Диққат, юртимизда Крим-Конго касаллиги ҳолатлари учрамоқда

Қрим-Конго геморрагик иситмаси қон орқали юқадиган ўта хавфли юқумли касаллик. У айни пайтда Ўзбекистон ҳудудларида ҳам учраб турибди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилиб касалликнинг олдини олиш борасида огоҳлантирилди.

Ўзига хос аломатлари

Қрим-Конго хасталиги кана чақиши билан бошланади. Беморнинг тана ҳарорати бирдан юқори даражага кўтарилиб кетади. Бутун танасида кўкаришлар кўзга ташланади. Вирус қонни суюлтириши натижасида бурнидан ва бошқа аъзоларидан, ҳатто ички аъзо ва тизимлардан ҳам қон кета бошлайди. Одам ҳолсизланиб, талвасага тушади.

Шу қадар хавфли касалликми?

ФВВ Радиацион, кимёвий, биологик (бактериологик) муҳофаза бошқармаси бўлим бошлиғи подполковник Абдисами Ахматовнинг айтишича яқинда Чимкент шаҳрида бир аёл бачадондан қон кетиши натижасида туғуруқхонага келтирилган. Бу беморга беш нафар тиббиёт ходими ёрдам кўрсатган. Аммо аёл жуда кўп қон кетиши оқибатида вафот этган. Шундан кейин бемор аёл билан контактда бўлган 5 нафар шифокор ҳам вафот этган. Кейин маълум бўлишича бемор Қрим-Конго хасталигига чалинган экан… “Мен бу гапларни бугунги тадбирни одатдаги матбуот анжумани деб ўйламаслигингиз учун айтяпман” дея таъкидлади маърузачи.

Мутахассисларнинг қайд этишича Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги табиий ўчоқли таг-туби билан йўқотишнинг иложи йўқ хавфли касалликлар туркумига киради. Фақатгина олдини олиш билан аянчли оқибатлардан сақланиш мумкин.

Касаллик айниқса дашт зоналарида учрайди. Уни чорва молларида бўлувчи каналар тарқатади. Кана чақиб вирус қонга ўтиши натижасида қон ивиши издан чиқади. Беморнинг барча аъзоларидан қон кета бошлайди. Ўз вақтида аниқ ташхис қўйиб, ёрдам кўрсатилмаса бемор вафот этади.

Статистикага кўра 2017 йилда 17 нафар бемор бўлган бўлса, 2018 йилда 29 нафар бемор рўйхатга олинган. Бу йилнинг ўтган даврида 4 нафар ҳолат кузатилган. Беморларнинг барчаси чўл зонасида ишловчи чўпонлар экан. Лекин ўз вақтида даво чоралари кўрилиб, уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган. ДСЭНМ вакилининг маълум қилишича ўтган йилларда лаборатория ишлари олиб борилмагани сабабли ўлим ҳолатлари бўлган экан. Аммо ҳозир жойларда аниқ ташхис қўядиган лабораториялар ташкил қилинибди.

Касалликнинг давоси борми?

Айтилишича бугунги кунда Қрим-Конго иситмасининг махсус давоси йўқ, экологик вазият эса мураккаблашмоқда. Беморлар олдин касалланиб тузалган одамларнинг зардобини қуйиш ҳамда вирусга қарши препаратлар билан даволанмоқда. Республика Давлат санитария эпидемиология назорати маркази ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Фарҳод Қурбонбековнинг сўзларига кўра айни вақтда республикада 46 нафар донор бор. Захирада улардан йиғилган 36 литр қон мавжуд.

Касалликка сабаб чорвачилик маданияти пастлиги, чорва моллари билан яқин қонтактда бўлиш, жониворлардаги каналарни қўлда териб ўлдириш билан боғлиқ дейилмоқда. Шунинг учун айни пайтда аҳолининг тушунчасини ошириш мақсадида барча ўқув муассасаларида, хонадонларда суҳбатлар, профилактика-тушунтириш ишлари олиб бориш зарур.

Мутахассис маслаҳатлари

Касаллик тарқалмаслиги учун Ветеринария қўмитаси томонидан ва чўпон ҳамда мол боқувчиларнинг ўзи ҳам ферма ва молхоналарда кимёвий ишлов бериш ишларини ўтказиши керак. Жониворлар жунини қирққанда ва умуман парвариш қилганда махсус ҳимоя кийимлари ва қўлқоп кийиши шарт.

Молхонани тозалаб, ҳайвонларни чўмилтириб туриш, каналар кўпайишига йўл қўймаслик лозим.

Касаллик профилактикаси бўйича мавсумий тадбирларни тизимли олиб бориш, иссиқ мавсумда ҳафтада бир марта чорва молларига хлорли бирикма билан ишлов бериш керак.

Энг муҳими ҳар бир фуқаро кана чақишидан эҳтиёт бўлиши зарур.

Касаллик аниқланганда беморларнинг яқинлари ва уларга қарайдиган тиббиёт ходимлари ҳам дока ниқобда, резина қўлқопда, ҳимоя кийимларида бўлиши шарт.

Шаҳарда мебелларда бўлувчи ёғоч каналари бу касалликни ташувчи ҳисобланмайди. Қрим-Конго вирусини фақат Иксод каналари тарқатади. Аммо қандай кана чақса ҳам тезда поликлиникага мурожаат қилиб, уйда 7 кун кузатувда бўлиш даркор. Аломатлар кузатилмаса касаллик юқмаган ҳисобланади.

Агар ҳарорат кўтарилиши, юзларида қизариш ёки ҳолсизлик кузатилса бемор тез ёрдам орқали юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинади. Алоҳида палатага ётқизилиб, даволаш ишлари олиб борилади.

Каналарни йўқотиш усуллари

Иксод каналари совуққа ва очликка чидамли бўлиб, молхона деворлари тирқишида ўн йиллаб ўз ўлжасини кутиб ётади. Ҳозир барча ветеринария дорихоналарида канага қарши дорилар бор, улар ёрдамида молхона ва қўраларни дорилаб туриш керак.

Касаллик тарқалишининг олдини олиш учун Ветеринария қўмитаси томонидан ҳам зарурий ишлар олиб борилмоқда. Шу кунларда 1000 та дори пуркагич сотиб олинган, Россиядан креамин препарати олиб келинмоқда. Ветеринария врачларига 800 га яқин мотоцикллар олиб берилган. Улар узоқ ҳудудлардаги чорвадорларга ҳам хизмат кўрсатишади.

Унутмайлик, Қрим-Конго геморрагик иситмаси ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар билан курашиш нафақат тегишли ташкилотларнинг иши, балки кенг жамоатчилик, қолаверса ҳар бир фуқаронинг ҳам масаъулиятли вазифасидир.

Мазура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: