Қулупнай саратон хавфини камайтиради

Қулупнайни турли таомлар ва бошқа мевалар билан аралаштирмаслик, яхшиси овқатлангандан сўнг 30 дақиқа ўтгач истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки бу мева ошқозон ичида бижғиш хусусиятига эга, оч қоринга ейилса ёки бошқа маҳсулотлар билан қўшиб истеъмол қилинса меда бузилишига олиб келади.

Қулупнай – баҳорнинг илк реза меваси. Унинг пишишини барча орзиқиб кутади. Ҳозирда қулупнайни нафақат бозордан, балки замонавий супермаркетлардан ҳам харид қилиш мумкин.

Қулупнайнинг таркиби витамин ва микроэлементларга бой. Шунинг учун ҳам бу мева баҳорда иммунитети заифлашган, дармони камайган одамларга яхши қувват манбаи бўла олади. Унинг таркибининг 5-12 фоизини углеводлар ташкил қилади. Булар глюкоза, фруктоза ва сахароза ҳисобланади. Шу билан бирга лимон ва олма кислоталари, фенол бирикмалар ҳам мавжуд. Витаминлардан А, С, В  ва минерал моддалардан: темир, асал, кобальт, марганец, молибден ва фтор кабиларни сақлайди.

Маълумки мева ва сабзавотлар таркибидаги бир қатор витаминлар маҳсулотни қайта ишлаш жараёнида, масалан кўп қайнатганда, қовурганда, мураббо тайёрлаганда йўқ бўлиб кетади. Аммо мутахассисларнинг таъкидлашича қулупнай таркибидаги витаминлар қайта ишлаш жараёнида ҳам йўқолиб кетмайди.

Қандай фойдаси бор?

Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қулупнай моддалар алмашинувини яхшилашга, танани тозалашга, ичакдаги турғун моддаларни ҳайдашга ёрдам беради. Шу ўринда бу мева қабзиятдан қийналган кишиларга, озишни хоҳлаётган соғлом одамларга тавсия қилинади. Кашандаларга танадан никотин ва бошқа токсин қолдиқларини қувиб чиқаришга кўмаклашади. Бу мева шунингдек иммунитетни кучайтириш хусусияти эвазига турли касалликларга чалиниш хавфини камайтиради. Лекин организми заиф кексалар, ёш болалар ҳамда меъда-ичакларда муаммоси бўлган беморлар, аллергияси бўлганлар еса бир қатор нохушликларга сабаб бўлиши мумкин.

Шакар билан ейиш мумкинми?

Қулупнайни тоза оқар сув остида яхшилаб ювиб истеъмол қилиш лозим. Уни турли таомлар ва бошқа мевалар билан аралаштирмай овқатдан сўнг ейиш мақсадга мувофиқ. Чунки у ошқозон ичида бижғиш хусусиятига эга. Қулупнайни оч қоринга истеъмол қилинса ёки бошқа маҳсулотлар билан қориштириб ейилса ҳам меда бузилишига сабаб бўлиши эҳтимоли мавжуд.

Маълумки, болалар учун махсус тайёрланган йогурт, товрог ва бошқа сут маҳсулотлари таркибига ҳам қулупнай бўлакчалари қўшилади. Бу маҳсулотлар махсус технологиялар асосида хавфсизлик талаблари асосида ишлаб чиқарилади. Шунинг учун ёш болалар учун безарардир. Уй шароитида болаларга яхшиси сифати кафолатланмаган, қандай етиштирилгани номаълум қулупнайни бермаган маъқул. Негаки айни баҳорда қулупнай пишиғида ёш болалар ўртасида диарея, ич кетиши, юқумли ичак касалликлари кенг тарқалиши кузатилади. Бунинг сабаби бу реза мевани яхши ювмасдан истеъмол қилиш, шу билан бирга қулупнайларнинг турли кимёвий дорилар бериб ўстирилишидир. Оналар болаларининг овқатланишига эътиборли бўлишса, оғзи тегсин деб ишончсиз меваларни беришмаса бу ҳолатнинг олдини олиш мумкин.

Қулупнай ичакларни тозалашга, жигар ва буйракнинг яхши ишлашига, камқонлик ва буқоқнинг олдини олишда ҳам қўл келадиган фойдали мевадир.

Нордон қулупнай турларини шакар билан ейилса мазаси тотли бўлади. Ундан мураббо тайёрлаганда кўп қайнатмаслик керак. Яхшиси қиём тайёрлаб кейин қулупнайни солиб пишириш лозим.

Яхшилаб ювиб тозалаб, шакар билан аралаштирилган қулупнайга шакар қўшиб совиткичда қўйсангиз у қишгача туриши мумкин. Ўз шарбатида маромига келган бундай қулупнай шираси иммунитетни кўтариб, камқонликнинг олдини олишга ёрдам беради.

Қулупнай совуқлик маҳсулот бўлгани учун ундан бирваракайига кўп истеъмол қилиш мумкин эмас, бунда тана совуқлиги ошиб кетиши, ич суриши, қон босими тушиши кабилар кузатилиши мумкин.

Қулупнайда яна бир ўзига хос хусусият борки, у кам калорияли мева ҳисобланади. 100 грам қулупнай бор йўғи 30 ккал қувватга эга. Унда ёғлар умуман йўқ, оқсиллар эса кўп. Бу озиш парҳезига амал қилувчилар учун айни муддао.

Юзга суртсангиз чиройни очади

Қулупнайнинг косметологиядаги фойдаси ҳам анча олдин аниқланган. Уй шароитида аёллар янги қулупнайни юзларига суртиб, бир неча дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб ташлашса юзнинг чиройини очади. Бу теридаги пигмент доғлар ва сепкилларни йўқотишга ҳам ёрдам беради. Қулупнай ёки унинг шарбати айрим косметик воситалардан кўра яхшироқ таъсир этади. Хусусан теридаги ажинларни йўқотишда, терини озиқлантиришда юқори самара беради.

Қулупнайнинг зарарли хусусиятлари

Қулупнай жуда “инжиқ” мева бўлгани учун барчага тенг фойдали бўлавермайди. Таркибидаги бижғитувчи кислоталар ошқозон-ичак йўлларида касаллиги бор кишилар учун зарарлидир. Бундан ташқари айрим кишиларда турли тошмалар, шишлар, ич бузилишлари билан боғлиқ аллергия аломатларини қўзғатиши мумкин. Қон босими ўйнаб турадиган кишиларга ҳам уни истеъмол қилишни тавсия этилмайди.

Ҳар нарсада меъёр бўлганидек қулупнайни меъёрида ейиш керак. Яъни ҳафтасига 3-4 марта 300-400 г миқдорида истеъмол қилиш етарли. Шифокорларнинг уқдиришича, ўз мавсумида пайдо бўлмаган мева ва сабзавотларнинг таркибида зарарли нитратлар бўлади ва уларда витаминлар жуда ҳам оздир.

Қулупнайни қандай танласа бўлади?

Бозордан сотиб олмоқчи бўлсангиз, қуруқ, бутун, зарарланмаган ва иложи бўлса яшил қалпоқчали қулупнайларни танланг. Тўқ қизил ранг қулупнайларнинг ташқи тузилиши ҳам мазаси яхшилиги ва етилиб пишганлигидан далолат бериб туради. Бундан ташқари сотиб олаётган вақтингизда зийрак бўлинг – қулупнайни ҳидлаб кўринг. Ҳудди ҳар бир меванинг ўз ҳиди бўлганидек бу меванинг ҳам ёқимли, оригинал ҳиди мавжуд,

Қулупнай қандай сақланади?

Бу мевани хомлигича узоқ сақлашнинг умуман кераги йўқ. У ҳатто музлатгичда ҳам узоқ сақланмайди. Агар қулупнай нитратлар ёрдамида етиштирилган бўлса, унда у музлатгич ичида соғлиқ учун жуда зарарли маҳсулотга айланади. Қиш пайти сотиладиган қулупнайлар иссиқхонада етиштирилган, фойдаси кам бўлади.

Қулупнайни кўп сотиб олиш ҳам ярамайди, сотиб олингинини ҳам 1-2 кун ичида емасангиз айниб қолади.

Қулупнай саратонда фойдали

Мутахассис олимлар тадқиқотлари кунига бир пиёла қулупнай истеъмол қилиш саратон хасталигининг олдини олишга ёрдам беришини аниқлашди. Бу мева ҳатто мазкур касалликнинг илк босқичларида ҳам  фойдалидир. Клиник тадқиқотлар натижалари  кунига 15 дона қулупнай мевасини истеъмол қилиб юриш саратон хавфли касаллигидан ҳимоя қилишини исботлади. Ўсмага чалинган кишиларда синаб кўрилганда қулупнай билан даволанишдан беш ҳафта ўтгач, шишлар тарқалишдан ва ўсишдан тўхтагани, ҳатто ҳажми кичрайгани маълум бўлди. Тадқиқотда бу мевани ҳар куни оз-оздан истеъмол қилган беморларда касаллик авж олиши тўхтаган.

Бошқа бир тадқиқотда кунига 10-15 дона қулупнай истеъмол қилиш қон таркибидаги холестерин миқдорини пасайтириши ва бунинг ҳисобига саломатликни мустаҳкамлаши исботланди.

Унутманг!

3 ёшдан кичик болаларга қулупнай бериш умуман тавсия этилмайди.

7 ёшгача болаларга фақат кечпишар қулупнайдан бериш, унда ҳам кунига фақат 100 граммдан оширмаслик керак. Қулупнай ва умуман бошқа меваларни истеъмол қилишидан олдин болаларнинг қўлини совунлаб ювишни унутманг. Бу фарзандингизнинг соғ-саломат, ўзингизнинг бехавотир бўлишингизни таъминлайди.

Гулшан тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: