Мукаррам НУРМАТОВА: «Бизнинг мақсадимиз аёлларни мажбурлаб оиласига қайтариш эмас!»

Зўравонликдан жабр кўрган шахсларнинг мурожаатлари ортаётгани сабабли республикамиз ҳудудлари ва Тошкент шаҳрида махсус ижтимоий реабилитация марказлари ташкил қилинмоқда. Бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июль куни имзоланган “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3827-сонли қарори муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур ҳужжатда зўрликдан жабр кўрган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича тегишли йўл-йўриқлар кўрсатилган.

Биз ҳудудларимиздаги зўравонлик даражаси, хўрланган аёлларни ҳимоя қилиш, жабр кўрганларни тўлақонли соғлом турмушга қайтариш борасида олиб борилаётган ишлар, уларнинг натижаси ҳақидаги саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам НУРМАТОВА билан суҳбатлашдик.

— Бугунги кунда вилоят ва туманларда зўравонликдан азият чекканларга ёрдам бериш бўйича нечта ижтимоий реабилитация марказлари ташкил қилинган?

— Ҳозирги кунгача республикамизда 191 реабилитация маркази ташкил этилди. Уларнинг барчасида тўлиқ фаолият йўлга қўйилган ва айни пайтгача 167 таси ўрнатилган тартибда Адлия вазирлиги рўйхатидан ҳам ўтган. Қолганлари ҳам қонуний расмийлаштириш жараёнида. Бу ишларнинг самараси шуки, биз шу пайтгача жамоатчилик асосида фаолият олиб борган бўлсак, 2019 йил 21 август куни Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан республика ва ҳудудларда фаолият олиб бораётган марказларга штатлар ажратилди ва энди улар ойлик маош олган ҳолда иш олиб боради.

Куни кеча Тошкент шаҳрида ҳам халқаро талабларга мос Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика марказини очдик. Уч қаватли бинонинг иккинчи қаватида Тошкент шаҳар реабилитация маркази ҳам жойлашган. Бинонинг қурилиш ҳамда таъмирлаш ишлари, шу атрофдаги йўлларнинг таъмирланиши Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан ва  ҳомийлар кўмагида амалга оширилди.

Биз эндиликда ПҚ-3827-сонли қарорида белгиланганидек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тақдим этилган лойиҳалар доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грант маблағлари ҳисобидан ҳам фаолият олиб борамиз. Бу ушбу грант маблағлари ҳисобидан  ҳудудларда ишлайдиган марказ раҳбарлари учун мунтазам семинар тренинглар ташкил қилиб боряпмиз. Семинар тренингларда улар ўзларининг функционал  вазифаларини амалга ошириш йўллари, хусусан,  аёлларга руҳий, тиббий, хуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш услубларини ўрганиб боришади. Марказларимизга мурожаат қилган аёлларга республикадаги энг тажрибали мутахассислар томонидан ёрдам кўрсатилади.

— Қайси ҳудудда суиқасд ва оилавий зўравонликлар кўп учрамоқда?

— У ерда кўп, бу ерда кам деб аниқ айтиб бўлмайди. Аммо яқинда 6 ойлик мониторинг бўйича аниқландикки, ҳозирги вақтда нохуш ҳолатларнинг сони камайган. Бироқ Тошкент шаҳрида бундай марказга эҳтиёж катта. Асосан, вилоятлардан келиб, Тошкент шаҳрида яшаб қолган, уй-жой, прописка масаласида қийналган аёллар мурожаат қилиб туради. Юзлаб аёллар ариза билан келади, кўпчилиги вилоятлардан келиб, Тошкент шаҳрида ишлаётган, мардикор бозорларида ишлайдиган аёллар. Уларнинг муаммосини ҳал қилгунга қадар шу марказларда олиб қолиб, ёрдам берамиз.

— Тошкент шаҳрида аёлларнинг кўп мурожаат қилаётгани ўз ҳуқуқини талаб этувчилар кўплигидан эмасми? Вилоятлардаги аёллар ҳам бу борада фаолми?

— Албатта, менталитетимизда шундай хусусият борки, аёллар атрофдагилардан андиша қилишади, баъзилари ўзи мустақил келиб марказларимизга мурожаат эта олмаслиги мумкин. Аммо маҳаллага, қўмитага мурожаат қилишса,  улар марказларга йўналтирилади. Бизнинг 1146 рақамли “Ишонч телефони”миз ҳам кечаю кундуз ишлаб турибди.

Айтиш мумкинки, ҳозирги пайтда аёлларнинг ўз ҳуқуқини англаш бўйича масъуллиги ошган. Бинобарин, вилоятларда марказларга бунақа мурожаатлар доимий тарзда тушиб турибди. Аёллар ҳуқуқларини ҳамда қаерга мурожаат қилиш кераклигини жуда яхши билишади.

— Маълумки бу ерга оиладаги зўравонликлардан безиб, бардоши тугаган аёллар мурожаат қилади. Улар бу ерда қанча муддат қолишади?

— Марказимизда, асосан, тажрибадан келиб чиқиб айтишим мумкинки, мурожаатчиларнинг муаммосини узоғи билан 3-4 кунда ечишга ҳаракат қиламиз. Одатда бизга уйида зўравонликка учраб, эридан калтак еб хонадонидан чиқиб кетган, қайнонаси билан келиша олмаган келинлар ёки ёлғиз қолган, ногирон фарзандини тарбиялаётган аёллар мурожаат қиладилар. Бу ерга ҳаттоки руҳий оғир аҳволга тушиб қолган қизлар ҳам мурожаат қилиши мумкин. Уларга руҳий-психологик ёрдам кўрсатилади.

Оиласидагилар, қайнонаси ёки эри билан уришиб қолган аёлларни имкон қадар яқинлари билан яраштириб қўйишга, қайсидир маънода дарз кета бошлаган оиласини тиклашга ҳаракат қиламиз.

— Фақат яраштириш ҳақида ўйлайсизларми ёки… Агар яраштиришнинг иложи бўлмаса-чи? Мажбурлаб оиласига қайтаришнинг оқибати қандай бўлиши мумкин?

— Бизнинг мақсадимиз аёлларни мажбурлаб оиласига қайтариш эмас. Яраштиришнинг иложи бўлмаган ҳолатлар жуда ҳам кўп. Тажрибада аёлларни мажбурлаб яраштирилганда улар суиқасдга қўл урган ҳолатлар ҳам бўлди. Шунинг учун биз мурожаатчиларнинг турмуши ва ҳаётини реал ўрганишга ҳаракат қиламиз. Агар тиббий ёрдам керак бўлса, аёлларни шифохоналарга йўналтирамиз. Оилани тиклашнинг умуман иложи бўлмаса, яхшиси, ёлғиз аёлларнинг касб эгаллашига ёрдам берамиз. Уларни касбга ўқитамиз, бисер тикиш, тикувчилик, пишириқ тайёрлаш каби ишларга бепул ўқитилади. Шу мақсадда ўқув ва тадбиркорлик марказларини ижтимоий реабилитация марказлари яқинида ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Бу марказлар Тошкент шаҳри ва вилоятларда ташкил этилган бўлиб,  тадбиркорлик маркази раҳбари, ёрдамчиси ва ҳисобчи штатларига Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида ташкил этилган “Жамоат фонди” ҳисобидан фаолият олиб боряпти. Бу ерда аёлларга 2 ой давомида бепул касб-ҳунар ўргатилади. Агар эгаллаган касб-корида ишлаб, мустақил корхона бошқаришни эплаб кетадиган бўлса, айнан шу фонд ҳисобидан кредит ажратилади ва тадбиркорлик билан шуғулланишига имкон яратилади.

Мана шу янги реабилитация марказининг 1-қаватида ҳам тикув машиналари ва бошқа ускуналар қўйилган, яъни тадбиркорлик маркази ташкил қилинган.

Амалиётимизда ишлари юришиб кетган аёллар жуда кўп. Улар ўз тажрибасини янги келган аёлларга ўргатишади. Устоз-шогирд тизими бўйича бандлик маркази томонидан жорий қилинган тизим бўйича ўз ҳунарини ёшларга ўргатган аёлларга маош,  шогирдларга стипендия тўланади. Шу тариқа бизда ҳам устоз-шогирдлик муносабатлари яхши самара беряпти.

Лекин айримлар иш бошлашади-ю, ишни бизнес-режа асосида йўлга қўймаганлиги ёки тажрибаси етарли эмаслиги важидан фаолияти тўхтаб қолади. Олган кредитини ҳам тўлашга имконияти бўлмайди. Бундай пайтларда биз уларга маҳсулотини сотишига, ҳамкорлар ва харидорлар топишига, шу тариқа кредитни ўз вақтида қайтаришига кўмаклашамиз.

— Марказларга фақат аёллар мурожаат қиладими?

— Албатта, йўқ. Реабилитация марказларига эркаклар ҳам мурожаат қилиб туради. Масалан, аёли бир нечта фарзандини ташлаб кетиб қолган эркаклар бор, ишсиз қийналган эркаклар бор… Ҳар бир оилани ўзининг муаммоси қийнайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз муаммоли оилалардаги эркаклар билан ҳам иш олиб борамиз. Бунда жамоат ташкилотлари билан биргаликда Бош прокуратура, ИИВ, Бандликка кўмаклашувчи марказлар, “Оила”, “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ишламоқдамиз. Маҳаллалардаги мутахассисларимизнинг ҳар бирига планшетлар олиб берганмиз. Бу уларга ҳамкор ташкилотлар билан тезкор алоқа боғлаб,  ҳатто энг чекка ҳудудлардаги оилалардаги муаммоларни  ҳам ҳал қилишга имкон беради.

— Зўравонликка учраган ва оиласи билан яраштирилган аёлларнинг кейинги тақдири билан ҳам қизиқасизларми? Масалан, уларнинг эри, қайноналари “Нега мурожаат қилдинг” деб уларни яна эзиши мумкин-ку?

— Ҳар битта маҳаллада бизнинг хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи мутахассисларимиз бор. Улар оилалардаги аёллар билан учрашиб, қандай ёрдам кераклигини ўрганишади. Бундан ташқари, йўлга қўйилаётган янги тизим — ҳар бир маҳалланинг бошланғич ташкилоти сафидаги 30 нафар аёл муаммоли оилаларга ҳар куни бориб, ўз маслаҳатларини беришади.

Жуда кўп ҳолларда оилаларни яраштириш имконияти бўлади. Қизиққонлик билан чиқиб кетган аёлларни уйига қайтариб ёки айнан ўша пайтда ярашиш имкони бўлмаса, кейинчалик муроса қилиб кетиши учун қариндош-уруғлариникига жойлаштирамиз, музокара ишлари бўлиб ўтгунча аёл бола-чақасининг олдига қайтишини кутамиз. Негаки, оила бузилиб, ўртада болалар етим бўлиб қолганидан кўра, эр-хотиннинг ярашиб кетгани барибир яхши.

Статистика ва рақамлар:

Реабилитация марказларига 2019 йилнинг 7 ойи давомида 11 минг 890 нафар аёл мурожаат қилган. Уларнинг 1624 нафарига тиббий, 2998 нафарига психологик, 2222 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Бандлигини таъминлашга кўмалашилганлар — 1372 нафар, кредит олишда ёрдам берилганлар — 1777 нафар, яраштирилган оилалар сони эса — 2597 нафар.

Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: