Сув – арзон дори, текин шифокор

Сув билан даволанишда асосан булоқ ёки тоғ-ён бағридан олинган, газланмаган, фильтрланган ёки газсиз минерал сувларни танлаб олиш лозим. Сувни тана ҳароратига яқин, яъни 30-35 градус илиқлиқда ёки уй ҳароратида ичиш тавсия қилинади.

Маълумки, инсон танасининг учдан икки қисмини сув ташкил қилади. Одам овқатланмасдан 4 ҳафта яшаши мумкин, аммо сувсиз 7 кундан ортиқ яшай олмайди. Танамиздаги сув балансини сақлаш учун кунига 2-3 литр суюқлик ичишимиз лозим. Одам организмида сув етишмаслиги тери қуруқшаши, тоғайларнинг емирилиши, қон босимининг тушиши, қабзият каби муаммоларга замин яратади.

Тиббиёт ва табобатда сув ёрдамида даволаниш турли жароҳатлардан тузалиш даврида, суяк-таянч тизими, нафас тизими хасталикларида, артритларда, ошқозон-ичак тракти муаммолари ва бошқаларда тавсия этилади.

Минерал сувлар ичаклар ишини фаоллаштиришга, ошқозон шираси кислоталигини оширишда, жигарда қон айланишини яхшилашда катта ёрдам беради. Шунингдек, минерал сув билан юзни ювиш юз терисини парваришлашда ўта фойдалидир. Бунинг учун дастлаб минерал сувни музлатиш ва муз кубикларини юзга суртиш керак. Музлатилган минерал сув юз тонусини оширади ва терини фойдали микроэлементлар билан тўйинтиради. Жисмоний саломатликни мустаҳкамлабгина қолмай, руҳий мувозанатни салқашга ҳам ҳисса қўшади. Агар кайфиятингиз яхши бўлмаса ёки кучингиз қочиб, ҳолсизланаётган бўлсангиз, душ ёки ванна қабул қилинг. Бундай сув муолажаси янада самарали бўлиши учун ифорли ваннанинг аҳамияти катта.

Юмшоқ ва қаттиқ сувлар

Ҳар қандай қўшимча ишлов берилмаган сув таркибида оз бўлса ҳам тузлар (кальций, магний ва ҳоказо) бўлади. Уларнинг кўп ёки кам бўлиши сувнинг юмшоқ, ўртача қаттиқликда, қаттиқ ёки ўта қаттиқ бўлишини белгилайди. Қор эришидан ҳосил бўлган сувлар ва ёмғир суви юмшоқ сув ҳисобланади. Балки сиз қор сувини ичиб ёки қўл ювиб кўргандирсиз? Бундай сувдан ичганда юмшоқлигини сезиш қийин эмас. Бу сувда қўлингизни совунлаб ювсангиз кўпиги ювилиб кетиши қийин бўлади.

Сувнинг қаттиқлигини билиш учун унда кир ювиб кўриш керак. Кир ювганда совун яхши кўпирмаса, демак у қаттиқ сувдир. Ўта қаттиқ сув истеъмол қилишга яроқсиздир. Сувнинг зичлиги баланд (қаттиқ сувли) ҳудудларда яшаётганлар сувнинг қаттиқлигини камайтириш чораларини кўришлари зарур.

Уй шароитида сувни юмшатиш усуллари

Доимий тарзда қаттиқ сув ичиш одамда аллергия қўзғатиши, ўт-тош ва буйрак тош хасталикларига олиб келиши мумкин. Уйингиздаги водопровод жўмрагидан келаётган сувнинг қаттиқлигини уни қайнатадиган идишда тош пайдо бўлаётганидан ҳам билсангиз бўлади.  Бундай сувни тозаламасдан истеъмол қилиш ва таом тайёрлаш тавсия қилинмайди. Қаттиқ сувни юмшатиш мумкин. Шаҳар бозорларида турли фильтрлаш (сувни турли зарарли моддалар ҳамда микроорганизмлардан тозалаш), дистиллаш (буғлантириш ёрдамида суюқликни тозалаш) воситалари сотилади. Хоҳласангиз, магазиндан тозаланган, таркиби фойдали минераллар билан бойитилган газсиз сувлардан олиб ичинг. Буларга маблағ сарфлашни истамасангиз оддий усулда сувни тозаланг:

Ҳар қандай қаттиқликдаги сувни қайнатиш воситасида юмшатиш мумкин. Кўп вақт давомида сув қайнатилган идиш деворига ёпишиб қолган қотишмаларга эътибор қилганмисиз? Мунтазам қаттиқ сув ичганда тана аъзоларида ҳам ана шундай тошлар пайдо бўлиши мумкин.

Кўп хонадонларда сувни бакалашкага солиб оғзига пахта тиқиб фильтрлашади. Бу сувни дистиллашнинг осон халқона усули бўлиб, сув таркибидаги қаттиқ элементлар пахта тиқинда сақланиб қолади.

Юмшоқ сувнинг фойдаси кўп. Сочни юмшоқ сувда ювсангиз силлиқ ва сержило бўлади. Бироқ бундай сувни кўп ичиш организмга фойдали деб бўлмайди. Таркибида минерал тузлар кам бўлган юмшоқ сувни мунтазам истеъмол қилиш суяклар мўртлигини оширади, тишларда кариес ривожланишига замин яратади, болаларда эса рахит касаллигига олиб келиши мумкин.

Сув билан даволаниш

Эрталаб уйғонганда камида 200 мл сув ичилади, кейин бир соатдан сўнг нонушта қилинади. Нонуштадан камида бир соат ўтказиб, кейин тушликкача камида 800 мл. сув ичиб юрилади шу жумладан, тушликдан бир соат олдин сув ичилади ва камида 2 соат ўтказиб, кечки овқатга бир соат қолган пайтда камида 800 мл сув ичилади.

Кечки овқатни еб бўлгандан сўнг (имкон қадар енгилроқ) 1,5 соатдан сўнг яна 400 мл сув ичилади. Ётишдан олдин мева ейиш ёки қатиқ ичиш мумкин. Иложи борича уч маҳал суюқлик ичмасдан ва ширинлик емасдан овқатланиш лозим. Бу тартибда сув ичишни одатлансангиз ҳеч қандай салбий таъсири йўқ, аксинча танангизга ва юз кўринишингизга мўъжизавий ўзгаришлар юз беради. Юқоридаги маслаҳатларга риоя қилиб, қуйидаги касалликлардан халос бўлиш мумкин: умуртқадаги муамолар; бўғинлардаги тузлар; остеохондроз ва артроз; бош оғриғи; қон босими; буйракдаги тошлар; семизлик; ошқозон-ичак касалликлари.

Сув ҳамма дардларга даво бўлгувчи энг тоза ва энг маззали ичимлик ҳисобланади. Фақат унинг шифобахшлигини билиш учун яхшисини танлаб, қоидалари билиб ичиш керак.

Дарвоқе: вазни 100 кг атрофидаги аёл ва эркакларга кунига 8 стакан ёки 2 литр сув ичиш камлик қилади. Шу сабабдан парҳезшунослар сув билан озишни истаганларга тананинг ҳар бир кг вазнига 30 мл сув ичишни тавсия қилади. 50 кг вазнга эга одамлар учун эса бу жуда кўп. Улар кунига 2 литргача сув ичишлари мумкин.

Гулшан тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: