Аъзоларга ўхшаган маҳсулотлар ёхуд қайси аъзога нима фойдали?

Табиат эҳсонлари орасида шундай маҳсулотлар борки, тузилиши жиҳатидан танамиздаги маълум бир аъзога ўхшайди ва айнан ўзига ўхшаш аъзони витамин ва минераллар билан таъминлашга, касалликлардан даволашга ҳисса қўшади.

Қулоқлар ва қўзиқорин

Агар сиз шампиньонларни кўндалангига кессангиз уларнинг шакли одам қулоғига ўхшаш эканлигини кўрасиз. Қўзиқоринни меъёрида истеъмол қилган инсоннинг эшитиш қобилияти яхши бўлади. Чунки қўзиқорин таркибида Д витамини бор ноёб маҳсулотдир.  Бу витамин суякларнинг саломатлиги ва мустаҳкамлиги учун ҳам жавобгар.

Сабзи ва кўз

Сабзини кўндалангига кесиб кўрсангиз, унинг кўзлар тузилишига эгалигини билиб олиш қийин эмас. Маълум бўлишича, сабзини кўп истеъмол қилиш кўриш қобилиятини яхшилашга ёрдам берар экан. Сабзида витамин ва антиоксидантлар жуда кўп. Унинг таркибидаги бета-каротин деб аталган модда кўзлар саломатлигини мустаҳкамлаб, кўпинча кексаларда учрайдиган кўриш қобилиятининг ёмонлашуви билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олади.

Ёнғоқ ва мия

Қобиғи серажин аммо мағзи жиққа мой бўлган ёнғоқ ўз шаклига кўра одам миясини эслатади. Унинг пўстлоғи ҳам қуйиб қўйгандек мия кўринишини олган. Ёнғоқ мағзи одам миясининг ўнг ва чап ярим шарлари каби икки бўлакка бўлинганлиги ҳам одамни ҳайратга солмай қўймайди.

Ёнғоқни “мия озуқаси” деб бекорга айтишмаган. Унинг мағзида омега-3 ёғ кислоталари кўп миқдорда бўлгани учун мияни тўйинтириб, унинг иш қобилиятини яхшилашга катта ҳисса қўшади.

Селдир ва суяклар

Эътибор қилиб қараган бўлсангиз селдирнинг узун пояси одам суякларига ўхшаб кетади. Бундан ташқари, у суяклар учун фойдали витаминлар ва минералларга бой. Айтиш лозимки, селдир кремний манбаи бўлганлиги учун уни севиб истеъмол қилувчи инсонларнинг суяклари бақувват бўлади. Чунки кремний суяклар молекуляр тузилишида асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Селдирнинг яна бир суякка ўхшайдиган хусусияти —ҳудди суяклардаги каби унинг таркибининг ҳам 23 фоизини натрий ташкил қилади.

Авокадо ва бачадон

Авокадонинг лампочкага ўхшаш тузилиши гўё бачадонни эслатади. Шу билан бирга бу тропик мева бачадоннинг репродуктив (ҳомилани дунёга келтириш) вазифасини қўллаб-қувватлайди ҳамда фолий кислотасига бой бўлганлиги боис бачадон бўйни саратонининг олдини олишга ёрдам беради.

Денгиз молюскалари: уруғдон

Денгиз молюскалари кўринишдан эркаклар тухумдонига ўхшаб кетади. Шу билан бирга, мутахассисларнинг таъкидлашича эркак тухумдонлари фаолиятини яхшилашда ҳам уларга тенг келадиган йўқ. Нидерландияда ўтказилган тадқиқотларда овқатланиш рационини фолий кислотаси ҳамда руҳ билан бойитиш ёрдамида эркаклар спермаси сифатини яхшилаш ва яшовчанлигини таъминлаш мумкинлиги аниқланди. Молюскаларида эса бу иккала модда жуда серобдир. Денгиз бўйи халқлари айнан репродуктив тизимга фойдали бўлгани учун бу маҳсулотни ўз таомномасига киритишган.

Грейфрут ва кўкрак бези

Думалоқ цитрус мевалар эса кўкрак бези шаклини олганлиги билан аҳамиятлидар. Масалан, грейфрутни олиб қараймиз. У нафақат кўкрак бези тузилишига ўхшайди, балки унинг таркибида кўкрак бези саратонидан ҳимоя қилувчи лимоноид номли моддалар мавжуд.

Помидор ва юрак

Помидорни кўндалангига бўлиб қарасангиз, ҳудди юрак тузилишига ўхшаш бир неча бўлмадан иборат эканлигини кўрасиз. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, помидор таркибидаги ликопин юрак-қонтомир хасталикларининг олдини олишга ёрдам беради. Агар помидордан салат тайёрлаганда, унга бироз миқдорда ўсимлик мойи (зайтун ёки авокадо мойи) қўшилса, ликопиннинг организм томонидан ўзлаштирилиши 10 баробарга ортади.

Қизил шароб ва қон

Қизил шароб антиоксидантларга ва полифенолларга бой. Шунинг учун ҳам қонга ўхшайди. У меъёрида қабул қилинса қон таркибини зарарли холестериндан тозалаб, шифобахш таъсир кўрсатади. Узумни ачитиш йўли билан тайёрланадиган қизил шаробда қонни суюлтирадиган моддалар мавжуд. Шу сабабдан у юрак-қон томир касалликлари ҳамда инсультга олиб келувчи қон қуюлиши дардидан ҳалос бўлишга ёрдам беради. Бироқ шаробни қанча қабул қилишни шифокор билан маслаҳатлашиб олиш керак. Акс ҳолда организм унга ўрганиб қолиши ҳеч гап эмас.

Занжабил ва ошқозон

Занжабил (имбирь)нинг  илдизи овқат ҳазм қилиш аъзоларидан бири — ошқозонга жуда ўхшайди. У фақат ўхшаш билан чекланиб қолмаган. Бу илдиз қадимдан денгиз касаллиги (транспортда юриш билан боғлиқ кўнгил айниши)ни даволашда ишлатилган. Шу билан бирга бирон кимёвий бирикма ҳиди ёки  айниган овқатдан заҳарланиш асоратларини бартараф қилишга ёрдам беради.  даниялик олимлар хулосасига кўра, занжабилнинг майдаланган илдизи ўта кучли ҳолатларда ҳам кўнгил айниши ва қайт қилишни тўхтатишга қодир. Шу билан бирга ҳомиладорлик токсикозларига қарши курашда ҳам унга тенг келадиган маҳсулот топилмайди.

Ширин картошка ва ошқозон ости бези

Узунчоқ ширин таъмли картошка ҳам меъда ости безига жуда ўхшайди. Шунингдек унинг истеъмоли бу аъзонинг меъёрида ишлашини таъминлайди. У таркибида кучли антиоксидант ҳисобланган бета-каротин борлиги учун нафақат меъда ости безини, балки барча аъзоларни қариш ва саратон касалликларидан сақлайди.

Гулшан тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: