнинг овқатида витамин ва минераллар кам. Уларнинг етишмаслиги организмда “яширин очлик”ка сабаб бўлиши мумкин. Зарурий минераллар ўрнини ҳар доим ҳам кундалик овқатланиш билан тўлдириб бўлмайди. Бу борада шифокор тавсиясига мувофиқ минералли препаратлар, микронутриентлардан қабул қилиб туриш мақсадга мувофиқ.

–Халқ табобатида танани тозалашга алоҳида эътибор қилинади…

– Албатта, соғлиқ учун яна бир муҳим нарса — организмни тозалаш. Бу ҳуқна ва антигельминт препаратлар билан даволанишни ўз ичига олади. Ҳозирги вақтда тиббиёт муассасаларида табиий усулда организмни тўлиқ тозалаш, ичаклар, ўт, жигар, ошқозон, буйрак ва бўғимларни соғломлаштиришга мўлжалланган муолажалар ҳам олиб борилмоқда. Агар киши етарли тиббий билимга эга бўлса, гигиена ва стериллаш қоидаларини яхши билса, тозалаш амалиётини уй шароитида бажарса ҳам бўлади. Организмни тозалаш барча санитария талабларига амал қилган ҳолда олиб борилиши керак. Шунингдек, бу усулда даволанишда асосий эътибор парҳезга қаратилади. Бундай парҳезда кўпроқ танани шлаклардан тозалайдиган, токсинларни ҳайдаб чиқарадиган маҳсулотлар (гуруч, маржумак, мева ва сабзавотлар, кўкатлар, ўсимлик мойи, шарбатлар)ни истеъмол қилиш талаб этилади. Гўштли, ёғли, қовурилган таомлар, тузланган ва дудланган маҳсулотлар, ширинликлар ва хамир овқатлар чекланади.

Органимга қувват бағишлайдиган ва иммунитетни кўтарадиган дамламаларни қабул қилишни ҳам унутмаслик керак. Таъкилаш зарурки, қуруқ мевалар, қоқиларнинг танани керакли витамин ҳамда микроунсурлар билан таъминлашда нафи жуда катта. Мисол учун ёнғоқ, туршак, майиз, ҳандон писта каби неъматлар айрим мамлакатлар дорихоналарида чиройли қадоқларда қиммат нархларда сотилади. Булар бизнинг юртимизда жуда сероб. Аммо биз «ёнимиздан оққан дарё»нинг қадрига етмаймиз. Ушбу маҳсулотларни тўйиб истеъмол қилсак, витамин ва минераллар тақчиллигидан йироқ бўламиз. Барча касалликлар иммунитет сустлиги, қон яхши айланмаслиги, яширин очлик, тўқималарга кислород ва озиқ-моддалар етиб бормаслигидан келиб чиқади.

Буюк ҳаким Ибн Сино: «Соғлом пайтингизда югурмасангиз, касал бўлганингизда, албатта, югуришга мажбур бўласиз!” – деган эди. Келинг, соғлом турмуш тарзига амал қилайлик, саломатлигимизни борида асрайлик!

Шаҳризода АТАБАЕВА суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: