Гипергидроз: кўп терлаш иссиқданми ёки касалликдан?

Кишида табиий чораларни қўллаганда ҳам нохуш ҳидли тер ажралиши камаймаса инфекцион, эндокрин, асаб, буйрак, ёки юрак-қон томир хасталикларини даволовчи шифокор кўригидан ўтиш керак.

Терлаш воситасида организм ҳужайралардаги суюқликни бошқаради, ортиқча моддалар ва бошқа қолдиқларни ҳайдаб чиқаради. Агар бу жараён издан чиқса, организмда қандайдир бузилиш рўй берганлигини билдиради. Ҳаддан ташқари кўп терлаш тиббиётда гипергидроз  деб айтилади.

Тунда кечадиган терлаш ва ҳолсизлик қалқонсимон без фаолияти издан чиққанлигини билдиради. Бу ҳолат гипотериоз (қалқонсимон без суст ишлаши) касаллиги белгисидир.

Аввал ташхис, кейин даво

Иссиқда, жисмоний меҳнат қилганда, стресс ёки ҳаяжонланиш туфайли одамни тер босиши меъёрий ҳолат. Аммо ҳаво иссиқ бўлмаса ҳам терлайвериш, қўлтиқ ости ва оёқ панжасининг ҳидланишига олиб келади. Бу одамни ноқулай аҳволга солиб қўяди. Кишида табиий чораларни қўллаганда ҳам нохуш ҳидли тер ажралиши камаймаса инфекцион, эндокрин, асаб, буйрак, ёки юрак-қон томир хасталикларини даволовчи шифокор кўригидан ўтиш керак.

45 ёшдан катта аёллардаги кўп терлашга климакс сабабчи бўлади. Бунда эстроген даражаси камайиши натижасида тер босиши, тана қизиб кетиши кузатилади. Агар ёш билан боғлиқ ўзгаришларга семизлик, алкогол ва чекишга берилиш каби одатлар қўшилса 2-3 йилда ўтиши мумкин бўлган климакс нохушликлари узоқроқ чўзилиши мумкин.

Эркакларда кўп терлаш организмда тестостерон камлиги билан боғлиқ. Бу гормон яхши кайфият, тўқималарнинг янгиланиши, жигарнинг тўғри ишлаши ва жинсий фаолликка жавоб беради.

Диабети бор кишиларда кўп терлаш қондаги глюкоза миқдорининг тушиб кетишига сабаб бўлади. Кўпинча диабетда тер босганда тердан аммиак ҳиди келади. Бунда терлаш очлик ҳисси ва қалтироқ билан кечади. Бемор бироз ширинлик еса бу ҳолат ўтиб кетади.

Давоси қандай?

Гипергидроздан халос бўлиш учун келиб чиқиш сабабини аниқлаш ва даволаш зарур. Соғлом одам кўп терлайверса, буни енгиллаштириш чоралари мавжуд. Ҳозир савдода алюминийли дезодорантлар мавжуд бўлиб, улардан фойдаланиш терлашни камайтиради. Аммо уларнинг баъзилари аллергияга сабаб бўлиши мумкин.

Дунё тиббиётида кучсиз электр токи воситасида ионофорез деб аталувчи муолажа ёрдамида кўп терлашга барҳам бериш амалиёти  қўлланилади. Бу муолажа оёқ ва қўл кафти терлашига қарши самара беради.

Маслаҳатлар

Кўп терлашдан азият чексангиз, овқатланиш рационидан шоколад, қаҳва, аччиқ чой каби тер ажралишини кучайтирувчи маҳсулотлар ва энергетик ичимликларни чиқариб ташланг.

Иложи борича ҳар куни 2 марта: эрталаб ва кечқурун илиқ душ қабул қилинг.

Ҳаракатларингизга халал бермайдиган кенгроқ пахтали кийимлар кийинг. Оёқ кийимининг табиий чармдан тайёрланганини сотиб олинг. Харид қилган поябзалингиз размерингизга мос бўлсин.

Терлаш жараёнини камайтириш учун бир ош қошиқ қуритилган мойчечак гулларини 1 литр сувда дамлайсиз. Сўнг тоғорадаги 4-5 литр илиқ сувга қўшиб 5-6 дақиқа оёғингизни солиб ўтирасиз. Бу муолажа терлашга, инфекцияларга ва яллиғланишга қарши самарали ҳисобланади.

Терапевт Ёрқиной ТОШПЎЛАТОВА ҳамкорлигида тайёрланди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: