ЯХШИ НИЯТ

Инсон қандай аҳволга тушмасин, доим яхши ният қилиши лозим экан.

Тонг чоғидан ҳовлимизда ишлар жуда кўпайиб кетди. Бизнинг оиламиз жуда катта бўлмаса ҳам лекин ҳовлимиз катта. Шунинг учун ҳар доим биз – ёшларга иш топилади. Бугун ҳам эрталабдан уй ҳайвонларига озиқ тайёрлаш учун поя (маккахўҳори пояси) ташиш ҳаракатлари бошланиб кетди.

Аммам эрталабдан фақат поя ташиш ҳақида гапирарди. Унинг нияти яхшию, аммо тинмай сўзлаши кайфиятни бузади. Лекин барибир аммамнинг гапларида жон бор. Шунинг учун айтганларини қилиш керак.

Аммамнинг бешта укаси бор. Булар – менинг тўрт амаким ва дадам.

Қариндошларнинг кўп бўлиши яхши, лекин бунинг бошқа сал бизга ёқмайдиган томонлари ҳам бор. Чунки бирор юмуш бўлса доим ёшларни биринчи навбатда чақиришади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Аммамнинг топшириғига биноан укам ва унинг ўртоқлари эшак арава олиб келиш учун катта амакимнинг уйига жўнаб, анчагача йўқ бўлиб кетишди. Пешинга яқин улар келишганда мен сигиримизга сув берай деб идишини тўлдираётган эдим. Укам:

–Ака, эшак аравани олиб келдим, энди нима қилай? – деди.

–Бориб, ўртоқларинг билан пояни ташиб туринглар, ҳозир етиб оламан, – дедим

Бироздан сўнг укам қайтиб келди. Иккинчи амаким акангни ҳам чақириб кел, бўлмаса сизлар эплолмайсизлар деб, уни қайтариб юборибдилар. На илож, бошқа чорам йўқ, энди бормасам бўлмайди.

Тўғрисини айтсам, иккинчи амаким жуда ақлли, ҳаммага ақл ўргатишни ёқтиради. Кўчадаги бегона одамларнинг юришидан ҳам камчилик топиб, шартта юзига айта қолади. Кўпчилик бундан безор бўлса ҳам, индамайди.

Шундай қилиб, амакимнинг уйидаги пояларни уйимизга ташиб келдим. Сигиримнинг кўзларида қувонч пайдо бўлди, миннатдор бўлиб мўраб қўйди. Кетидан бузоқчам ҳам шунча пояни кўриб, онасига қўшилиб мўради.

Энди навбат дарахтларни буташга келди. Уларни бутаб бўлгач, уйга кириб, китоб ўқишни бошлаганимда кимдир дарвозани тақиллатиб чақирди. Синглим:

–Ака, сизни бир амаки чақиряптилар, – деди. Дарров кийимларимни кийиб, дарвозахонага чиқдим. Қарасам, ўзимизнинг Илҳом ота экан. Бу инсон бизнинг қўшнимиз бўлади. Унинг ўғли мол дохтири. Айтганимизда келиб, сигиримизга муолажалар қилиб туради. Илҳом отани балиқчи десам ҳам бўлади, лекин бундан ташқари деҳқончилик ҳам қилиб туради.

–Асслому алайкум Илҳом ота, келинг, бир пиёла чой бор.

–Ваалайкум ассалом болам, яхшимисан, соғлигинг яхшими? Боя тоғанг телефон қилувди, сизларга телефон қилиб тушолмабди. Шунга менга сим қоқиб: «Жиянимни кўрсангиз айтинг, менга телефон қилиб юборсин», деди. Кўчадан ўтиб кетаётиб, эсимга тушиб қолди. Ма, телефон қил, – деди.

Телефонни олиб, қўнғироқ қилдим:

–Алло, ассалому алайкум тоға яхшимисиз? Уйдагилар тинчми?

–Ваалайкум ассалом жиян, яхшимисизлар? Бормисизлар, телефон қилсам кўтармайсизлар?

–Тоға, шу десангиз, телефон бузилди, бунинг устига ҳозир алоқа ҳам яхши эмас…

–Ҳа, шунақа дегин. Майли, қўявер. Аянгга айтиб қўй, отангнинг мазаси йўқ. Эртага, албатта келсин.

–Ҳўп тоға, ҳозироқ айтаман. Майли, соғ бўлинглар.

Бу гапни аямга айтсак қандоқ бўларкин, деб бироз ўйга толдим. Аям, албатта, бу сўзни нотўғри талқин қилиб хавотирланади. Лекин айтиш керак.

–Ая, тоғам телефон қилиб, катта отангнинг мазаси бўлмаяпти, эртага кўргани келсин, дедилар.

–Вой, отамга бир гап бўлмаганми ишқилиб? Тоғанг хавотир олмасин деб атайлаб айтмаган. Биламан акамни…

Аямнинг кўзларида билинар-билинмас ёш қалқиди. Шу заҳоти у:

–Бор, болам такси топиб кел, катта отангни кўргани бориб келамиз, –  деди.

Дарров икки кўча наридаги Шерзод аканинг уйига бориб, вазиятни тушунтирдим.

–Бўпти, тайёрланиб туринглар, ҳозир бораман, – деди.

Кейин Аям, опам, укам, синглим ва мен машинада йўлга чиқдик. Аямнинг кўзларида хавотир бор эди. Лекин буни сездирмасликка уринарди.

–Саломат бўлсинлар ишқилиб, – деди синглимга қараб. Синглим энди биринчи синф лекин анчагина ақлли эди.

–Катта отам соппа-соғлар, – деди аямга қараб. Аям шу гапни кутгандай сал енгил тортди. Аям йўл бўйи яхши ният қилиб, Худодан катта отамга соғлик-омонлик сўради.

Етай деб қолдик. Узоқдан чироқ кўринди. Тоғамнинг уйи муюлишдан энг охирги уй эди. Ҳамма уйлардан ажралиб турибди. Бир дегандаёқ кўзга ташланди. Етиб боргунча аямнинг хавотири босилмади.

Келганимизда фақат ҳовлининг чироғи ёниб турарди.

–Отам қани?! – дея сўради аям кира солиб жиянимдан. Кўзларида ёш қалқиб турарди.

–Уйдалар, дам оляптилар, – деди у.

Бу гапдан аямга қанчалик хурсанд бўлиб кетганини тасаввур қилолмайсиз. У уйга югуриб кириб кетди.

Уйга кирсак, катта отам ҳар доимгидек диванда ётарди. Албатта, 91 ёшга кирган кекса инсон кўпроқ дам олиши керак. Аям катта отам билан худди бир йил кўришмаган одамдек жуда қуюқ кўришди.

Кейин биз ҳам катта отам билан кўришдик. Аямнинг кўзларида севинч порлар эди. Ҳа, унинг хвотири босилиб, ҳозир жуда бахтли одамга айланганди. Ота-қизнинг гаплари анчага чўзилди. Ярим соатга деб, бир соат қолиб кетибмиз. Таксичимиз кута-кута асаби чарчаб, қовоқлари осилиб қолибди. Сўнг ҳаммамиз хотиржам уйга қайтдик.

Ҳуллас, мен шунда бир нарсани тушуниб етдим. Инсон қандай аҳволга тушмасин, доим яхши ният қилиши лозим экан.

Қобил ҲАСАНБОЕВ

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: