Редиска – буйрак тоши кушандаси

Редиска калий манбаи бўлгани учун буйракда тош ҳосил бўлишининг олдини олади. Чунки пешоб ажралиб чиқишини фаоллаштириб, сийдик йўлидаги муаммоларни йўқотади.

Редиска – илк баҳорий озуқабоп ўсимлик. Озиқ-овқат сифатида унинг илдизи ишлатилади. Ҳозирда редискани қиш ва кузда ҳам дўкондан топиш мумкин. Редиска қачон кавлаб олинганига, қандай суғорилганига кўра таъми ва шифобахшлиги турлича бўлади. Ёш, майдароқ редиска ширин, сувли, тупроқда кўп туриб қолгани қуруқ, сувсиз ўсгани ичи ғовак ва ачимтир бўлиши мумкин.

Жаҳон халқлари ошхонасида бу маҳсулот турли кўринишда: хомлигича, пиширилган ва маринадланган ҳолда ишлатилади. Барра редискани салатларга, бутербродларга солиб, димлаб, соуслар, кўкатлар, лимон ва пиёз билан қўшиб истеъмол қилиш мумкин. Овқатларга тўғралганда ўзига хос таъм беради.

Таркибида индол, зеаксантин, лютеин ва бета-каротин каби моддалар, флавоноидлар, антиоксидантлар мавжуд. Витаминлардан С, РР, В гуруҳи, минераллардан маълум миқдорда магний, калий, марганец, темир, фосфор, кальций кабиларни сақлайди. 100 г редиска 20 ккал қувватга эга.

Шифобахш хусусиятлари

Редисканинг дориворлиги шундаки, у сийдик ажратиш тизими касалликларининг, жумладан буйракда тош пайдо бўлишининг олдини олиш ва даволашга ёрдам беради. Озиш парҳезига киритилса тез вазн ташлашга кўмаклашади. Шунингдек жигар ва нафас тизими фаолиятини яхшилайди.

Редиска таркибида С витамини кўп бўлиб, у танада коллаген ишлаб чиқарилишига туртки беради. Бу модда суякнинг тоғай тўқимаси учун жуда зарур. Бу илдизмевани истеъмол қилиш воситасида артрит, ривожланишининг олдини олиш ва касаллик аломатларини енгиллаштириш мумкин. С витаминига бой редиска иммунитетни кўтаришга ва қон босимини туширишга катта ҳисса қўшади.

Иммунитет ва тери гўзаллиги учун

Таркибида сув миқдори кўп бўлгани учун терининг намланиб, ёш ва чиройли бўлиб туришини таъминлайди. В ва С витамини, рух, фосфор кўплиги сабабли теридаги яра ва жароҳатлар тез тузалишига ёрдам беради.

С дармондориси ва фолий кислотаси кўп бўлган редиска саратоннинг бир қанча турларини, шу жумладан оғиз бўшлиғи раки, ошқозон, буйрак ва йўғон ичак ўсмаларини даволашда яқиндан кўмаклашади. Унинг таркибида саратон ҳужайраларининг кўпайишига қаршилик қилувчи моддалар бор.

Нафас ва юрак-қон томир тизими учун

Дарҳақиқат редисканинг шифобахшлиги унинг таркиби билан боғлиқ. Айнан С витамини кўплиги учун бронхит ривожланишига тўсиқ бўлади ва астма аломатларини йўқотишга ёрдам беради.

Редискадаги антоцианин моддаси яллиғланишларни тузатади, юрак-қон томир касалликларининг оқибатларини бартараф қилишга кўмаклашади, юрак етишмовчилиги хавфини камайтиради.

Ҳазм ва пешоб ажратиш аъзолари учун

Редиска илдизмеваси ва барглари ошқозон-ичак тизими аъзоларига кучли токсин ювувчи восита каби таъсир кўрсатади. Улар қонни тозалаб, ҳар хил шлакларни олиб чиқади, сариқ касаллигида эритроцитларнинг ювилишини камайтиради.

Мазкур маҳсулот таркибида углеводлар кам, клетчатка ва сув кўп. Шу сабабли ичакларнинг ўтказувчанлигини яхшилайди, бавосирга олиб келувчи қабзиятнинг олдини олади.

Редиска ўт қопи ва жигар учун ҳам фойдали. У ўт суюқлиги, фермент ва меъда кислотаси ишлаб чиқарилиши ҳамда етказиб берилишини назорат қилади. Демак уни мунтазам истеъмол қилувчи кишилар ҳазм аъзоларини яра ҳамда инфекциялардан асрайдилар.

Редиска калий манбаи бўлгани учун буйракда тош ҳосил бўлишининг олдини олади. Чунки пешоб ажралиб чиқишини фаоллаштиради, сийдик йўлидаги муаммолар: ачишиш, қичишиш ва бошқаларни даволашга ҳам ёрдам беради. Бу озиқ таносил тизими учун ҳам жуда аҳамиятли. Уни ҳомиладор аёллар еб турсалар ўзи ва ҳомила организмини С ҳамда В9 витамини билан бойитадилар. Бу дармондорилар ўсиб келаётган ҳомила учун жуда зарурдир.

Зарари ҳам борми?

Аллергияга мойиллиги бор инсонлар редиска истеъмолидан тийилганлари маъқул. Ўт қопида йирикроқ тошлар бўлганда редиска тавсия қилинмайди. Негаки у ўт ишлаб чиқарилишини тезлаштиради ва тошлар силжиб оғриқ бошланиши мумкин. Редиска истеъмолига ружу қўйиш қалқонсимон без гормонлари ишлаб чиқарилишига салбий таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун бир киши кунига 2-3 дона редиска еса шунинг ўзи етади.

Харид қилиш ва сақлаш борасида маслаҳатлар

Ранги ёрқин қизил, янги кавланган, барглари сарғаймаган, сўлимаган редиска сифатли бўлади. Шу билан бирга унинг ташқи қавати ёрилмаган ва тирналмаган бўлиши лозим.

Сотиб олган вақтда редискани баргларини ажратиб олиш керак. Шунда у совиткичда усти ёпиладиган контейнерда 2 ҳафтагача сифати бузилмай сақланади. Идиш тагига қоғоз салфетка ташлаб қўйсангиз редисканинг умри янада узаяди.

Редиска кўплаб парҳезларда рационга киритилади. Уни ҳар куни оз-оздан еб турилса танага фойдаси соз бўлади.

ХАЛҚ ТАБОБАТИ ТАВСИЯЛАРИ

Бош оғриғида битта редискани ўртасидан бўлиб, иккита ярим палласини бошнинг икки чаккасига суртинг. Бармоқ ёрдамида енгил уқалаб, 5-10 дақиқа кўзларингизни юмиб, ором олинг. Оғриқ чекинади.

Қувватсизликда 50 мл редиска шарбатига 100 мл сабзи шарбатини аралаштириб, эрталаб оч қоринга ичилади. Муолажани бир ой давом эттирсангиз, иммунитетингиз мустаҳкамланиб, тетиклашасиз.

Камқонликда 50 гр редиска, сабзи ва қизил лавлаги шарбатларини аралаштиринг. Шарбат суюқлиги тиниши учун ярим соатга қолдиринг. Сўнг ҳосил бўлган аралашмани эрталаб, оч қоринга ичасиз. Муолажани бир ҳафта давом эттириш мумкин.

Радикулитда 3-4 та редискани қирғичдан ўтказиб, шарбати билан бирга икки қават докага солинг. Сўнгра оғриқ бераётган соҳага компресс қилинг. Компрессни олгач, тери устини аста уқалайсиз.

Хотирани яхшилашда ҳар куни асосий таом билан бирга редиска қўшилган салат ейишга одатланинг. Таркибидаги фойдали витаминлар ақлий фаолликни ошириб, хотирани мустаҳкалайди. Салат учун майонез эмас, ўсимлик ёки зайтун ёғларидан фойдаланинг. Чунки ушбу сабзавот майонез билан аралаштирилса фойдали хусусиятини йўқотиши мумкин.

Доғларни йўқотишда 2 ош қошиқ сметанага битта қирғичдан чиқарилган редиска, ярим боғ тўғралган кашнични аралаштиринг. Аралашмани юзингизга суртинг-да, 15 дақиқага қолдиринг. Сўнгра илиқ сувда чайиб оласиз. Муоалажа бир ҳафтада уч марта бажарилса, бир ойдан сўнг натижаси сезилади.

Юз териси қуруқлашганда эрталаб ва кечқурун битта редискани қирғичдан чиқариб, шарбатида пахта билан юзингизни артинг. 15 дақиқадан кейин илиқ сувда чайиб ташланг. Редиска шарбати юз терисини озиқлантириб, қуруқлашишдан ҳимоя қилади.

Астмада ярим стакан янги чиқарилган редиска шарбатига 1 чой қошиқ асал аралаштириб, кунига 3 маҳал ичилади. Муолажа касаллик хуружлари бартараф этилгунига қадар давом этилади.

Ичкетарда 6 та редискани илдизи билан яхшилаб ювиб, бир неча бўлакларга бўлинг. Устидан 200 мл.сутни қуйинг. Ярим чой қошиқ маккажўхори крахмалини аралаштириб, ҳосил бўлган аралашмани оз-оздан қабул қиласиз.

Йўталда 50 гр редиска шарбатига шунча миқдорда қайнаб совиган сувни аралаштириб, томоқни чайқашда фойдаланинг. Муолажани бир кунда 3 маҳал бажаринг. Томоқ ғарғара қилингач, ярим соат ҳеч нима истеъмол қилманг.

Гулшан тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: